ТУРКИСТОНДА НИМА БЎЛГАН ЭДИ… (IX-бўлим)

 

Туркистонлик — шонимиз, туронлик — унвонимиз,

Ватан — бизнинг жонимиз, фидо ўлсун қонимиз!

ЙИҚИЛИШ

1920 йил 8 августида 2-Туркистон ўқчи дивизияси командири Ф.Д. Карпов М.В. Фрунзега қуйидагиларни исботлашга уринган эди: «Фарғонадаги кураш безориларга қарши кураш эмас, бу ерда кураш маҳаллий аҳолининг совет ҳокимиятига қарши пухта ташкил этилган исёнига қарши олиб борилмоқда. Босмачилар ўтган операцияда улкан йўқотишларга учради, ҳозирги пайтда уларнинг сафлари қайтадан тўлдирилди, ҳатто илгаригидан зиёда бўлди, ҳамда бир винтовкага беш нафардан номзод борлиги маълум».

Мазкур ҳисобот Туркистон ўлкаси генерал-губернатори А.Н. Куропаткиннинг капитанлик мансабида, Қўқон хонлигида 1876 йилда авжига минган Пўлатхон қўзғолонини бостиришда фаол иштирок этган кезларида ёзган бир ҳисоботини гўёки айнан такрорлайди. 1876 йилда олий қўмондонлик учун тайёрлаган ўз ҳисоботида А.Н. Куропаткин, 1920 йили Ф.Д. Карпов ёзганидек, қуйидагиларни ифода этган эди: «Кураш хонга қарши эмас, халқ ҳаракатига қарши олиб борилди. Уни эса бостириш осон эмас, Маҳаллий аҳолига қарши кураш, маҳаллий мустабидларга қарши курашишга нисбатан анча қийиндир».

Бу ҳисоботларга таққослаб қаралса большевиклар сиёсати мустамлакачилик руҳида эканлигини яна бир карра тасдиқлайди. Улар ҳам худди чоризм аскарлари сингари, маҳаллий аҳолини куч билан бўйсундириш йўлидан боргани ва бу йўлда халқ қаршилигига учрагани маълум бўлади.

1920 йил бошига келиб Туркистон миллий озодлик ҳаракатига қарши қизил армиянинг ўта жиддий кучлари тўпланди. Унинг адади қарийб 100 минг аскарни ташкил этарди. Ўша кезларда бу кучга қарши 60 минг исёнчи курашаётган эди. Шулардан 26 минг нафари Фарғона водийсида ҳаракатланар эди[1].

1920 йил 25 августида М.В. Фрунзе Бухорони эгаллашга кўрсатма берди. Қамал икки кун давом этди. Аммо бу қамал ҳеч қандай натижа бермайди. 31 август куни Фрунзе қуйидагиларни ёзган эди: «Бухородаги ишлар унча яхши кетмаяпти. 1-армиядан жиддий ёрдам етиб келганига қарамай, шаҳар ҳалигача эгалланмади… Оҳирги заҳираларимни урушга ташлаяпман».

31 август куни 11 та бомбардимончи самолёт ва артиллерия билан Бухоро ўққа тутила бошланди. Шаҳарга 200 та бомба ташланди. Бу воқеага қадар Бухородаги ёдгорликлар рўйхати тузилган бўлиб, унга 3 мингдан ортиқ бино киритилган эди. Бугун ушбу тарихий бойликлардан фақат 300 таси сақланиб қолган. Бомбаланган шаҳарда «мисли кўрилмаган кучга эга ёнғин» бошланди, «саройлар, энг муҳим бозорлар, энг муҳим омборлар ёнди, нон ва озиқ-овқат заҳиралари, юз минглаб пуд шакар, чой, бўёқ, гилам, ипак бошқа нарсаларнинг улкан миқдори нобуд бўлди». Тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони 5–6 минг кишини ташкил қилди[2]. Қисқа муддат ичида Бухоронинг пойтахт минтақасида шу қадар кўп мустақиллик курашчилари тўпландики, большевикларга қарши жанговар ҳаракатларни бошлаш имконияти туғилди[3].

Бомба ва артиллерия зарбалари оқибатида меъморчилик обидалари вайрон қилинди. Ҳеч қандай гуноҳи бўлмаган кўплаб тинч шаҳарлик аҳоли қурбон бўлди. Бухоро маркази, Регистон майдони ва қадимий Арк вайрон қилиниб, ёқиб юборилди. Большевиклар Аркнинг бой омборлари ва ертўлаларини талон-торож қилиб, у ердан олтин, кумуш ва олмосларни ташиб кетди. 1920 йил сентябрининг бошида Бухоро амирлиги бойликлари ва бошқа қимматликлар ортилган бир нечта эшелон Самарқанд ва Тошкент орқали Москвага йўлланди. Муросасиз курашдан сўнг қизил армия Шарқнинг энг қадимий шаҳарларидан бири – Бухорони вайрон қилди. Бу шаҳарни «Қуббат ул-ислом» ва «муқаддас шаҳар» ҳисобланишини эслатиб ўтиш ортиқча. Бухоро амири Саид Олимхон эса тахтни ташлаб қочишга мажбур қилинади.  

Большевикларнинг Бухородаги террори, Фарғона водийсида бўлганидек, яна тинч аҳолига қарши қаратилган эди. Бу эса мазкур ҳудудда ҳам большевикларга қарши халқ ҳаракатининг авж олишига замин яратди. Бухоро қўрбошилари орасида энг кўзга кўрингани Иброҳимбек Лақай эди. Бухоро амири ағдариб ташланганидан сўнг, айнан у мустақиллик ҳамда совет ҳокимиятини бартараф қилиш йўлидаги курашга бошчилик қилди.

1921 йил сентябрида Бухоро қўрбошилар қурултойида Иброҳимбек «Ислом саркардаси» рутбасига сазовор бўлиб, миллий озодлик кураши жангчиларининг олий бош қўмондони этиб сайланди. Иброҳимбекни маҳаллий аҳоли, асосан унинг ўзи мансуб бўлган лақай қабиласи вакиллари қўллаб-қувватлади[4].

Совет ҳукумати раисининг ўринбосарларидан бири, Бухоронинг ёппасига талон-торож қилинишига бевосита гувоҳ бўлган Г. Сафаров шундай ёзган эди: «Бухорога кирган қизил армия биринчи галда талончилик билан шуғулланди. Аскарлар ҳаммани ва ҳамма нарсани талон-тарож қилди. Умуман олганда, қизиллар Бухорони талон-тарож қилишга келган эди»[5].

1921 йили қуролли тўқнашувларнинг бутун даврида туркистонликларнинг йўқотишлари 700 минг кишини ташкил қилди[6]. Совет қуролли кучлари бу йилга келиб жами 250 минг нафар қизил армия зобитлари ва аскарларини йўқотган эди[7].

Комиссар K.Сорокин ёзади: «Мусулмонларда нима бўлса, у эгаллаб олинмоқда. Шунчаки эгаллаб ҳам олинмаяпти. Уларни ўлдиришаяпти. Ҳимояни таъминлаш ўрнига бизнинг аскарларимиз талон-торож қилади, ўлдиради… аҳоли террордан қочмоқда… Лекин кимдир эътироз билдириб, бу партия эмас, қизил армия зўравонликка қўл уряпти, дейиши мумкин. Лекин партия бошқарадику… партия биродарлари вазиятни яхшилаш йўлида ҳеч қандай чоралар кўрмаяпти… ичкиликбозлик ва жазосизлик гуллаб-яшнамоқда, партия эса, албатта, бари учун айбдордир. Мусулмон пролетариати руслардан ёрдам кутмоқда, лекин улар мусулмонларга ишонмаймиз деб жавоб бераяпти. Мусулмонлар таъқиб қилинмоқда, улар ҳатто отиб ташланмоқда. Мусулмон қашшоқлари суриштириб ўтирмасдан уларнинг мулкини йўқ қилаётган, уларнинг рафиқалари ва болаларини ўлдираётган аскарларимиз бебошлигидан азият чекмоқда. Шунинг учун ҳам улар бизга нисбатан зинҳор дўстона муносабатда бўлмаётгани ниҳоятда тушунарлидир, зеро улар бу қадар ўзбошимчаликларнинг гувоҳи ва қурбони бўлмоқда. Бизнинг ўзимиз уларни миллатпарастларга айлантирмоқдамиз»[8]

1921 йил октябрида Шарқий Бухорога Усмонли салтанатининг собиқ мудофаа вазири Анвар пошшо етиб келиб, аксилсовет ҳаракатига қўшилди. Бунинг натижасида большевик ҳокимиятига нисбатан таҳдид даражаси кескин ошиб кетди. Айнан ўша кезларда, 1922 йил мартида Фарғона ва Самарқанд вилоятларидан тортиб Шарқий Бухорогача бўлган улкан ҳудудларда мустақиллик учун курашнинг ягона жабҳаси шаклланди. Бу воқеалар Туркистон халқининг мустақиллик йўлидаги кураши тарихидаги бурилиш паллаларидан бири сифатида муҳим аҳамият қозонади.

Анвар пошшо ҳаёти ва фаолияти ҳалигача миллатпараст иғвочиларга тинчлик бермайди[9]. Аллақандай Геворг Памбукчян 1985 йил 4 февралида Канаданинг L’Horizon газетасида Анвар пошшога қарши яна бир ифлос туҳматни чоп этди. Бунда у гўёки 1958 йили аллақандай Гайк Айрапетяндан олинган гувоҳликларга асосланади. Ёзилишича, Айрапетянга ўз хотираларини Акоп Мелкумян деган шахс гапириб берганмиш. 

Г. Памбукчян, Г. Айрапетяннинг маълумотларига асосланиб, А.Мелкумян қизил армия командири сифатида ўз қўллари билан яккама-якка курашда Анвар пошшони чопиб ташлагани ва гўёки «1915 йилдаги армани геноциди»нинг асосий иштирокчи ва идеологларидан бири сифатида шу тариқа интиқом олгани хақида ёзади. Бу уйдирмага кўра, қизил командир, миллати армани бўлган Яков Мелкумов (Мелкумян Акоп Аршакович), гўёки Анвар пошшони ўлдиргани ҳақидаги гаплар тарқатди. Қўшимча тарзда у «Гнчак» террорчи партияси жангарилари билан дўст бўлгани хақида хабар қилинади.

Аммо шунча йил ЧКда ишлаб, Сталин лагерларида, 1937 йилдан 1954 йилга қадар, 17 йил давомида Колимада ГУЛАГнинг турли ерларида жазо муддатини ўтаб, ўтириб чиққан эски маҳбус (зек) Мелкумян Акоп Аршакович биринчи учраб қолган, кечагина танишган одамига, ҳатто у миллатдоши бўлса ҳам, бу қадар махфий ва хавфли ахборотни етказиши мумкинлиги шубҳа уйғотади.

Арманиларнинг «Гнчак» ва «Дашнакцутюн» миллатпараст-шовинистик партиялари совет давлат тизими ҳукмронлиги ўрнатилган пайтда совет ҳокимияти ва большевик мафкураси томонидан террорчи ташкилот деб ҳисобланганини НКВД зобити бўлган Мелкумян жуда яхши билар эди. Чунки совет ҳокимияти 20-йилларда «Гнчак» ва «Дашнакцутюн» партияларини террорчи, миллатпараст-шовинистлар ташкилоти деб тан олган эди. Чекистларнинг бундай ташкилотлар билан алоқаси учун улар шунчаки қамалиб қолмасдан, балки отилиб кетиши ҳам мумкин эди. У қавмдош бўлса ҳам, биринчи учраб қолган одамга гнчакчи жангарилар орасида дўстлари ва яқин инсонлари борлигини гапириш – буни Сталин лагерларидан чиққан одам гапиришига ишониб бўлмайди. Буни фақат армани черков эртакчилар ёки улар яратган тўқима, бадиий асарларидаги қаҳрамонлар гапира олади. Агар, ростдан ҳам собиқ сиёсий маҳбус шу маълумотларни етказган бўлса, демак, у бежизга 1937 йилда «РККАдаги ҳарбий-фашистик фитна»да иштирок этгани учун мол-мулки мусодара қилиниб, 15 йиллик қамоққа ҳукм қилинмаган экан.

Шунингдек, Анвар пошшонинг ўлдирилишини яна бир армани миллатига мансуб бўлган, собиқ чекист – Георгий Сергеевич Агабеков (Арутюнов, Арутюнян) ўзига нисбат беради[10]. Дашноқларнинг ҳеч қандай асосга эга бўлмаган бу икки хабари туфайли Анвар пошшони армани ўлдириб, танасини ҳақорат қилгани, боши ва қўлини чопиб ташлаб, «Немезис» отли террорчилик тадбирлари доирасида «1915 йилги армани геноциди» учун қасос олган, деб ҳисоблаш одатий тусга кирди.

Совет манбаларидан маълумки, Г.С. Агабеков совет разведкасининг Туркиядаги агенти эди. У Истанбулда инглиз тили муаллимаси билан ишқий муносабатлардан сўнг, 1930 йили Францияга қочишга мажбур бўлди. Аниқроғи, у Британия разведкаси томонидан ёлланади. Лекин тез орада фош бўлади ва Европага қочиб кетади. Бу қочишдан кўп ўтмай, у инглиз тилида OGPU: The Russian Secret Terror номли китобни нашрдан чиқаради. Бу Эронда ҳамда Яқин Шарқнинг бошқа мамлакатларида юзлаб совет агентларининг ҳибсга олинишига, СССРнинг Эрон шоҳи Ризо Паҳлавий билан муносабатларининг кескинлашиб кетишига олиб келади. Шу боис, Г. Агабеков ИНО НКВД махсус гуруҳи томонидан Францияда топилиб, 1937 йил августида ўлдирилади. Павел Судоплатовнинг аҳборотига кўра, Агабековнинг ўлдирилиши НКВД ходими, кейинчалик КГБ генерали бўлган ташқи разведка бошлиғи А.М.Коротков томонидан турк жангариси кўмагида ташкил этилган. Борис Бажанов баён этган версияга кўра, НКВД Агабековни Испанияда ўғирланган қимматликларни қайта сотишда иштирок этишга кўндирган, ҳамда у НКВД махсус гуруҳи тарафидан Испания-Франция чегарасида мазкур ноқонуний операцияни амалга ошираётганида йўқ қилинган. Агабековнинг жасади шу билан ҳеч қачон топилмади[11].

1931 йил 23 июнида қўрбоши Иброҳимбек Лақай ўз йигитлари билан совет ҳукуматига таслим бўлди. Ўша йилнинг 10 июлидан 26 июлига қадар Тошкентда Иброҳимбекни Ўрта Осий ҳарбий округи Махсус бўлинмаси (контрразведкаси) 3-бўлими бошлиғи Високинский таржимон Муртазин орқали САВО штаби IV бўлинмаси (разведкаси) бошлиғи Батманов Константин Александрович иштирокида сўроқ қилди. Сўроқ баённомалари Россия давлат ҳарбий архивида сақланади. Тошкент ЧКдаги тергов чоғида Иброҳимбек Лақайнинг қайнотаси Абдуқаюм Парвоначи берган гувоҳликка кўра, «Анвар пошшонинг охирги жанги Қурбон байрам диний тантаналарига тўғри келди. Ўшанда Анвар ва Давлатмандбий Ёпда (Давлатмандбийнинг она қишлоғи) ўзлари билан 30 йигитни қолдириб, қолганларни байрам қилишга қўйиб юборди. Бу вақтга – 4 августга келиб қишлоққа большевиклар яқинлашди, ва бошланиб кетган жангда Анвар ва Давлатмандбий ўлдирилдилар».

Бу жанг шарт-шароитлари тилдан тилга ўтиб, муҳожирлар хотирасида сақланиб қолди. Ўз ихтиёрича таслим бўлган кўнгиллиларнинг барчаси ОГПУ Коллегияси қарори билан 1932 йил 13 апрелида отишга ҳукм қилинди. Йигитлар ўша йилнинг 10 августида отиб ташланди. Қўрбоши Иброҳимбек Лақайни эса уч ҳафтадан сўнг, 31 августда отиб ташлашди[12].

Анвар пошшонинг ҳалокати шарт-шароитларини таниқли тожик тарихчиси Камол Абдуллаев ўзининг «Шарқнинг учар голланди ҳалок бўлган кун» номли очеркида баён этади. Бунда кулоблик муҳожирнинг ўғли Башир Боғлонийдан 1991 йил февралида Душанбеда олинган интервьюга таянади. Боғлоний 1980-йилларда Бабрак Қармал ҳукуматида адлия вазири бўлган[13]. Шунингдек, муаллифнинг очеркида япон тарихчиси Масаюк Ямаучи[14], яна Олаф Кэроу ва Закий Валидий Тўғоннинг фикрлари ва ахборотлари келтирилади. Улар ҳам Анвар пошшонинг охирги жанги шарт-шароитлари ҳақида етарлича маълумот қолдирган[15]. «Анвар пошшо васияти» китобида таниқли ўзбек муаллифи, Анвар пошшо ҳаёти ва фаолияти тадқиқотчиси Набижон Боқий ўша воқеалар гувоҳларининг тилидан маълумотлар келтиради[16].

Советларнинг расмий версиясига кўра, Анвар пошшонинг ўлдирилиши хизмати 8-Бошқирд кавалерия бригадаси 16-полки 3-эскадронининг М. Никитин қўмондонлиги остидаги ўнг колоннасига тегишлидир. Истеъфодаги генерал-лейтенант В.И. Урановнинг бу воқеалар ҳақидаги эсдаликлари «Ленинчи» газетасининг 19.09.1967 йилги №152 (5821) сонида чоп этилган эди[17]. Унда айтилишича, Шермуҳаммадбек, Жунайдхон (Қурбонмамед Сардор) ҳамда Туркистон миллий озодлик ҳаракати иштирокчилари бўлмиш бошқа қўрбошилар билан алоқада бўлиб турган Анвар пошшо 1922 йил 4 августида Балжувон яқинидаги тўқнашувда қаҳрамонларча ҳалок бўлган[18]. Бу хабар бутун Туркистонда яшин тезлигида ёйила бошлади[19]. Бу қайғули воқеа акс таъсир бериб, озодлик курашчиларини янада жипслаштирди. Уларнинг чиқишлари янада шафқатсиз ва муросасиз қиёфа касб этиб, Бухоронинг марказий ва ғарбий вилоятларига ҳам тарқалди.

1995 йил сентябрида Туркия Республикаси президенти Сулаймон Демирел Тожикистон Республикасига давлат ташрифи билан етиб келди. Ўшанда Анвар пошшонинг қолдиқларини Ватанига олиб кетиш борасида келишувга эришилди. Бунинг учун махсус қўшма археологик экспедиция сафарбар этилди. Унинг таркибига Туркиядан ҳамда Тожикистон Республикаси Фанлар Академияси Аҳмад Дониш номидаги Тарих, археология ва этнография институтидан малакали мутахассислар кирди. Улар орасида археологлар, антропологлар, рассомлар, сураткашлар, шунингдек, икки давлат телевидениясининг вакиллари ҳамда Туркиянинг Тожикистондаги элчихонаси вакиллари киритилди.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг кўрсатмалари асосида 1996 йил 30 июлида Тожикистоннинг Хатлон вилояти Ховалинг туманидаги Чағон деган жойда экспедиция иштирокчилари Анвар пошшонинг қабрини аниқлади. Қабр очилганидан сўнг, у ерда топилган инсон қолдиқлари синчиклаб ўрганиб чиқилди. Туркиялик тиббий экспертларнинг ўтказилган таҳлиллар ҳамда сақланиб қолган тиббий карталар асосида қилган хулосасига биноан, бу қолдиқлар Анвар пошшога тегишли эканлиги аниқланди. Бундан ташқари, Германиядан РСФСРга йўл олишдан бир муддат олдин Анвар пошшо стоматологда бўлиб, платинадан тиш қўйдиргани маълум бўлди. Жасад бошининг пастки жағ қисмида сақланиб қолган мазкур платинали тишлар топилган қолдиқлар ростанам XX аср 20-йилларида Бухоро Республикаси ҳудудида Туркистон миллий озодлик ҳаракати раҳнамоси Анвар пошшога тегишли эканлигини узил-кесил тасдиқлади.

Агар Анвар пошшони ўлдиргани хақида даъво қилаётган А. Мелкумян, Г. Айрапетяна и Г. Памбукчян айтганларидай, ростанам жасадни ҳақорат қилган бўлса, демак, у Ватан мустақиллиги йўлида курашган бошқа бир азаматнинг танасига нисбатан шундай шаккоклик қилган. Армани миллатпарастлари хаёлотга берилишни яхши кўришига қарамай, Анвар пошшо ва А. Мелкумян ўртасида яккама-якка кураш ҳам, қаҳрамон жасадининг камситилиши ҳам, унинг боши ва қўли чопиб ташланиши ҳам ўз тасдиғини топмади. Бунинг бари армани эртакчиларининг уйдирмаси бўлиб чиқди. Анвар пошшо душманнинг беш ўқига учиб ҳалок бўлди. Ўқларнинг бари унинг кўксига теккан эди. Бу Анвар пошшонинг жасади қазиб олиниб, Ватанида қайтадан дафн қилингунига қадар ўтказилган текширувларда аниқ исботини топди.

Туркия Республикаси президентининг давлат маслаҳатчиси Муниф Исломўғли бошчилигидаги давлат делегацияси Анвар пошшонинг хокини Ватанига олиб кетди. 1996 йил 3 августида у Гумушсую ҳарбий госпиталига жойланди. Эртасига эрталаб, 4 августда – Анвар пошшо ҳалок бўлган кунда Шишли Жомеъда жаноза намози адо этилди. Анвар пошшонинг хоки ҳарбий эҳтиром билан Истанбулдаги Обидаи Ҳуррият қабристонига дафн этилди[20].

Шухрат Барлос

[1] Раджабов К.К. Кўрсатилган автореферат. б.18.

[2] Фрунзе М.В. на фронтах гражданской войны: Сборник документов. М., 1941, Б.330.

[3] Заки Валиди Тоган. Воспоминания. Борьба мусульман Туркестана и других восточных тюрок за национальное существование и культуру. Туркчадан таржима – Москва, 1997, б.482.

[4] Khalid A. Society and Politics in Bukhara // Central Asian Survey. 2000. Vol. 19. Р. 367-396; Искандеров Б.И. Бухара в 1978-1920гг. Ликвидация Бухарского эмирата – очага английской интервенции и российский контрреволюции в Средней Азии // Труды Академии наук Таджикской СССР, том XIX. 1954. Б.3-67-13-17.; Колесов Ф., Бобунов А. Восстание в Бухаре // Война в песках. Гражданская война в Средней Азии. Материалы по истории гражданской войны к ХII тому. Под редакцией Горького М., Иванова В., Минца И., Колесова Ф. М.: ОГИЗ, 1935. Б.231-275.; Куц И. Ф. Годы в седле. -М., Воениздат, 1964.

[5] Сафаров Г. Колониальная революция. Опыт Туркестана. М., 1921.

[6] Ражабов Қ.К. Фарғона водийсидаги истиқлолчилик ҳаракати: моҳияти ва асосий ривожланиш босқичлари (1918-1924 йиллар). Yangı Nashr Т., 2015. иқтибос Хайит Б. б.201-202.

[7] Раджабов К.К. кўрсатилган асарб.211. иқтибос ЦГАРУз, ф. 17, оп. 1, д.336, л. 342-344.

[8] Kalpana Sahni «Crucifying the Orient – Russian Orientalism and the Colonization of Caucasus and Central Asia» – White Orchard Press, Bangkok, Thailand; The Institute for Comparative Research in Human Culture, Oslo, first published 1997. P 138.

[9] Israel W. Charny. Encyclopedia of genocide, A-H, p. 213 «Ismail Enver Pasha (1881-1922) was an instigator of the Armenian Genocide»; Richard G. Hovannisian. The Armenian genocide in perspective, p.33.

[10]АгабековГ. ОГПУЗапискичекиста. Берлин, 1930. Б.55; Георгий Агабеков ЧК за работой Глава VI. Убийство Энвер-паши – Приложение к журналу «Отечественные архивы». Выпуск 1. Москва – 1992.

[11] Судоплатов П.А. Спецоперации. Лубянка и Кремль 1930-1950гг. Гл. 2. Ликвидация троцкистов за рубежом; Бортневский В.Г. Опричнина. Невозвращенец Григорий Агабеков и секретная служба Сталина // Собеседник 1989. № 34 август.Б.12-13.

[12] Абдуллаева К. «Смерть Летучего Голландца Востока» Протоколы допроса см.: Дело № 25895, оп. 1, д. 870, л. 141-171.

[13] Интервью Б. Баглани. Февраль 1991, Душанбе.

[14] Masayuki Yamauchi. The Green Crescent under the Red Star: Enver Pasha in Soviet Russia 1919-1922, Tokyo University of Foreign Studies, 1991.

[15] Olaf Caroe, Soviet Empire, the Turks of Central Asia and Stalinism. London, 1953.p125.

[16]НабижонБоқий «Чингизафандигамактублар» 2004; НабижонБоқий «Анварпошонингвасияти» Истанбул, 2006.

[17] Газета «Ленинец» №152 (5821) от 19.09.1967г.; Агабеков Г. ГПУ Записки чекиста. Берлин, 1930.

[18] Зевелев А. И., Поляков Ю. А., Чугунов А. И. Басмачество: возникновение, сущность, крах / Гл. ред. восточной литературы. – М.: Наука, 1981, Б.244.

[19] Khalid A. Tashkent 1917: Muslim Politics in Revolutionary Turkestan // Slavic Review. 1996. Vol. 55. P. 270-296.

[20] Yalçın Soner, Osmanlı’nın Anıtkabiri Abide-i Hürriyet’di, Hürriyet Gazetesi, 29.04.2007.