ЭТНИК ИХТИЛОФ БУ НИМА? (II -бўлим)

 

Экспертларнинг баҳолашича, жаҳонда 200 дан ортиқ кескинлик ўчоқлари мавжуд. Уларнинг кўпчилиги айирмачилик ғояларига йўғрилган гуруҳлар қарама-қаршилиги майдонига айланган: бундай ўчоқларнинг вужудга келиши метрополия -марказ таркибидан ажралиб чиқиш азму- иродаси билан тушунтирилади. Баъзи ўчоқлар кўпдан буён тутаб ётибди. Уларда мунтазам равишда турли даражадаги «тинчликпарвар» баҳслар олиб борилади. Бунинг боиси:

  • Метрополиялар анча кучли ва «ўз» айирмачиларидан чўчимайди;
  • Жаҳон тақдири «бошқарувчилари» – буюк ҳокимиятлар айирмачилар гуруҳига хайрихоҳлик билдиради ёки ҳарқалай кескин қаршилик қилмайди, негаки уларнинг глобал аҳамияти унчалик катта эмас;
  • Бу ерда ҳозирча геосиёсий ва геостратегик манфаатлар доирасидан ташқарида турган айирмачилар фаолият юритади.

Шундай кескинлик ўчоқлари ҳам мавжудки, улар стратегик аҳамиятга молик фойдали қазилмалар захираси соҳиби бўлганидан, ёхуд қулай географик жойлашуви туфайли, Ғарб-Шарқ, Шимол-Жануб векторлари бўйича геосиёсий вазифаларнинг бажарилишида муайян аҳамият қозониши боис, жаҳон тақдири «ижрочилари» диққат марказига тушиб қолган. Булар сирасига қуйидагилар киради:

  • Косово – Болқон ҳудуди. Бу минтақани ўз даврида У. Черчилл «Европанинг юмшоқ қорни» дея баҳолаган эди;
  • Днестрбўйи ҳудуди- Москва геосиёсатининг ғарбий стратегик йўналиши бўйича, Россия манфаатлари ҳудудида жойлашган;
  • АҚШ ва Россия манфаатлари доирасига кирувчи Афғонистон ҳудуди;
  • XXI асрда жаҳон харитасида геосиёсат ўйинчиларининг янги уруш ўчоқлари вужудга келди – Сурия, Шарқий Украина ва Қрим.

Асосий кескинлик ва геостратегик эътибор зонаси эса «Марказий Осиё–Кавказ–Каспий–Қора денгиз» мегаминтақаси бўлиб, у юқорида санаб ўтилган айирмачилик ва бошқа турдаги кескинлик ўчоқлари билан боғлиқдир. Ушбу мегаминтақа, З.Бжезинский таъбирича, «Буюк шахмат тахтаси»нинг сезиларли майдонини эгаллайди. Бу ерда замонавий геосиёсат ва глобализациянинг буюк ижрочилари – АҚШ, Россия, Европа иттифоқи, Катта Яқин Шарқнинг йирик давлатлари, шунингдек, Хитой, Япония, Жанубий Кореянинг манфаатлари тўқнашган.

– Марказий Осиё ва Кавказ жаҳоннинг бугунги кунда энг жадал ривожланаётган бўлаги ҳисобланётган Осиё-Тинч океани минтақасига (ОТОМ) қулай йўлларни очади.

Бир пайтлар Шарқ ва Ғарбни боғлаган қадимий йўналишлар қайта тикланмоқда. Айтайлик, Буюк Ипак йўли – зираворлар, мушк-анбар ҳамда барча минтақалар аҳолиси учун зарур бўлган кенг истеъмол товарлари йўли.

Мазкур мегаминтақада Ер курраси аҳолисининг учдан бир ҳиссаси истиқомат қилади.

Осиё-Тинч океани минтақасининг салоҳияти бугун сайёранинг бошқа барча минтақаларидагидан кўра юқорироқ баҳоланади.

Жаҳонда ҳукм сураётган социал-сиёсий вазият муносабати билан беихтиёр қадимда донолар айтган «Si vis pacem, para bellum» («Тинчликни хоҳласанг, урушга тайёрлан») сўзлари нақадар тўғри эканлигини тан олишга мажбур бўласан.

Тарих фани ўтмишдан собоқ олишни талаб қиладиган фан. Афсуски, тарих фанидан хулоса чиқаришга эътибор бермаслик, у хоҳ Кўҳна ёки Янги дунё бўлсин, хоҳ Африка ё Араб Шарқи, Туркистон ё Ҳиндистон, Кавказ ё Океания бўлсин ҳамма ерда бир хил давом этмоқда.

Миллий адоват ҳақида керакли тасаввурларни шакллантириш технологиялари ҳамда уларни ижтимоий онгга ўрнатиш услублари, навбатдаги ҳарбий ҳамла қурбони бўлиши кутилаётган мамлакат аҳолиси орасида поракандалик билан бирга, мағлублик кайфиятларини тарқатишга қаратилган сиёсий технологиялардан принципиал жиҳатдан мутлақо фарқ қилмайди.

Лекин, бир нарса аниқки, замонавий дунёда уруш олиб бориш тактикаси ва стратегияси эски ўрта асрлар усулларидан фарқ қилади – унда аскарлар ғурур билан бир-бирига қараб жонли куч ўлароқ юзма-юз келарди. Илмий-техник тараққиёт асрида эса бошқа давлатни бўйсундирмоқ истаган кучнинг асосий нишони одамларнинг ўй-хаёлидир – онгида рақиб эккан фикрлар униб, ўсиб, яйраб яшнаган вайронкор ғояларга айланади. Бундай бузғунчилик яратувчи ғояларни онгида ташиб юрган одамлар душман ўрнига ҳамма ишни ўзи бажаради.

Бомбардимонлар, вайроналиклар ва ўқотар қуроллардан олдин одамлар ақлу шуурига ҳужум уюштирилади. Одамлар онги остида мағлублик кайфияти ундирилади. Бу ҳужумлардан кўзланган мақсад, босиб келаётган ёғийга қарши бирлашган одамлар миясидаги эзгу ғояларни ўпириб ташлашдир. Моҳиятан, қадимда ҳам шундай бўлган. Айғоқчи ва провокаторлар рақибга қарши саъй-ҳаракатларида одамларнинг онгини бузиб, рақиб қароргоҳида мағлублик уруғини экар эди. Бугунги кунда эса бунинг барини рақибдан минглаб километр узоқдан туриб ҳам амалга ошириш мумкин – моҳият бир, фақат техник ёндошув бошқача холос.

Барча этник урушлар қолиплари ҳамда уларнинг усуллари деярли бир хил, лекин улар жаҳон ҳамжияти эътиборидан турли манипуляцион йўллар билан яширилади. Урушларнинг сабаблари ҳар хил, аммо тажовузга тайёргарлик усули бир хил: барчаси оддий инсонлар онгига ғайриилмий тезисларга йўғрилган таъсир ўтказишдан бошланади. Онг манипуляцияси тактикаси ва стратегияси инсониятнинг руҳий асосларини йўқ қилиш мақсадини кўзлаган ҳолда махсус ишлаб чиқилган бўлиб, у ҳатто ўзига яраша услубий қўлланмалар ва кўрсатмалар билан ҳам мустаҳкамланган.

Янги сиёсий технологиялар, эски коммунар-большевистик мия ювиш усулларидан катта фарқ қилади. Замонавий ахборот технологиялари тегишли мамлакатлардаги ички сиёсий вазиятга таъсир ўтказиш мақсадида қўлланади. Вазиятни ўрганиш, раҳбариятнинг нуқтаи назари ва режаларини аниқлаш учун масофали айғоқчилик имкониятларидан фойдаланилади. Булар эндиликда унчалик катта сир ҳам ҳисобланмай қолди.

Шуни ҳам эътибордан қочирмаслик лозимки, маълум сиёсий технологиялар асосида ишлаб чиқилган барча манипуляция усулларини йўққа чиқариш учун жамоатчилик олдида унинг туб моҳиятини очиб беришнинг ўзи кифоя.

Халқлараро ихтилофларнинг олдини олиш ҳамда фожиага олиб келувчи ҳодисаларга тўсқинлик қилиш усули бутун инсоният учун муҳим ва долзарб муаммодир. Этник зиддиятлар келиб чиқишига туртки бўлувчи омиллар, услублар, мақсадлар ва сабабларни ўрганиш зарурати шунда кўринадики, ҳаққоний сабаб ва мақсадлар очилганда, жамоат сиёсий иммунитетини ишлаб чиқиш ва шакллантириш имкониятлари очилади. У эса, ўз навбатида, халқлар ва давлатлар ўртасида қонли урушлар келиб чиқиш хавфини вақтида бартараф этишга ёрдам беради.

Этник урушларни бартараф этишнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш, эскиларини такомиллаштиришда умуминсоний эзгулик ва ўзаро англашув принципларидан келиб чиққан ҳолда тегишли усул, стандарт ва стратегияларни қабул қилиш зарур. Бундай ёндашув, бошқа ижобий натижалар қаторида, барча манфаатдор давлатлар фикрларини ўрганиш ҳамда ҳисобга олиш имкониятини яратади. Амалдаги ҳукуматга эса, жамиятни хавфли ихтилофлар гирдобига ташлаши мумкин бўлган сиёсий қарорлардан қочиш, туғилаётган ихтилофларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўриш, юзага келган бўлган кескинликни пасайтириш имкониятини беради. Бундан ташқари, конфликтоген омиллар ва қарама-қарши турган томонлар манфаатларининг инобатга олиниши оптимал тинчликпарвар жараёнларни ишлаб чиқишда қўл келади.

Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги дунёда миллатпарастлик ва диний-экстремистик қарашларни тарғиб қилиш йўли билан душманлик кайфиятини яратиш мақсадида этнослараро, конфессиялараро қарама-қаршиликлар авж олдирилади.Улар, ўз навбатида, учинчи кучлар томонидан турли салбий тенденциялар, то жамият ичидаги қуролли ихтилофларни келтириб чиқаришгача бўлган мақсадларда ишлатилади.

Постсовет муҳитидаги бугунги сиёсий вазиятни баҳолаганда ташқи кучлар тарихий империалистик даъволарини қайта жонлантиришга уринаётганини пайқамаслик мумкин эмас. Шу боис, бугун империалистик касалга йўлиққан, Кавказ ва Марказий Осиё халқлари тарихини холис талқин этиш ўрнига ўз манфаатларига мос кўрсатмаларни тарқатаётган, яъни тарихий воқеалар интерпретациясида халқларни бир-биридан ажратадиган, узоқлаштирадиган тезислардан фойдаланаётган жамоат ва сиёсат арбоблари борлиги тасодиф бўлмай, балки маълум маънода ушбу жараёнлар қонуниятларини ҳам акс эттиради. Табиийки, бунинг бари қоғозга ўралган бир шаклда, тарих ёки маданиятни ўрганиш қиёфасида тақдим этилади.

Постсовет Кавказ ва Марказий Осиё майдонида беқарорлик, хаос яратишни ният қилган душман кучлари биринчи галда қурол сифатида ислом экстремизми ёрдамида конфессионал мотивдан фойдаланиб келаётгани ҳеч кимга – мутахассисларга ҳам, оддий фуқароларга ҳам сир эмас.

Янги асрда, жаҳон телекомпаниялари янгиликлари ҳамда ижтимоий тармоқлардан маълум бўлишича, этник айримачилик ва «бешинчи колонна» «ишқибозлари» жуда фаоллашган. Ушбу вайронкор сиёсий технологияни душман кучлар жаҳоннинг турли мамлакатларида миллатлараро баҳсларни келтириб чиқариш мақсадида қўллайди. Шунинг учун, миллатпарастлик ва этник антагонизм мавзуси бугун яна дозарблашар экан, ҳар қандай мамлакат илмий интеллигенцияси вакиллари авваламбор тарихий муаммолар талқинида умуминсоний эзгулик ва тинчликсеварлик принципларига таяниб иш тутишга мажбурдир.

Ижтимоий кайфиятга салбий таъсир ўтказувчи тенденциялар жамоат ва сиёсат арбоблари ҳамда оддий фуқаролар томонидан превентив зарбалар билан қаршиланиши лозим. Бошқа халқларга нисбатан ҳақоратли муносабатда бўлиш, паст назар билан қарашнинг тарғиб қилинишига қарши чораларни жамоавий муҳокама қилишни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Айниқса, ғайриилмий мақолалар ёрдамида турк-славян, турк-арман, форс-турк адоватини қўзғатаётган муаллифларни кескин танқид остига олиш керак.

Ҳозирги кунда, халқлар тарихини ва маданиятини йўқ қилиш бўйича қудратли аппарат бўлмиш СССР йўқ, лекин ҳали ҳам умуминсоний меросни асоссиз ва ғайриилмий тақсимлаш кўринишидаги носоғлом тенденциялар кузатилмоқда.

Ғайриилмий назариялар муаллифларининг кўпайиб қолган эътироз ва шикоятлари шундан иборатки, гўёки туркий халқларнинг мустамлака қилиниш тарихини тадқиқ этаётган ва ёзаётган тарихчилар пантуркизм ва миллатпарастлик ғояларини тарғиб қилиш мақсадида “сохта тарих” ўйлаб топаётган эмиш. Ҳеч қандай мустамлакачилик ва ҳарбий куч билан бўйсиндириш содир бўлмаган эмиш. Бу йўналишдаги бугунги муаллифларнинг публицистик ва ғайриилмий мақолаларини баҳолашда халқлар ўртасида адоват тарғиб қилинаётгани билан боғлиқ фактни эътибордан қочириб бўлмайди. Миллатпарастларнинг бундай чиқишларида бошқа миллатга нисбатан адоват ва хусуматнинг тарғиб қилиниши аниқ-равшан акс этади.

Аcлида, сохта тарихчиларнинг тактикаси осон ва тушунарли: фақат ғайриилмий тезислар ёрдамида давлат ичида сунъий норозилик салоҳиятини яратиб бўлмайди. Жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортишнику, гапирмаса ҳам бўлади. Аммо сохтакашликлар ортида турган сиёсатчилар учун бу, ҳудди сув ва ҳаводай зарур.

Халқ ичида ғалаёнлар, норозиликлар чиқариш ва шунга ўхшаган мақсадларига эришиш учун, баъзи бир сиёсий технологлар биринчи навбатда умумтурк тарихи бўйича реал академик тадқиқотлар натижаларига бўлган умумий ишончни ҳамда уларнинг обрўини тушириш ёки тамомила йўқ қилиш йўлида иш олиб боришлари аниқ. Айнан панславизм, русофилия, орий назарияси, арманипарастликни жон-жаҳди билан тарғиб қилган тарихчилар ҳар доим туркийлар тарихини, маданиятини, адабиётини ва туркий халқлар тилини ўрганувчи тадқиқотчиларга эътироз билдириб келган, ва бу шунчаки ўтмиш акс садоси холос. Дарвоқе, бу ҳам Россия империяси ва совет тарихчилари, ҳуқуқшунослари, тилшунослари ва сиёсатшунослари мактаби томонидан яратилган эски лойиҳаларнинг қолдиқларидир. Ўшанда ҳам, миллий тарих, маданият, тил ва адабиёт, миллий давлатчилик ва умуммиллий масала ўртага қўйилганда, ҳар нарса пантуркизм, пантуранизм ёки қандайдир чет эл махсус хизматларининг қўпорувчилик фаолиятига хизмат қилганликда айблаш каби бўлмағур уйдурмаларга бориб тақалар эди. Баъзи бир жойларда ҳозир ҳам эски чоризм ва мустабид совет тизими даврида қўлланилган шундай бемаъни усуллардан фойдаланиб келинмоқда.

Ҳаттоки XXI асрда ҳам эски совет давридан қолган сохта тарихчилар ичида эски мафкуравий тушунчаларни тарғиб қилиш ишлари билан банд бўлиб юрганлар борлигига диққат қилишимиз лозим. Бир вақтлар бўйсиндирилган халқларнинг онги учун бўлаётган сиёсий курашда тарих фанини асосий мафкуравий қурол ва воситага айлантириш учун ўтмишни афсоналар асосида сохталаштиришга уринаётганлар жамоатчилик эътиборида туриши шарт. Бундай сохта олимларнинг асосий фаолияти ёлғонлар, бўлмағур уйдурмалар ва тўқиб чиқарилган эртакларни кенг омма ичида тарғиб қилиш йўли билан мустақиллигига эришган ҳалқларнинг миллий зеҳниятини ва онгини ишғол қилишга қаратилган ҳаракатлар бўлиб қолаётганидан дарак беради. Яъни, ижтимоий онгга афсонавийлаштирилган ғайриилмий тасаввурларни ҳамда тегишгли мафкуравий майлларни ерлаштириш ва сингдириш устида ишлаётган нусхалар олдида турган мақсад ва вазифалар бир замонлар бўйсиндирилган ҳалқларнинг намояндалари орасида ўз тарихи ҳақидаги дунёқарашларни издан чиқаришга қаратилган.

Замонавий айирмачилик, айниқса этник шаклдаги ихтилофлар, юзлаб кўринар ва кўринмас ришталар ила террор билан боғлангандир. Уларнинг «тўйиниш муҳити» битта – беқарорлик ва ихтилофлар. Инсоният тамаддунининг бутун тарихий тажрибаси халқаро муносабатлар аҳволининг террор фаоллик даражаси билан узвий боғлиқлигидан гувоҳлик беради. Бу ҳолат олимлар, сиёсатчилар ва ҳуқуқшуносларнинг ҳар томонлама чуқур таҳлили ҳамда эътиборига моликдир.

Жаҳоннинг кўпгина минтақаларида этно-конфессионал руҳдаги талотўплар тинмаётган бугунги мураккаб кунда, замонавий этник ихтилофлар манбаларини ўрганиш ҳамда сиёсий ўйинларда қўлланилаётган миллатпарастлик тенденциялари таҳлили тафаккурнинг долзарб муаммоларидан бири бўлиб турибди.

Шухрат Барлос