Муқанна – қаҳрамонми ё жиноятчи?

Шўролар даврида таълим олганларга Спитамен, Широқ, Тўмарис, Муқанна каби тарихий кишилар хақида ранг-баранг, қизиқарли шаклда ёзилган тарих китоблари орқали, мактаблардан бошлаб таълим бериб келинган. Ўз навбатида, масалан, Амир Темур хақида жуда қисқа маълумот берилиб, Соҳибқиронни қонхўр подшоҳ сифатида таништирилган…

Хуллас… яқинда ўтмишдаги буюк ҳамюртларимиз қаламига мансуб икки тарихий асар, Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ан-Наршахийнинг(899959) “Бухоро тарихи” ва Абу Райҳон Берунийнинг (973—1048) «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» китобларидаги маълумотлар билан танишишга мувофақ бўлдик… Гапни кўпайтирмай, ушбу асарлардан олинган иқтибосларни эътиборингизга ҳавола қилсак:

Наршахийнинг “Бухоро тарихи”дан:

“Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Насрнинг айтишича, Муҳаммад ибн Жаъфар бу фаслни ўз китобида келтирган-у, лекин тўла баён этган эмас. «Ахбори Муқанна» (номли китоб)нинг муаллифи Иброҳим ва Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарийларнинг айтишларича, Муқанна Марв атрофи аҳолисидан, Коза деб аталган қишлоқдан бўлиб, номи Ҳошим ибн Ҳаким эди. У илгари кудунгарлик қилар эди, кейин эса илм ўрганишга машғул бўлди ва ҳар хил илмларни: кўзбўямачилик, сеҳр ва тилсим илмларини ўрганди. Кўзбўямачиликни яхши билиб олиб, пайғамбарлик даъвосини ҳам қилди ва уни Маҳдий ибн Мансур ҳижратнинг бир юз олтмиш еттинчи йилида (783—784) ўлдирди. Муқанна кўзбўямачиликни ўрганган ва ғоятда зийрак бўлиб қадимги (олимлар) илмларига оид кўп китобларни ўқиган ва жодугарликда устоз бўлган эди. Унинг отасининг номи Ҳаким бўлиб, у Абу Жаъфар Давонақий давридаги Хуросон амири лашкарбошиларидан бири эди. У Балхдан чиққан эди.

Ҳошим ибн Ҳакимни Муқанна дейишларига сабаб шу эдики, у жуда хунук, боши кал ва бир кўзи кўр бўлганидан ҳамиша боши ва юзига кўк парда тутиб юрар эди. Шу Муқанна Аббосийлар даъватчиси Абу Муслим замонида Хуросон лашкарбошиларидан бири бўлиб, Абдулжаббор Аздийга вазир бўлди ва пайғамбарлик даъвосини қилди ва бир қанча вақт шу даъвода турди. Абу Жаъфар Давонақий одам юбориб уни Марвдан Бағдодга олдириб келди ва бир неча йил давомида зиндонда тутди. Шундан кеийн у зиндондан қутулиб яна Марвга қайтиб келди ва одамларни йиғиб: «Менинг ким эканимни биласизми?» — деб сўради. Одамлар: «Сен Ҳошим ибн Ҳакимсан», — дедилар. У: «Янглишдингиз, мен сизнинг ва бутун оламнинг худосиман», — оғзига тупроқ, — ва яна: «Ўзимни қандай ном билан аташни истасам атайбераман», — деди ҳамда: «Мен халққа ўзимни Одам (Ато) суратида, кейин Нуҳ суратида, кейин Иброҳим суратида, кейин Мусо суратида, сўнг Исо суратида, кейин Муҳаммад мустафо — худо унга раҳмат ва саломини йўлласин, — суратида, кейин Абу Муслим суратида кўрсатган зотман, энди эса мана ўзингиз кўриб турган суратдаман», — деди. Одамлар: «Бошқалар пайғамбарлик даъвосини қилган эдилар, сен эса худолик даъвосини қилаяпсан», — дедилар. Муқанна: «Улар нафсоний эдилар, мен эса руҳонийман ва уларнинг (баданлари) ичида эдим, менда шундай қудрат борки, ўзимни қандай суратда кўрсатишни истасам, шундай суратда кўрсата бераман», — деди.

Муқанна ҳар бир вилоятга нома ёзиб, ўзининг доий (ташвиқотчи) ларига берди. Номага мана шуларни езди: «Раҳмли ва меҳрибон тангри номи билан, саййидлар саййиди Ҳошим ибн Ҳакимдан фалончи ўғли фалончига, ҳамд худога бўлсин, ундан бошқа худо йўқ. У Одамнинг ҳам, Нуҳ, Иброҳим, Исо, Мусо, Муҳаммад ва Абу Муслимларнинг ҳам худосидир. Сўнгра (сўз шуки), қудрат, эгалик, иззат ва ҳужжат Муқаннаникидир; менга имон келтиринг ва билингки, подшоҳлик менга хос,” — унга лаънатлар бўлсин, — “азизлик ва худолик меники, мендан бошқа худо йўқ”, — оғзига тупроқ — “кимки менга имон келтирса, жаннат ўшаники, кимки менга имон келтирмаса дўзах уники”.

У ҳали Марвда турган вақтидаёқ ҳар ерга доийларини юборди ва кўп халқни йўлдан оздирди. Марвда араблардан Абдуллоҳ ибн Амин номли бир киши бор эди, у Муқаннага имон келтирди ва қизини унга хотинликка берди. Ана шу Абдуллоҳ Жайҳундан ўтиб Нахшаб ва Кеш шаҳарларига келди ва ҳар ерда халқни лаънати Муқанна динига чақириб, кўп кишини йўлдан оздирди. (Бундайлар) Кеш шаҳрида ва унинг қишлоқларида кўпроқ эди. Дастлаб Муқанна динига кирган ва унинг динини юзага чиқарган қишлоқ Кешнинг Субах номли қишлоғи бўлиб, қишлоқ аҳолисининг улуғ кишиси Умар Субахий эди. Улар қўзғолон кўтардилар. Уларнинг амири араблардан бўлиб, порсо бир киши эди, уни ўлдирдилар. Сўғднинг кўпчилик қишлоқлари Муқанна динига кирди, Бухоро қишлоқларидан кўп кишилар кофир бўлиб, кофирликни ошкор қилдилар. Ниҳоят бу фитна улғайиб кетди ва мусулмонлар учун қаттиқ бало бўлди; (муқанначилар) карвонларни уриб, қишлоқларни талар ва кўп вайронагарчиликлар қилар эдилар.” Иқтибос тугади.

 

Абу Райҳон Берунийнинг«Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар»идан:

Пайғамбарлик даъво қилган кишилар ва уларнинг алданган умматлари — уларга оламлар эгасининг лаънати бўлсин — тарихлари устида сўз….

Ундан кейин Муқанна номи билан машҳур бўлган Ҳошим ибн Ҳаким Марвда Ковакимардон номли қишлоқда юзага келди. У бир кўзли бўлганидан юзига кўк шойидан ниқоб тутган эди. Муқанна ўзининг худо эканини даъво қилди ва жасадга кирганини, чунки жасадга кирмасдан олдин биров унга қарай олмаганини айтди. У Амударё орқали Кеш ва Насаф томонларига ўтди. Хоқонга хат ёзиб, ундан ёрдам сўради, оқ кийимлилар ва турклар унинг атрофига йиғилдилар, Муқанна уларга (бошқаларнинг) моллари ва хотинларини ҳалол қилди, қаршилик кўрсатганларни ўлдирди ва Маздакнинг барча (йўл-йўриғини) уларга қонун қилиб берди, ал-Маҳдий қўшинини синдирди ва ўн тўрт йил ҳукмронлик қилди. Ниҳоят у ҳижрий бир юз олтмиш тўққизинчи йили қамал қилинди ва ўлдирилди.

Муқанна ўраб олингач, жасади йўқ бўлиб кетиши ва тобелари унинг (юқоридаги) гапига ишонишлари учун ўзини оловга ташлаган эди. Унинг куяману йўқ бўлиб кетаман (деган) мўлжали муяссар бўлмади, балки (унинг жасади) танурдан топилди. Унинг калласи олиниб, ўша кунларда Ҳалабда бўлган амир ал-мўъминин ал-Маҳдийга юборилди.

Муқаннанинг Мовароуннаҳрдаги тобелари кўринишда ислом динида бўлсалар ҳам, аммо яширин равишда унинг динига амал қиладилар. Унинг ҳақидаги хабарларни форсчадан арабчага таржима қилдим ва уларни «Оқ кийимлилар ва карматийлар ҳақида хабарлар» (номли) китобимда тўла баён этдим. Иқтибос тугади.

Совет тарихчилиги учун авлиёларни “мутаасиб”га, хонлар-султонларни “қонхўрга”, миллий-озодлик ҳаракатлари қатнашчиларини “босмачи”га, халқнинг кўзга кўринган намоёндаларини “халқ душмани”га чиқариш сиёсий (“биз қоронғуликда зулм чекиб ётган шарқ халқларига озодлик бердик” деган) иддаолар учун зарур эди. Ва албатта ясама “Робин Гуд”лар “тирилтирилар эди”. Бугунчи?

Илҳомиддин Алимов