СОХТА ИЛМ НАЗАРИЯСИ (III-бўлим)

Халқ оммасининг онгини заҳарлашга қаратилган «Орийлик назарияси» «камситилган»ларнинг давлат мафкурасига айланиб улгурди — у «ўз» миллий манфаатларини гўёки «бегона» миллатдан ҳимоя қилиши лозим эмиш[1]. Ранг-баранг сохта тарихчилар ва сиёсий фирибгарлар одамлар онгига таъсир ўтказиш йўли билан ҳатто зиёлилар юрагига адабий ва сиёсий жиҳатдан пухта ишланган, лекин ичи бўш «Орийлик назарияси»ни сингдиришга муваффақ бўлиб келмоқда.

Сохта олимлар ичида «орий»ларнинг турклардан антропологик жиҳатдан фарқланишига қараб, ирқчилик сиёсати тарғиботини авж олдириб юборганлари ҳам бор. Уларнинг кўпчилиги ҳозирги кунда ҳам, гўёки туркийларнинг маданияти орийларникига нисбатан пастроқ бўлганини исботлашга уринмоқда. Узоқ йиллардан бери улар «Орийлик назарияси» доктриналаридан фойдаланган ҳолда халқ онгига ўзига хослик, такаббурлик, ҳинд-оврупа тиллиларининг бошқа халқлар ва гуруҳлардан маданият ва тил бўйича устунлиги ғоялари сингдирилмоқда. Бу билан оддий одамларнинг онги манипуляция қилиниб, реал ҳаётнинг асл муаммоларидан узоққа олиб қочилмоқда. «Орий мафкурачилари» тарихидан маълумки, уларнинг ҳурмача қилиқлари оддий одамларни ихтилоф ва зиддиятларга бошлайди. Бунинг натижаси ўлароқ маданият ирқчилик белгиларига кўра талқин қилиниб, «юқори» ва «қуйи»га бўлинади, оҳири эса яна ўша маънисиз урушлар билан тугайди[2].

Иккинчи Жаҳон уруши йилларида академик В.В.Струве ва кўплаб бошқа олимлар «орий» атамаси Эронда ҳам, Ҳиндистонда ҳам катта мазмун касб этмаганини, фақатгина бизнинг асримизда, айрим миллатларни бошқаларидан устун қўйиш идеологиясига хизмат қилдирилиш учун кенгроқ тарқалганини таъкидлаб келган бўлса-да[3], баъзи бир замонавий муаллифлар «орий миллати»нинг ўзига хослиги ҳақидаги миси чиққан ва уриб, тўкиб бўлинган тезисларни қўллашда давом этмоқда.

2006 йили Тошкентда академик Э.В. Ртвеладзе ва профессор А.С. Сагдуллаев «Марказий Осиё халқларининг узоқ ўтмиши ҳақидаги замонавий асотирлар» номли китобни нашрдан чиқарди. Ушбу асарда олимлар асосланган бир шаклда турли сохта тарихчиларнинг қарашларини таҳлилдан ўтказган. Улар, жумладан, нацист Германияси даставвал «орий устуворлиги» мафкурасини тинч оқим сифатида кўрсатгани, лекин у «орий» ўзакли бўлмаган одамларни кенг миқёсда таъқиб этиш ва йўқ қилиш билан тугаганига урғу бериб ўтишган. «Орийлик назарияси» ва бошқа миллатпараст қарашларнинг тарих фанидаги ўрни хусусидаги аниқ хулосалар берилган. Нуфузли олимларнинг тадқиқотларидан келиб чиққан таҳлиллар ва натижалар берилган бўлиб, уларга кўра ғайриилмий «Орийлик назарияси»нинг асоссиз ва янглишлиги, у ҳар доим одамлар ўртасида зиддият ва келишмовчиликлар келтириб чиқаришдаги бир қурол ўлароқ сиёсат қўлида хизмат қилгани айтиб ўтилади. Профессор А.С. Сагдуллаев асл манбаларни ҳамда тадқиқотнинг илмий усулларини четда қолдираётган олимларни кескин қоралади. Шу билан бирга, тарихий воқеаларнинг янглиш талқин этилиши ва тарих сабоқларини нотўғри тушуниш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушунарли тилда таърифлаб берди. Зеро, тарих одамларни ўтмишдаги хатоларни такрорламасликка чақиради.

Академик Э.В. Ртвеладзе, турли муаллифларнинг асарларига батафсил кўз ташлар экан, ғайриилмий «Орийлик назарияси»нинг асл моҳиятини батафсил очиб берди, у биродар ва қардош халқларнинг орасини бузишини яққол далиллади. Муаллифлар «Орийлик назарияси» тарафдорларининг кўз қарашларини батафсил кўриб чиқар экан, ўқувчилар диққатига жаҳон тарихида энг қадимги даврдан бугунги кунгача бўлиб ўтган тарихий воқеаларнинг янглиш талқинлари борасидаги танқидий изоҳларини келтириб ўтди[4].

Таъкидлаб ўтиш керакки, ўзбек зиёлилари томонидан «Орийлик назарияси» тарафдорлари бўлган муаллифларнинг бир миллат ёки ирқнинг бошқаларига нисбатан устунлиги ҳақидаги қарашлари танқид остига олиниши ва рад этилиши олимларнинг оддийгина бир жавоби бўлиб, академик доираларга хос бир ҳолатдир. Тинчликсевар Ўзбекистон фуқаролари сифатида биз ҳар қандай тажовузкорликни, айниқса бир халқни бошқалардан устун қўйиш сингари иллатларни кескин қоралаймиз.

Барчага маълумки, Ўзбекистон Республикасининг миллий истиқлолчилик ғоясининг асосий тезислари ҳисобланмиш миллатлараро ва конфессиялараро толерантлик, бағрикенглик принципларининг обрўсини тўкиш мақсадида, дунё ҳамжамияти олдида, Ўзбекистонга қарши қаратилган аҳборот урушлари олиб бораётган гуруҳлар ҳам мавжуд. Шунга қарамасдан, Ўзбекистон Республикаси ҳар доим, ҳар ерда сиёсий ва миллий муаммоларни тинч йўл билан, ўқ отар автомат қуролнинг нишони остида эмас, музокоралар йўли билан ҳал қилишни таклиф қиладиган давлат бўлиб қолмоқда.

Мустамлакачилик даврида «Орийлик назарияси» Россия империяси босқинини илмий асослаш ва легитимлаштириш учун керак эди. Бугун эса ушбу мавзу айрим қаллоб сиёсатчилар томонидан форсийзабонлар орасида туркийзабонларга қарши ўзига хос ички қаршилик яратиш, сохта руҳоний мотивларга ишончини қўзғатиш мақсадида тарғиб қилинмоқда.

Ўз миллий ўзлигини кўтариш билан машғул бўлган лекин билими паст даражада бўлган, инсонга яқин пайтгача фанда ёки жамиятда «миллат» ҳақидаги замонавий тушунчалар мавжуд бўлмагани хабар қилинса, у мазкур ҳақиқатни қабул қилишда катта мушкулотга дучор бўлади. У авваламбор «орий ирқи» намояндаси эканлигини «билган» чаласавод руҳий қийноқларга учрайди. Унинг ишонишича, ҳаётидаги ягона муваффақият айнан дунёдаги энг буюк ва энг тоза «орий миллати»га мансублигидир, аммо илмий нуқтаи назардан қараганда «Орийлик назарияси» асосидаги миллатпарастлик гипнотик-наркотик характердаги бир ҳолат бўлиб, назариянинг ўзи саводсизларни оҳанрабодай тортади. Асотирлар ва халқ эртакларига, миллат номининг келиб чиқиши хусусидаги халқ этимологияларига бўлган қизиқиш ҳам шу билан тушунтирилади.

Бундай «орийчи» жамоаларнинг хатти-ҳаракатлари палингенетик ультрамиллатпарастлик тарғиботини тарқатувчи экстремист гуруҳларнинг ташвиқотлари сифатида баҳоланиши керак. Уларнинг тарғиб қилаётган бузғунчи ғояларига эса, кўп миллатли фуқаролик жамиятининг яхлитлигига ва толерантлик ғояларига нисбатан қилинаётган беҳурматлик сифатида қаралиши лозим.

Ирқчилик, миллатпарастлик ва диний тоқатсизликни миллатлараро ва конфессиялараро ихтилофларни келтириб чиқариш мақсадида айрим сиёсатдонлар томонидан қўлланилаётган “саъй-ҳаракатларини” фош этиш, очиқ-ошкор танқид қилиш, жамият нигоҳида уларнинг маккор режаларини батафсил очиб ташлаш ҳамда биродар ва қардош халқлар ўртасидаги муносабатларга низо уруғини сочишга бўлган уриниш ўлароқ ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий йўллар билан қоралаш лозим.

Ўқимишли ва бохабар инсонлар биладики, «Орийлик назарияси»нинг зўр бериб тарғиб қилиниши муайян давлатлар ичида тартибсизликлар келтириб чиқаришни мақсад қилган «ташқи кучлар»нинг ғараз мақсадларига хизмат қилади. Ҳақоратли муносабатда бўлиш, ўзаро адоват ва кек, одамлар орасидаги муносабатларда тоқатсизликни келтириб чиқаради ҳамда хаос учун керакли муҳитни яратиб беради. Ташқаридан бошқариладиган хаос шароитида эса ушбу ихтилофга тортилган биродар халқлар истиқомат қиладиган минтақанинг табиий бойликлари ва моддий қимматликларини эгаллаб олиш осонлашади. Шунингдек, бу, илгари айтилганидек, қурол сотиш бозорини ташкил этиш учун ҳам керак. Барча ёппасига қурол сотиб олиши учун, табиийки, ҳарбий низо керак, жаҳл ва адоватсиз эса уруш қилиб бўлармиди? Ўз-ўзидан тушунарлики, урушсиз ҳарбий саноат ҳам мавжуд бўла олмайди.

Миллатпарастлик, ҳар қандай кўринишдаги ирқчилик қандайдир ғайриилмий тарихий пойдеворга қурилган бўлса, толерантлик ва бағрикенгликнинг умумэътроф этилган принципларини тан олмайди ва у билан муросага бормайди. «Орийлик назарияси» асосидаги миллатпарастлик ғояси атайлаб уюштирилган спекуляция ва сиёсий қаллобликдан бошқа нарса бўлмай, айрим сиёсатчилар ёхуд сиёсий давраларнинг ғаразли мақсадларига хизмат қилади. Бу эса, биринчи галда тарихий билимлари йўқ, чаласавод давраларга қаратилади. Яхши таълимдан мосуво инсон ўзини «орий»лар қаторига қўшиб қўйилган бирор-бир ўтмиш арбоби, олим ёки буюк шоирнинг миллатдоши ёки ҳамюрти деб ҳис этса, қаттиқ ҳаяжонга тушади. Гўёки бу олим ва шоирлар буюклигининг бир бўлаги унга ҳам ўтиб қолгандай. Шунинг учун, у буюк инсонлар биринчи навбатда «орий» бўлгани учунгина шу даражага эришганига иймон келтиради. Буюк олимлар ва шоирлар бир умр фанга ва гўзалликка хизмат қилганини, одамларнинг ирқий ёки миллий белгиларига кўра камситилиши ёки сиқувга олинишига қарши курашиб келганини эса ўйлаб ҳам кўрмайди.

Соғлом фикрловчи инсон учун ёмон миллатнинг ўзи йўқ, ҳатто ёмон инсоннинг ҳам ўзи йўқ ва бу инсон руҳиятининг фанда яхши ўрганилган жиҳатларидандир. Аммо вайронкор ғоялар, жиноий ҳаёллар ва ифлос фикрлар бор. Албатта, фикр учун ҳукм ўқилмайди, аммо бу жиноий ва ифлос ўйлардан келиб чиқадиган конкрет хатти-ҳаракатлар барча ҳудудларда ҳам қораланади. Жаҳоннинг ҳар қандай мамлакати ўз давлат тузумини, фуқароларини таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳуқуқи соҳибидир. Бироқ, ҳар бир шахс ҳам ўз фуқаролик позициясидан келиб чиққан ҳолда, зудлик билан ҳаракат қилишга ва имконияти бўлгани қадар хўжайинларининг геосиёсий мақсадларига эришиш йўлида мафкуравий ва сиёсий бузғунчи технологияларни синаб кўришни хоҳлаган гуруҳларнинг режаларини қоралашга, фош этишга ҳақли эканлигини инобатга олиш лозим.

 

ХУЛОСА

Миллатпарастлик ва ирқчилик умуминсоний қадриятларнинг умумқабул қилинган меъёр ва принципларига зид келади. Шу муносабат билан ғайриилмий догмалар ва сафсаталар асосида кўп миллатли жамиятларнинг ички вазиятини беқарорлаштиришга қаратилган этник антагонизм яратишга бўлган уринишларни ОАВ орқали салбий тенденция сифатида фош этиб, миллий хавфсизликка таҳдид сифатида бартараф қилиш чораларини кўриш шарт.

Ўзбек менталитети этник ихтилофларни қабул қилмайди. Ўзбек миллий менталитетининг асоси миллатга эмас, айнан инсоннинг ўзига нисбатан ғамхўрлик ва муҳаббатдан иборат. Ҳурмат ва эҳтиром учун миллат муҳим омил бўлолмайди.

Гитлер туфайли немисни ёмон кўрмаймиз, пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом туфайли арабнинг олдида эмакламаймиз, Умар Ҳайёмнинг шеърлари туфайли форсни илоҳийлаштирмаймиз. Оддий ўзбек учун ким қандай миллатга мансублигидан қатъий назар бахтда ҳам, қувончда ҳам, қайғуда ҳам бу ҳаёт йўлидан у билан бирга юрадиган одам қадрли. Зотан, ҳар бир инсон ўз ёнида дўсти, руҳан яқин инсони бўлишини истайди.

1991 йилдан эътиборан Ўзбекистонда яшовчи барча миллатлар бир халққа айланди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси фуқароси этник жиҳати билан папуас, армани ёки рус бўлса, унинг учун Папуа-Янги Гвинея, Арманистон ва Россия Федерацияси сингари бошқа давлатларнинг сиёсий позицияси қандай аҳамиятга эга бўлиши мумкин? Ҳеч қандай, ахир унинг Ватани — Ўзбекистон.

Ўзбекистон Республикасининг Миллий Истиқлол ғояси асоси миллатлараро ва конфессиялараро бағрикенглик принципларида бардавом турибди. Ўзбекистонда инсонга ҳурмат, унинг аҳамияти, инсоннинг ақлу заковати ва фахму-фаросатига кўра белгиланади. Ирқи, миллати ёки конфессионал мансублиги билан белгиланмайди. Шунинг учун Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси, миллатидан қатъий назар, ўз Ватанининг аҳолиси ҳақида «менинг халқим, бизнинг халқимиз» дейишга маънан ва қонуний жиҳатдан тўла ҳақли. Бу ерда яшаётган барча миллат ва элатлар учун ягона Ватан принципи мутлақо собитдир. Ўзбекистон — бу заминда истиқомат қилаётган барча учун ягона Ватан. Ушбу муборак ўлкада турли конфессиялар, 136 миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Анъанавий-маданий, тил ўзлиги ва фуқаролик тамоман бошқа-бошқа тушунчалардир. Халқаро ҳуқуқ ижодкорлари ва субъектлари миллатлар эмас, давлатлар эканлигини тушуниш лозим.

Шухрат Барлос

Манбалар:

[1] Масов Р. История топорного разделения. Душанбе: Ирфон,1991.

[2] Негматов Н.Н. Таджикский феномен: теория и история. Душанбе,1997.

[3] Струве В.В.Арийская проблема. Ташкент, 1944, Б.9.

[4] Ртвеладзе Э.В., Сагдуллаев А.С. Современные мифы о далёком прошлом, народов ентральной Азии. Ташкент: «O’ZBEKISTON», 2006.3-49 бет