Европа Иттифоқи элчихоналарни Қуддусга кўчириш ғоясини рад этди

Европа Иттифоқи Вашингтон ортидан бориб, ҳозирча Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олиш ва у ерга дипломатик миссияларини кўчириш ниятида эмас. Аксинча, Брюсель ҳали ҳам минтақада икки давлат – яхудий ва араблар давлатини яратиш ғоясига содиқ қолади.

Бу хақда Европа ташқи алоқалар хизмати раҳбари Федерика Могерини маълум қилди,  дея хабар беради Reuters.

“Биз Исроил билан Фаластин ўртасидаги можарони ягона аниқ ечими, иккита давлат тузилиб, иккаласининг пойтахти Қуддус бўлишида деб ҳисоблаймиз”, деди Могерини.

Могерининг сўзига кўра, Европа Иттифоқи Қуддус мақоми бўйича фақат “халқаро консенсус”ни тан олади, аммо тинчликни ўрнатиш билан боғлиқ жараёнларни янада ривожлантириш учун кўпроқ харакат қилишга тайёр. Шу муносабат билан у, 2018 йилнинг январь ойида Фаластин муҳторияти раҳбари Махмуд Аббос билан учрашиши хақида таъкидлаб ўтди. Исроилнинг Haaretz нашри Махмуд Аббоснинг Брюселга ташрифини “кутилмаган қадам” деб атади.

Могерининг ушбу баёноти, Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху билан бўлиб ўтаётган учрашув давомида янгради. Ушбу баёнотдан бир неча дақиқа аввалроқ Нетаньяху Европа давлатларини Қўшма Штатлардан ўрнак олишга чақирган эди: “Мен аминманки, ҳамма ёки хеч бўлмаса кўпчилик Европа давлатлари ўз элчихоналарини Қуддусга кўчирадилар ва уни Исроил пойтахти деб тан оладилар”. Бу, Бош вазирнинг сўзларига кўра, фақатгина “хақиқат баёноти ва шу билан бирга дунёнинг пойдевори” бўлар экан.

Эслатиб ўтамиз, 6 декабрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Қуддусни Исроилнинг пойтахти сифатида тан олишга қарор қилган эди.

Манба: Yenicag.Ru – www.yenicag.ru