Китоб ўғирлаш ўғирликми?

Китоб ўғирлаш ўғирликми? Гапнинг ўзи ҳам ўғирлик эканлигини айтиб турибди. Ўғирлик бўлганда ҳам икки ҳисса, яъни ҳам маънавий, ҳам моддий ўғирлик. Китоб инсонни эзгуликка ундовчи энг буюк ҳодиса экан, унга муносабат ҳам худди шундай холис, пок ва беғубор бўлиши керак.  Китоб ўғирлаш ўғирликмас деган гапни ўзининг қилмишларини оқламоқчи бўлганлар ўйлаб чиқаришган. Мутолаа қилиб кўнгли тозарган, фориғланган, фикри бойиб, ҳаётга янгича қарай бошлаган инсон ўзи баҳра олган китобни бошқаларга ҳам раво кўради. Ўқиган китобини ўзидан кейин ҳам бошқалар ўқиши мумкинлигини ўйлайди: уни авайлайди – йиртмайди, чизмайди, ўғирламайди. Таассуротларини дўстлари билан ўртоқлашгиси, мутолаанинг завқу шавқини ўзгаларга ҳам илингиси келади. Хуллас, қинғирлик ҳақида ўйламайди. Шунинг учун ҳам адабиёт ўқиб қалбини тозаламоқчи бўлган, адабиёт ўқиб турмушнинг икир-чикирларидан бир мунча вақт узоқлашмоқчи бўлган (янгича фикр ва кайфият билан қайтиш учун) одам аввало фикрини тозалаши керак.

Шундай дейману ўзим гувоҳ бўлган бир қатор воқеалар ёдимга тушади. Ўтган асрнинг 90 йиллари ўрталари. Республикамизнинг обрўли лицейларидан бири – Алишер Навоий номидаги «Нафис» санъат лицейида ўқиймиз. Бу даргоҳда ёшларга мамлакатимизнинг энг илғор домлалари дарс берар, барчамизда Ватан истиқлоли билан фахрланиш, ўқиб-ўрганишга иштиёқ юқори, келажакда зўр мутахассис бўлиш истаги кучли эди. Устозларимиз мустақилликка эришганимиздан шоду хуррам, шу боис бизга юксак ватанпарварлик руҳини сингдиришга катта эътибор беришар, айниқса тарихимизни, бугунги кунимизни чуқур ўргатишар, айни пайтда ўзимиз ҳам чанқоқлик билан илм-фан уммонига шўнғиб кетар эдик. Ўқув машғулотлари тугагач соат 14.00 дан кеч соат 19.00 гача ҳар куни мутолаа дарслари бўлар, китобхонлик ҳавас қиларли даражада эди. Масалан, кимдир бирор бадиий китобни ўқиб мақтаса, қўлма-қўл ўтиб ўқилавергач ўртача катталикдаги китоб, лоф десангиз ҳам айтай ёстиқдай китобга айланиб кетарди.  Биз ўқувчи-ёшлардан теле-радио учун кўплаб интервьюлар олишар, «Акс-садо», «Мен нечун севаман Ўзбекистонни?» каби ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий кўрсатувларда мунтазам иштирок этардик. Эсимда бор, мулоҳазаларимизнинг мағзини юртимизга бўлган чексиз меҳр-муҳаббат, келажакда унинг ривожига ҳисса қўшишга ўхшаш фикрлар ташкил этарди. Қисқача айтганда, ватанпарварлик биз ёшлар учун шунчаки ҳавойи гаплар бўлмай, чин инсонлик ва фарзандлик бурчи эди.

Лицейимизнинг кутубхонаси жуда катта ва кенг. Турли соҳаларга доир китоблар билан тўла. Устозларимизнинг айтишича, фондининг бойлиги бўйича республикамизда тўртинчи ўринда тураркан.

Бир куни даври ўтган китоблар макулатурага топширилаётгани, уларни ташишда ёрдам бериш зарурлигини айтишди. Машинага эски китобларни ташлаб қайтиб келаётсам, жавонлар орасидаги йўлкада турган, бошқа синфда ўқийдиган дўстимиз чақириб қолди. Бурилдиму ёнига бордим.

— Нима гап тинчликми?

— Сиз ҳам мана бу китоблардан олинг, олатасирда ҳеч ким билмай қолади, –  деди у энг нодир, қимматбаҳо китобларни курткалари орасига солар экан.

— Ярамас экансан, – дедим жаҳлим чиқиб кетиб. Ҳафсалам пир бўлиб каридорга чиқдим. Ҳалиги бола ҳам ҳаллослаганича ортимдан чиқиб келди.

— Нимага жаҳлингиз чиқади. Китоб ўғирлаш ўғирликмас-ку, – деди тиржайиб.

— Ўғирлик. Сендан бошқалар ҳам ўқийди-ку бу китобларни. Давраларда, телевизор, радиога чиққанингда ўзингни фидойи кўрсатиб, оғиз кўпиртирасан. Қани ватанпарварлигинг, қани халқпарварлигинг, – дедим баттар тутақиб.

Қарасам гапирганимнинг фойдаси йўқ. Мен уни шу пайтгача умуман билмас эканман. Ҳали жуда ёш бўлишига қарамасдан, икки юзламачиликни шунақа табиийдек ўзлаштирган эканки, қойил қолдим. Билдим: у мени ёмон кўриб қолди. Майли бундай одамларни яхши кўришининг кераги ҳам йўқ. Ҳалигача ачинмайман.

Иккинчи воқеа бундай бўлган эди. Бир танишимизнинг ишхонасида ўтиргандик. Институтда ишлайдиган оғайниси келиб қолди. Туппа-тузук домлага ўхшайди. Бироздан кейин хонанинг эгаси ҳозир келаман деб чиқиб кетди. Ҳадеганда қайтавермагач, ҳалиги домла шкафдаги китобларни томоша қила туриб, уч-тўрттасини саралаб олди. Кейин акахонимизнинг келишини ҳам кутмасдан кетишга чоғланди.

— Китобларни эгасидан сўрадингизми, – деб сўрадим ундан.

— Ғайратбек дўстимиз бўлади, индамайди, – деди бепарволик билан.

Кейинчалик ҳам китобларни қайтармади шекилли, акахонимиз шкафидаги айрим китоблар йўқлигини, ишда керак бўлаётганлигини гапириб юрди.

Аслида «китоб ўғирлаш ўғирликмас», «домлани(ёки муллани) айтганини қилу, қилганини қилма» деган, инсонни иккиюзламачиликка, виждонсизликка бошлайдиган бундай мунофиқона фикрларни дунёқарашимиз бисотидан умуман чиқариб ташлашимиз керак. Мана шундай салбий фикрлар туфайли ёшларга бераётган таълим-тарбиямизнинг самараси камайиб бормоқда. Синфхоналарда, аудиторияларда бошқача гапирамизу, реал ҳаётда бошқача иш юритамиз. Кейин яна «ҳозирги ёшлар гап уқмас», «ҳурмат-иззат нималигини билишмайди» ва ҳоказолар деб нолиб юрамиз. Ёшларга насиҳатдан кўра, амалий намуна, ибрат керак. Ахир дарё қаёққа оқса, жилғалар ҳам ўша ёққа қараб оқмайдими?  Таъбир жоиз бўлса, айтиб амал қилмайдиган мулла ва муаллим ўғри-жаллоддан кўра, миллат ва мамлакатга кўпроқ зиён келтиради. Шунинг учун одамларимизнинг фикри тўғри шаклланишига, маънавий қиёфаси соғлом бўлишига биринчи галда зиёлиларимиз масъул.

Лазизжон БАХРАНОВ.