Эй халқ кўзингизни очинг, уйингизда уруш бўлмоқда!

Бугунги мафкуравий курашларни осонликча англаб бўлмайди. Афсуски даҳрий совет тузумида вояга етган баъзилар коммунистик ғояларга онгги билан садоқатли бўлиб қолган ва ўша онг бола тарбиясига ҳам таъсир ўтказмай қолмади.
Диний таълимни кучайтирмасдан туриб ислом маданиятини шакллантириб бўлмаслигини вақтнинг ўзи исбот этди. Диний билими етарлича шаклланмаган баъзи фуқароларга диний эркинлик берса ўзларининг фуқаролик ҳуқуқлари нари қолиб давлатга қарши чиқишни бошладилар.
Давлатимиз бугунги кунда маънавий барқарорликни сақлаши учун жамиятда ислом маданиятини шакллантиришга ҳаракат қилаётибди. Шунингдек бошқа дин вакилларига ҳам тенг ҳуқуқлар берилган ва шароитлар яратилган. Юртимизда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элатлар тинч-тотув яшашмоқда.
Лекин…Шу кунларда мени бир жиҳат ажаблантирмоқда. Улар қуйидагилар:
Нима учун исломий саводхонликни кучайтириш ҳақида Бош вазир қарори чиққанда БМТдан дин ишлари бўйича масъуллар келишди? Россиядан Патриарх етиб келди? Демак бундан кўринадики, бу ердан ўша ерларга ёзиб-чизиб, бизнинг ҳаракатларни тескари тушунтирадиганлар бор. Аслида маънавий душманларимиз мана шу ватаннинг нон-тузини еб сотқинликка қўл урмоқдалар.
Афсус, динимизга, бизнинг мурғак қалбли ўспирин ёшларга ҳужум бошланганига анча бўлди. Қаранг бу ерда “Атеистлар қаҳвахонаси”, “Инжил ўқиймиз” каби сиёсий ўйинчиларнинг гуруҳлари бор. Тўғри бизда дин эркинлиги Конституциямизда ёзиб қўйилган, аммо диний тарғиботни қаерда олиб бориш ҳақидаги қонунлар бу ерда иш бермай қоляти.
Бизнинг маънавий душманларимиз ёшларга гўёки адолат пешалари бўлиб кўриниб, аслида уларни чоҳга итариб юбормоқдалар ва умуман бир дақиқа бўлсин ўз ҳатти-ҳаракатларини тўхтатганлари йўқ.
Халойиқ кўзингизни очинг: Араб давлатларида бўлиб ўтган воқеалар бизга сабоқ бўлиши керак!
Бежизга биринчи Президент “мафкура полигонлари ядро полигонларидан кучли” деб огоҳлантирмаган, шу туфайли бўлар-бўлмасга ҳаммани ҳам юртимизга киритаверамаган. Унутмайликки улар бу мақсадда жуда кўп молиявий маблағлар сарфлайдилар, миссионерларнинг ёшлар онггини заҳарлашга қаратилган 85 хилдан ортиқ усуллари бор.
БМТнинг ҳам қўғирчоқ бўлиб қолганига анча бўлган. Унга ҳам умид қилиш қийин масала. Агар шундай бўлмаса нимага ИШИДга қарши курашга у бошчилмик қилмайди, ўзбошимчалик билан қўшин киритган, ИШИД баҳона у ерларда тинч аҳолини қираётганларга аёвсиз курашмайди? Нега айнан бу каби воқеалар мусулмон давлатларида бўляпти? Аслида улар ислом дунёсини ёмон кўрсатиш учун ИШИДни тузишмаганмиди?!
Бу сиёсий ўйинларнинг мазмун-моҳиятини тушуниб етганимизга анча бўлган. Биз бошқа давлатлар билан дўстона муносабатлар ўрнатиб, интеграцион ва глобал жараёнларга кириб борар эканмиз, танганинг ортига ҳам бот-бот назар солиб туришимизга тўғри келади. Чуник ҳеч ким “шу ер ривожлансин” деб эмас, аввало “ўзим бўлсам” деб келади. Бу ер стратегик макон ҳисоблангани учун ҳам аввало разведка мақсадларида кириб келиш эҳтимоли кучли бўлади. Шундай экан, “ўзингин эҳтиёт қил, қўшнингни ўғри тутма” мақоли ҳақлиги яна бир бор ҳаётда ўз исботини топмоқда.
Шундай экан, ота-оналар фарзандлари интернетга кираётганда кимлар билан мулоқот қилишларини текшириб туришлари керак. Кимнинг қайси сайтларга киргани кўриниб турадиган маълумотлар базаси ота-оналарга ҳам етказиб турилса, балки унча-мунча хавфларнинг олди олиниб қолиши мумкин.
Биз қуролсиз, овозсиз, жисмоний қурбонларсиз янги замон урушида қатнашаётганимизни ва болаларимизни асраш лозимлигини унутмаслигимиз керак. Бугунги урушнинг бош мақсади, одамни жисмонан ўлдириш эмас, айнан одамдаги миллий урф-одатларини йўқотиш, манқурт ва бефарқ инсонни шакллантириш. Режага кўра ватанпарварлик, миллий руҳ ва ғурур деган нарса янги манқурт қўғирчоқ одамга батамом бегона бўлиши керак. Асосий мақсад мусулмон ўлкаларда еб-ичиб, ўйнаб -кулиб, илмдан узоқ бўлиб, шаҳватлар ботқоғига ботган, ўзлигини унутган, меҳнат деса бошқа кўчалардан айланиб ўтадиган, халқига, давлатига, урф-одатларига, ҳатто худога қарши чиқадиган, мамлакатдаги барқарорликни бузадиган маънавий ўликларни кўпайтиришдир. Зеро уларнинг зарарини ўнлаб дастурлар ҳам қоплай олмай қолиши мумкин.
У нарса кийимда, ижтимоий тармоқлар, турли сериал, мультфильм, интернетдаги хавфли ўйинлар, ўйинчоқ, мусиқа, рақс, машқ ва тил мактаблари ҳамда бошқа кўплаб биз кутмаган полигон майдонларида кўп тарафлама содир бўлмоқда. Хорижда иш излаб юрган ёшлар эса уларнинг қармоғига осонгина илиниши мумкин.
Мамлакат ва оила барқарорлиги аввало маънавий тарбияга боғлиқ бўлиб қолаётганини ҳаммамиз яхши биламиз.
Шундай экан, болаларимизни асраб-авайлайлик азиз юртдошлар!
Уларни бўш қўймайлик, меҳр берайлик, китоб ўқиш кўникмасини шакллантирайлик, фойдали меҳнатларга ўргатайлик, уларни доимо назоратда тутайлик.
Учинчи жаҳон уруши глобаллашди ва уни кўз билан эмас, ақл билан илғаш мумкин.
Дейлик информацион уруш уйингизда содир бўлмоқда, фарзандингиздаги телефон гоҳи ўзига ўқталган қурол вазифасини бажариши мумкинлигини унутмаслигингиз керак.

Шоҳиста Ўлжаева