ТУРКИСТОНДА НИМА БЎЛГАН ЭДИ… ( VIII-бўлим)

 

 Туркистонлик — шонимиз, туронлик — унвонимиз,

Ватан — бизнинг жонимиз, фидо ўлсун қонимиз!

 

ДАШНОҚЛАР

Большевиклар ўз ғоявий мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда дворянлар, помешчиклар, зобитлар, руҳонийлар, қулоқлар, казаклар, олимлар, саноатчилар ва бошқалар коммунизмнинг синфий душманлари эканлигини эътироф этарди. Жамиятнинг бу табақалари вакиллари большевиклар томонидан қонундан ташқари деб эълон қилинди. Уларга қарши террор қонуний асосда амалга оширилди.

Россияда инсонларнинг синфий белгига кўра қасддан йўқ қилишга қаратилган террор ва қўрқитиш актлари «Оқлар террори»дан анча олдин бошланиб, чор Россиясининг давлат аппаратидаги маълум амалдорлар ва белгили шахсларга қарши курашган классик сўл террордан тубдан фарқ қилади. Большевиклар терроридан қочиб қутулиб бўлмайди, большевиклар зўравонлиги амалдаги қаршилик ҳаракати ёки белгиланган бир шахсларга эмас, аҳолининг бутун бошли қатламларига қарши қаратилган эди.

Синфий кураш мафкурасида террор большевизм вужудга келган пайтданоқ бор эди. Ўз фаолиятининг бошида большевиклар давлат миқёсида расман террорни қонунийлаштирди 1918 йил 5 сентябрида РСФСР СНК «Қизил террор тўғрисида»ги қарор қабул қилинди. «Қизил террор»ўз ичига совет ҳокимиятининг бутун қатағон сиёсатини олар эди, бу 1917 йил октябридаги ўзбошимча дала судларидан бошланган эди. Большевикларнинг таъкидлашича, «қизил террор» октябр инқилобининг мантиқий давомидир. Шундан келиб чиққан ҳолда большевикларни инсоният тарихидаги илк террорчи давлат ижодкорлари сифатида баҳолаш мумкин, зеро бу давлат ўзининг сиёсий дастурида террорни расман қонуний хатти-ҳаракат деб эълон қилди. Дастлаб большевикларнинг деярли барча партия раҳбарлари террор тарафдорлари эди ва уларнинг кўплари расман тан олинган террорчилар бўлиб, чор ҳукуматига қарши айнан террор воситасида курашиб келган эди.

Дашноқларнинг большевиклар билан ҳамкорлигида бу икки сиёсий ҳаракатнинг ўзаро ғоявий яқинлиги ҳам муҳим аҳамият касб этди. Большевиклар томонидан дашноқларга ҳомийлик кўрсатилиши ҳамда улар ўртасидаги ишбирлиги шу билан тушунтириладики, большевиклар ҳам, дашноқлар ҳам ўз мақсадларига эришиш йўлидаги асосий қурол ўлароқ террорни кўрар эди. Бу ҳам большевиклар, ҳам дашноқлар учун анаънавий восита эди.

Обрўли америкалик тарихчи, Thou Shalt Kill: Revolutionary Terrorism in Russia, 1894-1917 (Princeton University Press. 1995) китоби муаллифи, профессор А. Гейфманнинг нуқтаи назарича, россиялик инқилобчилар моҳиятан «ахлоқий руҳдаги мулоҳазалар оғирлигига дучор бўлмаган радикал ва жиноятчининг ўзига хос симбиози» эди. Большевикларнинг террорчилик фаолиятини таҳлил қилар экан, Анна Гейфман большевиклар учун террор ўта самарали қуролга айланганини, инқилобий иерархиянинг турли поғоналарида қўлланганини хулоса тариқасида айтиб ўтади ҳамда XX аср бошида Россияда авж олган инқилобий ҳаракатга бериладиган анъанавий баҳони «афсоналар ва романтикадан мосуво қилиш» мақсадини ўз олдига қўяди.

Большевиклар томонидан Туркистон ва Кавказ тинч аҳолисига қарши террор тадбирларини амалга оширишда дашноқлардан фойдаланиши Россия империяси ва большевикларнинг умумий фаолияти ва сиёсати, бир пайтнинг ўзида армани миллатпарастлари уларнинг Туркистон ва Кавказдаги иттифоқчи-гумаштасига айлангани билан боғлиқдир. Бунинг моҳияти шундаки, Россия империясида ҳар қандай хатарни бартараф этишнинг йўлга солинган ишончли тизими мавжуд эди, лекин большевикларда эса даставвал бундай тизим мавжуд эмас эди. Шунинг учун улар тайёр террорчи тузилма – «Дашнакцутюн»га ишонч билдирди. Охир-оқибат СССРнинг ўз қудратли жазо аппарати, халқ оммасини босиб турувчи тизим шакллантирилди, шундан сўнг дашноқларга бўлган эҳтиёж ҳам битди ва «Дашнакцутюн» партиясининг бу ҳудуддаги фаолиятига чек қўйилди. Шундан сўнг партия фаоллари ва аъзолари чет элга кўчиб ўтиб, ўша ердан туриб ҳаракат қила бошлади. Бир мақолда айтилганидек, «эшагим сувдан ўтгунча» қабилида иш кўрилди.

Дашноқларнинг Туркистондаги хатти-ҳаракатлари усуллари, ўзига хос «дастхати» Кавказда ҳам акс садо беради. Қонли ижро усулларининг бир хиллиги болаларни, аёлларни, кексаларни ўлдиришга асосий урғу берилишида яққол кўринади. Аёлларнинг кўкракларини кесиб ташлаш, кичик қизчаларни зўрлаб, кўзларини ўйиш, жасадларни камситиш, тирик одамларни парчалаш, қўл ва оёқларни чопиб ташлаш мана шундай усуллар сирасига киради. Дашноқларнинг бу ваҳший хатти-ҳаракатлари маҳаллий аҳолининг большевикларга қарши урушига сабаб бўлди. Маҳаллий халқларнинг миллий истиқлолчилик курашига хос умумий жиҳат шу бўлдики, Туркистонда ҳам, Кавказда ҳам маҳаллий аҳоли бирдай ҳам большевикларга қарши, ҳам «Дашнакцутюн» партияси жангариларига қарши кураш олиб борди.

«Дашнакцутюн» партиясининг фаолиятига таниқли армани тарихчиси А.А. Лалаян адолатли баҳо берди: «Контринқилобий армани буржуазиясининг манфаатларини ҳимоя қилар экан, «Дашнакцутюн» миллатпарастлик ва ижтимоий сафсата билан 40 йилдан ошиқ давр мобайнида армани халқини алдаб келди».

Россия империяси арманиларни ўз ҳудудида асосан «тинч йўллар»да, этикдўзлар, савдогарлар, судхўрлар, майфурушлар сифатида ишлатишга урингани яхши маълум. Усмонли салтанатида эса улар аксилҳукумат чиқишларида «бешинчи колонна» вазифасини бажариб берар эди. Россия империяси Усмонли салтанати ҳудудида, Шарқий Анатолияда, шунингдек, Россиянинг ўзига тегишли бўлган Кавказда арманиларнинг террорчи ташкилотларини қўллаб-қувватлаб келар эди. Совет империяси бу тажрибани муваффақият билан ўзлаштирди ва «ҳар томонлама қулай бўлган» ҳамкор-гумашта омилидан унумли фойдалана бошлади. Ҳатто бугун ҳам, орадан қарийб икки аср ўтган бўлишига қарамай, бу геосиёсий ўйинларнинг оқибатлари Жанубий Кавказдаги ҳарбий-сиёсий, социал-иқтисодий, этник-демографик, ҳудудий, ахборий, маданий, конфессионал ва ахлоқий вазиятга ўз салбий таъсирини ўтказишда давом этмоқда.

Россияда қурол кучи билан ҳокимиятни эгаллаб олган большевикларга миллатпарастларнинг, уларнинг айнан «Дашнакцутюн» партиясига хайрихоҳ қисми ёхуд шу тузилма аъзолари террорчи ва жазо отрядларини осон тайёрлаш учун керак эди. Уларни биринчи навбатда Туркистон ва Жанубий Кавказдаги туркийзабон мусулмон аҳолига қарши қайраш кўзда тутилди. Армани миллатпарастлари навбатдаги хўжайинининг бу чақириғига осонликча лаббай деб жавоб берди, бунда «ким ҳаққини тўласа, ўша мусиқа буюради» мақолига риоя қилинганидек таассурот уйғонади. Ўз навбатида, партия дастурида террор воситаси очиқ-ойдин кўрсатилган дашноқлар большевиклар хизматига осонликча ўтда ва ўзлари учун одатий бўлиб қолган ролга кирди. Бунинг оқибатида Туркистон ва Кавказда уч турдаги зиддиятлар келиб чиқди – армани-туркистон, армани-озарбайжон ва армани-гуржи. Шу муносабат билан Кавказда ҳам, Туркистонда ҳам маҳаллий сиёсий кучлар ва аҳоли «советлар-большевиклар-дашноқлар» қиёфасидаги қудратли ва тажовузкор кучга қарши курашишга мажбур бўлганлигини алоҳида қайд қилиб ўтмоқ жоиз. Бундай зиддиятларнинг вужудга келиши ва мавжудлиги бутунлай Россия империяси ҳамда унинг вориси бўлмиш СССРнинг «хизмати»дир. Айнан улар тилга олинган минтақалардаги сезиларли геосиёсий, этник-демографи, этник-ҳудудий ва конфессионал ўзгаришларнинг бош ижрочилари эди. Туркистон ва Жанубий Кавказ халқларининг тарихидан олинган ўхшаш ва параллель воқеаларни қиёслаб, замонавий геосиёсат ўйинчиларининг мақсадларини ҳам тушуниш қийин эмас.

Дашноқларнинг Кавказ ва Туркистонга тинч аҳолини жисмонан йўқ қилиш учун юборилиши Биринчи Жаҳон урушидан сўнг маълум бўлиб бўлган эди. Усмонли салтанати ҳудудидаги армани террорчи ташкилотлари ҳомийси – Россия империяси ўз ўрнини большевикларга, яъни янги ҳукуматга бўшатиб берди. Бунда салтанат Шарқий Анатолиянинг арманиларнинг кўпчилик қисми истиқомат қиладиган Карс вилоятидан маҳрум бўлди. Шу воқеа муносабати билан Биринчи Жаҳон уруши йилларида, 1914-1918 йилларда ярим миллионга яқин Усмонли арманилари Кавказга, Туркистонга ва Россия империясининг бошқа минтақаларига қочиб кетди. Фақатгани 1916 йил июнида 160,000 армани Иғдир-Нахчивон орқали Жанубий Кавказга кириб келди. Кейинроқ, 1917 йили яна 300,000 дан ортқи армани Кичик Осиёдан чекинаётган рус армияси билан бирга у ерларни тарк этди. ХХ аср бошига келиб Россияда арманилар сони 3 миллиондан ошиб кетди.

Хуллас, «Дашнакцутюн» миллатпараст шовинистик партияси томонидан авж олдирилган кўп йиллик уруш натижасида Туркистонда миллионлаб маҳаллий аҳоли вакиллари қирилиб кетди. Уларнинг мутлақ кўпчилик қисми, табиийки, ҳеч қандай гуноҳи йўқ тинч аҳоли вакиллари эди. Соғлом фикрли одамда саволлар туғилиши мумкин: икки турли минтақада бир пайтнинг ўзида, 1918 йил февралида ва мартида бир хил услубларда қирғин қилинган Туркистон ва Кавказ аҳолиси нима гуноҳ иш қилган эди? Биринчи Жаҳон уруши йилларида олис Шарқий Анатолияда рўй берган воқеаларга кавказликларнинг, қўйингки, туркистонликларнинг нима даҳли бор? Дашноқлар 1918 йили аламини олган Туркистон ўзбеклари ва Кавказ озарбайжонларининг у воқеаларга қандай алоқаси бўлиши мумкин? Ахир бу икки туркийзабон халқ Биринчи Жаҳон уруши йилларида Шарқий Анатолияда бўлганмиди?

Россиянинг янги хўжайинлари – большевиклар ўз диктатураси тонгида Россия империяси сиёсати изидан бориб, дашноқлардан ўз ҳамкорлари сифатида ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда фойдаланди. Ушбу сиёсат принципларидан келиб чиққан ҳолда, Туркистонда ҳам, Кавказда ҳам большевикларнинг асосий мақсади дашноқларни бу ўлкаларнинг бўйсунмас халқларини тинчитиб қўйиш ва дашноқларни бу ерларнинг «хўжайин»ларига айлантириш бўлди. Советлар дашноқлар ишончли ва шафқатсиз «қўриқчи итлар»га айланишини, улар ҳеч қачон маҳаллий мусулмонлар, айниқса туркийлар билан яқинлашмаслигини жуда яхши билар эди.

Россияда ноқонуний йўл билан ҳокимиятни эгаллаб олган большевиклар 1917 йил 8 ноябрида (25-26 октябрь) Петроградда ўтган II Бутунроссия советлари съездида «Тинчлик тўғрисидаги декрет»ни қабул қилди. Унда советлар барча урушаётган халқлар ва уларнинг ҳукуматларига тинчлик борасида музокаралар бошлашни таклиф қилган эди. Чет эл ҳарбий миссиялари бошлиқлари ўз ҳукуматларининг топшириғига биноан 23 ноябрда Россия, Англия ва Франция ўртасида 1914 йил 5 сентябрида имзоланган келишув ҳолатлари бузилганлиги юзасидан эътироз билдирди. Ушбу келишувга биноан, иттифоқчилар сепарат сулҳ тузиши мумкин эмас эди. Бу эътирозга Британия, Франция, Япония, Италия, Руминия ва АҚШ қўшилди. Тинчлик музокаралари 1917 йил 3 декабрида Брест-Литовскда очилди, 15 декабрда эса 28 кунлик сулҳ имзоланди, аммо бу муҳлат тугагач, Германиянинг советларга қарши ҳарбий ҳаракатлари бошланди. Ленин Германия шартлари асосида сулҳ тузишга мажбур бўлди. Совет Россияси ва Антанта мамлакатлари ўртасида Брест-Литовск сулҳ келишуви имзоланиб, 1918 йил 14 мартида большевиклар томонидан, 17 мартда эса Германия томонидан ратификация қилинди. Шундан сўнг шартнома кучга кирди.

1918 йил февралида Туркистонда дашноқлар ва большевиклар ўзбекларни, бир ой ўтиб эса, 1918 йил мартида Жанубий Кавказда озарбайжонларни ёппасига қирғин қилди. Бу қонхўрликларнинг бари большевиклар, И.В. Сталин раҳнамолигига суянган С.Г. Шаумян ва А. Микоян раҳбарлиги остида ижро этилди. «Дашнакцутюн» партияси аъзоларининг Туркистондаги даҳшатли жиноятлари натижалари билан танишиб чиқар эканмиз, улар Жанубий Кавказ ва Шарқий Анатолияда ҳам параллель равишда мана шундай жиноятларни амалга оширганини тушунамиз. Армани муаллифларининг ўзлари хабар қилган воқеа ва фактлардан маълум бўладики, Шарқий Анатолия, Жанубий Кавказ ва Фарғона водийсидаги қонли воқеалар ўртасида маълум параллеллар мавжуд ва буни инкор қилиб бўлмайди. Фактларга ишонадиган бўлсак, бу минтақаларнинг барида дашноқлар тинч турк-мусулмон аҳолисига қарши бир хилда жиноятлар содир этган.

1918 йил февралида Туркистонда бўлиб ўтган воқеаларга қадар арманиларнинг Усмонли салтанатидаги кўп йиллик фаровонлиги эвазига дашноқлар Кичик Осиё ва Жанубий Кавказ туркларига «миннатдорлик» билдириб бўлган эди. Бу ҳақда ХХ аср бошида армани тарихчиси А.А. Лалаян шундай ёзган эди: «Кўнгилли ҳаракати («Дашнакцутюн») шу билан тавсифланадики, қонхўр хмбапетлар (Андраник пошшо, Амазасп ва бошқалар) бошчилигидаги дашноқ отрядлари турк аёллари ва болалари, кексалар ва хасталарни қириб ташлаш ишида максимал даражада ”жасорат” кўрсатар эди (Усмонли салтанатига қарашли Шарқий Анатолияда). Дашноқ отрядлари эгаллаган турк қишлоқлар тирик одамлардан озод қилинар ва афт-турқи бузиб ташланган жасадларга тўла вайроналарга айлантирилар эди. Шу тариқа, дашноқ кўнгилли ҳаракатининг якунларидан бири ўн минглаб меҳнаткаш туркларнинг йўқ қилиниши бўлди».

Бу ҳақида, А.А. Лалаяннинг бошқа бир китобида эса мана бу хабар қилинади: «Контринқилобий «Дашнакцутюн» диктатураси даврида (1918-1920 йиллар) армани бўлмаган бутун аҳоли қонундан ташқари ҳисобланарди. «Дашнакцутюн»нинг Арманистон ҳудудида истиқомат қилувчи озарбайжон ва курд аҳолисини қириб ташлаш йўли билан мамлакатни арманилаштириш ғояси, бошқа этник озчиликларнинг таъқиб остига олиниши мамлакатда миллатлараро ихтилофларни авжига чиқараётган эди. Икки ярим йиллик ҳукмронлик даврида «Дашнакцутюн» Арманистон ҳудудида истиқомат қилувчи озарбайжонларга қарши қуролли уруш олиб бориб, тинч аҳолини суриштириб ўтирмасдан талон қилар ва ўлдириб юборар, тинч қишлоқ ва уйларни ер билан битта қиларди («Жанубий Кавказда большевизм ўрнатилиши давридаги воқелар»).

1918-1919 йилларда дашноқ ҳукумати озарбайжон ва курд қишлоқларининг тинч аҳолисини “давлат талабларини бажармаслик” баҳонасида бомбалади (армани қишлоқлари ҳам бомбаланди). 1920 йилда эса Арманистон ишчи ва крестьянларининг май ойидаги қаҳрамонона исёнини бостиргач, «Дашнакцутюн» озарбайжон ва курд қишлоқларини яна бомбаларди ва ”Мусулмонлар – душманларимиз” шиори остида бу қишлоқлар аҳлини ёппа қирди».

Тадеуш Свейтеховскийнинг маълумотига кўра, Боку шаҳрида мусулмон аҳолиси қирғин қилинди: «Дашноқларнинг қуролли қўшилмалари шаҳарнинг мусулмон маҳаллаларида талончиликлар, ўт қўйишлар ва қотилликлар уюштирди».

Британиялик тадқиқотчи Питер Хопкиркка кўра, «Арманилар, уларнинг эски душманлари қочаётганини кўриб, энди интиқом илинжига тушди. Шунинг учун жанглар шаҳарнинг деярли бутун мусулмон нуфузи қувилмагунча ёки қириб битирилмагунча давом этди. Бешинчи куни шаҳарнинг катта қисми ҳали ҳам аланга ичида бўлишига қарамай, қаршилик тўхтатилди, кўчалар ўликлар ва ярадорларга тўлиб-тошиб кетди, уларнинг барчаси мусулмонлар эди».

Бокудаги Британия вице-консули, майор Макдоннелнинг сўзларига қараганда «шаҳарда бирор бир обрўли мусулмон қолмади». Бокуда воқеалар билан бир пайтда дашноқ қуролли тўдаларининг Шамахага ҳужумлари бошланиб кетди. Шаҳар вайрон этилди ва ёқиб юборилди, минглаб тинч аҳоли вакиллари ўлдирилди. 1918 йил майида шундай воқеалар Губа уездида ҳам бўлиб ўтди. У ерга Бокудан С.Г. Шаумян тарафидан йўлланган Амазасп бошчилигидаги дашноқлар отряди етиб келди. Озарбайжон Демократик Республика ҳукумати томонидан шакллантирилган тергов комиссияси маълумотларига қараганда, Амазасп отряди Губа шаҳрини ҳамда Губа уездидаги 122 мусулмон қишлоқни ёқиб юборган. Кўриниб турибдки, советлар Туркистонда ҳам, Кавказда ҳам divide et impera (бўлиб ташла, ҳукмронлик қил) принципидан усталик билан фойдаланиб, маҳаллий аҳолини арманилар билан сўнмас адоват гирдобига ташлади, ўзлари эса совет олимпидан воқеаларни кузатиб, «ҳосил» тўплади.

Большевиклар Россияда ўз ҳокимиятини ўрнатгач, улар «армани масаласи»ни яна қўзғади. Ким билан «ўйин» кетаётганига қараб, мазкур масалага турли томонлардан ёндошилди.

  1. РСФСР, илгари Россия империяси хоҳлаганидек, Усмонли салтанатининг собиқ Карс вилоятида «Турк Арманистони»ни тузишни режалаштирган эди. Шунинг учун 1917 йили РСФСРнинг Усмонли салтанатига нисбатан «Турк Арманистони» юзасидан расмий эътирозлари билдирилди. Бу ғоя реализацияси учун РСФСР Халқ комиссарлари кенгаши (СНК) 1917 йил 29 декабрида (1918 йил 11 январида) «Турк Арманистони тўғрисида»ги декретни қабул қилди.
  2. Москва собиқ Карс вилоятини қайтариб олишдан манфаатдор эди. Бу пайти Жанубий Кавказда ҳали мустақил маҳаллий ҳукумат мавжуд эди. Шунга қарамай, Россия империясининг тажовузкор сиёсатини давом эттирган РСФСР Усмонли арманилари тақдиридан «қайғуриш»ни баҳона қилиб, Шарқий Анатолияга қайтишни режалаштирди. Декрет маҳаллий арманиларнинг «ўзлигини эркин белгилаш» ҳуқуқини ифода этган бўлса-да бошқа нарса – Карс вилоятини Россия «бағри»га қайтариш муҳим эди. «Турк Арманистони тўғрисида»ги декрет ижроси Кавказ ишлари бўйича фавқулодда комиссар, С.Г. Шаумянга топширилгани диққатга сазовор.
  3. «Турк Арманистони тўғрисида»ги декретдан сўнг 1918 йилда, яъни ҳали совет ҳокимияти Жанубий Кавказда ўрнатилмаган бир пайтда раҳбари И.В. Сталин бўлган РСФСР миллатлар ишлари бўйича Халқ комиссариати ҳузурида «Арманистон ишлари бўйича комиссариат» тузилди. Унинг объекти Шарқий Анатолия эди. Бу билан РСФСР Қарс вилоятига бўлган даъвосини яна бир бор тасдиқлади. Комиссариат тепасига, «Дашнакцутюн»нинг собиқ аъзоси В. Аванесов келди, В. Терян унинг ўринбосарига айланди. Комиссариат фаолияти доирасидга собиқ Россия империясининг арманилар истиқомат қиладиган минтақалари, хусусан, Кавказ ва Туркистон киритилди. Жойларда армани мактаблари, кутубхоналари, театрлари, музейлари очилди, газеталар чоп этила бошланди. Бу комиссариат 1921 йил охирига қадар мавжуд бўлди, аммо, «Турк Арманистони тўғрисида»ги декрет каби, РСФСРга ҳеч қандай ижобий натижалар бермади. Москвадаги армани миллатпарастларининг босимига қарамай, бу лойиҳалардан ҳеч бири кутилган натижаларга олиб келмади. Ўтмишда бўлгани каби XXI асрда ҳам буюк ҳокимиятлар ва йирик минтақавий давлатлар манфаатларини илгари сурувчи кўпгина ташкилотлар гўёки «армани масаласи»ни ҳал қилиш баҳонасида ўз геосиёсий ўйинларида кўнгилчан армани миллатпарастлиги ва шовинизмидан фойдаланиб келади.

1991 йили СССР парчаланиб кетгач, «Дашнакцутюн» яна Кавказга, Арманистон Республикасига қайтди ва у ердаги энг нуфузли сиёсий кучлардан бирига айланди. Бугун «Дашнакцутюн» армани миллатпарастлиги ва шовинизмининг бош жангариси бўлиб қолмоқда, унинг асосий ва доимий мақсади эса яна ўша-ўша: Озарбайжон, Грузия, Туркия ва Россия (Шимолий Кавказ) ерлари ҳисобига «Денгиздан денгизгача Буюк Арманистон»ни тиклаш йўлидаги idee fixe (хирақасқон ғоя). Унинг дастурида бугунги кунга қадар: «Бирлашган Арманистон таркибига Севр шартномасида кўрсатилган армани ерлари, шунингдек, Нахчивон, Ахалқалақ ва Қорабоғ вилоятлари кириши лозим» деган сўзлар жой олмоқда

 

ХУЛОСА

Қардош элатлар ўтмишида рўй берган тарихий воқеаларни ўрганиш бугунги муаммоларни чуқурроқ англашга кўмак беради, XVIII аср биринчи ярмидан бошлаб ХХ аср охирига қадар ташқи кучларнинг Туркистон ва Кавказ халқлари ички ишига мунтазам равишда аралашувининг салбий оқибатлари ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш имконини беради. Даставвал барча мустамлакачилик босқинларининг етакчилари колониал метрополиялар эди. Энди эса, ХХI асрда мустамлакачилик йўқлигига қарамай, «нимадир» ҳали-ҳамон қолмоқда, «қандайдир кучлар» ҳали-ҳамон мавжуд ва улар ўз геосиёсий мақсадларига эришиш, ўз таъсир доираларини сақлаб қолиш мақсадида халқлар ўртасида этник ва конфессионал талотўплар келтириб чиқаришга уринмоқда.

Шухрат Барлос

(ДАВОМИ БОР)

[1] Мельгунов С.П. Красный террор в России. 1918-1922. Берлин, 1924 (современное издание – М., 1990); Красный террор в годы Гражданской войны: По материалам Особой следственной комиссии по расследованию злодеяний большевиков. Под ред. докторов исторических наук Фельштинского Ю.Г. и Чернявского Г.И. / London, 1992.

[2] Литвин Л.А. Красный и белый террор в России 1918-1922гг. Казань, 1995, Б.63.; Голуб П.А. Белый террор в России (1918-1920гг.). М.: Патриот, 2006. Б.479; Архипов Ю.С., Хайкин Я.З. Логика истории и практика марксизма в России // Философские исследования, № 3, 2007, Б.47-57; Рабинович А.Е. Моисей Урицкий: Робеспьер революционного Петрограда? (рус.) // Отечественная история: Журнал. 2003. № 1. Б.3-23.; Ланцов С.А. Террор и террористы: Словарь. – СПб.: Изд-во С.-Петерб. ун-та, 2004. – 187 Б.

[3] Гейфман А. Революционный террор в России. 1894-1917. / Пер. с англ. Е. Дорман. – М.: КРОН-ПРЕСС, 1997

[4] Лалаян А.А. Контрреволюционная роль партии дашнакцутюн. «Исторические записки», т.2, М., 1938, с 79

[5] Имранлы К. Создание армянского государства на Кавказе. Истоки и последствия. Москва-Ладомир.2005г. с85.

[6] Вердиева Х.Ю. Переселенческая политика Российской империи в Северном Азербайджане. XIX-XX века. Баку, 1999, Б.140.

[7] Внешняя политика СССР. 1917-1944гг. Сборник документов. М., 1944, Б.27-28.

[8] Percy Sykes. The British Flag on the Caspian: A Side-Show of the Great War. Foreign Affairs, Vol. 2, No. 2 (Dec. 15, 1923), pp. 282-294; Kazemzadeh Firuz. Struggle For Transcaucasia (1917-1921), New York Philosophical Library, 1951, Б.130-131; ЗубовА. Политическое будущее Кавказа: опыт ретроспективно-сравнительного анализа, журнал «Знамя», 2000, № 4; Исмайлов Э.Р. Степан Шаумян – обречённый на забвение. Портрет «легендарного коммунара» без ретуши. Баку, 2012.

[9] Хмбапет – тўда бошлиғи.

[10] Лалаян А.А. Контрреволюционный «Дашнакцутюн» и империалистическая война 1914-1918гг. РВ, М., 1936, Б.92-93.

[11] Лалаян А.А. Контрреволюционная деятельность партии Дашнакцутюн. ИЗ, М., 1928, № 2, Б.99.

[12] Tadeusz Swietochowski. Russian Azerbaijan, 1905-1920: The Shaping of a National Identity in a Muslim Community. Cambridge University Press, 2004. pp 116-118.

[13] Peter Hopkirk. Like hidden fire. The plot to bring down the British Empire. Kodansha Globe, New York, 1994.

[14] Audrey L. Altstadt. The Azerbaijani Turks: power and identity under Russian rule. – Hoover Press, 1992. 331 p. – (Studies of nationalities). Б.86

[15] Michael G. Smith. Anatomy of a Rumour: Murder Scandal, the Musavat Party and Narratives of the Russian Revolution in Baku, 1917-20. Journal of Contemporary History, Vol. 36, No. 2. (Apr., 2001), p. 227

[16] Декреты Советской власти. Том I. 25 октября 1917г.-16 марта 1918г. М., 1957.

[17] Документы внешней политики СССР, Государственное издательство политической литературы. М.,1962, Т.6, док.83, Б.166.

[18] Раззаков Ф.И. Бандиты времён социализма. Хроника российской преступности 1917-1991 годов. М., 1997.; Раззаков Ф.И. Бандиты времён капитализма. Хроника российской преступности 1992-1995 годов. М., 1997.

[19] Программа армянской революционной федерации «Дашнакцутюн». Ереван, 1992, Б.18.