Кимдир хафа қилса кечириш керакми ёки ўч олиш?

Инсон ҳаётда яшар экан, ҳар хил ҳолат ва вазиятларга тушади. Ана шундай ҳолатлардан бири кимнидир хафа қилиш ёки кимдандир хафа бўлишдир. Одатда кўпчилик кимнидир хафа қилиб қўйса, кечирим сўрайди. Айримлар эса одамларни ранжитиб роҳатланади… Кимдир эса кечиролмай, кўнглида кин ва адоватини сақлаб юради… Биз шу масалаларда бир қатор юртдошларимизнинг фикрлари билан қизиқдик.  

 Шаҳноза ШОКИРОВА, ҳисобчи: Шундай ҳам бўладики, инсон ўзи билмаган ҳолда бирор бир инсонни ёки дўстини хафа қилиб қўяди.  Хафа қилишниям ўзига яраша сабаблари бўлади. Баъзида дўстлар бир-бирини хафа қилиб қўйиб, кўп вақт ўтмасдан ҳеч нарса бўлмагандек, яна гаплашиб юраверишади. Айрим инсонлар ҳам борки, ичи қоралик қилиб ҳеч кимни ҳеч қачон кечира олмайдилар ва ўч олишдан ҳам қайтмайдилар. Буни  шахсан мен нотўғри деб ҳисоблайман. Инсон ўч олиб нимага эришади? Ҳеч нарсага. Фақатгина кимгадир ёмонлик қилгани, озор бергани ва бошқаларнинг кўзига ёмон кўриниб қолгани қолади, холос.

Ҳар ким ўз қилмишига яраша ўзи жавоб беради. Агар сиз ўзгаларнинг кўнглини оғритиб, ёмонлик қилсангиз, бунга жавоб беришингизга тўғри келади. Ўйланг, сиз бўйнингизга гуноҳ олишни истайсизми? Кимдандир ўч олиш бу бемаъниликдир. Ҳеч ким бошқа бир инсонни жазолашга ҳақли эмас. Ҳаётнинг ўзи ҳаммасини жой-жойига қўяди. Инсон кечиримли бўлиши, кечиришни билиши керак. Сизни хафа  қилган инсонни кечиринг. Қасд олишга уринманг. Вақти келганда уни ўзи сизнинг олдингизда уялиб қолади ва қилган ишидан афсусуланади. Хулоса шуки, қасд олгандан кўра кечиримли бўлган минг карра яхшироқдир.

 Лола ИСКАНДАРОВА, талабаИнсон туғиладики яхшиликка ошно бўлади. Сабаби ота-она ўз фарзандига  шундай  тарбия  беради. Афсуски, ҳамма  ҳам бу  тарбияни  ушлаб  қололмайди. Ҳаётда  икки йўл  мавжуд: биринчиси тўғри бўлса, иккинчиси  нотўғри. Ким қайси  йўлдан  юриши  унинг  иродаси, саботи, матонатига  боғлиқ. Оқнинг шериги  қора бўлганидек, яхшиликка ёмонлик, очликка тўқлик, шаддодликка босиқлик  доимо эргашади. Бусиз ҳаётни тасаввур этиб бўлмайди. Инсон ҳали тили чиқмасидан хафа қилишни, аразлашни ўрганар  экан. Ёмонликлар  ҳам шундан келиб чиқаркан. Яхши ҳам дунёда ёмонлар бор, йўқса ким ҳам яхшиликнинг  қадрига  етар  эди. Ҳақиқат агар таққосланмаса  тўғрилигини  ҳеч ким тан олмайди. Хафагарчиликка келадиган  бўлсак, ҳар  қадамда  учраб  туради. Айниқса, бугунги замонда вақт тезлашяпти деб негадир  шошяпмиз. Эзгуликка шошсак ҳам  майли, биз бўлса, ўз маанфаатимиз йўлида  ким  биландир  келиша олмасак тезроқ  ундан ўч  олишга  уринамиз.

Инсонда  шундай хислат бор – ўзганинг  хатосини  тез  англайди, четдан ўзига қарашга эса вақти йўқ. Доимо бир-у бир қилишга интиламиз. Йиллар  мобайнида  алам, ғараз деган чиркин ҳисларга қалбимиз  тўридан  жой  ажратамиз. Ўзганинг  бизга  қилган  яхшилиги  эсимиздан  чиқади-ю, ўзимизникини эслаб,  мақтаниб  юрамиз. Ўзимизнинг  кичик  бир хислатимизни катта  кўрсатгимиз келади. Шунинг ўрнига  ёмонликларга  қарши  чиқсак, вазиятни  тўғри  баҳоласак-чи? Ким дўст ким душманлигини вақтида англасак-чи?

Донишмандларда бири “Вақтида ғазабини тийган инсон ақллидир”, –  деган экан. Озгина озор есак дарров  ҳисоблашиб қўйишни ўйлаб қоламиз. Ўзгани  хафа  қилиб  роҳатланамиз. Нега  шундай?  Қуръони каримда  кечиримлилик энг олий  фазилат  сифатида  кўрсатилади. Тарихни  биздан олдингилар хатосини  такрорламаслик  учун ўрганамиз. Бу  хатоларнинг аксарият  қисми  ўч олишдан  келиб  чиққан. «Қасос қиёматга  қолмайди» – деб бутун бошли халқлар  қирилиб  кетди, ахир. Жаҳл  чиққанда ақлга суянган инсон доимо ютади. Шунинг учун яшашдан мақсад  яхшилик эканини ёддан чиқармай, кечиримли бўлайлик. Бизга ёмонлик  қилганга шундай  чиройли йўл  билан хатосини  англатайликки,  токи  у  ҳеч  қачон  бундай  қилмасин.

Дилафрўз ЮЛДАШЕВА, ёш иқтисодчи: Инсон ҳаёти ҳеч қачон бир текисда кечмайди. Унда ҳам инқироз, ҳам юксалиш, ҳам қувонч, ҳам қайғу мужассам. Кундалик ҳаётимизда эса кичик ранжишлар, нохуш тўқнашувлар, кутилмаган асаббузарликлар учраб туради. Баъзан бизни ранжитишади, баъзан биз, билмайинми ё атайин бировнинг кўнглини оғритиб қўямиз.

Сержило Шарқ фалсафаси зарварақларини ҳайрат-ла ўқир эканман, Хўжа Самандар Термизийнинг:

Биров гуноҳ қилса, бўлсанг дарғазаб,

Жазо бермай туриб, ўйла яхшилаб.

Бадахшон лаълини синдириш осон,

Бироқ асли каби бўлмайди ямаб.

сатрлари менга ўзгача таъсир этади. Ҳа, биров қилган хато, айб, гуноҳ ишни дарҳол сезамиз ва уни муҳокама қилиб туруб, жазо беришни-да истаб қоламиз. Ваҳолангки, ул киши нечун бундай йўл тутганини ҳар доим ҳам англаб етмаймиз. Балки, бу содир бўлган ҳодисага субъектив баҳо беришдир? Бизни ранжитишганда ҳам, баъзан қасд олмоққа бел боғлаймиз. Ўйлаб кўринг, балки у одам бизни ранжитиш учун эмас, балки тўғри йўлга солиш учун шундай дегандир? Парчада инсон қалби лаълга қиёс қилинмоқда. Бир дарз кетса, уни аслидек ямаш ўта мушкул. Шуни ёдда тутиб, бировнинг кўнглини оғритиб қўйишга йўл қўймайлик. Агар ножўя ҳаракатимиз билан озор етказган бўлсак, узр сўрашни ва вақти келганда гина сақламай, узрни қабул қилишни ҳам билмоғимиз даркор.

Шарқ алломаларидан Муҳаммад Ҳусайни шундай деб ёзган: “Биров сендан узр сўраса узрини қабул эт. Ўч олишдан кўра узрни қабул қилишда лаззат кўп”. Шу ўринда, Ғарб файласуфларининг ўзига хос қарашларига мурожаат этдим. Милоддан аввалги II асрларда Римда яшаб, ижод этган Публилий Цирнинг “Баъзан ёмонлик билан курашиш усуллари ёмонликнинг ўзидан ҳам ёвузроқдир” сўзлари қасдга нисбатан ўзгача фикрлай бошлашимга сабаб бўлди. Қасднинг лаззатли туйилган натижаларига берилиб, унинг ўзи қанчалик ёвуз эканини пайқамай қоламиз. Ўйлаб кўрсак, биз ўша бизни ранжитган одамдан-да жоҳилроқ бўлиб қолмадикми? Рим файласуфи Платоннинг “Кўнгли ранжиган инсондан унинг кўнглини оғритган инсон доим икки карра жоҳилроқдир” каби сўзлари эса бунинг яна бир тасдиғидир. Оталар сўзида битилган “Золимнинг зулми ўзини йиқитади” бу дунёда ҳар ким ўз қилмишига кўра жазо олишини англатади. Лекин, жазо беришга биз ҳақлимизми? Ҳадис-у диний манбаларда ҳам ахир, бизни бағри кенг, раҳм-шафқатли, сабр-тоқатли ва эзгу ниятли бўлишга чорлайдиган сўзлар битилган.

Француз маърифатпарвари Жан Жак Руссога тегишли “Ҳар қандай ёвузлик заифлик натижасидир” сатрлари, иродали инсон – кечиримли инсон деган хулосага келишимга сабаб бўлди. Ўч олмоқчи бўлган инсон ғазаб ва нафрат туйғусининг асирига айланади, ўч олиш ҳисси ўз ўрнида вақт ҳамда инсон эътиборини ўғирлайди. Сизни ранжитган инсонни кечириш учун эса Оллоҳ томонидан берилган олий неъмат – сабр, кечиримлилик ва фақатгина инсонларга хос бўлган хислат – инсонийлик керак. Сабрли ҳамда инсонпарвар шахс ўз бахтини топишда тўғри йўлдан адашмайди.

Лазизжон БАХРАНОВ: Аввало кечирим сўрашга мажбур қиладиган иш қилмаслик керак. Аммо ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз. Баъзида ўзинг хоҳламаган ҳолда кимнингдир кўнглини оғритасан. Кечиришга келганда, агар инсон иродали бўлса, кечира олади. Шу маънода улуғ соҳибқирон Амир Темурнинг «кечира олишлик – мардлик, кечира билмаслик номардлик саналади», деган ўгитида катта маъно бор. Ўзингиз ўйланг, инсон  нима қилади ўзида салбий ўй-хаёлларни, салбий ҳиссиётларни сақлаб. Ўч олиш паст одамнинг иши.

Аммо кези келганда яна шуни айтиш керакки, баъзи ғаламис одамларни кечириб кетаверсангиз, ҳа энди бу бўш-баёв одам экан, деб кирдикорларини давом эттиравериши мумкин. Бунақа одамларга ўрни келганда «ниш»ингизни «санчиб» туриш керак, деб ўйлайман. Лекин ҳеч қачон, ҳеч кимга ёмонлик қилмаслик, ёмонлик тиламаслик лозим. Кин, адоват, араз, гина каби туйғулар инсонни фақатгина тубанликка бошлайди. Тан олиш керак, ҳаммамизда ҳам такаббурлик бор. Шунинг учун кимдир бизни хафа қилса, дарров жавоб қайтаришга ҳаракат қиламиз. Демак, бу билан биз ўзимизнинг даражамизни у билан тенг қилиб қўямиз. Озгина сабр, бағрикенглик қилсак ҳаммаси жой-жойига тушади, Керак бўлса, хафа қилган одамнинг ўзи бир кун келиб кечирим сўрайди. Чунки ҳар бир инсоннинг қалбида виждон деган «терговчи»си бор.

Умуман олганда, умр – қисқа, ҳаёт – бир марта берилади. Шу боис ҳаётни чиройли ва мазмунли  яшаб ўтиш керак. Аслида инсонга бошқалардан кўра ўзи кўпроқ ёмонлик қилади. Масалан, бекорга совурган соғлигимиз, вақтимиз, пулимиз ва имкониятларимиз учун ўзимизни кечира оламизми? Қийин савол-а. Шунинг учун ҳаёт давом этар экан, ўтган нарсаларни кўнгилга яқин олавермасдан, яхши ниятлар, ишлар қилиб, бошқаларга ҳам эзгулик тилаб яшайлик.

Мана фикр-мулоҳазалар билан танишдингиз. Нима бўлганда ҳам, мардларча узр сўраш ва кечиримни қабул қилиш ҳар кимнинг маънавий-тарбиявий, руҳий-эмоционал даражасига боғлиқ. Нима дедингиз?

Анис ҲАМИДОВ тайёрлади.