ТУРКИСТОНДА НИМА БЎЛГАН ЭДИ… (VII-бўлим)

 

 

Туркистонлик — шонимиз, туронлик — унвонимиз,

Ватан — бизнинг жонимиз, фидо ўлсун қонимиз!

 

ИСТИҚЛОЛЧИЛИК

Раҳбар лавозимларни эгаллаган айрим туркистонлик жадидлар давлатчиликни тиклашда иштирок этиб, мустақилликни сақлаб қолишга уринди, лекин улар ташиган миллий мустақиллик ғоялари большевик сиёсати тарафидан йўқ қилинди. Бундай вазиятда жадидларнинг радикал қисми, мустамлакачилик режими ва совет диктатурасидан норозилар Туркистонни тарк этишга мажбур бўлди. Жадидларнинг бир қисми эса Ватанни тажовузкор совет ҳокимиятидан ҳимоя қилиш мақсадида қўлига қурол олиб, миллий истиқлолчилик ҳаракати сафларига қўшилиб кетди.

1918 йилнинг январь-февралидаги воқеалардан сўнг «Иттиҳоди тараққий» («Илғор бирдамлик», 1917-1920 йиллар), «Миллий иттиҳод» («Миллий бирдамлик», 1920-1925 йиллар), «Миллий қутулиш» (1925-1929 йиллар) ва «Туркистон миллий бирлиги» (1921-1923 йиллар, етакчиси – Аҳмад Закий Валидий Тўғон) махфий ташкилотлари Туркистонда ҳокимиятни қўлга олиш йўлидага фаолиятни бошлаб юборди[1].

Миллий озодлик йўлидаги аксилбольшевик уруш ҳаракати шаклланишининг дастлабки босқичи Кичик Эргаш (1885-1918 йиллар) ва Катта Эргаш (1880-1921 йиллар) исмлари билан боғлиқ. 1918 йил 27 февралида дашноқлар ва большевикларга қарши Қўқон яқинида, Бачқир қишлоғида рўй берган тўқнашувлардан бирида Кичик Эргаш шаҳид бўлди. Унинг ўрнини Катта Эргаш (унинг яна бир номи Мулла Эргаш эди) эгаллаб, Фарғона водийсида большевиклар мустамлакачилик режимидан озод бўлиш йўлида кураш яловини кўтарди. Ўз ери озодлиги йўлидаги курашларда кўнгиллилар, уларга қарши янгидан янги совет қўшинлари ташланишига қарамай, мардонавор ва муваффақиятли кураш олиб борди. 1918 йил мартининг охирига келиб Катта Эргаш номи Фарғона водийсининг бутун аҳолиси орасида тилга тушди. Ватанпарварлар бўлмиш кўнгиллилар мустақилликка эришиш мақсадига етишиш осон бўлмаслигини жуда яхши тушунар эдилар. Шу боисдан мустақиллик курашчилари бирдам бўлиб қуролланди ва Туркистонда «Дашнакцутюн» партияси томонидан ташкил этилган армани зўравонлиги ҳамда қизил армия большевикларининг бебошликларига қарши ҳарбий операцияларда тап тортмай иштирок этиб келди. Аммо бу пайтга келиб Туркистон мухториятини қулатган ва ўлкада яккаҳокимлигини ўрнатган дашноқлар зўравонлик ва қурол кучи билан ўлкада совет бошқарувини жорий этишда давом этди. Маълумотларга қараганда, Катта Эргаш 1921 йилги жанглардан бирида ҳалок бўлган. Холхўжа исмли қўрбоши ҳам 1919 йил 22 августида ўз жангчилари билан Мадаминбек қўшинлари сафига кирди[2].

1919 йил 22 октябрида Помирнинг Эргаштом қишлоғида ўтган қўрбошилар қурултойида Фарғона муваққат мухторият ҳукумати ташкил этилди. Унинг таркибига олти нафар мусулмон ва саккиз нафар рус кирди. Фарғона водийсида ташкил этилган крестьян армияси вакили К.И. Монстров ҳукумат раҳбарига айланди, қўрбоши Мадаминбек эса унинг қўшинларига олий бош қўмондон этиб тайинланди. Совет тарихчилигида мазкур ҳукуматнинг ташкил этилишини Британия разведкасининг иши сифатида кўрсатилади[3].

Ўша йиллардаги воқеаларга гувоҳ бўлган шахслар қолдирган даракларга, шунингдек, тарихий манбаларга ишонадиган бўлсак, совет режими Туркистон мустақиллиги тарафдорларига қарши кураш йўлида ҳар қандай усуллардан фойдаланиб келган. Хусусан, дашноқлар зарарсизлантирилганидан сўнг Марказий Россиядан Туркистон ўлкасига мунтазам равишда қизил армиянинг янгидан янги бўлинмалари юбориб турилган. Натижада 1920 январь ойининг ўрталарига келиб ўлкадаги қўшинлар адади шу даражага етдики, ҳарбий ташаббус большевиклар тарафига ўтди. Шундан кейин Туркистон Марказий Ижроқўмининг Туркистон миллий истиқлолчилик ҳаракати вакиллари билан музокаралари қўрбоши Мадаминбек билан сулҳ шартномасининг имзоланиши билан якунланди.

1920 йил 6 мартида Фарғонада 2-Туркистон ўқчи дивизияси командири Николай Андреевич Верёвкин-Рахальский ҳамда мустақиллик курашчиларининг олий бош қўмондони Мадаминбек ўртасида тинчлик шартномаси имзоланди. Мадаминбек билан бирга унга бўйсунувчи ўнлаб қўрбошилар ва минглаб йигитлар қуролини топширди[4]. Аммо бунинг бари Мадаминбек учун тайёрланган тузоқ бўлиб чиқди. Бир муддатдан сўнг совет ҳарбий қўмондонлиги Мадаминбек ва бир гуруҳ қўрбошиларни исёнчилар билан музокаралар ўтказиш учун юборди.

1920 йил 14 майида Қоровул қишлоғи яқинида олий бош қўмондон хоинларча ўлдирилди. Туркиялик тарихчи Али Бодомчининг хабарига кўра, большевиклар кўрсатмасига биноан Сойиб қори ва Лутфулла Махдум Мадаминбекни ўлдириб, Бухорога қочди. Бу ҳақда қотилларнинг ўзлари узоқ йиллар давомида очиқ айтиб келди[5]. Бу Туркистон миллий озодлик ҳаракати етакчисини йўқ қилиш учун тузилган ва олдиндан пухта ўйланган режа эди. Бу хоинона қотиллик муносабати билан большевик комиссарлари халқ орасида Мадаминбекни қўрбоши Шермуҳаммадбек ўлдиргани ҳақида мишмишлар тарқата бошлади. Бу билан улар қўрбошилар сафларида низо келтириб чиқариб, миллий озодлик ҳаракатини бўлиб юборишга, уларни ҳатто бир-бири билан тўқнаштиришни режалаштирган эди. Аслида эса Мадаминбек ва Шермуҳаммадбек қўрбошилар яқин дўстлар эди. Шермуҳаммадбек умрининг охирига қадар жаҳон матбуотига ва ўз фарзандларига Мадаминбекни қай даражада ҳурмат қилганини айтиб келди. Биринчи набирасига у яқин дўсти ва сафдошининг шарафига Мадаминбек исмини берган[6].

1920 йил ёзида ва кузида Туркистонда миллий озодлик кураши янги босқичга кирди. Мадаминбек хоинларча ўлдирилгач, мустақиллик ҳаракатига Шермуҳаммадбек бошчилик қила бошлади. Унинг ташаббусига кўра 1920 йил 3 майида Туркистон турк мустақил ислом жумҳурияти тузилди[7].

Энди, Туркистон мустақиллиги эълон қилинганидан сўнг қарама-қаршилик ортиқ муроса билан якунланиши мумкин эмас эди, демакки, у муросасиз босқичга ўтди. Ватан озодлиги йўлидаги муқаддас урушга Фарғона водийси ва Самарқанд вилоятидан сўнг Хоразм ва Бухоро Республикаси исёнчилари ҳам қўшилди. Шермуҳаммадбек Фарғона водийсида миллий озодлик курашининг дастлабки босқичиданоқ большевикларга қарши курашиб келаётган эди. У энг кўзга кўринган қўрбошилардан бири бўлиб, Катта Эргаш ва Мадаминбекнинг изидан бораётган эди. Энди у Фарғона водийси қўрбошилари қўшилмаларининг олий бош қўмондонига айланди. Мадаминбек қўрбошилар орасида энг кучлиси бўлса, Шермухаммадбек, шубҳасиз, улар орасида энг хавфлиси эди. Туркистон озодлиги курашчилари «Туркистон – туркистонликлар Ватани. Бошқа ҳеч ким унга эгалик қилишга ҳуқуқли эмас!» шиори остида жанглар олиб борди. Шунинг учун Ватанни большевиклар ва дашноқлардан озод қилиш мақсади асосий ўринга қўйилганидан шубҳаланмасак ҳам бўлади. Ўзларининг узоқ давом этган муросасиз кураши билан истиқлолчилар Туркистон тарихига ёрқин саҳифаларни ёзиб қолдирди.

Ўзбекистон тарихий Туркистоннинг тўғридан-тўғри вориси саналади. Балки шунинг учундир, бугунги кунда Туркистон миллий истиқлолчилик ҳаракатини ёритаётган энг сермаҳсул олимлар Ўзбекистон вакилларидир. Ўзбекистон тарихий муаммоларини ўрганувчи тадқиқотчилар Туркистон миллий истиқлолчилик ҳаракати фаолияти Фарғона водийсида дашноқлар томонидан большевикларнинг фаол қўллаб-қувватлашида амалга оширилган кўплаб этник тозалаш фактлари билан тўқнаш келади.

Халқ хотирасидан минглаб жасур, ватан озодлиги йўлида босқинчиларга қарши аёвсиз курашларда беайб ўлдирилган миллий қаҳрамонлар ҳақидаги ном-нишонни ўчириб ташлаш мақсадида большевикларнинг ҳужжатларида 1918 йилдан бошлаб 1919 йил ўрталарига қадар Ватан озодлиги курашчилари «безорилар», «тўдалар», «бандитлар», «босқинчилар» ва «босмачилар» деб аталади[8]. Халқининг озодлиги ва мустақиллиги йўлида курашган, шарафига романлар яратилган, халқ ривоятлари тўқилган халқ қаҳрамонларини большевиклар камситиб «босмачи» деб атар эди. «Босмачи» ва «босмачилик» атамалари, «бандитизм» ва «босқинчлик» атамалари сингари, шовинистлар томонидан ўйлаб топилиб, ҳеч қандай асоссиз Туркистон миллий озодлик ҳаракати иштирокчиларига нисбатан қўлланилганини тан олиш пайти келди. Бу маҳаллий аҳолининг Россия империясига, кейинроқ эса большевиклар диктатурасига қарши, расман эълон қилинган «Қизил террор» ва ғайриинсоний сиёсатга зид гапирган барчани йўқ қилиш мафкурасига қарши маҳаллий аҳолининг адолатли ғалаёнларининг аҳамиятини тушириш ва камситиш мақсадида қўлланган мафкуравий восита бўлди[9].

Ўзбек тарихчиси, «Фарғона водийсидаги фуқаролик уруши тарихи очерклари» китоби муаллифи Ш.А. Шомагдиев ўзининг тилга олинган, совет ҳокимияти айни куч-қудратга тўлган 1961 йили Тошкентда чоп этилган асарида дашноқларнинг Фарғона водийсида Туркистон мухториятининг йўқ қилинишида амалга оширган жиноятларини фош қилиб ташлаган.

Таниқли ўзбек тарихчиси М. Ҳасанов ўзининг 1990 йили, Совет империяси парчаланишидан бир муддат илгари чоп этилган «Қўқон мухторияти ва унинг айрим дарслари» номли китобида Туркистон бўйлаб совет ҳокимияти ўрнатилиши йилларида дашноқлар амалга оширган барча жиноятларни батафсил таснифлаб, улар ҳақида хабарларни келтиради. Ушбу муаллифнинг барча ишларида асл ватанпарварлик руҳи кузатилади, у дашноқларнинг Туркистондаги жиноятларини кескин қоралайди.

Ўзбекистонлик публицист Шониёз Дониёров 1991 йили оммабоп «Шарқ Юлдузи» журналининг 12-сонида «Мухторият қисмати» мақоласини чоп эттирди. Унда дашноқларнинг Туркистон мухториятининг тугатилишида амалга оширган жиноятлари ҳақида батафсил ҳикоя қилинади, бунда Туркистон даврий матбуотининг 1918 йилги сонларига иқтибос келтирилади. Ўзбекистоннинг кўплаб интернет нашрлари бугунги кунга қадар ушбу мақолани қайта-қайта нашр этиб келмоқда. Бу кўриб чиқилаётган тарихий воқелар XXI асрда ҳам долзарблигини йўқотмаганини кўрсатади.

Ўзбекистонлик тарихчи С. Агзамхўжаев 1996 йили Тошкентда чоп этилган «Туркистон мухторияти» номли китобида Фарғона водийсида большевикларнинг дашноқлар билан тил бириктириб амалга оширган ишларидан ҳикоя қилади.

Ўзбекистон тарихи тадқиқотчилари жамоаси томонидан Туркистон миллий озодлик ҳаракатини ўрганишнинг янги концепцияси ишлаб чиқилди. Унга кўра, ҳаракат раҳбарларининг моҳияти, ҳаракатнинг табиати, сабаблари, йўналтирувчи кучлари, пайдо бўлиш ва ривожланиш тарихи янгича талқин қилинмоқда.

2015 йили профессор К.К. Ражабовнинг «Фарғона водийсида мустақиллик учун ҳаракат: моҳияти ва ривожланишининг асосий босқичлари» номли китоби ўзбек тилида чоп этилди. Китобни ёзишда муаллиф Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони архиви, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоят архивларидан тўпланган ҳужжатлардан кенг фойдаланди. Китобда юқорида санаб ўтилган манбаларга таянилган ҳолда дашноқлар ва большевикларнинг Ўзбекистон ҳудудида амалга оширган жиноятларининг батафсил баёни келтирилади. Шунингдек, китобда большевикларга қарши курашда миллий истиқлолчилик ҳаракатига бошчилик қилган дала командирлари – қўрбошилар ҳақида қимматли маълумотлар тўпланган. Архив ҳужжатларини ўрганиш натижаларидан келиб чиққан ҳолда профессор К.К. Ражабов қизиқ хулосаларга келади. Унинг хабарига кўра, дашноқлар Фарғона водийсининг тинч аҳолисига қарши 1918 йил февралида ваҳшийликлар қилишга ундаган сабаб ва мотивлар ҳақида гапирар экан, қуйидагиларни таъкидлаган экан: «Биз бу кунни қимматбаҳо олмос мисоли йигирма ой кутдик»[10]. Фарғонада дашноқлар тинч аҳолини шу қадар шафқатсизлик билан ўлдирардики, улар гўёки қандайдир айб қилиб, қасос қурбонига айланаётгандек эди гўё. Дашноқларнинг ўзлари бу кунларни кутишни «қимматбаҳо олмос орзусига»га менгзаганини тан олган. Бу қонли интиқомга ишора эмас, балки уни тан олишдир.

1918 йил февралида Фарғонадаги қонли воқеалар рўй беришидан йигирма ой муқаддам нима бўлган экан, қизиқ? Дашноқларнинг бу баёнотларини ўрганиш ва таҳлилдан ўтказиш диққатга сазовор хулосаларни беради. Ҳисоб-китобларга қараганда, 1918 йил февралидан йигирма ой муқаддам, бу эса 1916 йил июн-июль ойларидир, Туркистонда маҳаллий аҳолининг Россия империясига қарши кенг миқёсли қўзғолонлари давом этаётган эди. Тарихдан маълумки, Биринчи Жаҳон уруши фронтларидаги мураккаб вазият туфайли 1916 йил 25 июнида Николай II нинг «инородец»ларни фронт орқаси ишларига жалб қилиш юзасидан шоҳона фармони эълон қилинган эди. Бунинг натижасида Марказий Осиёда исён келиб чиқиб, ўн минглаб ва ҳатто юз минглаб одамлар қурбон бўлди ёки ўз уйларини ташлаб кетди.

Ўз-ўзидан, савол туғилади: Фарғона водийси тинч аҳолиси 1916 йил ёзида арманиларга қарши нима гуноҳ қилган эканки, дашноқларнинг ақлларида қасос илинжи узоқ кутилган орзуга айланиб кетди? Кавказдан Туркистонга 1918 йили етиб келган «Дашнакцутюн» партияси жангариларининг ўша олис воқеаларга қандай алоқаси бўлиши мумкин? Маълумки, 1918 йилга қадар Туркистонда «Дашнакцутюн» партиясининг бўлинмалари йўқ эди ва унга қадар бу ердаги арманилар муваффақиятли савдогарлар саналар эди, ерли аҳоли эса рус мустамлакачилари билан бирга келиб, шаҳарларда судхўр, баққол, савдогар, этикдўз, сартарош сифатида ишлаётган арманилар билан ҳеч бир зиддиятга бормаган эди. Нега унда дашноқлар Туркистон ерли аҳолисига мана шундай қонли тарзда «миннатдорлик» билдирди? Шу билан бир пайтда, қанчалар ғалати туюлмасин, бу саволларга жавоб топиш бир томондан осон бўлиб кўрингани билан аслида жуда мураккаб тадиқиқотлар натижасига кўра хулоса чиқаришга ундайди. Сабаби бу саволларга топиладиган жавоблар миллатпараст ва террорчилар бўлмиш дашноқларнинг Туркистон, Жанубий Кавказ ва Шарқий Анатолия тинч аҳолиси тақдирида ўйнаган ифлос ва қонли ролини янада яхшироқ тушунишга имконият яратиб беради.

ХУЛОСА

1918 йилдан 1935 йилга қадар Туркистоннинг туб аҳолиси «босмачилар» сифатида қиличдан ўтказилди. Маҳаллий интеллигенция Сталин қатағони йилларида 1953 йилга қадар контринқилобчилар ва «пантуркчилар» сифатида йўқ қилиб келинди. Буларга 1941-1945 йилларда, Иккинчи Жаҳон урушида миллий кадрлар орасидаги йўқотишлар қўшилди. 1917 йил октябридаги тўнтаришдан сўнг Туркистонда рўй берган барча воқеаларни таҳлил қилиб, бир нарсани узил-кесил қатъий этироф этиш мумкин – большевиклар ҳамда уларнинг елкадошлари – дашноқларнинг Туркистондаги миллий сиёсати кўпроқ 1933-1945 йиллар Германиясидаги нацистлар сиёсатини эслатар эди.

Коммунистик ғоя эгардан тушмай келган совет даврида «хўжакўрсин»лик асосий омиллардан бирига айланган эди, «бир фикрлилик»дан иборат қаттиққўл ва қатағонга мойил режим шарт-шароитларида коммунистларнинг давлат тузуми миллий ўзликдан мосуво авлодни яратишга уринди. Бунинг бари ёш авлод манқуртлар мисоли миллий ғурурга бефарқ бўлиб ўсиши учун қилинди. Ўз навбатида бу вазият ўтмиш ҳақида, ҳам Россия империяси даврида, ҳам совет тузуми йилларида мустамлакачиларга қарши курашган халқ қаҳрамонлари ҳақида мавжуд барча хотираларни ижтимоий онгдан йўқ қилиш, ўчириб ташлаш бўлган совет сиёсий мафкураси ҳукмронлигининг кутилган самараси эди.

Шухрат Барлос

(ДАВОМИ БОР)

[1] Paksoy H.B. Basmachi Movement from with in: Account of Zeki Velidi Togan // Nationalities Papers. 1995. Vol. 23. No 2. P.373-399.

[2] Хайит Б. Туркестан в ХХ веке. Дармштадт, 1956 (на нем.яз.). Б.101.

[3] Гражданская война и военная интервенция в СССР. Энциклопедия. М.: Советская энциклопедия, 1983. Б.123.

[4] Веревкин-Рахальский Н.А. Мои 90 лет. Воспоминания. -М. Триада, ЛТД, 2000

[5]Ali Bademci, 1917-1934 Türkistan Milli İstiklal Hareketi Enver Paşa 1-2 Cilt.Ötüken Neşriyat. İstanbul, 2008

[6] «Ватандош» газетасидан 22.11.2011й. http://vatandosh.uz/news/2011/11/3722/

[7] Раджабов К.К. Истиклолчилик харакати в Ферганской долине: сущность и основные этапы развития (1918-1924г.): Автореф. дисс. канд. ист. наук. – Т., 1995. -Б.24.

[8] «Совершенно секретно»: Лубянка – Сталину о положении в стране (1922-1934г.). Т. 1. 1922-1923г. Ч. 1-2. М., 2001; Т. 2. 1924г. М., 2001; Т. 3. 1925г. Ч. 1-2. М., 2002; Т. 4. 1926г. Ч. 1-2. М., 2001; Т. 6. 1928г. М., 2002.

[9] Hayit B. “Basmatschi”: Nationaler Kampf Turkestans in den Jahren 1917 bis 1934. Köln, 1992; Fraser G. Basmachi // Central Asian Survey. 1987. Vol. 6. №. 1. p. 1-73; №. 2. p. 7-42; Гинзбург С. Басмачество в Фергане // Очерки революционного движения в Средней Азии. Сборник статей. М., 1926. Б.134.

[10] Раджабов К.К. Шу асар. Б.92. Со сслылкой на архив Аппарата Президента Республики Узбекистана Ф-60, Оп-1, Д-98, Л-72.