Халқ кутубхонаси қурилишига ўз ҳиссангизни қўшинг!

Аввалроқ сайтимизда Фарғона вилояти, Риштон туманида истиқомат қилувчи, ижтимоий тармоқларда печкачи Дима Қаюм таҳаллуси билан танилган Дилшод Болтабоев ҳақида хабар берган эдик.

Маърифатга ошно бу йигит бир неча ой муқаддам бозор ҳудудидаги чоғроқ жойда кичик китоб растаси ташкил этиб, йиғилган турли китобларни мутолаа учун одамларга бериш анъанасини йўлга қўйди. Ҳозирда бу жажжи маърифат марказига “Халқ кутубхонаси” дея нисбат берилмоқда.

Ўзим зиёли оиладан бўлганим учун китобга муҳаббатим кучли. Президентимизнинг китоб мутолаасига бўлган катта эътибори эса мени янада илҳомлантирди. Яъни менда одамларга мутолаа учун бепул тарқатиладиган кутубхона очиш истаги туғилди.

Бу ҳақида Фейсбукда маълум қилганимда, ҳамюртларим мени қўллаб-қувватлашди. Бутун республика бўйлаб, ҳатто қўшни Қирғизистондан ҳам китоблар юборишди. Маърифатпарвар юртдошларимизга катта раҳмат! Қўллаб-қувватлаётган бозор маъмурияти раҳбари Ислом акага ҳам ташаккур!

Ҳозирги кунга келиб турли мавзудаги китоблар сони 1000 га етди. Риштон аҳли бу ердаги адабиётларни қўлма-қўл қилиб ўқишмоқда. Китоблар сони ошгани учун жой торлик қиляпти. Жойни кенгайтиришни ният қилиб юргандим. Халқ таълими вазир ўринбосари Алишер Саъдуллаев бу фикримни қўллаб-қувватлади ва режамнинг амалий жиҳатига катта ёрдам берди. Унинг тавсияси ва қўллови билан куни кеча туманимиз ҳокими Ғайрат ака Мамадалиев билан қабулида бўлдим. Ҳоким бу ташаббусни маъқуллаб, ёрдам беришини айтди. Савдо нуқтам яқинига каттароқ махсус жой қурилиши бошланди.

Дастлабки 3 миллион сўм маблағни ўзим қўшаяпман. Ҳисоб-китобларимга кўра, тўлиқ битишига тахминан 15-20 миллион сўм маблағ кетади. Банкдан алоҳида пластик карта очтирдим. “Рошидоний” халқ кутубхонаси” қурилиши учун хайрия акцияси ўтказмоқчиман”, -дейди тадбиркор Дилшод Болтабоев.

Албатта, оддийгина йигитнинг маърифат ва зиё йўлидаги уринишлари таҳсинга лойиқ. Буни одамларни китобга ва мутолаага чорлашнинг амалий тасдиғи, дейиш мумкин. Азизлар, сиз ҳам маърифат акциясида фаол иштирок этинг ва халқ кутубхонаси қурилишига ўз ҳиссангизни қўшинг!

Муслим Мирзажонов