Ҳаётдек лазиз нарса борми?

– Улуғ ишларга қодир инсоннинг ўзи кам ўзгарибди-да.

– Қизимга бундан буёғига бирга яшамасак бўлмайди, деб ўзимни уйимга кўчириб келдим.

– Фронтчи қиз Зебо Ғаниева бутунлай Москвада қолиб кетди.

– Тамарахоним умрининг сўнгида костюм тиккан

 Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаева ижро этган ролларини жуда кўп кўрганмиз. Санъаткорнинг Миллий театрда саҳналаштирилиб томошабинлар ҳукмига ҳавола этилган «Дарахтлар тик туриб жон беради» номли спектаклда ўйнаган роли мени яна бир бор ҳайратга солди. Яйра опа ушбу асардаги образни шу қадар маромига етказиб ижро этганки, беихтиёр бу образ атайлаб шу актрисага ёзилган бўлса керак, деган хулосага келасиз. Аслида бу асар 1942 йилда ёзилган бўлиб, европалик драматург Александро Кассано қаламига мансуб.

 —Яйра опа, «Дарахтлар тик туриб жон беради» спектаклини уч марта томаша қилдим. Шу образни яратиш жараёнидан қандай ўй-фикрлар хаёлингиздан ўтди?

— Актёр ҳаётда ҳам, саҳнада ҳам доимо ташнақалб бўлиб юради. Ижод давомида неча марта ўлиб-тирилади. Кўп йиллардан буён менинг характеримга, ёшимга мос асар қидираётган эдик. Ниҳоят шундай асарни Риммажон Аҳмедова олиб келди. Ёқуб Аҳмедов ўқиб кўриб маъқуллади. Кўп тортишув ва изланишлардан сўнг, асар саҳна юзини кўрди. Мана сиз уч марта кўрибсиз, бу мен учун катта мукофот. Бу асар 1942 йилда, чет элда ёзилган бўлиб, унда ёшлар онгининг бузилиши ва оиладаги меҳр-оқибатнинг танқислиги ҳақида сўз боради. Демак, ўша вақтнинг муаммоси ёритилган. Ўйлаб кўринг шундан буён техника чексиз ривожланди, бемисл иншооту иморатлар қурилди. Қаранг-а, бу фантастика: Париж-Лондон йўналишида сувнинг тагидан поездлар ўтаяпти. Ракета учирилаяпти. Лекин мана шундай улуғ ишларга қодир инсоннинг ўзи кам ўзгарибди-да. Айтмоқчиманки, ушбу асардаги муаммолар ҳали-ҳануз ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Нимага одамлар яхши томонга ўзгармаяпти. Нимага ўша-ўша баландликда турибди. Борган сари безорилик бўлиб кетаяпти. Наркомания дейсизми, ОИТС дейсизми, ахир бу фожиа-ку. Ўйлайманки, бу вабонинг асри.  Бу ахир ХХI аср-ку, йил эмас, аср-а. Китоб нимани билмайдиган ёшлардан эртага нимани кутиш мумкин.

Ҳозирги кунларда юрагим сал ёмонроқ бўлгани сабабли кечалари бир ўзим ётишга қўрқиб чиқаётган эдим. Шу боис қизимга бундан буёғига бирга яшамасак бўлмайди, деб ўзимни уйимга кўчириб келдим. Ишонасизми, уйимнинг ярми китоб. Қизим дарс берадиган талабалар келишиб, Яйра опа шунча китоб ўқийсизми, дейишди. Нимага ўқимас эканман? Актёр китоб ўқимаса, озуқани қаердан олади? Китобсиз қандай яшаш мумкин?

— Яйра опа, агар эсингизда бўлса, 1995 йилда Гавҳар Раҳимованинг 85 йиллик юбилейи нишонланганида, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, халқимизнинг қаҳрамон қизларидан бири Зебо Ғаниева, Сиз ва бошқа фронтчи қизлар ҳам иштирок этишган эди. Шу маънода Сиз Зебо Ғаниева ҳақида билганларингизни гапириб берсангиз?

— Зебо Ғаниева актриса бўламан деб Москвадаги санъат институтига ўқишга кирган биринчи ўзбек қизи. Зебохон уруш бошланиши билан фронтга кетган. У ерда уни снайперликка олишган. Урушда ярадор бўлиб, госпиталда ётганида Гавҳар опа бошчилигидаги фронтчи қизлар ансамбли ҳам госпиталга бориб тушишади. Ансамблни қабул қилган майор Гавҳар опага бизда ўзбекистонлик жангчи қиз ётибди, деган. Борсак, ўша экан. Қўшиқчи Боборайим Мирзаев шу куниёқ Зебохон деган қўшиқ ёзди. Эртасига Коммуннахоним Исмоилова шу қўшиқни ижро этди.

Зебохон урушдан қайтгач, чўлоқ бўлса ҳам,  «Тоҳир ва Зуҳра» фильмида Хоразм хонининг қизи ролини ўйнади. Кейин нима бўлди-ю, Москвага кўчиб кетди. Ўша ерда оила қурди. Эри жуда ажойиб одам эди. Бирга бир неча марта келишди. Гавҳар опа собиқ фронтчи қизлар ансамбли тузиб, унга Зебо Ғаниева номини берди. Зебохоннинг эри дипломат эди, улар кўп йиллар Туркияда яшашди. Эри озарбайжон миллатига мансуб эди, ўзи ҳам ярим озарбайжон, ярим ўзбек эди. Зебохон у кишининг иккинчи оиласи бўлиб, уларнинг фарзандлари йўқ эди, лекин биринчи хотинининг болаларини Зебохон катта қилган. Шундай қилиб, у бутунлай Москвада қолиб кетди. Илмий ишлар қилди. Филология фанлари номзоди бўлди. Эри вафотидан бир йил ўтиб, 1999 йилда ўзи ҳам вафот этди. Зебохон номидаги ансамбль ҳам Гавҳар опам вафотидан сўнг тугатилиб кетди. Вақтим бўлмай, уни сақлаб қолиш менинг қўлимдан келмади. Афсус, ҳар ҳолда ёшларни маънавий тарбиялаш масаласида ушбу ансамбль жуда керак эди.

— Тамарахоним ҳақида ҳам гапириб беринг.

— Мен доим бунақа одамлар ўлмайди, деярдим. Ҳақиқатан ҳам шунақа бўлаяпти. Уларнинг мероси шуни исботлаяпти. Мен шунақа бойманки, ҳеч кимнинг бойлигини меникига тенг қилиб бўлмайди. Чунки буларнинг ёнида ўсиб, кимлигини кўриб, санъатга бўлган ишқи ва завқини, куйлагининг  битта тугмачаси ҳам ўзига ярашиб турганлигини кўришнинг ўзи…тугмачаси-я — буларнинг ҳаммаси мен учун бахт. Тамара опам мен фақат саҳнада яшайман, мен сенлар билан гаплашиб турибман бу ҳаёт эмас, бу ўткинчи, лекин мен учун ҳаёт бу ижод, дерди. Унинг ўз юбилейида айтган гапи ҳеч эсимдан чиқмайди. Ўшанда юбилеярга сўз беришганда, «Менинг мухлисларим, туғилганимдан буён юрагим неча марта урган бўлса,  сизларни бағримга босиб шунча маротаба ўпгим келади»,- деган эди. Қаранг, ким шунақа меҳрли гапни айта олади?

— Туғилиш завқидан кўра, ўлимнинг даҳшати инсонни ўйлантиради, дейишади. Сиз Тамарахоним билан вафотидан олдин бирга бўлган бўлсангиз керак…

— Ҳа, бирга эдим. Авваломбор, ўлим ҳақида ҳеч ким ўйламайди. Айниқса, Тамарахонимдек инсонлар бу ҳақда ўйламайди. Ўлим тўғрисида ўйлаш керак эмас, бу бемаъни гап. Ҳаётни ўйлаш керак. Худога шукр қилиш лозим. Тамара опа умрининг сўнгида ҳам костюмини тикиб ўтирган. Ҳаёт ҳақида, ижод қилиш, яратиш ҳақида ўйламай ўлим ҳақида ўйлайдими, ўлимда нима бор, ўлдинг-кетдинг тамом-вассалом. Ҳаётлигингда ишлаб қол. Ҳаётдек лазиз нарса борми?

Олдинда нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Шунинг учун болажон, фақат яхшилик ҳақида ўйлаш керак. Ҳеч қачон бировга ҳасад кўзи билан қарамаслик керак. Қанча яхшилик қилсанг, шунча қайтади болам. Қайтар дунё бу. Бу бежиз эмас. Илгари қирқ йилда қайтган бўлса, ҳозир қирқ дақиқада ҳам қайтаяпти, ўшани ўйлаш керак (кулади).

2006 йил.

Завқиддин НАСИМОВ