Сардоба – сув манбаи

Ўзбекистондаги кишилар ҳаёти учун ҳар доим нима энг қимматли нарса бўлиб келган? Буни тўлиқ англамасак-да, сув биздаги энг қимматли нарса бўлса ажабмас. Айнан сув ҳаёт манбаи ҳисобланади. Шу боис Ўзбекистон ҳудудида яшовчи одамлар қадим замонлардан буён дарёлар яқинида ҳаёт кечиришган.

Хўш, ҳозир бизда сув етарлими? Одамларга кундан кунга сув етмай бораётгани ҳеч кимга сир бўлмаса керак, деб ўйлайман. Бизга мунтазам равишда сув беринглар, насос қуринглар, канал қазинглар, қудуқ барпо этинглар деган талаблар келади. Афсуски, одамлар кундан-кунга кўпайиб боришаётганини, сув эса ҳар биримиз учун камайиб кетаётганини тўлиқ англаб етмаяпмиз. Бизда чегаралараро муаммолар пайдо бўлмоқда. Қўшни республикаларга ҳам сув керак, улар ҳам сувни кун сайин кўпроқ истеъмол қилишмоқда. Дарё оқимларининг қуйи ҳудудида жойлашган Ўзбекистон борган сари камроқ сув ола бошлаяпти.

Бундан ташқари, иқлим ўзгариши ва Ўрта Осиё музликларининг тез эриши муносабати билан келажакда сув муаммоси фақат чуқурлашиб боришига эндиликда шубҳа йўқ. Мамлакат аҳолиси эса ўсиб бормоқда. Сув ҳаммага керак. Одамлар ниманидир ишлаб чиқаришни, етиштиришни истайди. Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти у ёки бу тарзда қишлоқ хўжалиги билан боғланган.

Ҳозирда дунё бўйлаб 1 миллиарддан зиёд киши сув танқислигини ҳис қилмоқда. Сув мавжудлиги масаласи – мамлакатдаги озиқ-овқат ва бошқа хавфсизлик масалалари, ижтимоий барқарорлик масаласидир.

Хўш, бундай     вазиятда нима қилиш мумкин? Муаммога ҳар томонлама ёндашиш зарур:

  1.  Сув истеъмоли самарадорлигини оширишга ҳар тарафлама ёрдам бериш– бизда сувдан жуда ёмон, бесамара фойдаланилади. Шу боис сувдан фойдаланишга бўлган ёндашувни тубдан ўзгартириш лозим. Албатта, ҳозирча сув деярли бепул экан, ҳеч кимда уни тежаш хаёлига келмайди. Аммо баъзилар қандай қилиб ҳар бир литр сувдан иложи борича кўпроқ маҳсулот олиш мумкинлиги ҳақида ўйлай бошлашган. Заҳира эмас, балки табиий капиталнинг нарх масаласи ҳали яна вужудга келишига шубҳа йўқ.

    Бизда сув истеъмолини сезиларли даражада қисқартириш имконини берадиган лойиҳалар бор (ерларни лазер ёрдамида режалаштириш лойиҳаси, тақсимлаш каналлари самарадорлигини ошириш лойиҳаси). Биз бу лойиҳаларни Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида такрорлашни истаймиз. Агар сизда ҳам бошқа вилоятларда амалга ошираётган ишларимизни бажариш истаги бўлса, бизга мурожаат қилишингиз мумкин.

    2.    Хўжалик юритиш усулларини кам сув талаб қиладиган маданий ўсимликларга йўналтириш – бу ҳам бошланаётган сув танқислигига мослашиш учун яхши вариант ҳисобланади. Ҳаёт фаолиятини таъминловчи чашмаларни сақлаб қолиш усулларини топиш ва кам сув талаб қиладиган ўсимликларни ривожлантириш орқали даромад олиш мумкин. Биз бу амалиётларни жорий этишга уриниб кўряпмиз (писта дарахти лойиҳаси, индиго лойиҳаси).

    3.    Мавжуд сув захираларидан мавсумий фойдаланиш самарадорлигини ошириш – бошқача қилиб айтадиган бўлсак, ёғинлар мавсумида тўпланадиган сувни асрашни ўрганиш. Бутун дунё бўйлаб сувни йиғиш амалиёти – water harvesting – катта талабга эга бўлиб бормоқда. Одамлар бу амалиётни ҳамма жойда жорий қилишга уринмоқдалар. Бизнинг Ўзбекистонда ҳам қадимда ушбу усуллардан фойдаланилган. Аммо совет даврида бу амалиётлар унутилди.

Сув йиғишнинг шундай усулларидан бири – бу “сардоба” қурилишидир. Катта Энциклопедик Луғат “сардоба” сўзини қуйидагича шарҳлайди:

САРДОБА (эронча “сердабе”, “серд” – совуқ  ва “об” – сув) сўзи Ўрта Осиё ва Шарқдаги баъзи мамлакатларда қуйидагини ифодалайди: ўрта асрларда қуёш жазирамасидан қочиш учун шаҳарларда қурилган ер ости иншоотлари; қор сақланадиган омборлар; ерда чуқур қазилган усти гумбазли сув цистерналари (одатда карвон йўлларида барпо қилинган, 10 асрдан буён маълум).

Оддий сўзлар билан айтадиган бўлсак, қурғоқчил жойларда, одатда адирларда табиий паст бўлган жой излаб топилиб, унда ер остига чуқур қазилган ва деворлари ғишт билан ўралган қудуққа ўхшаш цилиндр шаклидаги иншоотлар қурилган. Аммо у унчалик чуқур бўлмаган. Шу чуқурлик устига гумбаз ўрнатилган, у чуқурликка тўпланган сувни сақлашга хизмат қилган. Ғиштдан қурилган ва устига гумбаз ўрнатилган сардоба иссиқни ўтказмаган. Шу боис ташқарида жазирама иссиқ бўлганида ҳам сардоба ичида доим салқин бўлиб, сув буғланиб кетмаган.

Ёғинлар даврида (куз, қиш, баҳор) бутун сув табиий тарзда сардобага оқиб келган. Сардобада ер даражасида бир нечта кириш тешиклари бўлган, улар орқали сардоба ичига сув оқиб келган ва шу ерда тўпланган.

Сардоба ҳар доим одамларни ўзига тортиб келган, чунки ёзда жазирама чўл ўртасида одамлар ҳамма вақт сардобада сув бўлишига ишонишган. Бу ердаги сувдан одамлар ҳам, чорва моллари ҳам ичган. Ўтиб кетаётган карвонлар ўз туя ва отларини суғоришган. Шу билан бирга сардобадан ўтлаб юрган подалар учун ҳам сув манбаи сифатида фойдаланилган.

 

Қадимда ҳар бир сардобанинг ўз назоратчиси бўлган, у тартибни сақлаган ва сувдан тартибли фойдаланишни назорат қилган. Сардобани ифлослантириш “ҳаром иш”, муқаддас нарсага тажовуз қилиш саналган.

Ҳозирда Ўзбекистонда бундай иншоотлар жуда кам қолган. Баъзи маълумотларга кўра, уларнинг сони бор-йўғи 19 тани ташкил этади. Уларнинг ҳеч бири ўзининг бевосита вазифасини бажармаяпти. Ҳолбуки сақланиб қолган сардобаларнинг кўпчилигига ҳамон сув оқиб келиб, у ерда сув сақланмоқда. Масалан, Қоровулбозордаги “Жайрон” экомаркази ёнидаги сардоба жуда яхши сақланган бўлиб, унда доим сув бор. Аммо одамлар негадир ундан фойдаланмайди, сардобанинг ўзи эса ахлаттепаликка айланган. Ахир бу бизнинг тарихимиз, қадимий ёдгорлик, маданиятимиз-ку. Буларни кўриш ачинарли ҳол.

Аммо ҳозирги кунда сардоба учун салоҳият борми? Менимча, бу салоҳият жуда катта. Мамлакат бўйлаб сардоба қуриш мумкин бўлган қурғоқчил жойлар жуда кўп. Шунда сардоба дарахт ва чорвани суғориш учун сув манбаи бўларди. Ундан ҳатто одамлар сув ичиш учун фойдаланишлари мумкин бўларди. Агар мамлакат бўйлаб сардобалар қурилса, бу ерлардан самаралироқ фойдаланиш имкониятини оширади. Масалан, табиий яйловларнинг деградацияси кўп ҳолларда сув манбалари атрофида ўтлайдиган чорвага боғлиқ. Кўп қудуқлар ташлаб қўйилган бўлиб, чўпонлар мавжуд яйловларнинг катта қисмидан фойдаланишмайди. Бундан сув манбаи атрофидаги яйловлар яроқсиз ҳолатга келмоқда, охиригача фойдаланилмаган яйловлар эса чўл йўсини билан қопланиб, деградацияланмоқда. Агар уларда чорва ўтлатилганида ёки ёввойи туёқлилар ўтлаганида, бу юз бермас эди. Кўплаб сардобаларни барпо этиш ушбу вазиятни йўлга солган бўларди.

Яна бир бошқа муқобил – бу ерларни дарахт ўтқазиш ёрдамида тиклаш. Кўплаб ерларга сув йўқлиги туфайли дарахт экилмайди. Аммо ҳатто чўл тўқайзори ҳам яхши даромад манбаи бўлиши мумкин. Бироқ у пайдо бўлиши учун экилган ниҳолларни ҳеч бўлмаса бошланғич даврида суғориб туриш керак. Сувнинг мавжудлиги чўл тўқайзорларини сифатли тиклаш тезлиги ва эҳтимолини оширади. Ҳатто қурғоқчиликка бардошли ўсимликларни улар экилганидан кейин биринчи ва иккинчи йилларида суғориш ортиқчалик қилмайди.

Бошқача қилиб айтганда, сардоба тўплайдиган сувдан кўплаб ишлар учун фойдаланса бўлади. Шу боис бу бутун мамлакат бўйлаб сардоба қурилишини тиклашни бошлаш учун ажойиб ташаббус ҳисобланади. Ушбу ғоя бизда бутун ҳаётини қадимий гидрологик иншоотларни ўрганиш ва улар ҳақида маълумотлар тўплашга бағишлаган Асрор Низомов билан учрашувдан сўнг пайдо бўлди. У сардоба конструкцияси ва уни қуришнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида жуда кўп маълумотларни бериши мумкин.

ГЭЖ КГД ушбу ташаббус бизнинг устувор мавзуларимизга тўлиқ мос келади деб ҳисоблайди ва Дастурнинг ажойиб лойиҳасига айланиши мумкин. Биз мамлакатимизнинг қурғоқчил ҳудудларида кимга сув керак бўлса ва кимда ушбу ишни бошлаш учун куч ва хоҳиш бўлса, сардоба қурилиши ташаббусини қўллаб-қувватлашдан хурсанд бўламиз.

Агар саволарингиз бўлса, сиз билан мулоқот қилиш ва бу масала бўйича қўшимча маълумотларни беришдан мамнун бўлардик.

Бу ишни кимдир бошлашига, лойиҳа ташаббусини ўз қўлига олишига ва одамлар учун фойдали бўлган иш, яъни инсон ҳаёти учун қимматли капитал бўлган сувни етказиб беришни бажаришига умид қиламиз.

Манба: http://sgp.uz/uz/projects/potentprojects/135