Қирғовулнинг шоҳидлиги

Ровийларнинг айтишича, шоҳ аввал қароқчилик қилган-у, сўнгра бу йўлдан қайтган, қизиқ-қизиқ ҳикоят ва латифалар айтиб дилларни овлашга моҳир бир кишини мусоҳиблари сафига қўшган экан. Бир зиёфатда ошпазлар дастурхонга қирғовул гўшти тортаётганини кўриб, собиқ қароқчи мийиғида кулиб қўйибди. Бунга иттифоқо кўзи тушган шоҳ ундан нима сабабдан кулганини сўрабди. Қароқчи тўғри жавобдан бўйин товлай олмай бундай дебди:

Шоҳим, қароқчилик қилган кезларим қай кун даштда бир кишининг йўлини тўсдим. У ҳеч бир қаршиликсиз ҳамёнидаги бор ақчасини қўлимга тутқазди. Лекин мен бу воқеани кейин гуллаб қўймасин, деган ҳадикда уни ўлдирмоқчи бўлдим. Шунда, у “Биродар, жонимга қасд этмай мени қўйиб юбор. Оллоҳга қасам, сенга ҳеч бир даъвойим йўқ. Оилам ёнига омон қайтсам, шунинг ўзи кифоя…” дея ялина бошлади. Мен бу илтижога парво қилмай, қилични даст кўтардим. Шу чоқ у талваса-ла ён-атрофга аланглади-да кўкда учиб бораётган бир гала қирғовулга қарата “Эй қирғовуллар, сизлар шоҳид, мени ноҳақ ўлдираётир”, деб бақирди. У шу сўзларни айтишга улгурдию қилич зарбидан жон берди. Умрим бино бўлиб бундай нодонни учратмаган эдим, шоҳим. Ахир, ҳеч замонда қирғовул ҳам гувоҳликка ўтадими?! Ўша нодоннинг гапи ёдимга тушиб, мийиғимда кулиб қўйган эдим.

Собиқ қароқчи ана шу сўзларни айтиб шоҳга боқса, ҳукмдорнинг авзойи бузилган, зиёфат аҳли эса кўзини ерга қадаб сукутга чўмганмиш. Шунда шоҳ:

“Қирғовул шоҳидлик берди! Жаллод, олиб чиқ буни!” деган экан.