Дима Қаюм кутубхонаси энди расман фаолият кўрсатади

Ufq.uz/ Фейсбук ижтимоий тармоғида Дима Қаюм номи билан кўпчиликка таниш бўлган машҳур блогер Дилшод Болтабоев 2018 йилнинг 5 январь куни Фарғона вилоятининг Риштон тумани ҳокими Ғайратали Мамадалиев қабулида бўлди. Бу хақида блогер фейсбукдаги саҳифаси орқали хурсанд кайфият билан маълум қилди.

Дима Қаюм ташаббуси билан, очиқ осмон остида ташкил этилган “Рошидоний халқ кутубхонаси” эндиликда жами 12 кв.м. майдонда пластик материалдан тайёрланган ёпиқ иншоат ичида фаолиятини давом эттирадиган бўлди. Мазкур иншоатни Дима Қаюм таклиф этган жойда қуриш учун Риштон туман ҳокими томонидан рухсат берилиб, қўшимчасига туман ҳокими Ғ.Мамадалиев кутубхона фонди учун 2000 та китоб билан ёрдам кўрсатиши хақида маълум қилган.

Дима Қаюмга кўра, аввал фейсбук тармоғи орқали ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаганларнинг кўмак ва ёрдамларига ишонч билдирган ҳолда, кутубхона қурилиши учун зарур бўлган пластик материалдан тайёрланадиган иншоатга, асосий маблағларни жамоатчилик асосида – ҳайрия акцияси ўтказиш орқали жалб қилишни режалаштирмоқда. Хусусан, шахсан Дима Қаюм ўз ҳисобидан 2 млн. сўм миқдорида ҳиссасини қўшаётганлиги хақида хабар бермоқда.

Дима Қаюм билан телефон орқали бўлиб ўтган суҳбат давомида, мазкур ҳайрия акцияси учун маблағларни Миллий банкнинг Риштон филиалидан алоҳида ҳисоб рақами ва пластик карта очиш харакатини бошлаганлиги хақида  айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, оддий мактаб ўқитувчиси оиласидан чиққан, Дима Қаюм номи билан кўпчиликка фейсбук ижтимоий тармоғи орқали таниш бўлган Дилшод Болтабоев Фарғона вилоятининг Риштон деҳқон бозорида печка ва шиша банкалар сотиш фаолияти билан шуғулланувчи хусусий тадбиркор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг китобхонликни ривожлантириш борасидаги маърузаларидан таъсирланиб, бозорга ташриф буюрувчилар учун дўкони ёнида, оддий расталарда очиқ осмон остида кутубхона ташкил этган эди. Кутубхона фондига мамлакатимиз ва ҳатто қўшни мамлакатларда яшовчи турли тоифдаги кишилар томонидан хайрия сифатида китоблар тақдим этиб келинади.

 

“Бу борадаги ташаббуслар нафақат Риштонда, балким бутун мамлакат бўйлаб амалда ўз фаолиятини бошлашига балким туртки бўлар” –деган ниятда, ушбу хабарни кенгроқ давраларда тарқалиши истаги борлиги хақида , блогер Дима Қаюм суҳбат якунида маълум қилди.

Ufq.uz