ЎҒЛИМГА ЎГИТЛАР

Ушбу «Ўгитлар»да тилга олинган барча фикрлар ота-боболаримиз томонидан айтилган, асрлар давомида синалган мушоҳадалар, мулоҳазалар ва хулосалардир. Уларнинг кўпини бувам отамга, отам менга айтган. Ёшинг улғая бориб, сочингга оқлар оралай бошлагач, қолаверса, келажак одамларини, айниқса, ўз ўғлингни ҳар томонлама комил кўриш орзуси эски ҳикматларни янгича англаш ва англатиш истагини пайдо қилар экан.

Ҳозирча, «Ўгитлар»ни қисқа, лўнда ифодалашга интилдим. Келгусида уларнинг мазмун-мундарижасини янада кенгайтириш, ҳаётий мисоллар ва тажрибалар асосида бойитиш, ифода усулини такомиллаштириш ниятим ҳам йўқ эмас. Зеро, илм ўрганиш, маънавий камолотга эришишга интилиш жараёни бир умрлик иш экан, ушбу мавзуда қалам юритиш ҳам инсон умрининг сўнгигача давом этадиган масъулиятли юмушдир.  

 

* Ўғлим, одобинг – зийнатинг. Ўзингни қандай тутсанг, муомала-муносабатинг қанақа бўлса, одамларда сен ҳақингда шундай тасаввур, фикр, шаклланади. Демак, одобли, ахлоқли бўл.

* Ўғлим, ҳамма нарсага сабр-тоқат, меҳнат-машаққат билан эришилади.

* Ўғлим, қийин, мураккаб вазиятларда инсоннинг иродаси синалади. Ҳозир сен инсон сифатида шаклланаяпсан. Шунинг учун ҳозирданоқ, оғир ҳолатларни ҳам чидам билан енгиб ўта олишинг орқали иродангни чиниқтиришинг, кучли одам бўлиб камолга етишинг зарур. Кучсиз, иродаси бўш одамларни ҳеч ким ёқтирмайди, ҳурмат қилмайди.

* Ўғлим, зарурати бўлмаса ваъда берма. Ваъда бердингми, сўзингда тур.

* Ўғлим, ҳеч кимга ҳеч қачон ёмонлик тилама, ёмонлик қилма.

* Ўғлим, одамларга бағрикенглик билан ёндаш, шунда дўстларинг кўп бўлади.

* Ўғлим, катта мақсад-режаларинг эсингдан чиқмасин. Майда-чуйда гапларга, ишларга ўралашиб асосий муддаонгни унутма.

*  Ўғлим, қаршиликларга учраб, қийналсанг ҳам бажара олишингга ишончинг комил бўлган ишни охирига етказ. Болаликдан ўзингни шунга ўргат.

* Ўғлим, ўғил бола китобдан ўқиганларини юриб, кўриб, фикрлаб, айрим мураккаб, чигал вазиятларни ўз тажрибаси синовидан ўтказиб мустаҳкамлагани, ҳар доим қайноқ ҳаёт ичида яшагани афзалроқ. Хонанишинлик – эркак кишига ярашмайдиган хусусият.

* Ўғлим, аввал-бошдан келажаги, ҳаётчанлиги бўлмаган ишни иссиғида тўхтат. Амалга ошираман деб вақтингни, пулингни, асабингни кетказиб, хомтама бўлиб юрма.

* Ўғлим, шошма. Шошганда кўп хато қиласан.

* Ўғлим, ҳаётда кўп натижаларга эришган ёши улуғ одамлар билан тез-тез суҳбат қур. Уларни тинглашдан эринма. Эшитганларингни мушоҳада қил.

* Ўғлим, кичкина бўлса ҳам мақсадинг бўлсин. Мақсадсиз яшаш нурсиз яшаш кабидир.

* Ўғлим, ҳеч кимни бировга ёмонлама. Ёмонласанг – ёмон кўринасан.

* Ўғлим, мақсадини амалга ошириш учун ҳар қандай воситани ишга соладиган одамлар сирасидан бўлма. Манфаатларинг тўқнаш келган одамларга нисбатан ҳам одиллик ва холислик билан ёндаш. Ҳалол ва тўғри йўлдан оғишма. Шунда юзинг шувут бўлиб, уялиб қолмайсан.

* Ўғлим, ҳаммага, айниқса, имконияти чекланган инсонларга, ёши улуғ кишиларга, болаларга ва аёлларга адолатли, раҳм-шафқатли бўл.

* Ўғлим, сени кимдир норози қилиши мумкин, лекин сен ҳеч кимни норози қилма.

* Ўғлим, тоза-озода юр. Кўнглинг-фикринг равшан бўлади. Ўзингни енгил ҳис қиласан, яхши кайфиятда юрасан.

* Ўғлим, одамларга очиқ юз билан қара. Орзу-ҳавасларини, дарду ҳасратларини самимий тинглай бил.

* Ўғлим, ўзгаларнинг ютуқларини зўр қувонч билан кутиб ол. Ўз муваффақиятингдек чин юракдан суюниб, табриклашни унутма.

* Ўғлим, ҳасадгўй бўлма. Кучсиз, чорасиз, ишёқмас, дамдўз, бунинг устига бошқаларнинг ютуқларига ҳасад қиладиган одам бўлишдан кўра, ғайратли, меҳнат қилиб роҳатлана биладиган, улкан марраларни қатъият билан эгаллай оладиган, барча одам ҳавас-ла қарайдиган инсон бўлишни афзал бил.

*  Ўғлим, аёлга ортиқча меҳр берма. Ҳамма масалада, айниқса, аёллар масаласида ҳис-туйғуларингга эрк берма, фикр-мулоҳаза билан иш юрит. Йўқса, ғам-аламга ботишинг, ҳатто уятга қолишинг мумкин.

* Ўғлим, рафиқангдан бошқа аёлга мафтун бўлиб кўз тикма. Мусичадек беозор кўринадиган бу мавжудотнинг ботинидаги майна ва олашақшаққа хос нағмалари ҳар қандай пайтда зоҳирида намоён бўлиши ҳеч гап эмас.

*  Ўғлим, ўзинг севадиган аёлдан эмас, сени севадиган аёлдан эҳтиёт бўл. Чунки вақти келиб севгига айланадиган нафрат яхши, аммо нафратга айланадиган севги офат каби ҳалокатлидир.

* Ўғлим, йирик ва стратегик масалаларда аёлларнинг гапига жиддий қарама. Лекин оила хўжалиги ва бошқа инсонлараро қўйди-чиқди масалаларида, албатта, уларнинг маслаҳатларига қулоқ солиш зарур.

* Ўғлим, бебошлик бошингга бало келтиради.

* Ўғлим, мен сени жудаям яхши кўраман. Шунинг учун ҳамма нарса ҳақида аччиқ бўлса ҳам, очиқ гапираяпман. Ҳозир мен сени аясам, эртага ҳаёт аямаслиги мумкин.

* Ўғлим, нима ҳақида ўйласанг ва гапирсанг, ўшанга яқинлашиб бораверасан. Демак, фақат яхшилик ва ўз ҳаётинг учун керакли, муҳим нарсалар ҳақида ўйлаб, гапир.

Дадажонинг Лазизжон БАХРАНОВ.