ЎЗБЕКИСТОНГА ЯПОНЛАР ҚАНДАЙ ҚИЛИБ КЕЛИБ ҚОЛГАН?

ЎЗБЕКИСТОНДА МАЪЛУМ МУДДАТ

ЯШАБ ТУРГАН ҲАРБИЙ ЯПОНЛАРНИНГ ҚИСҚАЧА ТАРИХИ

 

Барчамиз яхши биламизки, Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар яшаб келади. Шулар орасида япон миллати вакиллари ҳам бор. 

 

“СССР қуш ҳам учиб ўтолмайдиган мустаҳкам қўрғон қурган, ундан олдин Россия империяси ҳукмронлиги ўрнатилган бўлса, японлар қандай қилиб Ўзбекистонга келиб қолган?”, деган савол кўпчиликни қизиқтирса керак.

Иккинчи жаҳон уруши даврида совет қўшинлари Маньчжурия, Шимолий Корея, Жанубий Сахалин, Курил оролларида 600 000 га яқин ҳарбийларни асир туширган. СССР Мудофаа қўмитасининг 1945 йилнинг 23 августидаги қарорига асосан 500 000 нафар атрофидаги японлар СССРнинг 30 та минтақасига жойлаштирилган. Япон ҳарбийлари Хабаровск, Приморск, Олтой, Красноярск ўлкалари, Иркутск, Чита ва Амурск областларига, Бурятия АССР, Қозоғистон, Ўзбекистон, оз қисми Туркманистон, Грузия ва Украинага ҳам жойлаштирилган.

Советлар минтақаларга жойлаштирилган японлардан текин ишчи кучи сифатида фойдаланган. Ўзбекистонда ҳам япон ҳарбий асирлари Тошкент, Ангрен, Бекобод, Қўқон, Когон шаҳарлари маъмурий бинолар, уй-жой, заводлар, йўл ва бошқа иншоотлар қурилишларига жалб этилган.

Уларнинг ёрдамида Тошкентда тўқимачилик комбинати, Марказий телеграф биноси, Маданият вазирлиги, Навоий ва Муқимий театрлари, Чирчиқда кимё ва қишлоқ хўжалик машинасозлиги заводлари қурилган, Бекободдан Тошкентгача бўлган юқори вольтли электр симлари йўналиши бунёд этилган. Бекободда жойлашган Фарҳод ГЭСи қурилишида уч мингта япон ҳарбий аскарлари иштирок этган.

Кейинчалик давлатлараро келишувга асосан ҳарбий япон асирларининг аксарияти ўз ватанларига қайтиб кетган экан.

 

 

 

Японларнинг турли йилларда ўз ватанига қайтиш статистикаси:
1946 йил 18 616 нафар
1947 йил 166 240 нафар
1948 йил 175 000 нафар
1949 йил 97 000 нафар (971 нафар Хитойга ўтказиб юборилган).
1950 1 585 (2 988 нафар СССР ҳудудларида қолган)


Ҳозир Ўзбекистонда оз сонли японлар қолган. 

 

Муаллиф, тарих фанлари доктори Шоҳиста Ўлжаева