Кундаликдаги қайдлар

* Орзу-истакларни амалга ошириш инсонга ўзига хос муаммолар туғдиради. Лекин ўзининг нима исташини аниқ билмаслик ҳам муаммоларнинг муаммосидир.

* Ўғрини ўзига дўст деб билган одам ўзини ҳалолман деса, унинг ҳалоллигига гумоним бор.

* Айрим касблар одамдан, ўта синчковликни, майдакашликни  талаб қилади. Аммо бу сифат одамнинг характерига кўчса, муомала-муносабатларида акс этаверса, жуда ёмон. Айниқса, бу касбнинг эгаси эркак киши бўлса.

* Бой одамнинг ўзини камбағал-бечора қилиб кўрсатавериши, аёл кишининг ўзи гўзал бўла туриб, мен хунукман, мен хунукман дея хархаша қилишига ўхшаб кетади. Бунда биринчисининг замирида пасткашлик ва муғомбирлик, иккинчисининг замирида эса маккоралик ётади.

* Инсон хотираси мўжизанинг ўзгинаси: хоҳласа ўзида истаганча маълумотни сақлай олади, хоҳласа исталган маълумотни ўчириб ташлайди.

* Баъзида билдирилган ишонч — ҳақорат билан баробар бўлади.

* Ҳар қандай муаммо, чигаллик ёки кўнгилсизликка исм топиш, хоҳ хаёлда тасаввур қилиш, хоҳ қоғозда тасвирлай олиш муаммонинг ярмини ҳал қилиш билан тенг.

* Кўпинча, қишнинг қуёши ва қиз боланинг қараши алдамчи бўлади: биринчиси чарақлаб чиқиб туради-ю, қиздирмайди, иккинчиси қуёшдай нигоҳи билан қалбингизни ёндиради-ю, меҳр бермайди.

*   Барча яхши ходим ва мутахассисларга ўзига ташаккур билдиришдан олдин уларга таълим-тарбия берган ота-онасига раҳмат айтиш керак. Чунки фазилатларнинг асоси, аввало оилада шаклланади.

* Фарзандингиз ноқобил чиқса, айбни ундан эмас, биринчи ўзингиздан — тарбиясига эътиборсизлигингиз, сўз ва амалингизнинг бир эмаслиги, харом-хариш билан келган пулларга енгил-елпи кийдириб-ичирганингиздан изланг — ҳар ким экканини ўради.

* Вақтини билиб меҳр, вақтини билиб қаҳр бериш керак — оилавий ҳаётнинг муҳим шарти шу.

* Токи нохолис фикрлар, масалага нохолис — бир ёқлама ёндашар экансиз — сизни тинглашлари қийин.

* Ҳақиқат манфаатига мос келса, маъқуллаб, манфаатига зид келганда рад қилган одам ҳамроҳу ҳамкорликка номуносиб, хавфли одамдир.

* Ҳақиқий ижодимдан баҳраманд бўлмоқчимисиз, аввало қанотларимни қўйиб юборинг.

*  Аёл кишини нафақат бошқа нарсалар билан, балки яхши гап билан ҳам тўйдириш керак.

* Ижодкорни, ижодни қатъий тизимга солиб бўлмайди. Шундай қилмоқчи бўлган одам асаларини табиий нектарга эмас, сунъий шакарга жўнатган асалчига ўхшайди.

* Яхши инсон эканлигингиз улуғ фазилат. Ижтимоий соҳаларда яхши эмаслигингизни вақтида англаб оёғингизни йиғиштиришингиз юз баробар яхши фазилатдир.

* Ижодда ҳайратини йўқотган одам, ғайратини ҳам йўқотади.

* Озгина бўлса ҳам виждони бор одамнинг тили билан дили бир бўлмаса, қарама-қарши туйғулар гирдобида қолиши муқаррар.

* Баъзи бировлар ўзининг керакли одамлигини кўрсатиб қўйиш учун ҳам ё норозилигини ёки асоссиз танқидини билдириб қўйишади.

* Мақола яхши чиқса муаллифнинг ютуғи, ёмон чиқса муҳаррирнинг камчилиги.

* Фарзандингизнинг ютуқларидан чин дилдан қувонсангиз 10 йилга умрингиз узаяди, аксинча бўлса, умрингиз 5 йилга қисқаради.

* Оҳорли туйғулар ва оригинал фикрлар оғриқли юракда пайдо бўлади.

* Бу одам карьера учун ўзини-ўзи тарашлайвериб, боши билан оёғининг вазифасини алмаштириб қўйган. Шундай одамларни кўрганда КАТТА ОДАМлар нима учун ёшларга катта эътибор қаратишини англаб етиш мумкин.

* Аёл гўзаллиги билан қалбимизни бир бора ром этса, ақлу закоси ва оқилалиги билан чексиз меҳру муҳаббатимизга сазовор бўлади.

* Одамларга адолат ва холислик билан ёндашмас эканмиз, ҳамфикр ва ҳаммаслакларимиз, яъни дўстларимизнинг бўлиши даргумон.

* Баъзи одамларнинг пасткашлигига дуч келганингда, ўзингни қанчалар баландлигингни ҳис этасан киши.

* Қалби тоза ва меҳнаткаш одамнинг қатъияти ҳам қаттиқ бўлади. Бу қатъият адолатсизлик рўй берган ҳар қандай вақтда, ҳар қандай одамга қарши туриши мумкин. Шунинг учун унинг андишалилигини суиистеъмол қилиб, уни лаганбардор ва олчоқлар билан янглиштириб қўймаслик керак.

* На худбин аёлга ва на назари паст эркакка пул ҳақида гап очиб бўлмайди.

* Нима бўлса бўлсин, шарманда шаҳар кенг бўлмасин, шаллақига кун туғмасин.

* Аввал оналаримиз бизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирса, кейинчалик бу ишни аёлимиз давом эттиради.

* Ҳаёти алдов ва ёлғон асосига қурилган одамларнинг телефони тўқсон фоиз ҳолатларда хизмат доирасидан ташқарида бўлади.

* Бадбашарадан эмас, бечора башарадан қўрқса қўрқгулик.

* Соғина бошлаганимиз — унута бошлаганимизни ҳам билдиради.

* Ҳамроҳинг ноқобил бўлса тилингни, ҳамкасбинг ноқобил бўлса, тилингга қўшиб дилингни ҳам тишла.

* Виждонсиз одамга ишониб юрагингни очма.

* Бошига тушмагунча бировнинг аҳволини тушунмаслик калтабин ва худбин одамнинг асосий хусусиятидир.

*Айтиб амал қилмайдиган мулла ва муаллим, ўғри ва жаллоддан кўра миллат ва мамлакатга кўпроқ зиён келтиради.

* Ўзингни фарзандингда йўқ бўлган сифат-фазилатларни бировнинг фарзандидан талаб қилиш ёки кутиш инсофдан эмас.

* Оддий инсоний бурч ёки вазифангизни адо этиб, кўмак берганингизда айрим одамларнинг раҳмату ташаккурини қайта-қайта изҳор этавериши, вақти келиб сиз арзимаган хато-камчиликка йўл қўйганингизда, уларнинг кечириш, тушуниш ўрнига таъна-дашном бериши, кек-гина сақлашидан далолат беради.

* Тубанликдан сақланиш йўлини айтайми..? Айбни аввал ўзингиздан, кейин бировдан изланг.

* Қалбимиздаги кучли муҳаббат севилишга бўлган кучли эҳтиёждан келиб чиқмайдими?

* Ўзига танқидий назар ташламайдиган одам, гарчи арзигулик фазилатлари бўлса ҳам мақтовга арзимайди.

* Биз ниманидир эъзозлаб қадрига етсак у нарса бизники. Кимники эъзозласак, яхши-ёмон кунида ёнида бўлиб, ҳамфикр ва ҳамнафас бўлсак, у одам ҳам бизники.

* Демократия бу ҳеч кимга малол келмасдан яшашга интилишдир.

* Инсон қилаётган яхшилиги аввало ўзига қилинаётган яхшилик эканини, ёмонлиги ҳам худди шундайлигини англаб етмагунча комилликка яқинлашолмайди.

* Ёшларни танқид қилишни одатига айлантирган катталар билиб қўйинг – дарё қайси томонга қараб оқса, жилға ҳам шу томонга оқади.

* Фикрдан фикр туғилади…

* Мулксиз одам – масъулиятсиз одам.

Лазизжон БАХРАНОВ