Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди

Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил август ойида қабул қилинган “Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида белгиланган вазифалар ижроси, уюшма фаолиятини такомиллаштиришга доир қатор масалалар муҳокама этилди.

Конференцияда Журналистлар ижодий уюшмасининг ҳудудий бўлимлари раҳбарлари, мамлакатимизнинг етакчи оммавий ахборот воситалари, ижодий ташкилотлар масъул ходимлари, журналистика факультетлари профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Л.Тангриев, Журналистлар ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.Кўчимов, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси раиси ўринбосари Г.Алимова ва бошқалар мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар оммавий ахборот воситалари ривожида ҳам яққол намоён бўлаётганини таъкидлади. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувида илгари сурган таклиф ва ғоялари, кўрсатмалари ижодий ташкилотлар тарихида янги даврни бошлаб бергани алоҳида таъкидланди.

Бугун ижодкорлар учун кенг имкониятлар майдони яратилган. Бу жиҳатлар ижодкорларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижодий ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ижод аҳли учун қалам ҳақини ошириш, саломатлигини тиклаш учун шароитлар яратиш каби саъй-ҳаракатларда ўз ифодасини топмоқда.

Конференцияда бундай имкониятларга муносиб тарзда ижодкорлар, хусусан, журналистлар мамлакатимизда амалга оширилаётган халқчил ислоҳотлар, дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга фаол ёндашиши, жамоатчилик орасида холис фикрларни шакллантиришга муносиб ҳисса қўшиши лозим, дея таъкидланди.

Анжуманда ижодий уюшма томонидан жорий йилнинг ўтган даврида ислоҳотларимизга ҳамоҳанг ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси асосида амалий ҳаракатлар бошлаб юборилгани қайд этилди. Мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш, ижодий жамоалар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимиз, бой тарихий меросимизни тарғиб қилиш, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, Журналистлар ижодий уюшмаси фаолиятини жонлантириш каби чора-тадбирлар шулар жумласидан.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимиздаги етакчи ижодий ташкилотларни, уларда меҳнат қилаётган ходимларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Дўстлар клуби” ташкил этилди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига Республика товар-хомашё биржаси ҳомийлик қилмоқда. Бугунга қадар мазкур ҳомий ташкилот билан ҳамкорликда қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, журналистлар малакасини ошириш, ёш ҳамда фахрий журналистларни рағбатлантириш, Журналистлар ижодий уюшмаси, “Ҳуррият” газетаси таҳририяти, Миллий матбуот маркази моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида ҳамкорликдаги чора-тадбирлар учун 400 миллион сўм маблағ ажратилди. Ўз навбатида, Республика товар-хомашё биржаси фаолиятини ёритиш мақсадида матбуот анжуманлари ташкил этилмоқда. Икки дўст ташкилотнинг “Дўст билан обод уйинг” веб-сайти ишга тушиш арафасида. Шунингдек, ҳомий ташкилот Президентимиз қарори билан Ислом Каримов кўчасидаги 16-уйнинг Журналистлар ижодий уюшмасига бериладиган қисмини таъмирлашга ҳам ҳисса қўшиш мақсадини билдирган.

“Илҳом” жамоат фонди ва “Дўстлар клуби”нинг ташкил этилиши журналистлар учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Мазкур манбалар маблағлари ҳисобидан журналистларнинг ижодий кечаларини ўтказиш, ёш иқтидорли журналистларнинг биринчи китобларини чоп этиш, ислоҳотларимиз мазмун-моҳияти акс этган публицистик мақолалар тўпламини нашр қилиш, оммавий ахборот воситалари вакилларининг чет элларга ижодий сафарларини уюштириш каби қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Уюшма фаолиятидаги муаммолар, мавжуд камчиликлар, келгуси режалар муҳокама қилинди. Мамлакатимизда жадал ислоҳотлар даври кечмоқда. Унга ҳамоҳанг ишлаш, айниқса, журналистлар олдидаги энг муҳим вазифадир. Конференцияда айрим оммавий ахборот воситалари ҳамон сусткашликка йўл қўяётгани, газеталарда таҳлил ва танқидий руҳ, уларнинг дизайни, шакл услуби ва материалларни чоп этишда янгича ёндашув етишмаётгани тилга олинди. Яна бир муаммо борки, ундан асло кўз юмиб бўлмайди. Аҳолининг кенг қатламига бугун мамлакатимизда рўй бераётган янгиланишлар жараёни, қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар моҳиятини содда ва тушунарли тилда, ҳаётий мисоллар билан етказиб бериш борасида оқсоқлик сезилмоқда.

Конференцияда журналистика соҳасидаги мавжуд камчиликлар ва келгуси самарали фаолият юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Улуғбек Асроров, ЎзА

Манба: http://uza.uz