ТУРКИСТОНДА НИМА БЎЛГАН ЭДИ… (III-бўлим)

 

 Туркистонлик — шонимиз, туронлик — унвонимиз,

Ватан — бизнинг жонимиз, фидо ўлсун қонимиз!

ФИТНА

1917 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида Тошкентда ва Қўқонда рўй берган воқеалар илғор жадидларни, Туркистон миллий озодлик ҳаракати ғоявий раҳнамоларини янги йўл – асл халқ йўлидан боришга ундади.

1917 йил 25 октябрида (7 ноябрида) ҳарбий тўнтариш оқибатида Петроградда ҳокимият тепасига большевиклар келди. Вақтинчалик ҳукумат қулади, ушбу асрий воқеанинг акс садоси собиқ Россия империясининг энг олис чеккаларига ҳам етиб борди. Маҳаллий сиёсий кучлар, масалан, партиялар бўлган жойларда ҳокимият тепасига улар келди. Ҳамма ерда ва ҳар доим ҳам бу кучлар тўлақонли, илғор ва тараққийпарвар эмас эди, баъзан булар эски ҳокимият вакиллари эди, улар янги қиёфага кириб, эски тартибларни сақлаб қолишга уринаётган эди.

Петроградда Вақтинчалик ҳукуматни ағдаргач, большевиклар ўзларига керак бўлмаган, аммо халқ орасида катта шуҳрат қозонган Бутунроссия Таъсис мажлисига сайлов ўтказишга мажбур бўлди. 1917 йил 12 ноябрида ўтган ушбу сайловда большевиклар 22,9 %, ўнг эсерлар эса 40,4 % овоз тўплади. Тарихий ҳужжатларда ҳар хил рақамлар келтирилади, аммо большевиклар кам овоз олгани факт бўлиб қолаверади. Кам овоз тўплагани боис 1918 йил 6 январида большевиклар Таъсис мажлисини тарқатиб юбориб, Петроградда ноқонуний равишда ҳокимиятни эгаллаб олди. Бутун халқ томонидан сайланган демократик мажлисни қўллаб-қувватлаб ўтказилган намойиш ўққа тутилди[1]. Пролетариат диктатурасининг ҳукмронлиги бошланди, кейинчалик террор давлатнинг большевизм ҳокимиятини ўрнатишдаги расмий қуролига айланди. Бу нарса Туркистон ўлкасида ҳам такрорланди.

Даставвал Марказий Россияда ўрнатилган совет режими Туркистонда ҳам пайдо бўлди ва ўша пайтнинг ўзидаёқ маҳаллий сиёсий ва демократик ҳаракатларни бостириш, «инородец»ларга тазийқ ўтказиш ва уларга нисбатан зўравонлик ишлатиш сингари бу мафкурага хос бўлган хусусиятларни намойиш эта бошлади. Шу пайтнинг ўзида илғор жадидларнинг Туркистон мухторияти ҳукуматидаги фаолияти, сиёсий партиялар ташкил этиш эркинлиги ҳамда уларнинг дастурлари ўлкада кўп миллатли ҳаракатнинг кенг ёйилганидан далолат берарди. Табиийки, жадидларнинг актлари большевиклар томонидан тан олинмади. Жадидлар бошқарувни ишчилар, аскарлар ва деҳқонлар кенгашларига топширилишига қарши чиққан эди. Қабул қилинган резолюцияларга кўра, улар биринчи марта ва қатъиян миллий демократия ҳақида баёнотлар билан чиқа бошлади.

В. И. Ленин «Россия халқлари ҳуқуқлари декларацияси» ҳамда «Россия ва Шарқнинг барча мусулмон меҳнаткашларига» мурожаатни имзолади. Бир қарашда миллатларнинг ўзликни англаш ҳуқуқини кафолатловчи ушбу юридик ҳужжатларга асосланган ҳолда жадидлар Туркистон мухториятини эълон қилди ва ҳукумат тузди. Улар маҳаллий аҳолининг турли ижтимоий қатламларини ўз кетидан эргаштира олди, уларнинг онгида тараққийёт йўлида бирдамлик ва Туркистон аҳлига зиё тарқатиш ҳаққи якдиллик ғояларини уйғота олди. Бу билан жадидчилик етук ғоявий-сиёсий ҳаракат эканлиги, яъни у зиёкорлик ҳаракатидан ғоявий-сиёсий платформага айлангани намойиш этилди. Эндиги асосий ҳаракатлар ва эътибор сиёсий йўл билан янги жамият шакллантиришга қаратилган эди. Зеро, агар илгари гап маърифат ҳақида кетган бўлса, эндиликда жадидчилик сифат жиҳатидан юқорироқ босқичга кўтарилиб, Туркистоннинг омма қўллаб-қувватлаган сиёсий кучига айланди.

1917 йил кузида Туркистон ўлкасининг шаҳар, вилоят ва уездларида аҳолининг ҳокимиятни советларга топшириш талаби илгари сурилган оммавий чиқишлари кузатилмади. Аксинча, жойлардан келаётган хабарлар ва телеграмаларда Вақтинчалик ҳукумат қўллаб-қувватланаётгани билдирилар, большевиклар ва бошқа экстремистик кучларнинг ҳокимиятни советларга топшириш талабидан иборат асоссиз даъволари қораланар эди. Қайд қилиб ўтиш лозимки, Туркистонда ўрнатилган «совет ҳокимияти»даги барча мансабларга руслар тайинланди, бу эса, табиийки, унинг ҳам сиёсий, ҳам миллий-шовинистик томонга йўналтирилганлигини белгилаб берди. Бошқача айтганда, у ерда маҳаллий аҳоли вакиллари умуман йўқ эди. Шунинг учун ўлка ерли аҳолисининг ушбу «ҳукумат»дан ва умуман совет ҳокимиятидан норозилиги секин-аста ошиб бораётганди. Ҳатто маҳаллий руслардан таркиб топган эсерлар большевикларнинг ушбу кадр сиёсатидан норози бўлиб, буни очиқ айтаётганди.

1917 йилнинг 26–28 ноябрь кунлари (9–11 декабрь кунлари) Қўқонда мусулмонларнинг Тўртинчи фавқулодда Бутунтуркистон қурултойи (съезди) ўтказилди. Бу маҳаллий аҳоли томонидан сайланган делегатларнинг кенг кўламли йиғилиши бўлди. У Туркистон тарихига мустақилликга интилиш даврини белгилаб берган муҳим воқеалардан бири сифатида кирди. Мазкур съездда асос ҳужжатлар қабул қилиниб, эркин, суверен Туркистон ўлкасининг сиёсий структуралари шакллантирилди. Туркистондаги ҳокимият шакли масаласи съезд диққат марказида бўлди. Чиқиш қилганларнинг кўпчилиги ўлканинг мухтор республика деб эълон қилиниши сиёсий мақсадлардан келиб чиқишини ҳамда аҳолининг ижтимоий аҳволига мувофиқ келишини таъкидлаб ўтди. Съезд Туркистонда яшовчи миллий озчиликларнинг ҳуқуқлари инобатга олинишини, сақланишини ва ҳимоя қилинишини тантанали равишда эълон қилди.

Ҳукумат газеталари – «Эл байроғи», «Бирлик туғи», «Эркин Туркистон», «Известия Временного Правительства Туркестанской автономии» ўзбек, қозоқ ва рус тилларида чиқар эди. Туркистон мухторияти яратилишидан олдин чиққан газеталардан бири – «Улуғ Туркистон» ўз саҳифаларида ҳукумат фаолиятини ёрита бошлади. О. Махмудов типографияси Туркистон мухторияти ҳукумати юрисдикциясига ўтди. Умуман, у қисқа фаолияти давомида аҳолининг улкан ҳурмати ва эътирофини қозонди. Ўзбек ёзувчилари, шоирлар ва жадидлар А. Фитрат, Чўлпон, Ҳамза ҳукуматга мақтов шеърларини бағишлар, уни қўллаб-қувватлар ва кўкларга кўтарар эди. Фитрат Туркистон мухторияти эълон қилинган 28 ноябрни «Бизнинг миллий Лайлат ул-қадр» деб атади.

Большевиклар, биринчи галда халқ оммаси манфаатлари йўлида инқилобий принципларга риоя этилишини ўлка аҳолисига ваъда қилган бўлса ҳам, аслида большевикларнинг Инқилобий қўмитаси (Ревком) қонунан сайланган Туркистон мухторияти ҳукуматидан қуролларини топширишни, ваколатларидан воз кечишни ва совет ҳокимиятини тан олишни талаб қилди. Бироқ ҳукумат бу ноқонуний талабларни жавобсиз қолдирди, шунда Ревком Туркистон мухторияти ҳукумати аъзоларини ҳибсга олишга қарор қилди.

Маҳаллий сиёсатчилар ва зиёлиларнинг аҳамиятини паст баҳолаб, камситиб келган совет тарихшунослиги уларнинг имкониятлари ва қобилиятини мутлақо инобатга олмас, Туркистон мустақилигининг аҳамияти ва ролини арзимас провинциал лойиҳа даражасига туширар, мухторият эълон қилиниши маҳаллий буржуазиянинг «хорижлик интервентлар» қўллаб-қувватлаган асоссиз авантюраси эканлигини ёзиб келар эди. У Туркистон мухториятини «Қўқон мухторияти», яъни ҳеч қандай аҳамияти йўқ бўш сиёсий ташаббус, бутун Туркистон ўлкасида эмас, фақат қоғозда ва битта минтақада мавжуд қуруқ расмиятчилик деб атарди. Ваҳоланки, биринчи ва қолган барча қурултой-съездларга Туркистон ўлкасининг барча минтақаларидан делегатлар таклиф қилинган ва ташриф буюрган эди. Сиёсат оламида Туркистон мухториятининг пайдо бўлишини бутун дунёда машҳур нуфузли олимлар мусулмон оламининг кўп асрлик ва мураккаб тарихида миллий давлатчиликни ҳамда бошқарувнинг парламентар республика шаклини яратишга бўлган биринчи уриниш сифатида баҳолаган эди[2].

Туркистонда бўлаётган демократик ўзгаришлардан, шунингдек, Тўртинчи фавқулодда умуммусулмон қурултой-съезди қарорларидан ташвишга тушган большевиклар маҳаллий рус аҳолиси орасида мусулмонларга адоват уруғларини экишга уринди, шу билан бир пайтда улар Туркистондаги қонуний демократик ҳокимиятни куч билан йўқ қилиш ҳаракатларини тўхтатмади, ваҳоланки Туркистондаги Рус православ черкови Туркистон мухториятини қўллаб-қувватлаб, унинг бюджетига пул ва моддий қимматликлар хайрия қилган эди. Таъкидлаб ўтиш жоизки, бой-бадавлат Бухоро яҳудийлари ҳам Туркистон мухторияти тарафида эди. Бу тасодиф эмас. Юқорида айтилганидек, Туркистон ҳукумати таркибига «Поалей Цион» (Сион ишчилари) Яҳудий социал-демократик ишчи партияси вакиллари ҳам кирган эди. Жумладан, уларнинг намояндаси С.А. Герцфельд молия вазири этиб тайинланган эди. Шунингдек, Туркистон ҳукуматида рус партиялари учун ҳам жой ажратилди, оқ гвардиячилар – рус зобитлари энди яратилаётган Туркистон қуролли кучларининг инструкторлари сифатида ишлар эди.

Туркистон мухториятини обрўсизлантириш сиёсатини давом эттирар экан, большевистик Туркистон Халқ Комиссарлар Совети (Совнарком) ушбу ҳукуматнинг тузилишига жавобан 1918 йил 19-26 январида (1-8 февраль) большевикларнинг IV Фавқулодда ишчилар, аскарлар ва крестьянлар депутатлари Советлари съездини чақирди, унинг кун тартибида асосий ўрин Туркистон мухториятининг йўқ қилинишига берилди ва Съезди: «Қўқон мухтор ҳукумати ва унинг аъзолари қонундан ташқари деб эълон қилиниб, ҳибсга олинсин» деган қарор қабул қилди. Большевикларнинг Халқ Комиссарлар Советида (Совнарком) у пайтда бирорта маҳаллий халқларга мансуб вакил йўқ эди шунинг учун большевиклар маҳаллий кадрларни очиқ-ойдин камситар, «улар қолоқ ва ҳокимиятни қўлга олишга қодир эмас, шунинг учун Туркистонда илғор фикрли ажнабийлар ҳукмронлик қилади» деб таъкидлар эди. Шу тариқа, советлар Туркистон мухторияти ҳукуматини жисмонан йўқ қилишга киришди. Ўз сиёсий фаолияти давомида Туркистон халқ комиссарлари кенгаши «Шўрои Исломия» ва бошқа демократик ташкилотларни қонундан ташқари деб эълон қилиб, ман этгани маълум. «Шўрои Уламо» ташкилотининг Тошкент бўлинмаси 1918 йил 13 майида ёпилди.

Советларнинг ўлкада жазо тадбирлари ўтказиш учун зарур бўлган қизил армия отрядларини яратиш қарори секин-аста ўз қонли натижаларини бера бошлади. Бироз муддатдан сўнг бу ҳарбий қўшилмалар большевикларга қарши халқ чиқишларини бостиришда қўлланилди. Ўша пайтнинг ўзида Туркистонда пролетариат диктатураси жазо структуралари – Бутунросссия фавқулодда комиссияси бўлинмаси (ЧК) ҳамда инқилобий трибуналлар тузилди. Улар Туркистон ерли халқлари чиқишларини бостиришнинг, шунингдек, эркинлик ва маърифат тарадфорлари – жадидларни йўқ қилишнинг муҳим қуролига айланди.

Россия пролетариати ва совет тузуми устуворлиги тушунчаларидан келиб чиққан ҳолда большевиклар қуйидагиларни эълон қилди:

  • Ўлканинг асосий инқилобий кучларини пролетариат ва деҳқонлар ташкил этади;
  • Аҳолининг қолган қатламлари – реакцион эксплуатацион гуруҳлар;
  • Маҳаллий мулкдорлар – эксплуататор ва ситамгарлар;
  • Миллий интеллигенция, халқнинг олий маълумотли ва ҳурматли вакиллари – корчалонлар ва буржуа малайлари;
  • Мусулмон руҳонияти – шафқатсиз йўқ қилинишга маҳкум аксилинқилобий қатлам, дея белгиловчи тезислар асосида иш бошлаб юборишди. Аслида, большевикларнинг бу тезисларини одамкушликдан бошқача ном билан аташ мумкин эмас, зеро улар Туркистон тарихида ўчмас қонли из қолдирган кейинги воқеаларга олиб келган ўзига хос ҳукм ва ғоявий асос вазифасини бажарди.

ХУЛОСА

Кўп йиллар давомида совет тарихшунослигида Туркистон мусулмонлари съездлари ҳамда улар қабул қилган қарорлар совет мафкураси фойдасига талқин қилиб келинди. Совет тарихчиларининг хабарларига кўра гўёки жадидлар аҳолининг фақатгина мухториятни қўллаб қувватлайдиган буржуа қисминигина сақлаб қолишга ҳаракат қилганмиш, жадидчилик ҳаракати эса гўёки миллатпарастликни ва туркпарастликни ҳимоя қилган эмиш. Аслида, маҳаллий аҳолини камситиш, сиқувга олиш ва ҳуқуқларини поймол қилиш сиёсатини олиб борган большевиклар ҳукумат тепасига чиқиб олганларидан сўнг авж олган даҳшатли қотилликлар, 1917 йил охиридан бошланган фожиали воқеалар кетма-кетлиги тарихи большевикларнинг Туркистон ўлкасини босиб олиш ниятида ҳаракат қилганига далолат беради. Аммо жадидлар қабул қилган қарорлар бунинг мутлақо тескарисини кўрсатмоқда. Туркистон мухторияти яратувчилари, аксинча, аҳолининг барча қатламлари вакилларини ҳукумат таркибига киритишни таклиф қилиб чиққан эди. Шу муносабат билан бир нарсани қайд қилиб ўтиш жоиз – Туркистондаги биринчи байналмилалчилар пролетарчилик ғояларидан фойдаланиб келган большевиклар эмас, балки айнан маҳаллий туркистонлик жадидлар эди.

Шухрат Барлос

(ДАВОМИ БОР)

 

[1]Мельгунов С.П. Как большевики захватили власть // «Золотой немецкий ключ» к большевистской революции. М.: Айрис-пресс, 2007. Б.640 Б.16 (Белая Россия). Б.103

[2] Аъзамхўжаев С. Туркистон мухторияти. Миллий-демократик давлатчилги курилиши тажрибаси. Ташкент, 2000; Туркестан в начале ХХ века. Б.80-112