АЖАБО, АЖАБО, ВОАЖАБ!!!

Мен кўп ажабланаман ва ажабланиш дардига мубтало бўлдим! Чунки…
1. Тиббиёт жуда ривожланди, дори-дармон кўпайганидан кўпайди, телевизорда ҳар куни 10-15та дори рекламаси. Бироқ негадир касалликлар озаймаяпти, йўқолмаяпти, аксинча кўпаймоқда…
2. Душманимиз йўқ, бироқ танишларимиз душмандан бадтар…
3. Амма, хола, тоға, амакиларимизни йўқламай қўйдик, улар билан аҳил эмасмиз, ҳатто олти ойдан бери кўрмаганларимиз бор, бироқ Интернетда ўзини ҳам, юзини ҳам кўрмаган янги танишимиз билан, “янги дўст” билан соатлаб гап сотишамиз – апоқ-чапоқмиз…
4. Устимизни ясантиришга, турар жойларимизни безашга зўрмиз, бироқ ичимиз хароб…
5. Масжидларга жамол ва сифат киргану аммо жамоатдан, қавмдан сифат кетган…
6. Тўкинмиз, ҳеч ким очдан ўлмайдиган замон, фаровонлик, мол-давлатимиз ортганидан ортди, бироқ қанақадир тўймаган харисмиз, молга ўчмиз, ҳузур-ҳаловатимиз ҳам йўқолган…
7. Молни йўқотишдан қўрқамизу унинг уволидан қўрқмаймиз. Тийиқсиз истеъмолчиликка берилганмиз…
8. Китоблар жуда кўп босиляпти, ҳатто мактабни энди битирган ёш бола ҳам китоб чиқаряпти, бироқ ҳеч ким китоб ўқимай қўйди, китоб ўрнига телефонни ўқийди…
9. Ҳамма насиҳатгўй. Агар бир кунлик насиҳатларни йиғиб китоб қилсак Ердан Ойга етади, бироқ амал қилиш йўқ…
10. Ўзининг соҳасидаги кичик бир элементдан савол сўрасангиз ҳам айнан шу соҳанинг шу йўналиши бўйича мутахассиси эмасман деб, ўйлаб жавоб беради, бироқ ўша кишидан диний масалада бирор савол сўрасангиз фатвоси тайёр турган бўлади… Динга келганда ҳамма ўзича олим…
11. Қурган биноларимиз баланд – химматимиз паст…
12. Қаддимиз баланд – қадримиз паст…
13. Ҳасадимиз кўп – ҳавасимиз оз…
14. Ўзимиз кал – кўнглимиз нозик. Аҳволимиз тушунарлию яна кўнглимиз жуда нозиклашиб кетган…
15. Ҳайратлар йўқолган – бир жойда хўкиз туғибди деса буни табиий қабул қиламиз, ҳайрат пайдо бўлса уни яширамиз, ҳайратланганни изза қиламиз, саводсизга чиқарамиз. Ваҳоланки ҳайрат Муҳаббатга, Худога яқинлаштирувчи восита эди…
16. Компьютер орқали электрон манзилларга электрон хатлар жўнатиш ва ҳатто электрон ҳукумат ишлаяпти, бироқ қоғозбозлик ва қоғозга муккасидан кетиш, қоғозни увол қилиш камаймаяпти…
17. Аллоҳнинг асари бўлган инсоннинг юзига қарамай қўйдик, бунинг ўрнига унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатига қараймиз, қоғозга муте бўлиб, қоғозга ишонишга шунчалик муккасидан кетганмизки, биров бу бинодан нариги бинога кириб чиқиши учун ҳам паспорт талаб қиламиз…
18. Хоҳласак бир пасда Америкага бориб келамиз, бироқ ўлчаса бир қадам ҳам чиқмайдиган қўшнимиздан хабар олмаймиз…
19. Жуда шошқинмиз, қайгадир шошиламиз, негадир ҳатто ғирт бекорчи одам ҳам қайгадир шошаётган бўлади…
20. Дунёда нималар бўлаяпти – буни биламиз, бироқ ўз руҳониятимизни, ўзлигимизни, ўзимизни билмаймиз…
21. Мусулмонлармиз, бироқ бегоналар ғояси учун бир-биримизни қиришга тайёрмиз. шунинг учун дунёдаги 16 та мусулмон мамлакатида мусулмонлар бир-бирини ўзаро қирмоқда…
22. Энди тухумдан чиққан артисларимизни таниймиз, бироқ замондош олимларимизни, ёнимиздаги замондош ёзувчиларимизни билмаймиз…
23. Эрта ётсак ҳам, кеч ётсак ҳам – барибир руҳий чарчоқ билан кеч турамиз…
24. Иккиюзламачимиз. Илм қилиб, диссертация ёқлаганларни ё бошқа муносабат билан ёзилган дастурхонида неъматларини еймиз, банкетини еймиз, ўзини эса ёмон кўрамиз, ҳасад қиламиз…
25. Қулайликлар кўп, шароит кўп, бироқ вақт етишмайди…
26. Ташаббус кўп, янги ғоялар кўп, бироқ талаб йўқ…
27. Негадир ҳамма ақл ўргатади, лекин жисми билан амалда ёрдам бермайди…
28. Ҳамма ўғри жазоланадию бироқ негадир энг қимматбаҳо неъматни ўғирлаган вақт ўғрилари жазоланмайди…
29. Давлат идораси ходимларида ўз ишига муҳаббат йўқ, қуруқ ҳисоботларни тўлдиришга, тадбирбозликка муккасидан кетганлар…
30. Шошмасдан, етти ўлчаб бир кесадиган, миллат келажаги билан боғлиқ ишларни шошиб қилиб ҳисобот тайёрлаймиз. Шошилиб қиладиган ишларни эса негадир ортга сурамиз…
31. “Буюк аждодимиз” деб улуғ мутафаккирларимизни пеш қилишни яхши кўрамиз, бироқ уларнинг асарларини ўқимаганмиз…
32. Мақтовларни севамиз, бироқ хатоларимизни кўрсатганларни ёмон кўрамиз…
33. Рост гапирганни ёмон кўрамиз, ёлғон гапирганни севамиз…
34. Юзимизда ҳайрат йўқ – ҳамма нарсага лоқайдмиз…
35. Нафсимиз тирик – ҳисларимиз ўлик…
36. Хотинини “ишлашга” чет элга чиқарворган тагида қиммат мошини бор даюсларни тўрга ўтқазамизу, ўз меҳнат кучи билан ишлайдиган ҳалол, оиласи пок, ҳамиятли кишиларни пойгакка ўтқазамиз…
37. Бизни севадиганларни қадрламаймизу бизни парвосига илмаганларни ортидан чопамиз. Ҳазрат Навоий айтганлар:
“Мени мен истаган ўз суҳбатига аржуманд этмас,
Мени истар кишининг суҳбатин кўнглим писанд этмас…”
38. Агар тўплансак фақат зиёфат қилиш учун, кўп еб –кўп ичиш учун, маишат учун тўпланамиз…
39. Агар биров ноҳақдан ёмонотлиққа чиққан бўлса уни яхши эканини исботлашга бир неча йиллар керак бўлади, ваҳоланки уни ёмонотлиққа чиқаришга бир неча дақиқалар кифоя қилган эди…
40. Ҳеч кимда мустақил фикр йўқ – ҳаммада тўда инстинкти. Мақталганни мақтаймиз, урилганни урамиз, сурилганни сурамиз…

Манба: Шукур Жаббор (фейсбукдаги саҳифасидан олинди манзил: https://www.facebook.com/shukur.jabbor/posts/1484412565010904)