Тасаввуф ва тариқатлар

фото- сурат Бухоро Давлат архитектура-бадиий қўриқхона-музей сайтидан олинди

Тасаввуфда тариқатлар жуда кўп бўлган. Бу ҳақда алоҳида илмий ишлар қилинган.  Тариқатларнинг айримлари узоқ яшамаган. Баъзилари бошқаларига қўшилиб кетган. Кам бўлса-да, ботил тариқатлар ҳам учраб турган. Аммо тарихга назар ташласак, ҳар қайси даврда ҳам тариқатларни тафтиш қиладиган ва шариатга мувофиқ ёки номувофиқлигини ҳисоб-китоб қиладиган олимлар, шайхул ислом, қози ва муфтийлар бўлган.

Жузъий ихтилофлар, тушунмовчиликлар, тарафкашликлар ҳам учраб турган. Салафийлар ва бошқа ботил оқимларнинг тасаввуф таълимотини ҳам танқид қилишгани, раддия китоблар ёзгани тарихий ҳақиқат.

Аммо қайсидир тариқатга мансуб ва ислом оламида машҳур бўлган кўплаб дин уламолари тариқатларнинг суннатга боғлиқлигини, аҳли суннат вал жамоат ақидасига мувофиқлигини кўриб, кузатиб асарлар ёздилар. Адашган жоҳил сўфийларнинг хато ишларини ҳам кўрсатиб, сабабини тушунтириб берганлар.

Тариқатларнинг ўзига хос, ранг-баранг ва турли йўналишда бўлгани, жаҳрия ва хуфия зикрга асослангани жузъий тортишувларни ҳам келтириб чиқарган. Мазҳаблар ўртасидаги тортишувларни табиий қабул қилганимиз каби, тариқатлар ўртасидаги баҳсу мунозараларни ҳам ихтилоф эмас, тараққиёт манбаи деб қарашимиз лозим.

* * *
Тариқат амаллари шариат амалларини янада мукаммал бажаришга хизмат қилади. Содда қилиб айтадиган бўлсак, шариат амалларини ҳамма бажаради. Тариқат амали эса шариат аҳкомларини тўлиқ бажариш билан бирга, бир пири комил – маънавий устоз воситасида ҳадис ва суннатларда таъкидланган қўшимча нафл ибодатларни, жумладан, кунда маълум бир миқдорда Қуръон тиловат қилиш, салавот айтиш, зикру тасбиҳларга машғул бўлиш, нафл намозлар ўқиш, қўшимча рўзалар тутиш, суннат одобларига риоя қилиш ва ҳоказоларни бажарадилар.“Аҳли шариат” ва “аҳли тариқат” деган ибора замирида ҳам шу маъно ётади.

Демак, тариқат Пайғамбаримизнинг ислом шариатига асосланган, нафл ибодатларни, зикру тасбиҳотларни ва хайру ҳасанотларни бажаришга қаратилган махсус кўрсатган маънавий йўллари экан. Ўз-ўзидан маълумки, қанча кўп ибодат қилинса, шунча кўп савоб ҳосил бўлади. Инсон нафл ибодатларни кўп бажариш билан юксак мартабаларга эришиши ҳадисларда ҳам баён қилинган.

Аммо бу таълимот ва вазифаларни муршиди комил муридларига ўргатади ва раҳнамолик қилади. Масалан, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро ва Баҳоуддин Нақшбанд ва у кишилардан кейинги шайхлар бу тариқатнинг раҳнамо ва устозлари ҳисобланадилар.

Тариқатлар тарихи, ҳол ва мақомлари, каромот ва авлиёлари, зикр ва нофила ибодатлари, хос истилоҳлари ҳамда бу йўлнинг тўрт маънавий босқичи: шариат, тариқат, ҳақиқат ва маърифат ҳақида юзлаб китоблар ёзилганки, сулук аҳли улардан хабардор бўлсагина тасаввуфнинг моҳиятидан огоҳ бўлади.

Биз узоқ йиллар давомидаги мустамлакачилик, даҳрийлик сиёсати натижасида диндан, азиз-авлиёларимизнинг йўли бўлган тариқатдан бебаҳра қолдик. Айни пайтда бу соҳани бизга нотўғри тушунтирдилар. Аҳли тариқатларнинг суннатга ва адабга қаттиқ риоя қилишганига диёримиздан ўтган азиз-авлиёларнинг ҳаёти ёрқин намунадир.

“Тасаввуф” ва “тариқат” деган сўзлар аввало ислом душманларига, даҳрий шарқшуносларига қўл келган ва бу атамаларни исломга оппозиция (қарши) кучлар сифатида юзага келган қандайдир оқимлар сифатида баҳолаган ва шу баҳона исломни ёмонотлиқ қилишга ҳаракат қилишган. Ҳатто ўзимизнинг баъзи олимларимиз ҳам яқин йилларга қадар тасаввуфни исломга рақобатчи сифатида майдонга келган куч дея одамларга нотўғри тушунтирдилар. Диндан узоқлашганимиз ва етарли илмимиз бўлмагани оқибатида диннинг моҳиятини билмасдан халқ орасида адашишлар, тушунмовчиликлар ҳам бўлди.

Баъзи Оврупо шарқшунослари исломни заифлаштирмоқчи бўлиб, атайин тасаввуфни исломга қарши қўйдилар. Улар «тасаввуфга ташқи таъсир масаласини», унинг “ҳол» ва «мақом» ларидаги нозик нуқталарни нотўғри талқин қилиб, кўпларни чалғитдилар. Афсуски, баъзи ислом олимлари ҳам улар изидан боришди. Диёримизда эса бу ҳол шўролар даврида кенг авж олди. Яхшиямки, бугун биз ўзлигимизни таниб, ғаразли мақсадда ёзилган тадқиқотларга жавоб бериш имконига эгамиз!

Аллоҳга шукрки, мустақиллик динимиз ва қадриятларимизни асл ҳолича ўрганишимизга, тасаввуфни тўғри англашимизга, азиз-авлиёларимизни қадрлашимизга имкон берди.

Навоий ҳазратлари сўфий ва шайхлар ҳаётига оид “Насойим ул -муҳаббат” деган тазкирасида Аллоҳнинг улуғ авлиёлари ҳақида қимматли маълумотлар бергани баробарида, сохта шайхларни танқид ҳам қилган. “Тариқатчиман” деб аҳли аёлини ташлаб қўйган, рўзғорига қарамаган, бирор касбнинг этагидан тутмаган танбал кишилар билан келишолмаган. Зеро Исломда таркидунёчилик йўқ. Ҳақ тариқатларнинг тариқатида барчасида узлуксиз узлатда яшаш тартиби йўқ. Чунки, бундай узлатда шуҳрат хавфи бор. Сўфий, халқ ичида, Аллоҳнинг дини ва бандаларига хизмат қилиб қолиш фурсатларини ахтариши керак! Зеро, ислом мусулмон халқларининг бирдам ва бардам бўлиб яшашларини хоҳлайди. Комил бир мўмин «халқ ичида Ҳақ билан бирга» бўлишни ўрганиши керак.

Кимнинг халққа кўпроқ манфаати тегса ўша киши одамларнинг яхшироғи ҳисобланган. Тўғри, тариқатда узлат, чилла ва хилват деган тушунчалар бор. Лекин улар баъзан содир бўладиган ва таркидунёчилик билан алоқаси бўлмаган истисно ҳолатлардир.

Тасаввуфдаги ҳақ тариқатларнинг ҳаммаси ҳазрат Расулуллоҳ (с.а.в.) дан бошланган. Бу соф ва хос булоғнинг бошида ҳазрат Пайғамбаримиз (с.а.в.) турадилар. Бу йўл у муборак зотнинг таълим ва кўрсатмаси асосида бугунга қадар давом этиб келмоқда. Тасаввуфнинг узоқ асрлардан бери яшаб келаётганининг ҳикмати ҳам шунда. Динимизда вақти-вақти билан сохта пайғамбарлар чиққани каби бу йўлда ҳам сохта шайхлар, сохта сўфийлар ва сохта тариқатлар чиққан. Ҳар қайси даврда уларга муносиб баҳо ва зарба берилган. “Сохта”лар бу йўлнинг аҳамияти ва қимматига бир қадар соя солса-да, унинг софлиги ва ҳақиқатига асло рахна сололмаган ва сололмайди ҳам…

Бошқа илм ва касб соҳаларда бўлганидек тариқатда ҳам унинг сир- асрорини ўргатишда устоз яъни етук шайх лозим. Айни пайтда бундай шайх маънавий ишора билан шайхлик даражасига эришган бўлиши керак. Сохта шайх бўлса, Аллоҳ асрасин, ундайлар охират йўлининг қароқчилари ҳисобланади. Хожа Аҳмад Яссавий “Фақрнома” асарида сохта шайхларни лаънатлаб, улар жаҳаннамга лойиқ кишилардир, дейдилар.

Шунинг учун ҳам мурид аввало муршиди комилни топиши сўнгра унга қўл бериши керак. Тариқат йўлини ихтиёр этган киши комил бир шайхга шогирд тушиб яъни мурид бўлиб илм, ибодатда давом этади, адаб-ахлоққа риоя этишга ҳаракат қилади. Зеро, тариқат, фақат илмдан иборат эмас. У амалдир, ихлос ва муҳаббат билан садоқат кўрсатишдир. Тариқат Аллоҳ ва расулига муҳаббатли бўлиш, ота-онага, пиру устозга, мўмин мусулмонларга севги ва муҳаббат кўрсатишдир. Тариқат Нажмиддин Кубро каби она Ватан учун жон фидо қилиш, Хожа Аҳрори Валий каби юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги учун бор куч ва имкониятини бахшида этишдир.

Тариқат чумолига озор бермаслик, Аллоҳ яратган ҳар бир паррандаю даррандага шафқат назари билан боқишдир. Энг муҳими, муҳаббатли бўлиш. Сўфи Аллоҳёр ҳазратлари муҳаббатсиз кишидан яхшилик чиқмаслигини қуйидаги байтида аниқ ифодалаган :
Кел эй толиб, кўзинг ибрат билан оч,
Муҳаббатсиз кишидин қуш бўлиб қоч.

(давоми бор)

Сайфиддин Рафиддинов