Икки ибора баҳона айрим мулоҳазалар

Баъзи одамларнинг табиати қизиқ-да. Ҳамма нарсани ўз хоҳиш-иродасига, фикри-ўйига, мақсад-муддаоси-ю манфаатига мослаб талқин қилгиси келади. Ана шундай ҳолни айрим ибораларнинг ўзгартирилиб, одамгарчиликка зид тарзда айтилаётганида ҳам кузатишимиз мумкин.

Масалан, кейинги пайтларда кимдир эришган обрў-эътибор, лавозим, молу дунё ҳақида гап кетганда «уддалабдими, эплапдими қандини урсин» деган ибора айтилаётгани қулоғимизга чалинаяпти. Бу иборанинг замирида қандай йўл ёки усул билан эришган бўлса ҳам баракалла деган мақтов-фикр бор, аслида. Тўғри, инсон нимагаки истеъдоди, ҳалол меҳнати билан эришса ҳар қанча олқишласак, қўллаб-қувватласак шунча оз. Аммо ўша «эплаётган кимса»нинг «кетмони» одамларга ҳам маънавий, ҳам моддий зарар етказиш орқали «учаётган» бўлса-чи? Унда, биринчидан, ҳалиги шаввоз бу «эътирофи»мизни эшитиб, тўғри йўлдан кетаётган эканман-да деб, номаъқул ишларини яна давом эттиради, аввал «қандини урган» бўлса, энди қаддини ура бошлайди(сотувчи бўлса, кўзини лўқ қилиб тарозидан уради, амалдор бўлса, халқнинг, давлатнинг мулкини ўмараверади). Биз эса унга хушомад қилиб, давраларнинг тўрига ўтқазамиз, хуллас, тегирмонига сув қуяверамиз. Иккинчидан, бу иборани ноўрин қўллаш орқали атрофдаги одамларда нима қилиб бўлса ҳам ўзим бўлай, қай йўл билан бўлса ҳам ўзим қўлга киритай деган фикрни, билибми-билмайми шакллантирамиз. Ёшларга нотўғри ўрнак кўрсатамиз.  Шу тариқа жамият ривожланмайди-да орқага кетади, яхши одамлар кўпайиши ўрнига ёмонлар кўпая боради.

Яна ўзини замонавий санайдиган айрим «валломатлар» «йигит ҳам айтади, ҳам қайтади» деган иборани ўйлаб топишибди. Аслида йигит айтдими, қайтмайди ёки йигит айтмайди, айтдими қайтмайди, дейилса ҳам миллий, ҳам умуминсоний қадриятларга мос келадиган ибора бўлар эди. Афсуски, мана шунақа «валломату учарлар» «ихтиро» қилаётган ёки бузиб талқин қилаётган иборалар туфайли эркак киши номига, йигитлик обрўсига доғ тушмоқда. Ижтимоий ҳаётимизда ваъдага вафо, лафзида туриш деган тушунчалар секин-аста барҳам топиб бормоқда. Севги-муҳаббат, оила, турли олди-берди муносабатларида келишмовчилик ва жанжаллар келиб чиқаётир.

Ўзини бадавлат санаб, кўчада ялтиллаб юрадиган, аммо олган қарзини вақтида қайтармай, бир бечорани сарсон қилаётган «Ёлғонбой»га, – пулни  нимага қайтармаяпсиз, – дейман ҳайрон бўлиб. – Ҳалол йўл билан бойиб бўлмайди, – дейди у, – бақбақасини ушлаб кулар экан.

Ғирромликни касб қилиб олган бир одамнинг қилиғига гувоҳ бўлиб, бу нима деган гап десам, ҳаёт ғирромликдан иборат укам, – дейди юзу кўзи ўйнаб.

Кўпдан буён ҳамкорлик қилаётган корхона раҳбари ҳар гал олди-берди қилаётганимизда, хат кераклигини айтади. – Йиллик шартнома имзолаган бўлсак, яна қанақа хат керак. Бунча қоғозбозликни яхши кўрмасангизлар, – дейман хуноб бўлиб. – Ака, керак пайтда қоғоз қутқараяпти-да, одамни, – дейди у.

Ана шунақа, ҳам айтадиган, ҳам қайтадиганлар одамларнинг бир-бирига бўлган ишончини сўндиришмоқда. Эндиликда одам-одамга ишонмаяпти. Аксинча қоғозга таянаяпти, қоғозга суянаяпти. Виждон, инсоф, лафз, ҳалоллик ва тўғрисўзлик каби инсоний фазилатлардан узоқлашганимиз сари, ўзаро ишонч ҳам йўқолиб бормоқда. Натижада ҳар бир ҳаракатимизни тартибга соладиган қонун-қоида, низому йўриқномалар кўпаймоқда. Иши ҳисоб-китоб билан боғлиқ кишиларни айтмаганда, шу кетишда бора-бора одам одамдан бегоналашиб, қоғоз билан «отамлашадиган»га ўхшайди.

Хулоса шуки, халқимизнинг ҳаётий мақол-ибораларини фақат тўғри маънода, яхшиликка ундаш, ёмонликдан қайтариш мақсадида қўллаш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Зеро, ҳеч қачон нопок йўл билан қаддини уриб юрганларнинг ёки ҳам айтадиган, ҳам қайтадиганларнинг фалсафаси жамиятимизда етакчи мавқега эга бўлмасин. Соғлом фикр, эзгу иш ва яхши одамлар доимо ғолиб бўлсин!

Лазизжон БАХРАНОВ.