СОХТА ИЛМ НАЗАРИЯСИ (I-бўлим)

Мустамлакачи империя қаерда ҳокимиятини ўрнатса, биринчи навбатда барчани янги шароитларга кўндириб, босқинчиликни илмий асослашга уринган. Бу йўлда кўп қўлланадиган услублардан бири эгалланган ҳудудлардаги халқларни бир-бирига душман гуруҳларга бўлиб юбориш эди. Бу чоралар бўйсундирилган аҳоли орасида онг манипуляциясини олиб бориш воситасида амалга ошириларди. Алдов, сотиб олиш йўллари билан одамлар онгида мустамлакачилик сиёсати борасида янглиш тасаввур ҳосил қилинар эди. Нозик ва айёр онг манипуляцияси усуллари ёрдамида янги хўжайинлар бўлиниб кетган қавмларни бутунлай тобе этиш режаларини тузар эди. Мустамлакачилик сиёсатининг туб моҳияти мана шундан иборат.

Туркистон истило этилгач, мустақил давлатлар ҳудудига тажовуз қилинишини илмий асослаш ҳамда бу ерда Россия империя қўшинларининг туришини легитимлаштириш мақсадида чор ҳукукмати «Орийлик назарияси»дан фойдаланди. Мазкур назария бугунги кунда кўпчилик олимлар томонидан ғайриилмий сафсата сифатида баҳоланади. Аммо у пайтларда энг илғор илмий кашфиёт ўлароқ ардоқланарди. «Орийлик назарияси» тарафдори бўлмиш олимлар тадқиқотчиларнинг энг илғор ва мавқеи баланд тоифаси ҳисобланар эди. Мустамлакачилик сиёсати ҳамда «Орийлик назарияси» принципларидан келиб чиққан ҳолда, Россия империяси Тошкент шаҳрида Туркистон археология ҳаваскорлари тўгарагини ташкил этди[1]. Тўгаракнинг таъсис этилишига бағишланган тантанали йиғилиш янги илмий тузилманинг фахрий раиси, барон Александр Борисович Вревскийнинг дастурий маърузаси билан очилди. У Туркистон генерал-губернатори сифатида тўгаракнинг ўлкадаги олий вазифаси сифатида «Орийлик назарияси»ни эътироф этди.

Туркистон ўлкаси генерал-губернатори А.Б.Вревскийнинг археология ҳаваскорлари тўгарагининг 1895 йил 11 декабридаги биринчи йиғилишидаги сўзлари:

«Бу ерда, олдида муҳим илмий вазифа турган Туркистон археология ҳаваскорлари тўгараги фаолиятини очиб бериш менга насиб қилганидан жуда хурсандман. Шу пайтгача тарих, Туркистон ўлкасининг қадимий аҳолиси ҳақида жуда кўп маълумотга эга, ва тўгарагимизнинг вазифаси — Ўрта Осиё тарихининг қадимги даврини ёритиш учун имкон қадар кўпроқ материал тўплаш. Одатда Ўрта Осиё — ҳозирги Афғонистон, Балх, Марв ва бошқа қўшни жойларни назарда тутяпман — орий ирқи беланчаги бўлган деб ҳисобланади.

Маданияти ўз даври учун энг юқори савияли деб ҳисобланадиган қадимги орийлар эмин-эркин ҳаёт учун янги ерлар топиш учун кўчишга мажбур бўлган эди. Кейинчалик ўша ерлардан Чекка Шарқ халқларининг ёввойи ўрдалари ўтиб, орий маданияти изларини ўчириб ташлади, аждодларимиз эса Европада тарқалди. Ҳозирги пайтда тақдир бизни — орийларни бир пайтлар аждодларимиз чиққан ерларга олиб келди. Шу боис, зиммамизда бир пайтлар қайта тиклашга ҳаракат қилаётганимиз орий маданияти гуллаб-яшнаган ерлардаги тарихий ёдгорликларни тўплаш ва сақлаб қолишдай муқаддас мажбурият бор»[2].

Россия империясининг барон А.Б. Вревский тарафидан илгари сурилган геосиёсий мақсад ва вазифаларини империя олимлари Туркистон халқлари тарихида «орий изи»ни қидиришга қаратилган ажабтовур усуликага айлантириб, «Орийлик назарияси»ни ўлканинг мустамлакага айлантиришига илмий асос сифатида қўллади. Ўқувчи жамоатни ҳаракатга келтирган империя маъмурияти секин-аста мустамлакачиликнинг кейинги дастурларини амалга ошира бошлади.

Тўгаракка чет эллик олимлар ҳам таклиф этиларди. Германиялик астроном, ушбу проблематикага «Туркистон, ҳинд-герман халқлари бешиги» китобини бағишлаган Франц Шварц шулар жумласидандир. Бу олим Туркистонга генерал-губернатор К.П. фон Кауфман томонидан Тошкент обсерваториясини яратиш учун таклиф қилинган эди. Ўлкада 15 йил яшаган Ф. Шварц махсус концепция яратди. Унга кўра, Туркистон европаликларнинг тарихий ватанидир, ва айнан шу ҳудудларда узоқ ўтмишда ҳинд-герман халқлари шаклланган, айнан шу ердан кўп асрлар давомида «орий аҳли» Европа, Яқин Шарқ ва Шимолий Ҳиндистон томон кўчган. Ф. Шварц, шунингдек, Ўрта Осиёни германлар, кельтлар, славянлар ва бошқа халқлар маданиятининг бешиги деб санаган. Муаллиф ўзининг «F. Sсhwаrts Turkestan, die viere den indogermanischen Volker» (Freiburg, 1900) китобида Туркистон қавмлари турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналарида Библия сюжетлари ҳамда Гомер асарларининг изларини топиш мумкин деб ёзган эди. У фақат Туркистонда Библия ва Гомер асарларининг мундарижасини чуқурроқ ўзлаштира олганини, бу асарларни яхшироқ тушуниб, муносиб баҳолашга муваффақ бўлганини эътироф этган.

Фахрий раис, Туркистон ўлкаси генерал-губернатори барон А.Б. Вревский томонидан йўналтирилган тўгарак мавжудлигининг илк босқичларида унинг геосиёсий лейтмотиви кучайиб борди. Туркистон археология ҳаваскорлари тўгараги аъзоларининг 1896 йил 11 декабрь, таъсис этилганидан роппа-роса икки йил ўтиб ташкил этилган иккинчи умумий йиғилишида генерал-губернатор яна «Орийлик назарияси»га қайтиб, унинг олий мақсад бўлиб қолаётганини қайта эълон қилди[3].

Туркистон ўлкаси генерал-губернатори А. Б. Вревскийнинг археология ҳаваскорлари тўгарагининг 1896 йил 11 декабрдаги иккинчи йиғилишидаги сўзлари:

«Энди ўтган йили тўгаракнинг очилишида айтган нарсамни яна такрорлайман — ўтроқ орий нуфусининг узоқ ўтмишдаги маишатини аниқлашга бор кучимизни сафарбар этмоғимиз лозим…

Билимларимизнинг бугунги даражасида, афсуски, нега айнан орий қабилалари, бошқалари эмас, ҳам фан соҳасида, ҳам давлат қурилиш шакллари ҳумкрон мавқега эга бўлганини биз аниқ тушунтириб бера олмаймиз. Бунинг боиси, табиийки, биз орийларнинг қадимги тарихини билмаслигимиздандир; биз уларнинг тарихини Европага кўчишларидан бошлаб биламиз, у ерга улар кейинги маданий ривожланишга етарли даражада тайёр бўлиб келган эди. Олис ўтмиш даврларида орийлари Ҳимолай ва Ҳиндукуш ёнбағрида истиқомат қилган ва биз археологик маълумотлар асосида улар ҳаётининг шу ва шунга яқин босқичларини имкони борича ёрита олсак эди, орийларнинг кейинги тараққиётини аниқроқ тушуна ва уларнинг бугунги иқтидори сабабларини аниқлаштира олар эдик.

Шу тариқа, мавзунинг фавқулодда қизиқлиги ва муҳимлиги сабабидан тўгарагимиз Ўрта Осиёда орийлар ўтмиш ҳаёти ва турмуши изларини қидиришда давом этиш ниятини қайта такрорламасдан иложим йўқ».

1896 йили, Туркистон археология ҳаваскорлари тўгарагининг иккинчи йиғилишида В.В. Бартольднинг «Ўрта Осиёда орий маданияти ҳақида сўз» номли мурожаати ўқиб эшиттирилди. Бу мурожаатда у қуйидагиларни хабар қилган эди:

«Ўрта Осиё тарихини кузатишимизча, унинг ўтроқ аҳолиси ҳар доим орий қабилаларига, айнан орий халқларининг эрон гуруҳига мансуб бўлган. У орий қавмининг бешиги бўлганми, ёки орийлар у ерга бошқа бирор ўлкадан кўчиб келганми, бу масала ҳозирча баҳсли бўлиб қолмоқда».

Юнон-Бақтрия давлатининг қулаш тарихини қисқа баён этар экан, В.В. Бартольд асрлар мобайнида сақланиб қолган «орий маданиятининг сезиларли» излари сақланиб қолганини эътироф этар, аммо, шунга қарамай, Россия сиёсий давраларида ҳукм сурган туркларга қарши умумий адоватни ҳам қоралар эди ва жумладан:

«Орийларнинг маданий ҳиссаси ва туркларнинг ёввойилиги ҳақидаги кўпиртирилган тасаввурлар Россиянинг Туркистондаги илмий вазифаларининг тушунилишида акс этмаслиги мумкин эмас эди; 1895 йили маҳаллий археология тўгарагининг очилиши ўлкадаги рус ҳокимиятининг олий вакили томонидан тўгарак олдига ўлканинг ёввойи турклар томонидан йўқ қилинган ва бошқа орийлар — руслар томонидан қайта тикланиши лозим бўлган қадимий орий маданиятини ўрганиш вазифаси қўйилди»[4].

Туркистон археология ҳаваскорлари тўгариги бошқаруви раисининг ўринбосари, ўзининг миссионерлик фаолияти билан машҳур Н.П. Остроумов таъкидлаганидек, «тўгарак ҳозирги пайтда охирги тарихий қатлам билан ишламоқда. Унинг остида эса, мамлакатнинг туб орий меросига бўлмиш турк таъсирининг излари бор. Хатти-ҳаракатларимизнинг асосий мақсади шудир»[5].

Туркистон археология ҳаваскорлари тўгараги аъзоларининг 1896 йил 11 декабрдаги икккинчи умумий йиғилиши баённомасидан маълумки, тўгарак аъзоси Н.А. Авинов тўпланганларни Бомбай Осиё археология жамияти ҳам «орийлар»нинг энг узоқ ўтмиш масаласини ҳал қилиш устида ишлашни бошлаганидан бохабар этиб, у билан алоқалар ўрнатишни таклиф қилди. Бомбай Осиё археология жамиятининг тилга олиниши ҳақида сўз кетган экан, Ҳиндистондаги вазиятни ҳам унутмаслик лозим — у ерда Британия ўз мустамлакачилик сиёсатини жорий этиш йўлида бир пайтлар қудратли бўлган Бобурийлар давлатини бўлиб ташлаш учун манипуляция усулларини қўллаб келаётган эди.

Осиё ва Африкада бўлиб туришини асослаш ва легитимлаштириш мақсадида Европа илмий ҳамжамияти мустамлакачилик сиёсатига улкан хизмат кўрсатди. Бунинг учун ўша йиллар фанида кўплаб янги гипотезалар, назариялар, атама ва оқимлар ўйлаб топилди. «Орийлик назарияси», «орий халқлари», «ҳинд-европа тиллари», «ҳинд-орий халқлари», «европацентризм» сингари тушунчалар мустамлакачиликни оқлашнинг илмий постулатларига айланди. Бугунги тил билан айтганда, «Орийлик назарияси» ўша давр олимлари орасида урф бўлган, энг кенг тарқалган қизиқишга айланди.

Туркистон археология ҳаваскорлари тўгараги биографи Б.В. Лунин тузилма фаолияти ҳақида анчайин тўлиқ ахборот қолдирган. Киевнинг Авлиё Владимир университети тарих-филология факультети декани, Россия, Сербия ва Жанубий славян фанлар академиялари мухбир аъзоси Тимофей Дмитриевич Флоринскийнинг қизиқишлари ҳақида у қуйидагиларни хабар қилади: «Шарқ халқларининг узоқ ўтмишини тушунтирар экан, у ўзининг олимлигини яхшироқ ишга муносиб тиришқоқлик билан ҳамма нарса ва ҳаммани орий илдизларига бориб тақашга сарфлар эди»[6].

Туркистон археология ҳаваскорлари тўгарагининг бошқа аъзоси — В.А. Мустафиннинг асарларидан маълумки, Тимофей Дмитриевич Флоринскийнинг саклар ва массагетлар славян эканлиги, Сибирь, Еттисув ва Фарғона эса славянларнинг асл ватани эканлиги, ҳатто Помир ороними славянча этимологияга эга эканлиги ҳақидаги ғоялари Россия империясининг геосиёсий манфаатларига нақадар мос келар эди. У ҳатто туркларнинг тош балбалларини орий-славян маданияти ёдгорликлари сирасига қўшган эди[7].

Туркистонда «Орийлик назарияси» билан, шунингдек, француз тадқиқотчилар ҳам қизиққан эди. Масалан, Ж. Кастанье Ўрта Осиёда свастика тасвирлари топилганини хабар қилганди[8], Парижда эса 1912 йили Сорбоннада «Марказий Осиёда цивилизациялар ва тиллар кураши» докторлик диссертацияси матнини эълон қилган эди[9].

Таниқли турколог ва эроншунос, Самарқанд тарихи бўйича мутахассис И.И. Умняков қуйидагиларни хабар қилган:

«Ўрта Осиёнинг энг диққатга сазовор ва қизиқ халқлари сирасига, шубҳасиз, мамлакатнинг бизга маълум бўлган энг қадимий туб аҳолиси бўлмиш, қадимдан ўтроқ деҳқон ва орийларнинг тўғридан-тўғри авлодлари бўлган тожиклар киритилиши мумкин. Ўрта Осиёнинг чет қавмлар тажовузлари учун ҳар томонлама очиқ кенгликларида бошқа халқлар билан у ёки бу даражада аралашганига қарамай, улар тоғ водийларининг ичкари қисмларида, Туркистоннинг улкан тоғ массивларида, ассосан унинг жанубий қисмида энг тоза бир шаклда сақланиб қолган бўлиб, Шарқий Бухоро, Бадахшонни эгаллаган, Афғонистоннинг турли ерларида ўрнашиб қолган. Аммо унинг жанубий чегараларига яқинлашган сайин камайиб боради. Туркистон ва Бухоронинг тоғли тожиклари орасида қадимги маишат шакллари, жуда қизиқ урф-одатлар сақланиб қолган бўлиб, уларнинг ўрганилиши, шубҳасиз, ҳинд-европа халқларининг этнографияси ва узоқ ўтмишига оид турли масалаларга ойдинлик киритади. Типлари ва тили жиҳатдан улар энг тоза сақланган халқдир…» [10]

Туркистонда Россия ҳукмронлиги йиллари манбаларини ўрганиб, бир нарсага амин бўлиш мумкин. Россия империясининг асосий мақсади инсоний ва табиий ресурсларга эга чиқиш эди. Россия қўшинларининг Туркистонга кириб келишини легитимлаштириш ҳамда бу жараёнга романтик қиёфа бериш мақсадида ғайриилмий «Орийлик назарияси» тезислари зўр бериб тарғиб қилинар эди. Босқинчиликка илмий ёндашиш истаган Россия зиёлиларининг бир қисми Россия мустамлакачилик сиёсатини жаҳон ҳамжамияти кўз ўнгида оқлаб, уни илмий асослашга, цивилизаторлик миссиясини исботлашга уринар эди. Моҳиятан ғайриилмий «Орийлик назарияси»нинг тарғиб этилиши унинг бошланишидан буён зиёлилар онгини манипуляция қилиш воситаси эди, лекин бу кейинроқ аниқланди.

Шуни эътиборга олиш керакки, ўша олис вақтларда, олимлар айнан цивилизаторлик миссиясини бажараётганлигига ишонишар эди. Марказий Осиё тарихчилар ва археологлар илмий-тадқиқот мактабини ривожлантириш ишига катта ҳисса қўшган олимлар силсиласи, Тошкентни археолог олимлар марказига айлантирди. Бу мактабдан жаҳон миқёсида машҳур кўплаб олимлар етишиб чиқди. Улар иштиёқ билан қадимги шаҳарларда қазилма ишлари олиб боришга киришганда, ўта қадимий тамаддун изларини асрий чанглардан тозалаганда соддалик қилиб, XX аср Европасида «Орийлик назарияси» инсонларни йўқ қилишнинг энг қудратли идеологиясини яратиш воситасига айланишини, бу назария жаҳон бошига минг бало солишини ўйлаб ҳам кўрмаган эди.

«Орийлик назарияси» негизида одамларнинг ирқий фарқларини тафтиш қилиш, назария тарғиботи ҳамда унинг сиёсий мақсадлар йўлида қўлланилиши Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг, «Орийлик назарияси» тушунчасининг ўзини жаҳон ҳамжамияти кўз ўнгида ер билан битта қилибгина қўймай, ушбу атаманинг ҳатто илмий мақсадларда қўлланишига ёзилмаган тақиқ қўйиб қўйди. «Орийлик назарияси» асосидаги онг манипуляциялари оқибатлари башарият учун энг аччиқ тажриба бўлди. Одамлар орасидаги уруғ-қабилавий, антропометрик, лингвистик, пигментацион ва бошқа фарқлар ҳам доим, тараққиётнинг ҳар қанақа босқичида бор эди. Бироқ эндиликда ирқчилик ва миллатпарастлик, манфаатдор шахслар томонидан бошқаларнинг ерига эга чиқиш, ўз ҳудудларини кенгайтириш мақсадида жўрттага сингдирила бошланди.

Европа мустамлакачилик сиёсати шафоатида ишлаган Рихард Вагнер, Фридрих Ницше, граф Жозеф Артур де Гобино, Людвиг Вольтман, Жорж Ваше де Лапуж, Хьюстон Стюарт Чемберлен сингари олимлар туфайли одамларнинг ирқий нотенглиги ҳақидаги қарашлар тарқала бошлади. Шундай қилиб, «Орийлик назарияси» бутун бошли сохта илмлар мажмуасининг гуллашига замин яратиб берди. Бугунги кунда нуфузли олимлар ирқий назария ирқчиликнинг ва ирқий камситишнинг келиб чиқиши учун пойдевор вазифасини бажаргани исботланган[11]. Даставвал «орий ирқи» деганда катта европеоид ирқининг кўпроқ «норд ирқи» номи билан машҳур шакли тушунилар эди. Атама Жозеф Гобино томонидан «Инсон ирқларининг нотенглиги борасида тажриба» китобида илк бор ишлатилган[12].

Инсоният тарихидан маълумки, айрим сиёсатчилар ўз халқларининг гўёки камситилган топталган нафсониятини «жигарранг вабо» деб аталувчи фашизм ипи билан тўрлашга уринган. ХХ аср вабоси деб аталган фашизм ҳақида жуда кўп ва хўб ёзилган. Бу илмий ишлар ва тадқиқотлар натижалари таҳлили битта фактни тасдиқлайди — «Орийлик назарияси» асосига қурилган давлат идеологиясида фашизм билан параллеллар кўзга ташланади. Бошқа ирқ ёки бошқа миллатга нисбатан нафрат, айниқса у ирқий устунлик ғайриилмлари негизида барпо этилган бўлса, энг ваҳший ва ғайриинсоний усул бўлиб, у ҳар қандай ирқчи ва миллатпараст сиёсатчи қўлида қурол бўлиб улгурган.

Фашизм деганда айрим содда инсонлар балки совет кинофильмларидаги Учинчи Рейх аскарини тушунар, лекин ўқимишли шахслар айнан «Орийлик назарияси» ирқчилик мафкурасининг бошланмаси бўлгани, бу эса фашизмнинг асоси эканлигини жуда яхши билади. Кенг маълумотга эга кишилар фашизм ҳақида кўп ўқиган ва яхши маълумотга эга, ушбу мафкуранинг оқибатлариям кўпчиликка маълум. Шунга қарамай, илмий-техник тараққиёт асрида, «орийларнинг этник ўзига хослиги» ҳақидаги қарашлар сохта илм эканлиги исботланган бир пайтда баъзи ўлкаларда «Орийлик назарияси» тезисларининг тарғиб этилиши ҳануз давом этмоқда. Соғлом фикрдаги одамлар ёлғон-яшиқ назария бандларининг жаҳон ҳамжамиятига «буюк давлат» ва «буюк миллат» ғояларининг қайта туғилиши сифатида тақдим этилаётганини кўриб фақат ачиниши ва куйиниши мумкин. Ғайриилмий «Орийлик назарияси» янги қиёфа касб этган ҳолда ўқув юртларида ва илмий давраларда айрим ёш мустақил давлатларнинг миллий ғояси сифатида ҳам яна ўрганила бошлагани кишини ташвишга солмай қўймайди.

Россия империяси Марказий Осиёни бўйсундиришидан илгари маҳаллий аҳоли турмуш тарзида ва сиёсий кун тартибида «миллат» тушунчасининг европача чегаралари мавжуд эмас эди. Зотан, бу ғоялар Европа олимларининг ақлида уйғонган ва шаклланган. «Инородец» ва «туземец» ва бошқа ножоиз сифатлар билан таърифланган тобе қавмлар Россия империяси мустамлакачилик сиёсати туфайли сунъий равишда ҳар хил миллатларга бўлиб юборилди, ҳам маҳаллий, ҳам империя маъмурияти кўрсатаётган ижтимоий, этно-конфессонал нотенглик ва зулм туфайли қадди букилиб қолган эди. «Орийлик назарияси» тарғиботчилари бугун ҳам минтақа халқлари ёвларнинг қўли билан сунъий равишда миллатларга бўлингани, бунинг бари муте халқларни бошқариш осон кечиши учун қилингани ҳақидаги тарихий ҳақиқатни менсимай келмоқда. Большевизм ўрнатилганидан сўнг, собиқ Россия империяси табаалари ҳудудий жиҳатдан майда миллатларга парчалаб ташланиб, «миллий хонадон»ларга кўчирилди. Большевизм тизимида расман қулларга ва халқлар турмаси тутқунларига айлантирилган одамлар умрининг охиригача кунларини оғир ва камсамара меҳнатда ўтказиб, шунда ҳам вақти келиб бахтли коммунизм ўрнатилиши, ана ўшанда барча тенг ва бахтли бўлишига кўр-кўрона ишониб яшаган.

(Давоми бор)

Шухрат Барлос

Манбалар:

[1] Устав Туркестанского кружка любителей археологии. Открытие Туркестанского кружка любителей археологии 11 декабря 1895г. Ташкент: Типолитография бр. Порцевых, 1895, Б.4, 7.

[2] Речь барона Вревского 11 декабря 1895 года на открытии Кружка // Протоколы заседаний и сообщений Туркестанского кружка любителей археологии. Т. 1. Ташкент, 1895. Б. 1.

[3] Протокол заседания общего собрания членов Туркестанского кружка любителей археологии, состоявшегося 11 декабря 1896г. лл. 1, 2.

[4] Бартольд В. В. Задачи русского востоковедения в Туркестане // Академик В. В. Бартольд. Сочинения. Т. IX. М., 1967. Б. 529.

[5] Бартольд В.В. Несколько слов об арийской культуре в Средней Азии. Сочинения. Т. II. Часть 2. Работы по отдельным проблемам истории Средней Азии. М.: Наука, 1964, Б.322.

[6] Лунин Б.В. Из истории русского востоковедения и археологии в Туркестане. Туркестанский кружок любителей археологии (1895-1917г.). Ташкент: Изд-во АН УзССР, 1958. Б.55.

[7] Мустафин В.А.Каменные бабы //ПТКЛА. II. 1897-1898. с 17- 72.

[8] Маджи С.И. Кастанье Ж.А. как историк Средней Азии //Общественные науки в Узбекистане. 1993, № 6, Б.19.

[9] Коuzniеtsоv Р. Le lute des civilisations et des langues dans l’ Asie Centrale, Paris, 1912, 359 p.

[10] ЦГА Республики Узбекистан, ф 34, оп. I, ед.хр.2104, л. 89 (об.).

[11] Сf. Adam Kuper, Jessica Kuper (eds.), The Social Science Encyclopedia (1996), «Ostensibly scientific»: «Racism», p. 716; Cf. Patricia Hill Collins, «Scientific racism was designed to prove the inferiority of people of color» Black feminist thought: knowledge, consciousness, and the politics of empowerment (2nd ed., 2000), Glossary, p. 300;

[12] «Essai sur l’inégalité des races humaines» (Эссе о неравенстве человеческих рас, 1853, 1855)