Санъат усталари – ижод ва ижодкор ҳақида

Зикир МУҲАММАДЖОНОВ, Ўзбекистон қаҳрамони, Халқ артисти:  Зоҳид Собитов деган режиссёрнинг «Фидойи» фильми суратга олинаётган эди. Бир эпизодда осиб кетилган мурдани дарахтнинг тепасидан олиб тушиш керак. Ўшанда 50 кг келадиган нарвонни дарахтга суяб, мурдани арқондан узиб олиб тушганимдан сўнг, шу ролни ўйнасанг бўлар экан, дейишган. Шундан кейин фильмдаги Мақсуд ролини ижро этганман. Айтмоқчиманки, актёрга маҳоратдан ташқари жисмоний куч ҳам керак. Островскийнинг бир пеьсасида эса истефодаги генерал образини яратганман. Бу генерал кексайганида мусиқага ишқибоз бўлиб қолади. Шу ролнинг ҳақиқий чиқиши учун уч ой мусиқа мактабига қатнаб, чалишни ўрганган эдим. Агар мусиқа асбобини ростакамига чалмасангиз, ёлғонлиги билиниб қолади. Кейин томошабиннинг ихлоси қайтади, актёрга ишончи сўнади.

Мен залда ўтириб ёшларимизнинг ижросини кўраман. Қўлимдан келганича маслаҳатлар бераман. Биласизми, биз ёшлигимизда билмагани­мизни улуғ санъаткорларнинг ёнига бориб, сўраб-суриштириб ўрганар эдик. Ҳозиргилар келиб сўрашга ботинолмайдими, хоҳламайдими ёки ўзига ортиқча ишонадими, бир гап айтиш қийин. Лекин ёш актёрларимиз образ устида ишлаш, характер яратиш, детал топиш масалаларида оқсаяпти.

Инсон тинчимаслиги керак. Мен ичмайман, чекмайман. Билмадим, ҳаммасига вақтим етади. Мен Асқад Мухторнинг бир асарида Самандар ролини ўйнаганман. Самандар «тўхтасам ғарқ бўламан, шунинг учун тўхтамаслигим керак», дейди. Мана шу гап менга ҳаётий шиор бўлиб қолган.

ХХ асрнинг 50 йилларида Шукур Бурхон маҳалласидаги бир тўйда менинг овозимни эшитиб қолиб, ёнига чақириб, Зикир агар томошабин тўйда сенинг майнавозчилик қилаётганингни кўрса, саҳнадаги ролинг, уни яратишдаги меҳнатинг йўққа чиқиб кетади, иккинчи марта тўй даврасида гапираётганингни кўрмай, деганлар. Шукур аканинг мана шу ўгити менга ҳаётий қоида бўлиб қолган. Ростдан ҳам актёр одамларга ўрнак бўла оладиган, ўз хатти-ҳаракатларини одоб-ахлоқ билан бажарадиган инсон бўлиши лозим. Актёр одамлардан ажралиб қолмаслиги керак. Аброр Ҳидоятов бир куни мени ўзи яшайдиган Бешёғоч даҳасига олиб бориб, ҳар бир нарсани одамлардан ўрган, дедилар ва икки гадойнинг бир-бири билан жанжаллашаётганини кўрсатиб ана шу воқеани ёдингда сақла, керак бўлади, деганлар. Шунинг учун артист иложи борича, одамлар гавжум жойларда юриши лозим. Агар у одамларни ўрганмаса, характер ярата олмайди.

Раҳим АҲМЕДОВ, Ўзбекистон халқ рассоми, ЎзБА академиги, профессор: Мен учун рангтасвир – назм, табиат тасвири – мусиқа. Ранг, оҳанг, композициянинг мувофиқлигини мусиқа, шеърият ва тасвирий санъат уйғунлаштиради. Мен шеъриятни жуда севаман. Ҳатто, ёшлигимда шеър ҳам ёзардим…

… Портрет жанри мен учун ғоят муҳим ҳисобланади. Чунки И.Е.Репин номидаги институтда И.Серебянийнинг портрет устахонасида таҳсил олганман. Менинг қаҳрамонларим турли-туман бўлиб, улар ортиқча расмиятчиликни ёқтирмайди. Ҳаёт қувончлари ва ташвишларини тортган оддий кишиларни тасвирлайман. Мен учун ташқи қиёфасидан ўзига хос характери сезилиб турадиган, бировларга ўхшамайдиган, ботиний дунёси бой кишиларни тасвирлаш қизиқарли… Мени ўз даврининг синовларини кўп кўрган кексаларнинг руҳий ҳолатлари қизиқтиради. Мен яратган портретларда кибр ҳисси кўринмайди. Қаҳрамонларимни эркин, ҳаётий, табиий ҳолатда тасвирлашга интиламан. Ранглар жилоси умумий кайфиятни ифодалашга хизмат қилади. Менга портретчи сифатида буюк рассом В.Серов асарлари катта таъсир кўрсатди. Айнан унинг ижодида ижодкор шахснинг дунёси ёрқин ва таъсирчан кўрсатилган. Миллатимизнинг фахри ва ғурури бўлиб қолган бир қатор замондошларим ва ўзимнинг дўстларим бўлган ўзбек зиёлиларининг туркум портретларини ишладим…

Менга талабалар билан ишлаш жуда ёқади. Ўқитувчилик қилиш учун  ҳам алоҳида иқтидор зарур. Ўқитувчи бўлгач, ўз шогирдларингни шахс сифатида ҳурмат  қилишинг керак. Шиорим: «Мен ҳам ўқитаман, ҳам ўрганаман». Ўқув жараёни фақат талабаларнинг эмас, балки менинг ҳам билимларимни бойитади. Талабаларимдан кўп янгиликларни ўрганаман. Улар менинг ижодимга туртки беради, энг муҳими – улар билан ишлаган чоғимда ёшариб кетаман.

Менда махсус шаклланган педагогик усул ва услублар йўқ. Менинг усулим оддий:қўлимга мўйқаламни оламан-да, қандай ишлаш лозимлигини кўрсатаман. Дарслардаги чизиш ашёларини ҳар бир ҳолат учун алоҳида қилиб кўпчилик бўлиб яратамиз. Талабаларим онгига қаламтасвир расссомлик санъатининг асоси эканлигини сингдиришга интиламан. Қаламтасвирга юракдан ёндашишни ўргатаман. Қалам билан эркин ишлаш лозимлигини тушунтираман.

Ҳожибой ТОЖИБОЕВ, қизиқчи: Ўзбек қизиқчилик санъатига янгилик олиб кирган санъаткоргина халқимиз қалбида яшайди. Агар янгилик олиб кирмаган бўлса, номи тезда унутилиб кетади. Бизда саҳнага чиқиб керакмас гапларни гапириш кўп учрайди. Бундан ташқари, қизиқчиларимизда бачканалик бор. Бизда бачканалик билан кулдирадиганлар ва бунга куладиганлар бор. Шу бачканаликни санъат деб ўйлайдиганлар бор-да, бўлмаса, уларнинг концертига ҳеч ким кирмас эди. Демак, халқимизнинг шунга талаби бор экан-да. Халқимиз шу концертга нега кирдим ва нимага кулдим, деб чуқурроқ ўйлаб кўрса бўларди. Хуллас, бугунги кунда қизиқчилик санъатидаги энг катта иллат — бачканалик.

Ҳозирги ёш қизиқчиларнинг энг катта камчилиги фикри торлигида. Улар ҳамма нарсани ўзининг қаричи билан ўлчайди. Қизиқчиликда гап тагида гап бўлиши кераклигини билмайди. Энг ачинарлиси, ҳаётни, одамларни теран англамайди. Масалан, кулдираман деб  кимнидир хафа қилиб қўяди. Саҳнада нимани ва қандай гапириш кераклигини билишмайди.

Ижодкор кузатувчан бўлиши керак. Қурувчи юрган йўлида иморатларга термулиб юрганидай ёки асалари асални гул нектарларидан мисқоллаб йиққанидай мен ҳам одамларга термулиб, уларни кузатиб кулгили ҳолатларни  йиғаман. Мен бир ижодкор сифатида атрофда, дунёда қандай воқеалар бўлаётганлигидан хабардор бўлиб юраман-да, ўрни келди дегунча  дастуримда фойдаланаман. Қизиқчи учун кўп нарсани билиш, кўп ахборотга эга бўлиш жуда ҳам муҳим. Халқдан ўтиб кетмасангиз ҳам, халқ билан бирга бўлиб, дардига шерик бўлсангиз ҳурмат қилаверишади. Замонавий қизиқчи мана шундай бўлиши керак.

Рақиб, рақобат спортда бўлади. Санъаткорларда рақиб, душман бўлмайди. Фақат бир-бирига ҳавас билан қараши, кузатиши мумкин. Саҳнада душманлик қилиб бўлмайди. Чунки саҳна ҳаммага тенг. Шунинг учун саҳнада менга рақиб йўқ.

Шундай одамларни биламан: машҳур эмас, уни ҳеч ким танимайди. Лекин димоғдор, осмону фалакда юради. Бунақалар туғма бўлади. Худо кўрсатмасин, машҳур бўлиб қолишса, одамлар билан оёғида  саломлашади. Манманлик менда аввал ҳам бўлмаган, ҳозир ҳам йўқ. Одам даврада ўзини тутишни билиши керак. Мен кеккайганга кеккаяман, эгилганга эгиламан. Чунки ҳамма Худонинг бандаси. Кимдир менга манманлик қилса, ўзини қанақалигини ўзимда кўрсатиб қўяман. Мен ҳам манманликка олиб туравераман. Чунки бунақаларга даво шу. Лекин оддий одамлар билан оддий муомала қиламан.

Омад қачон келади. Ўз устингизда ишласангиз, ўз санъатингизни севсангиз. Касбни нотўғри танлаб қўйиб, минг ҳаракат қилсангиз ҳам омад келмаслиги мумкин. Масалан, яхши қўшиқчидан яхши қизиқчи, яхши қизиқчидан яхши қўшиқчи чиқмайди. Санъаткор устозларнинг таълимини олган ва сабр-бардошли бўлиши керак. Шундагина омад доимо бирга бўлади.

Маъмуржон Тўхтасинов, Ўзбекистон халқ артисти: Ҳар бир инсоннинг шаклланиши аввало, оилага бориб тақалади. Аслини олганда ҳеч бир инсон истеъдодсиз дунёга келмайди. Ҳар бир инсонни қайсидир соҳага иқтидори бўлади. Фақат буни болалигидаёқ сезиб, тўғри йўлга солинса бас.

 Ҳар бир ишнинг аввал бошида одоб туради. Шунингдек, санъатда ҳам. Ҳозирги кунда кўпгина қўшиқчилар учун саҳнада қўшиқ айтиш эмас, ўзини, кийимини кўз-кўз қилиш муҳимроқ бўлиб қолаяпти. Улар афсуски, санъатини эмас, кўпроқ ўзини кўрсатиш билан оввора. Халқнинг кўнглидан жой топиш учун рақсга тушиш шарт эмас. Қўшиқни қойилмақом қилиб айтиб қўйсангиз, бас. Ҳурмат ҳам қилади. Яна бир оғриқли жиҳати шундаки, шундай ёш хонандаларимиз борки, тўртта ашулани айтиб танилиб олади-да, ўзидан катта санъаткорларни ҳурмат қилмай қўяди. Бу энг хунук ҳолат. Ўзини ҳурмат қилган бошқани ҳурмат қилади. Ёшлар катта санъаткорларни ҳурмат қилиб, улардан ўрганишса яхши эмасми? Шундагина уларнинг обрўсига обрў қўшилади, улуғ санъаткорларнинг йўлини босиб ўтишади.

Ватан тўғрисида қўшиқ куйлаш масъулиятли. Чунки Ватанга муҳаббат энг олий инсоний туйғулардан бири. Шу боис юрт ҳақида, халқ ҳақида қўшиқ куйлайдиган одам руҳан пок, маънавияти бой бўлса, қўшиқдаги дард ҳам, қувонч ҳам тингловчининг қалбини забт этади. Ватанга муҳаббат уйғотади.

Одам айтаётган қўшиғига озгина бўлса-да, монанд бўлиши керак. Ўзи ёмон ахлоқли бўла туриб, қўшиқларида одамларга панд-насиҳат қилаверса  бу унинг энг катта иллатидир. Халқнинг олдига чиқиб қўшиқ куйлашдан олдин мен шунга лойиқманми, деб ўйлаши керак. Санъаткор тўйларда, концертларда юради. Одамлар уни ўзини тутишидан, гап-сўзидан қандайлигини билиб олади. Шундай пайтда «буни куйлаган қўшиғини қарангу ўзини қаранг», деб кулмасликлари керак. Чунки санъаткор ҳаммага намуна бўлиши керак. Менинг ҳам камчиликларим бордир. Буни одамлар баҳолайди. Аммо мен ҳар доим сўз ва амал бирлигини сақлашга ҳаракат қиламан. Қўшиқда куйлаганларимга ҳаётда ҳам жавоб бераман.

Истеъдодли қўшиқчининг овозидаги табиий шира қандай бўлади-ю, истеъдодсизники қандай бўлади? Замонавий техника буни фарқлаш имкониятини ҳам йўққа чиқараяпти. Дунёда санъаткорликка даъвогарлик деган тушунча бор. Қўшиқчиликка ҳамма даъвогарлик қилаверади-ю, Яратган юқтирмаган бўлса, узоққа бормайди. Истеъдодсизлар ижодининг умри қисқа бўлади. Ваҳоланки, санъатнинг умри боқий бўлиши керак. Масалан, «Муножот», «Бозиргоний», «Тановар» ва «Гулузорим» каби қўшиқлар неча йиллардан буён эскиргани йўқ. Ҳали-ҳануз тингловчининг қалбини ром қилиб келмоқда. Негаки, бу қўшиқларни устозларимиз маромига етказиб куйлашган. Бир нарса аниқ: халқни сохта санъат билан алдаб бўлмайди. Санъатни кимки бизнесга айлантирса, унинг қўшиқлари узоқ яшамайди.

Баъзи санъаткорлар тўй учун ёки фалончининг исмига ашула айтишади. Мақсади ўша одамдан иқтисодий фойда олиш. Мен буни ўта бачканалик, ўта пасткашлик деб биламан. Қўшиқ битта одам учун яратилмайди. Уни омманинг олдига чиқиб айтаяпсизми, ҳамманинг қалбига етиб бориши, ҳар доим севиб тингланиши керак. Кимгадир яхши кўриниш учун пул илинжида яратилган қўшиқлар санъаткорни ерга уради, обрўсини тўкади.

Катта санъаткорлар ёшларга ҳар тарафлама эътибор қаратишлари керак. Кўпинча кўзга кўринганингиздан кейин устозлар ҳам кўпайиб қолади. Фалончи менинг шогирдим дейишни бошлайди. Аслида бир пайтлар ёнига борганимизда писанд ҳам қилмаган, ёрдам ҳам бермаган бўлади. Шогирд устознинг ижодига муҳаббати кучли бўлганидан, қўшиғимни кўриб беринг, деб ёнига боради. Буни устозлар ҳам тўғри тушуниши керак. Устозлар маслаҳатини аяшмаса, шундагина шогирдлар уларни икки қўлида кўтариб юради.

Лазизжон БАХРАНОВ  тўплаган.

 

Манбалар:

  1. Лазизжон БАХРАНОВ. «Осон яшашнинг йўли» китоби. «Миллий кутубхона» нашриёти. 2006 йил.
  2. «San’at»журнали. 2012 йил. 1-сон. 14 бет.