Сиёсий тизимнинг асосий принциплари

Сиёсий тизим муайян ғоявий талабларга, қоидаларга, яъни принципларга таянади. Сиёсий-ҳуқуқий адабиётларда “принцип” категориясига катта эътибор берилади. Принциплар ижтимоий воқеа, ҳодиса ва институтларнинг асосий механизми, таянчи ҳисобланади.

1. Сиёсий тизимнинг ташкил этилиши (тузилиши) ва фаолият юритишининг принциплари деганда, аввало, шу соҳадаги муҳим раҳбарий ғоялар тушунилади. Ушбу принциплар сиёсий тизимнинг моҳиятини, табиатини, асосий мақсадини, ижтимоий мазмуни ва вазифасини очиб беради.

Принцип, бир жиҳатдан, турли аҳамиятга эга ҳодиса ва билимлар мажмуининг асоси бўлса, иккинчи томондан, ҳар қандай хатти-ҳаракат, хулқ-атвор ва фаолиятнинг бошланғич қоидаси саналади. Файласуфлар принципни бошқа воқеа ва ҳодисалардан алоҳида мавжуд бўладиган негиз деб изоҳлайдилар.

2. Принципни бундай таърифлаш борлиқни яхлит (кўп ҳолларда тизим шаклида) тасаввур қилиш имконини беради. Демак, принцип тизим ҳосил қилувчи, тизимнинг мавжудлигини таъминловчи муҳим омилдир.

Принциплар воқеа, ҳодиса, жараёнларнинг шакл­ланиши ва ҳаракатланишида қонуниятни акс эттиради. Демак, принцип категорияси “қонуният”, “моҳият” категориялари билан узвий боғлиқдир. Шундан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, сиёсий тизимнинг моҳияти унинг асосий принциплари мазмунида намоён бўлади.

Сиёсий тизим принциплари давлатнинг ҳуқуқий сиёсатини, ҳуқуқнинг бутун ички тузилишини, мазмунини қамраб олади ҳамда бошқа ижтимоий тизимлар билан ўзаро муносабатига фаол таъсир кўрсатади. Улар сиёсий тизимга мазмун бахш этади, уни муайян мақсад сари йўналтиради. Шу маънода, сиёсий тизим принципларини таъсирчан сиёсий воқелик, фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларига хизмат қилувчи сиёсий-ҳуқуқий омил сифатида эътироф этиш мумкин.

Сиёсий тизим ичида демократик принципларнинг устуворлигини таъминлаш, сиёсий ҳаёт (жараёнлар) иштирокчилари томонидан уларга ҳамда етакчи сиё­сий мезонларга қатъий амал қилинишига эришиш ниҳоятда муҳим. Шу боис, мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли сиёсий ислоҳотларда “умум­инсоний қадриятлар ва умуммиллий манфаатлар устувор бўлишини, унинг бутун ҳудудида умумдавлат қонунлари устуворлигини таъминлайдиган тамойиллар асос қилиб олиниши даркор”3.

Сиёсий тизим амал қилишининг асосий принципларини таснифлашга ўтишдан аввал шуни айтиш лозимки, ҳар бир жамият сиёсий тизимининг ўз принциплари бўлади.

Демократик сиёсий тизим қуйидаги асосий принципларга таянади: халқ ҳокимиятчилиги, давлатнинг мустақиллиги, демократизм, қонун устунлиги, инсонпарварлик, инсон ҳуқуқларининг устуворлиги, кўппартиявийлик (сиёсий плюрализм), ҳокимиятлар бўлиниши, ошкоралик, ижтимоий адолат ва ҳоказо. Қуйида таҳлил этиладиган принциплар сиёсий жараёнлар кечишининг, сиёсий тизим ва унинг элементлари амал қилишининг ташкилий асоси ҳисобланади.

  1. Халқ ҳокимиятчилиги. У демократик жамият ва давлатчиликка хос принцип. Халқ ҳокимиятчилиги юнонча “демократия”нинг таржимаси, яъни “demos” — халқ ва “kratos” — ҳокимият, бошқарув деган маънони англатади.

Замонавий шароитда халқ ҳокимияти — аввало, вакиллик демократияси. Халқ ўзининг ҳокимият ваколатларини давлат ҳокимиятининг тегишли органлари: қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд органларига беради. Айни пайтда ўзи сайлаган сиёсий ҳокимиятга итоат этиш мажбуриятини зиммасига олади.

Сиёсий тизимнинг асосий элементлари бўлган давлат, сиёсий партиялар, жамоат бирлашмалари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари халқ ҳокимиятини амалга ошириш тармоқлари ҳисобланади. Бу борада давлат ҳокимияти алоҳида ўрин тутади. Давлат ҳокимияти билан халқнинг узвийлиги Ўзбекистон Конституциясида мустаҳкамланган. Унга кўра, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир (7-модда). Мамлакатимизда давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб, Конституция ва қонунлар ваколат берган идоралар томонидан амалга оширилади.

  1. Давлатнинг мустақиллиги (суверенитети). Суверенитет давлатнинг мустақил ҳаракатланиш, бошқа давлат таъсиридан холи бўлиш, ўз ҳудудида ҳокимиятни ўз ихтиёрича бошқариш хусусиятидир. Суверенитет лотинча “supra” — “юқори” деган сўздан олинган бўлиб, ҳокимиятнинг кучини, иродаси олийлигини, яъни устунлигини англатади. Давлат ҳокимиятининг суверенлиги шунда кўринадики, у мамлакатдаги барча ҳуқуқий муносабатлар тизимини, умумий ҳуқуқий тартиботни, давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотларининг, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқий мақомини белгилайди, ҳуқуқ ва бурчларини ўрнатади.

Ўзбекистон Конституциясининг 1-моддасида “Ўзбекистон — суверен демократик республика” деган қоида мустаҳкамланган. “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Конституциявий қонунда (1991 йил 31 август) мамлакатдаги кўп миллатли аҳолининг хоҳиш-иродаси ифодаланиб, давлат мустақиллиги эълон қилинди.

  1. Демократизм. Сиёсий тизим фаолиятида демо­к­­ратизм принципи халқ ҳокимиятчилиги принципи билан ҳамоҳанг намоён бўлади. Ҳар бир халқ, ҳар бир мамлакат демократияни ўз ҳаётига мос тарзда жорий этади. Бироқ, демократиянинг характерини белгиловчи умумий мезонлар бор. Бу демократик тамойилларга риоя қилиниши, демократик институтларнинг мавжудлиги ва уларнинг сиёсий тизим фаолияти билан боғлиқлигидир. Мазкур принцип Конституциямизнинг муқаддимасида ўз аксини топган бўлиб, унда “инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш” ғояси илгари сурилган. Қонун нормаларини қўллаш борасида демократизм тамо­йили ҳуқуқни қўлловчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларни ташкил этишда, уларнинг фаолият юритиш тартибида, одил судловни амалга ошириш жараёнида, аҳоли учун юридик ёрдамнинг реаллиги даражасида ўз аксини топади5. Демократизм тартиб-қоидалар ёрдамида шахс ва жамият ҳаётини, сиёсий жараёнларни, бутун сиёсий тизим фаолиятини тартибга солувчи принципдир.
  2. Қонун устунлиги принципи. Конституция ва қонун устунлиги нафақат давлат қурилишининг, балки бутун сиёсий тизим амал қилишининг муҳим принципи ҳисобланади. Асосий қонунимизнинг 15-моддасида мустаҳкамланганидек, Ўзбекистонда мамлакат Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Айни шу моддада қонунийликнинг мазмун-моҳияти ҳам очилган. Қонунийликнинг талаби шуки, давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, сиёсий партиялар ва фуқаролар Конституция ҳамда қонунларга мувофиқ иш кўради.

Конституция ва қонунлар ҳар бир ҳуқуқ субъекти учун олий қадрият бўлиши лозим. Бунга эришиш учун конституция ва қонунлар демократия руҳида, замонавий шароит ва эҳтиёжларга жавоб берадиган бўлиши керак. Фақат шундагина улар сўзсиз бажарилади6.

  1. Инсонпарварлик принципи. Адабиётларда кўпинча “гуманизм” ибораси орқали англатиладиган принцип аслида инсонпарварлик маъносини билдиради. Бу принципнинг моҳияти, туб луғавий маъноси “инсонни севиш”дир. Ўзбекистон Конституциясида қадриятлар кетма-кетлиги қуйидагича белгиланган: “инсон — жамият — давлат”. Демак, биринчи ўринга инсон ва унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, манфаатлари қўйилган. Шахснинг ҳуқуқларини, қадр-қимматини ҳурматлаш, унинг эркин ривожланиши учун шароит яратиб бериш давлатнинг, унинг барча идоралари ва мансабдор шахсларнинг асосий бурчи ҳисобланади.

Конституциямиз инсоннинг ҳаёти, эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини олий қадрият деб ҳисоблайди (13-модда). Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас (25-модда). Ўзбекистонда жиноят учун жазо тайинлаш тизимининг либераллашиб бораётгани, тез-тез амнистия ва афв этиш актларининг қабул қилиниши қонунчиликнинг, ҳуқуқий ва сиёсий тизимларнинг тобора инсонпарварлашиб бораётганидан далолат беради. Ўзбекистон Президентининг 2005 йил 1 августдаги фармони билан 2008 йил 1 январдан бошлаб мамлакатда ўлим жазосининг бекор қилингани ҳам инсоннинг яшаш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган инсонпарвар ҳужжатдир.

  1. Инсон ҳуқуқлари устуворлиги принципи. У — халқаро ҳамжамият томонидан умумэътироф этилган тамойил. Ўзбекистон Конституциясида ҳам инсон ҳуқуқлари устуворлиги, давлат билан фуқаронинг ўзаро масъуллиги ҳамда сиёсий-ҳуқуқий алоқадорлиги илк бор мустаҳкамланди. Шу боис, сиёсий тизим субъектлари ҳам шахсни конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлар соҳиби сифатида сиёсий-ҳуқуқий муносабатларнинг тенг иштирокчиси деб тан олади ва инсон ҳуқуқларининг таъминланишига устувор аҳамият қаратади7.
  2. Кўппартиявийлик (сиёсий плюрализм) принципи. Кўппартиявийлик демократик сиёсий тизимнинг узвий белгисидир. Сиёсий тизимда хилма-хил сиёсий партияларнинг мавжуд бўлиши, ҳокимият учун кураш олиб бориши ёки ҳокимиятни амалга оширишда фаол иштирок этиши сиёсий жараёнлар демократик тартибда, ўзаро рақобатлашув ва ҳамкорликда амалга ошишининг гаровидир.

Ўзбекистон Конституциясида мамлакатда сиёсий плюрализм (фикрлар хилма-хиллиги) ва кўппартия­вийлик қарор топиши учун ҳуқуқий асос мустаҳкамланган: “Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас” (12-модда)8. Мазкур конституциявий қоидани ривожлантириш мақсадида “Сиёсий партия­лар тўғрисида”ги (1996 йил 25 декабрь), “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги (2004 йил 27 май) қонунлар, “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш, мамлакатни модернизация қилиш шароитида сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш тўғрисида”ги (2007 йил 11 апрель) конституциявий қонун қабул қилингани турли сиёсий партияларнинг шаклланиши, сиёсий майдонга чиқиши ва фаолият юритиши учун имкон яратди. Ҳозир Ўзбекистонда тўртта сиёсий партия мавжуд бўлиб, улар парламентнинг Қонунчилик палатасида ўз фракцияларига эга. Булар: Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон халқ демократик партияси, Миллий тикланиш демократик партияси, Адолат социал-демократик партиясидир.

Демократик сиёсий тизимда кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм бир қатор афзалликларга эга. Аввало, бу сиёсий яккаҳокимликка қарши туради; иккинчидан, сиёсий баҳс-мунозарага шароит яратади; учинчидан, сиёсий қарор қабул қилинишида барча сиёсий партиялар ва кучларнинг тенг иштирок этишини таъминлайди.

  1. Ҳокимиятлар бўлиниши принципи. У демократик жамиятларнинг сиёсий тизимига хосдир. Мазкур принципнинг қўлланиши ҳокимиятнинг суиистеъмол қилинишига тўсиқ қўяди, фуқароларни мансабдор шахсларнинг тазйиқидан ҳимоя қилади, давлат идоралари фаолиятининг самарали бўлишига шароит яратади.

Ҳокимиятлар бўлиниши ҳар бир ҳокимият тармоғининг ўз ваколати доирасида мустақил бўлишини тақозо этади. Шу боис, ҳар қандай мамлакатда ягона қонун чиқарувчи орган, ягона ижро этувчи орган ҳамда ягона судлов органи (тизими) мавжуд бўлиши лозим.

  1. Ижтимоий адолат принципи. Бу тамойил инсонлар ўртасидаги муносабатлар адолатли бўлишини назарда тутади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсат ва аҳолининг моддий ёрдамга муҳтож қатламларига аниқ йўналтирилган ижтимоий ёрдам ҳамда ҳимоя чораларининг бош принципи ижтимоий адолатдир. Ҳуқуқшуносликка оид адабиётларда давлат қурилиши ҳамда фаолиятининг, сиёсий тизим амал қилишининг принциплари қаторида ижтимоий адолат принципи эътибордан четда қолдирилгани таажжубли ҳолдир. Баъзи энциклопедик луғатларда ижтимоий адолат принципи ижтимоий ахлоқ тушунчаси деб таърифланган9. Таъкидланишича, ижтимоий адолат инсоннинг атрофда юз бераётган ҳодисаларга муносабатини акс эттиради. Ижтимоий адолат гуманистик ғояларга асосланиб, воқеликка инсоф-диёнат билан ёндашишни, холисликни, демократик муносабатни ўзида ифодалайди.

Ўзбекистон Конституциясининг 14-моддасида “Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади” деган қоида мустаҳкамланган. Ижтимоий адолат конституциявий принцип даражасига кўтарилгач, албатта, сиёсий тизим амал қилишининг асосий тамойилларидан бири бўлиши лозим. Бунинг учун ижтимоий адолат ғояларини сиёсий онгга, сиёсий жараёнлар иштирокчиларининг феъл-атворига сингдириш зарур.

  1. Ошкоралик принципи. Сиёсий тизим, унинг институтлари фаолияти ҳақида, ижтимоий-сиёсий ҳаётда юз бераётган жараёнлар ҳақида оммага тўлиқ ахборот бериб бориш ниҳоятда муҳим бўлиб, у ошкоралик принципи орқали амалга оширилади. Ошкоралик демократик фаолият юритишнинг асосий талабларидан биридир.

Фуқаролик жамияти демократик тарзда уюшган, ошкоралик ва очиқлик ҳукм сурадиган эркин жамиятдир. Бу жамиятда сиёсий-ҳуқуқий ҳодисаларга ижтимоий баҳо бериш, жамоатчилик фикри билан ҳисоблашиш устувор мавқега эга бўлади.

Мамлакатнинг биринчи Президенти оммавий ахборот воситаларининг “тўртинчи ҳокимият” сифатида мавқеини мустаҳкамлаш ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини қарор топтиришнинг муҳим шарти эканини такрор-такрор таъкидлаб келади. “Барча оммавий ахборот воситаларига, — дейди Ислом Каримов, — мамлакатимиз ахборот майдонида ҳалол рақобат асосида фаолият олиб бориши учун давлат зарур шароитларни яратиб бериш лозим, …бу жамиятни том маънода демократлаштириш гаровидир”.

Мамлакатда оммавий ахборот воситалари эркин фаолият кўрсатиши учун қонунлар қабул қилинган, ҳуқуқий кафолатлар яратиб берилган. “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги, “Ноширлик фаолияти тўғрисида”ги, “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Юқорида таъкидлаб ўтилган принциплар мамлакатимиз сиёсий тизими халқ манфаати йўлида самарали фаолият юритишига хизмат қилувчи, етакчи ва йўналтирувчи ғоялардир.

Алишер АБЗАЛОВ,

юридик фанлар номзоди

Манба: http://huquqburch.uz