Шариатга оид гапларда эҳтиёт бўлиш керак.

...

     Дину диёнат, ҳалол- ҳаром ва шариатга оид ҳар бир сўзда ўта эҳтиёт бўлиш ҳар бир мўмин бандадан қатъий талаб қилингадир. Чунки, бу маънолардаги ҳар бир сўз иймон ва куфр, савоб ва гуноҳ, жаннат ва дўзахга сабаб бўлиши бор.

     Одам бир оғиз сўз билан мўмин бўлгани каби, бир оғиз сўз билан иймондан чиқиб қолиши ҳам мумкин.

    Одам бир оғиз сўз билан жаннати бўлгани каби, бир оғиз сўз билан дўзахи бўлиб қолиши ҳам мумкин.

     Шунинг учун ҳам шариатга боғлиқ гапларни аниқ билиб, кейин гапириш лозим бўлади. Бу хақда қатиъй кўрсатмалар бор.

    Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Одамларга фақат амир ёки маъмур ёки риёкор томонидангина гапирилади” дедилар” Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.

         Бу ҳадиси шарифда муслумон жамияти оммасига ваъз-насиҳат, илмий суҳбат қилиш хуқуқига эга бўлган ва бўлмаган кишилар хақида сўз кетмоқда.

       Ҳақиқий исломий жамиятда мусулмонларга ичларида Исломни яхши билган, тақводор, илмли, ақл-фаросатли ва бошқа бир қанча етук сифатларга эга бўлган чин мусулмон киши амир бўлади. Биринчи навбатда мусулмонларга амри-маъруф, наҳий-мункар, ваъзу насиҳат қилиш ҳуқуқига ана шу амир ҳақлидир.

      Иккинчи ўринда эса маъмур -ҳақли томондан, маъсул киши тарафидан шу ишга амр қилинган шахс ҳақлидир. Бундоқ шахслар шаръий илмларни тўлиқ ўрганиб, расмий ижозат- шаҳодатнома ёки маълум ва машҳур уламоларнинг рухсатини олган киши бўлади. Ана шундай кишиларгина мусулмонларга ваъз-насиҳат, иршод, амри-маъруф ва наҳий мункар қилишлари мумкин.

      Агар мазкур сифатларга эга бўлмаган кишилар бу ишни қилсалар риёкорлик учун қилган бўладилар. Ўзларини билимдон қилиб кўрсатиш учун риёкорлик қилаётган бўладилар. Ушбу риёкорлик йўли билан мусулмон ичида обрў қозонмоқчи, уларнинг ишончига, ҳурматига эришмоқчи бўладилар. Аслида эса алдамчилик қиладилар. Мусулмонликни қуруқ гап билан эмас, чин ихлос билан, Исломга амал қилиш билан тарғиб этиш лозим.

   Афсуски, орамизда шу қабилдаги риёкорлар жуда ҳам кўп. Оқкўнгил мусулмонлар ҳақиқий олим ким, риёкор-қаллоб ким, яхши билиб олишлари керак. Бунинг учун исломни ўрганиш, ҳақ-ноҳақ гапларни фарқлай билиш, гапираётганларнинг Исломга амал қилишига қараш керак. Ҳақиқий уламоларга қулоқ осиб, риёкорлардан сақланиш керак.

     Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунимизда бу масалада ҳар қадамда кўнгилсиз гап-сўз, миш-мишлар ва ёлғонларга учраб турибмиз.

Шайх Мухаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратларининг
“Зикр аҳлидан сўранг” ойномасидан олинди.