Китоб ўқимаган халқ жоҳилликка маҳкум!

 

Ўнинчи асрнинг улуғ олимларидан андалусиялик Ибн Рушд умри давомида фақат икки кеча китоб ўқимаган экан: бири уйланган ва иккинчиси отаси вафот этган кечада. Тобеъинлардан Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ҳаётида бир марта китоб, яъни Қуръонни ўқишни тарк қилган. Ўшанда қорасон бошланган оёғини наркозсиз кесиб ташланганда ҳушдан кетиб, китоб ўқий олмай қолган.

Булар ўтмишда китобга бўлган муносабатнинг ажойиб манзаралари бўлган эсада, яқин-яқингача ҳам ўзбек хонадонларида узун қиш кечалари хира чироқ ёруғида китобхонлик қилиш анъана тусига кирган эди. Китоб ўқишни билганлар халқ ичида обрўли саналар ва қаттиқ ҳурмат қилинар эди. Ҳофиз, Сўфи Оллоҳёр, Хожа Аҳмад Яссавий, Бедил, Фузулий, Махтумқули, Машраб ғазалларини ёд билмаслик ор саналарди. Гап-гаштакларда, турли маросимларда ҳам тўпланганларга китоблардан парчалар ўқиб бериш каби гўзал одатлар бор эди.

Бу гапларнинг бари ортида «эди» сўзи борлиги одам дилига бироз ғашлик солади. Чунки ана шундай китобхон халқнинг ворислари ҳозир деярли китоб ўқимай қўйди…Кўпгина зиёли кишилардан «Бугун нима китоб ўқияпсиз?» деб сўраб чиқдим. Жавоблар жуда афсусланарли: «Китоб ўқишга вақт қаёқда дейсиз, эртаю кеч мияда рўзғор ташвишлари»; «Китоб ўқишни яхши кўраман, аммо вақт тополмаяпман»; «Энди, шудесангиз, маза қилиб ўқийдиган китоб ҳам йўқ-да»; «Китоб ўқиган билан қорин тўярмиди!»; «Мен теледастурдан бошқасини ўқимайман» ва ҳоказо ва ҳоказо. Уларнинг баҳонаю эътирозларига жавоб ҳам тайёр, аммо бунинг фойдаси бормикин? Яхши китоблар оз бўлса-да, нашр этилиб турибди.

Китоб савдоси ҳам истиқлолнинг илк йилларига қараганда анча жонланди. Масалан, «Шарқ зиёкори» китоб дўконининг барча вилоятларда бир-иккитадан шўъбалари бор. Биргина Тошкентнинг Навоий кўчасида ўнлаб китоб дўконларини санаб чиқса бўлади. Пойтахтнинг бир неча қисмида катта-катта китоб расталари ишлаб турибди. Мустақиллик майдони ва Амир Темур хиёбони яқинида муҳташам Китоб кошоналари қуриб битказилди.

Тўғри, китобхонларнинг қизиққан соҳалари ва талаб қилаётган мавзулари олдингидан бироз ўзгарди. Олдинлари кўпроқ бадиий китоблар, олди-қочди асарлар мутолаа қилинган бўлса, ҳозирга келиб илмий-техникавий адабиётлар, хотиралар (мемуарлар) ва детективлар, пазандалик ва табобат мавзуидаги асарлар, диний-маърифий китобларга қизиқиш анча ортди. Ана шундай китобларнинг бозори чаққонлиги фикримизни исботлаб турибди.

Шунга қарамай, халқимизнинг китобхонлик даражаси анча пастлиги ҳақиқат. Балки, буни кимлардир бозор иқтисодий қийинчиликларига тўнкар? Эҳтимол, баъзилар давр шиддати тезлашиб, турли техникавий воситалар орқали (масалан, интернет,телевидение каби) ахборот олиш қулайлашганини рўкач қилар? Лекин бу нарсаларга бизлардан олдинроқ дуч келган Оврупо, айрим араб мамлакатларида китобхонлик кучайган бўлса кучайганки, асло пасаймаган.

Масалан, аҳоли жон бошига ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича дунёда биринчиликни олган Швейцария кутубхона-ахборот тармоқлари сони бўйича ҳам биринчи ўринда. Беш миллион аҳоли яшайдиган Финляндияда 1500 оммавий кутубхона, шунча китоб тарқатувчи пункт, 250 та кўчма кутубхона (библиобус) ишлаб турибди. Аммо биздаги кўпгина кутубхоналар эътиборсизлик, китобхонларнинг кам қатнагани, янги китоблар олишга пул етишмаётгани каби сабаблар туфайли ёпилиб ёки улардаги китоб захираси кескин камайиб кетди.

Китоб ўқимаган халқ жоҳилликка маҳкумдир. Китоб ўқимаган, илмга интилмаган, руҳиятини бойитишга лоқайд қараган миллатнинг фарзандлари ўзлигини, эркини, маданиятини бой бериши муқаррар!

Ана шундай кулфатлар бошимизга келмай туриб, китоб ўқиш, китобни қадрлаш, болаларимизда китобга муҳаббатни уйғотиш сари юзланайлик!

Манба: «ҲИЛОЛ» интернет журналининг 2016 йил февраль/мартдаги 3 (43)- сонидан олинди