Чироқчилик ёш ўзбек олимидан «сунъий чироқ»

Дунёда етакчи ўринларда турувчи Германия Аэрокосмик маркази олимлари 2017 йил март ойида дунёда ягона бўлган сунъий қуёш қурилмасини ишга туширишди. Мазкур қурилма 149 дона прожектордан иборат булиб, унинг диаметри 1 метрни ташкил этади. Қурилманинг баландлиги эса 15 метрни ташкил этиб, прожекторлар ҳолатини ўзгартириш имконига эга ва прожекторларни битта нуқтага йўналтириши мумкин. Ундан ташқари, ёруғликни уч қисмга бўлиб, белгиланган учта нуқтага йўналтириш мумкин.

Қурилманинг техник маълумотлари:

  • Ҳар бири 7 кВтли 149 та ксенонли лампалар, ҳар бири индивидуал созланади.
  • Қуввати битта 280 кВтли ва иккита 220кВтли қуёш энергияси, учта синов хоналарида ишлатиш мумкин
  • Максимал оқим зичлиги 11Мвт/м2

Ушбу 149 прожектор биргаликда ер юзига тушадиган табиий қуёш нуридан камида 10 минг маротаба кўп бўлган ёруғлик интенсивлигини юзага келтиради.

Мазкур қурилмадан асосий мақсад кейинги йилларда қуёш энергиясидан олинадиган ёқилғини ишлаб чиқариш жараёнини ривожлантиришдан иборатдир. Аммо қуёш иссиқлик электр станциялари соҳасидаги тадқиқотчилар ва саноат корхоналари ёки аэрокосмик саноати корхоналари ҳам ушбу қурилмадан қуёш нурига оид турли синов ишларини олиб боришда унумли фойдаланишлари мумкин бўлади.

Мақоламизнинг муҳим жиҳати шундаки, ушбу лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистонлик юртдошимиз Зафар Исмоилов бевосита иштирок этган. Германия Аэрокосмик маркази олимлари билан тенгма-тенг ишлаб, ўзбек фарзанди нималарга қодир эканлигини амалда кўрсата олди. 

Зиммасига топширилган барча муҳим вазифаларни ўз вақтида ва зарур бўлса ошириб бажарди. Ундан ташқари, ўзининг керакли ғоя ва маслаҳатларини берди. Ёш олим бакалавр даражасида бўлишига қарамай, марказнинг доктор ва профессорлари қаторидан жой ола билди. Асли олис Қашқадарёнинг Чироқчи туманидаги чанг кўчаларда копток тепиб, оддий қишлоқ ҳаётида катта бўлган Зафар ҳозирда магистратурада ўқишини давом эттирмоқда.

Зафар вақти оз бўлишига қарамасдан, ўзининг бўш вақтини бекор ўтказмай, спортнинг дзюдо тури билан шуғулланиб туради. Эътиборли тарафи шундаки, у Германиянинг дюздо бўйича қора белбоғ соҳиби ва мамлакат бўйича чемпион унвонига эга бўлган.

Ким ўйлабди дейсиз, чироқчилик ўзбек фарзанди дунёнинг энг илғор мамлакатларидан бири бўлган Германияда сунъий чироқ яратилишида иштирок этса, воажаб. Тақдирнинг мутаносиблигини қаранг, чироқчилик ва сунъий чироқ. Яна бир мутаносибликлардан бири шундаки, бугун ҳукуматимизнинг янги қарори – Ўзбекистонда 2018-2035 йилларга мўлжалланган аэрокосмик саноатини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича стратегияни ишлаб чиқиш учун жорий йилнинг 10 ноябригача муддат берилди. Бу уч ҳамоҳангликни юзага чиқиши бежиз эмас. Зотан, биз доим шу чоққача улуғ аждодларимиз зурриёти эканлигидан фақатгина фахрланиб келдик. Уларнинг қони бизнинг танамизда оқишидан улуғландик. Мана энди, ўз аждодларимизга чин маънода ҳақиқий авлод эканлигимизни амалда кўрсатиш вақти келди.

Зафарни яқиндан таниган ватандошлар унинг ҳақиқий комил инсон эканлигини эътироф этишади. Биз ҳам унга ўзининг илмий салоҳиятини рўёбга чиқариб, Ватанда ҳам ўз соҳасини ривож топишида муносиб ҳисса қўшишида шижоат, омад ва куч-қувват тилаб қоламиз.

 

Муаллиф: Равшан Хўжанов,

                   Дрезден Техника Университети қуёш энергетикаси бўйича лойиҳа раҳбари