Раҳбар юксак маънавиятли, ҳар бир ишда барчага ибрат бўлиши керак

Халқимиз азалдан ўзининг бунёдкорлиги, юксак маънавияти, одоб-ахлоқи, маданияти, хуш муомаласи, меҳр-оқибати билан шуҳрат қозонган. Ўзига хос юксак қадрият сифатида бу барчамизга ғурур-ифтихор бағишлайди.

Айниқса, Андижон ва андижонликлар ҳақида сўз кетганда, кўз ўнгимизда юксак маданиятли, хушмуомала ва меҳмондўст инсонлар гавдаланади. Эл суйган ҳофизнинг “…чақалоқни ҳам сизлашади анжанчасига” деб куйлаши Андижон аҳлининг том маънодаги одоб-ахлоқи, муомала маданиятини кўрсатади, десак муболаға бўлмайди.

Минг афсуски, кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда тарқалган айрим ҳолатлар киши кўнглини хира қилади. Хусусан, Андижон шаҳар ҳокимининг таълим муассасалари раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда ўзини тутиши, муомаласи, хақорату дашномлардан иборат гап-сўзлари, агар ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар рост бўлса, унинг нафақат ҳоким, балки оддий бир инсон сифатида маънавиятга муносабати қандай эканини кўрсатади.

Жорий йил 15 ноябрь куни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарларнинг бурчи, масъулияти ва маънавияти масаласига алоҳида эътибор қаратди. Давлатимиз раҳбари, жумладан, бундай деди: “Иш юзасидан талабчанлик қилиш бошқа, одамларнинг шахсиятига тегиш бутунлай бошқа нарса. Одамлар иш юзасидан сизга бўйсуниши мумкин, бошқа ҳар қандай масалада сиз билан теппа-тенг ҳуқуққа эга эканини асло эсдан чиқарманг. …Барчамиз яхши биламиз, халқимиз ориятли, номусли халқ. Халқимиз барча нарсага чидаши мумкин, лекин такрор-такрор айтаман, адолатсизлик ва ноҳақликка чидай олмайди. Ҳақиқий раҳбар, ҳақиқий етакчи одамларнинг бардошини синаш учун эмас, балки уларга муносиб шарт-шароит яратиб бериш, оғирини енгил қилиш учун раҳбар этиб тайинланади. Барча бўғиндаги раҳбарлар ўзининг одоб-ахлоқи ва маданияти билан ҳаммага ўрнак ва намуна бўлиши зарур”.

Мана, ҳақиқий раҳбар қандай бўлиши керак? Давлат, халқ ишониб топширган лавозимда ўтирган шахс ўзини қандай тутиши, ишни қай йўсинда ташкил этиши лозим? Давлатимиз раҳбари шундай фикрларни илгари суриб турган, керак бўлса, барча бўғиндаги раҳбарлардан ҳаммага ибрат бўлиш лозимлигини талаб қилиб турган бир пайтда ҳокимнинг кибрга берилиши, ўз қўл остидагиларга бундай номақбул муносабати-муомаласи ҳеч бир одоб-ахлоқ меъёрларига тўғри келмайди. Қонунларимизга зид, киши шахсиятига тегадиган, таҳқирлайдиган бу каби нохуш ҳолатлар нафақат ўзининг эл-юрт орасидаги обрў-эътиборини тўкади, одамларнинг ишдан кўнглини совутади, энг ёмони, давлатга, ижтимоий адолатга ишончига путур етказади.

– Президентимиз таъкидлаганидек, бугунги раҳбар талабчан бўлиш билан бирга, мудом халқ дарди, одамлар ташвиши билан яшаши керак, – дейди Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раҳбари Зокиржон Машрабов. – Ўзининг юриш-туриши, гап-сўзи, муомала-маданияти билан барчага ибрат бўлиши лозим. Ҳеч бир раҳбар қўл остидагиларни таҳқирлашга қонунан ҳам, маънан ҳам ҳақли эмас. Улуғ бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг “Бобурнома” асарида юрт бошқаруви хусусида сўз юритиб, “…Ҳар ишнинг зимнида юз минг мулоҳаза вожиб ва лозимдир”, деб ёзади. (“Бобурнома”, 67- бет. “Ўқитувчи” нашриёти, 2008 йил). Бир неча аср илгари айтилган мана шу ибратли гапга нима учун бугун айрим раҳбарларимиз амал қилмаяпти? Бутун дунё катта қизиқиш билан ўрганаётган Имом Бухорий, Имом Термизий, Алишер Навоий, Бобур, қолаверса, буюк саркарда Амир Темур сингари улуғ алломаларимиз ўгитларини нега ўқимайди? Амалдаги қонунларимизга зид хатти-ҳаракатларга йўл қўяди. Жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга масъул бўлган айрим кишиларнинг ўзлари қонунларга амал қилмаса, одамларни орқасидан эргаштира оладими? Умуман, ундай раҳбарга биров ишонадими? Бундай ҳолатлар бутун жамиятда қандай салбий оқибатларга олиб келишини унутмаслигимиз лозим. Раҳбар аввало, мана шу жиҳатларни, халқ шаъни, эл-юрт дардини ўйлаши керак!

Бугун ҳар қандай раҳбар айтаётган сўзи ёки қилаётган ишини минг чиғириқдан ўтказиши, чуқур мулоҳаза қилиб кўриши, шундан сўнггина айтиши ё бажариши лозим. Қонунларга аввало, ўзи амал қилиши, барчага ибрат бўлиши зарур.

Мен кўп йиллар турли даражадаги раҳбарлик вазифаларида ишлаганман, жуда кўп катта-кичик раҳбарлар, инсонлар билан мулоқотда бўлганман. Тўғри, ўз ўрнида иш юзасидан талабчанлик қилганман. Лекин ҳеч қачон бировнинг шахсиятига тегадиган, таҳқирлайдиган иш қилмаганман. Раҳбар энг аввало, бошқаришни билиши керак, одамларни ўз ортидан эргаштира оладиган, турли ишларга чиройли тарзда сафарбар эта оладиган салоҳиятга эга бўлиши зарур. Раҳбарликнинг энг асосий шарти ҳам шу. Давлатимиз раҳбари ҳам айнан шундай муносабатни талаб қилмоқда.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Ҳар қандай кўнгилни хира қиладиган бундай нохуш ҳолатларга нима учун қонун ҳимоячилари томошабин бўлиб туради? Одамларни таҳқирлаш, дилини оғритиш, шахсиятига тегиш ҳуқуқи ҳеч кимга берилган эмас-ку!? Муқаддас китобларда ёзилишича, Аллоҳ ҳам кўп гуноҳларни кечиради, лекин дилозорни ҳеч қачон кечирмайди.

Дарҳақиқат, раҳбар бундай қўпол муносабат, тазйиқ билан нимага эришади? Қўл остидагилар, эл-юрт орасида ҳурмат топа оладими? Албатта, йўқ.

–Ҳар қандай шахс, хоҳ у оддий фуқаро, хоҳ раҳбар бўлсин, аввало, жамиятдаги меъёрларга амал қилиши, зиммасидаги бурч ва вазифани қонун доирасида, адолат тамойилларига риоя қилган ҳолда бажариши керак, – дейди халқ таълими фахрийси Олимжон Раҳимов. – Айниқса, раҳбарнинг маънавияти масаласи ғоят нозик ва ўта муҳим ҳисобланади. Чунки, у эл-юрт кўз ўнгида давлатнинг номидан иш кўрадиган шахс. Раҳбар бағрикенг, юксак маънавиятли, одамлар билан муомала-муносабати чиройли бўлмас экан, ҳеч қачон жамоада ҳам, эл-юрт орасида ҳам ҳурмат-эътибор топа олмайди.

Бу борада катта ҳаётий тажрибага эга инсон сифатида шуни айтаманки, раҳбар қаттиққўллик, ҳақорат, ноўрин дашном бериш билан ҳеч бир соҳада яхши натижага эриша олмайди. Бугун иқтисодиётимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда раҳбарлар олдига улкан вазифалар қўйилмоқда. Айни жараёнда уларнинг адолат принципларига амал қилиши, юксак маънавият эгаси бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Бу борада ҳар қандай даражадаги раҳбарга Президентимизнинг “Биз халқимизнинг миллий менталитетига ҳам, раҳбар, етакчи деган масъулиятли номга ҳам умуман тўғри келмайдиган, ярашмайдиган бундай нохуш ҳолатлар билан муроса қила олмаймиз. Барча бўғиндаги раҳбарлар – у вазир ёки ҳоким бўладими, идора ёки ташкилот бошлиғи бўладими, бир ҳақиқатни жуда чуқур тушуниб олишларингиз шарт. Бундай ҳаракатлар давлат сиёсатига, Президент сиёсатига қарши чиқиш, деб баҳоланади ва айбдорларга тегишли жазо қўлланилади”, деган сўзлари дастуриламал бўлмоғи керак.

Манба: ЎзА