Хайрли ишлар бардавом бўлсин

Аҳолиси сонининг 96,3% (2016 йил 5 апрель холатига кўра, https://ru.wikipedia.org маълумотига асосан) ислом динига эътиқод қилувчиларни ташкил этадиган Ўзбекистон мусулмонлари учун жорий йилнинг ноябрь ойи нисбатан ҳуш хабарларга бой бўлмоқда. Ўзбекистонда яшовчи мусулмон аҳолисининг диний саводҳонлигини оширишга қаратилган амалий ишлар билан бир қаторда, ислом динининг фикх, ақида, тасаввуф каби соҳа мутаҳассисларини тайёрлаб беришга мўлжалланган бир нечта ўқув муассасаларининг фаолияти йўлга қўйилди.

Жумладан, дастлаб 10 ноябрь, муборак жума куни Қашқадарё вилоятидаги “Ақида” илми мактабининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу мактабда имом-хатибларнинг махсус фанлар бўйича билимларини мунтазам ошириш кўзда тутилган бўлиб, “Абу Муъин ан-Насафий” ҳазратларининг асарлари, юртимиздаги Ҳанафий мазҳабига оид ақоид китоблари асосида ақида илми мактаби очилганлиги маълум қилинди.

2017 йилнинг 13 ноябрь куни эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакиллиги қошида Ислом ҳуқуқи мактабининг очилишига бағишланган тадбир ўтказилди. Янги иш бошлаган мазкур ислом ҳуқуқи мактабида тингловчилар учун барча қулай шароитлар яратилганлиги ва вилоятдаги имом-хатиблар, ноиб-имомларга Бурҳониддин Марғиноний ҳамда Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий асарлари чуқур ўргатилиши, қолаверса, соҳага оид асарлар устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ҳам режалаштирилганлиги эътироф этилди.

Бундан ташқари, таълим бериш замонавий модуль шаклида олиб борилишини ҳамда мактаб тингловчиларига маълум бир асарни тамомлагани тўғрисида махсус сертификат (ижоза) берилиши таъкидлаб ўтилди.

Худди шу кунлари Бухоро шаҳридаги Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмий мактаби очилди.

Тасаввуф мактабида тингловчиларга асосан нақшбандия таълимоти ўргатилади. Шунингдек, юртимиздан етишиб чиққан ва аҳолимиз ўртасида кенг тарқалган, мамлакатимиз тарихида ўзига хос ижтимоий-маданий аҳамият касб этган кубравия яссавия ҳамда қодирия тариқатлари ўрганилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Тасаввуф мактабида қуйидагилар ўқитилади.

Дарсларда тасаввуф шайхлари, хусусан, нақшбандия шайхларининг ҳаёт йўллари, турмуш тарзи ҳақидаги китоблар ўқитилади.

Тариқат пирлари насиҳат сифатида айтган ҳикматли сўзлар шарҳланади. Руҳий тарбияга оид китоблар ўқитилади.

Тингловчиларга мунтазам равишда араб ва форс тилидан сабоқ берилади, тарихий манбаларни ўқиш жараёнида тил қоидалари тушунтирилиб, билим ва кўникмалари мустаҳкамлаб борилади.

Бундан ташқари, соҳага оид асарлар устида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва давра дарсларида иштирок этиш муддати белгиланмай, яъни худди Фарғонадаги каби бу даргоҳда ҳам таълим замонавий модуль шаклида олиб борилишини ҳамда мактаб тингловчиларига маълум бир асарни тамомлаганлиги тўғрисида махсус сертификат (ижоза) берилиши таъкидлаб ўтилди.

Юқоридагиларга қўшимча сифатида, аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларида жорий йил
1 декабридан бошлаб “Қуръони карим ва тажвид”, “Араб тили” фанлари бўйича ўқув курслари ўз фаолиятини бошлайди.

 

Маълумотлар таҳлили, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг http://muslim.uz расмий саҳифаси ҳамда http://azon.uz/ саҳифасидаги хабарларга асосланади.