Абулҳасан Ҳарақоний

Абулҳасан Ҳарақоний (933 – 1037 йй.) – инсоният тарихида катта фаолият юритган буюк азиз-авлиёларнинг биридир. У зот ҳозирги давримизда бутун дунё олимлари, зиёлилари томонидан энг илғор, ижобий ва тараққиётга етакловчи деб тан олинган “Хожагон – Нақшбандия” тасаввуф тариқатининг вужудга келишига фундаментал асослар яратган зотлар кетма-кетлигининг еттинчи поғонасида туради. Мана ўша, кўпчилик томонидан олтин силсила деб ҳам аталувчи рўйхат:

  1. Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассалам;
    2. Абу Бакр Сиддиқ ;
    3. Салмон Форсий ;
    4. Қосим ибн Муҳаммад
    5. Жаъфар Содиқ;
    6. Боязид Бистомий;
    7. Абулҳасан Ҳарақоний;
    8. Абу Али Формадий;
    9. Юсуф Ҳамадоний;
    10. Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний;
    11. Хожа Ориф Ревгорий:
    12. Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий;
    13. Хожа Али Ромитоний;
    14. Муҳаммад Бобо Самосий;
    15. Ҳазрат Сайид Амир Кулол;
    16. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд.

Тўлиқ исми Абулҳасан Али ибн Салмон бўлган ушбу зот 933-йилда ҳозир Эрон ҳудудига кирувчи Ҳарақон қишлоғида туғилган.

У ёшлик чоғлариданоқ ҳаёт қонунларини, ўзини ўраб турган муҳитнинг қандайлигини беихтиёр таҳлил қилар эди. Мактабни битиргач, у янада кенгроқ билим олишга интилди. Чунки, оламни, дунёни ва Яратганни тўлиқ англаш учун фақат ва фақат билим зарурлигини ҳис қилди.

Шунинг учун, у энг етук уламолардан дарс олишга тиришди. Турли фанларни ўрганди. Охир-оқибатда энг олий фан – тасаввуф эканлигига амин бўлди. Чунки, уни ўрганиб, етуклик даражасига чиққан кимса, ҳаёт жараёнига жуда улкан таъсир кўрсатиши мумкинлигини тушуниб етганди.

Шунинг учун, у шу соҳада фаолият юритаётган шайхларга, хусусан Абул Аббос Қассобга муридлик қилди. Унинг хонақоҳида тарбияланди. Вақт ўтиб, юқори поғоналарга эришиб, шайхлик ҳирқасини кийди. Лекин, у ўз билимидан қониқмади. Ўз устида мустақил ишлай бошлади. Унда увайсийлик хислати уйғонди. Натижада, Абулҳасан энг зўр устоз ва энг буюк авлиёлардан бўлмиш Боязид Бистомий руҳидан дарс олишга қарор қилди.

У ўз ўлкасини тарк этиб, унча узоқ бўлмаган Бистомга боради. Шу ерда Боязиднинг мақбарасида хизматга тутиниб, унга ўн икки йил увайсиёна шогирдликка тутинди. Яъни, буюк пирнинг руҳидан дарслар олди. Натижада, тариқатда янада юксак даражага чиқди, Ҳаққа яқинлашди. Қутб ва ғавс деб тан олинди. Шунинг учун, Абулҳасан Ҳарақоний ўзининг асосий пири деб шайх Боязид Бистомийни тан олган ва олтин силсилада ундан кейинги ҳалқада туради.

(Қутб – тасаввуф шайхларига бериладиган энг олий унвон. Тасаввуфда юксак даражага етган авлиёлар. Ҳар бир даврнинг ўз қутби бўлиб, улар ҳар замонда мавжуд бўладилар. Уларнинг қалби Муҳаммад (а.с) қалби билан алоқадор бўлади.

Ғавс – бу ҳам Қутб даражасига етган валий бўлиб, ёрдам берувчи, мададкор деган маъноларни англатади.)

ФЕЪЛ-АТВОРИ

Абулҳасан Ҳарақоний баланд бўйли, ранги оқ, пешонаси кенг, юзи думалоқроқ, кўзлари катта-катта, нигоҳи ўткир инсон бўлган. Гапларни аниқ, мазмунини тушунарли қилиб ифодалаган.

Замондошлари, ёши улуғ билимдонлар унинг феъл-атворини Боязид Бистомийникига ўхшатишган. Ана шу руҳий пири каби, Абулҳасаннинг фикрлари асосли ва мантиқий бўлган, унинг қалбида Яратганга нисбатан улкан иштиёқ ва ҳаяжонли муҳаббат мустаҳкам жойлашган.

Ҳарақоний ҳамиша бечораҳол одамларга қўлидан келганча ёрдам берган. “Турон ва Шом оралиғида кимнингнидир оёғига зирапча кирса, у менинг оёғимга киргандек, кимдир оёғини тошга уриб олса, уни худди ўзим урганимдек ҳис қиламан. Мен ўша одамларнинг оғриғини сезаман. Кимнингнидир юраги ғам-ғуссага тўлса, менинг қалбим ҳам қийнала бошлайди”, деган экан у.

Абулҳасан Ҳарақонийнинг мутасаввуф замондошлари ҳам кўп бўлган. Улар қаторига Абулқосим Кушайрий, устози Абул Аббос Қассоб ва Абусаид Меҳнавий кабиларни киритиш мумкин. Шунингдек, унинг хонақоҳига Султон Маҳмуд Ғазнавий келиб турган. Ҳамда Абу Али ибн Сино билан мулоқотлар қилиб турган.

“Кашф ул-маҳжуб” асарида, муаллиф Али ибн Усмон Хужвирий тасаввуф вакили Абулқосим Кушайрийнинг ушбу сўзларини ёзиб қолдирган: “Мен шайх Абулҳасанни зиёрат қилиш учун Ҳарақонга бордим. Ҳузурига кирганимда, унинг буюклик уфуриб турган ҳайбатидан ва ўткир нигоҳидан шундай таассурот олдимки, тилим лол бўлиб, гапиролмай қолдим. Ҳаттоки, Яратганнинг олдида бирор гуноҳим бўлса, У мени жазолаяптимикан, деган хаёлга ҳам бордим”.

Абул Аббос Қассоб айтганки: “Ҳарақоний тасаввуфга икки янги талабни, яъни сафарлар ва зиёратлар қилиб туриш зарурлигини киритди”.

Шайх Абулҳасаннинг шогирдларидан бири Абдулла Ансорий ўзидан “Манозил ус-сайрин” асарини қолдирган. Бу китобда, у тасаввуфдаги ҳол ва мақом тушунчаларига ойдинлик киритган. Ва устози ҳақида қуйидаги жумлаларни ёзган: “Мен Ҳадисни, Фиқҳни ва бошқа диний билимларни жуда кўп устозлардан ўргандим. Тасаввуфни эса Абулҳасан Ҳарақонийдан ўргандим. Агар мен бу шариф зотни учратмаганимда, Маърифат даражасига чиқолмаган бўлардим”.

ЖИҲАТЛАРИ ВА ҲИКМАТЛАРИ

Ҳарақоний инсоннинг ҳақиқий вазифаси – Яратганнинг берган вазифасини адо этишдан иборатдир, деб таъкидлаган. У, “Ҳар бир одам ўз ишини пухтароқ қилишга интилади. Масалан, олим эрталаб уйғонар экан, ўз билимини оширишни ўйлайди. Зоҳид ўз дилидаги Оллоҳ олдидаги қўрқувни қандай кучайтиришни мўлжаллайди. Мен эса, бирон бир мусулмоннинг қалбига қандай қувонч солсам экан, деб ният қиламан”, деб такрорлаб юрган.

Бундан ташқари, Шайх Абулҳасан яна бир фикрни олға сурган. Яъни, “Банда Оллоҳни ёдга олганда, Мавло ҳам унга катта эътибор қилади. Бу ҳолатни ҳар бир инсон бутун вужуди билан ҳис қилиши керак! Шунинг учун, Яратганни эсланаётган дақиқаларда, бошқа мазмундаги суҳбатларга аралашиш мумкин эмас. Бу теран ғоядир”.

Ҳарақоний, авлиё аёл Робия Адавия ва бошқа тасаввуф вакилларининг фикрларига ўхшаш, ўзининг жаннат ва дўзах ҳақида ҳам ўз қарашларини ифодалаган. У айтганки, “Жаннат ва дўзах Оллоҳ томонидан яратилган. Уларни инкор этмайман. Лекин, жаннатга интилмайман, дўзаҳдан қўрқмайман. Сабаби, менинг ошиқишим фақат Яратган Зотгадир”.

“Ҳеч ким ўз билими билан мақтаниши керак эмас! – деган у, шунингдек. – Инсоннинг билими ошган сари, у деярли ҳеч нарсани билмаслигини сезиб бораверади. Ана шу ҳолат – айни ҳақиқатдир. Одам жуда кўп ўқиб-ўрганиб, оқибатда ўзининг ҳеч нарса билмаслигини билиши – ҳақиқий билимдир”.

Шайх Абулҳасан душманлик, ёвлар билан курашиш тўғрисида эса қуйидагича фикр билдирган: “Одамлар билан дўст тутиниш, яқин бўлиш, улар билан келишиб яшаш лозим. Фақат, нафсгагина душманлик қилиб, у билан курашиш даркор”.

Бойликка интилиб яшашни, Ҳарақоний сояга ўхшатган: “Олтин-кумушнинг ортидан югурсанг, у сенинг ҳукмдорингдир. Агар, унга эътибор қилмасанг, сен унинг ҳукмдорисан”.

Абулҳасан Ҳарақоний ўз кунини иккига бўлган. Кундуз кунни одамларга ёрдам бериш билан, тунни эса Оллоҳга ибодат қилиш билан ўтказиш керак, деб ҳисоблаган. Яна уқтирганки, инсон беш вақт намоз ўқиб, барча талаб этилган ибодатларни бажо этиб юрса-ю, лекин дилида Оллоҳдан ўзга қизиқишлар ҳукмрон бўлса, бундай қалб ўликдир. Тоза қалбда маҳлуқлар, яъни яратилган зотлар ва нарсалар бўлмаслиги даркор. Хатти-ҳаракатлар фақат Мавло учун қилинса, улар жуда гўзал хатти-ҳаракатлардир.

Шайх Абулҳасаннинг фикрича, қуйидаги уч шартни бажариб яшаш – Яратганнинг муҳаббатига сазовар этади. Яъни, сахийлик, раҳмдиллик ва одамларга боғланиб қолмаслик.

Ҳарақоний жамиятда, қотиллик қилувчилардан ташқари, яна икки зараркунанда гуруҳ мавжудлигини айтган.
Биринчиси, мол-дунёга ўч бўлган дин одами; иккинчиси, билимсиз сўфий.

Шайх Абулҳасан ҳам ҳалол луқмага катта эътибор қаратган. Инсон ўз қўли билан ризқ-насиба топиши даркорлигини уқтирган.

Айримлар ундан сўрашган: “Ҳазрат! Сўфийлар қандай одамлар? Нега улар махсус кийимларда юрадилар?”

У жавоб берган: “Сўфий жунли ҳирқа кийиб, кунуззукун жойнамозда ўтирадиган кимса эмас, ҳар холда. Жуда кўпчиликда ҳирқа ва жойнамоз мавжуд. Тасаввуф поғоналарига махсус кийимлар кийиб, турли ибодатларни адо этиш билан чиқилмайди. Сўфий ўз жисмини маҳв ҳолатига яқинлаштириб, ҳаётини фанога бағишлаган зотдир. Унинг қалби ғоят мусаффо бўлиши шарт. Махсус кийимдан нима фойда? Агар гап ҳирқада ва танаввул қилинадиган таомда бўлса, эшакка ҳам шундай жунли кийим кийдириб, тариқ билан боқиб, уларни ҳам сўфий қилиш мумкин бўлиб қоларди-ку?”

Ҳарақоний, айниқса, қалб тозалигига катта эътибор берган. Бир куни унинг ҳузурига бир одам келиб:
– Ҳазрат! Мен сўфийликни ўқимоқчиман, шунинг учун менга махсус ҳирқа берсангиз! – дебди.

Шайх унга жавоб берибди
– Эркак киши рўмол ўраса, аёл бўлиб қолмаганидек, сен ҳирқа кийиб дарҳол сўфийга айланмайсан. Аввал, қалбингни тозалаш билан машғул бўл!

Абулҳасан Ҳарақонийнинг фикрича, мутассаввуф деб, кундузи қуёшга, кечаси ойга муҳтож бўлмайдиган кимсани айтиш мумкин. Тасаввуф – ҳаёт ташвишларидан, жисмоний талаблардан ҳоли, йўқлик ҳолатидир.

Бир куни у муридларидан сўрабди.
– Қани, айтинг-чи, дунёдаги энг гўзал нарса нима?

Ҳеч бир шогирд қониқарли жавоб беролмагач, ўзи сўз қотибди.
– Энг гўзал нарса – Оллоҳнинг номини бетиним зикр этиб турган қалбдир! Кимки, қалбида Мавлони бирор сония ҳам ёдидан чиқармаса, унинг бутун вужуди ҳам Яратганга талпиниб туради. Мавло ҳам унга муҳаббат билан боқади.

Ушбу маълумотлар ҳам Ҳарақонийга тегишли:
– Қалбингиз ҳақиқатни сўзлайди.
– Вазифаларингизни Оллоҳ учун бажаринг.
– Айрим одамлар учун, яъни хўжакўрсинга қилган ишларингизнинг ижобий натижаси йўқ.

Шайхнинг яна бошқа маслаҳатлари ҳам мавжуд:
“Ҳаётнинг асл маъносини ҳис этиш учун ҳар куни ҳаёлан ўлганингизни тасаввур қилинг, сўнг тирилинг. Шунда, ушбу жонли ҳаётнинг асл маъносига ва қадрига ета бошлайсиз”.

Абулҳасан Ҳарақонийнинг ранж ва ранжитишлар тўғрисида ҳам ўз фалсафаси бор. У айтади: «Одам бу соҳада уч хил бўлади:
1. Сен уни хафа қилмасанг ҳам, у сени ранжитаберади.
2. Сен уни хафа қилсанг, жавобан у сени ранжитади.
3. Сен уни хафа қилсанг, у бу ишингга жавоб бермайди, сени ранжитмайди.
Кимки, кун бўйи ҳеч бир мўъминни ранжитмаган бўлса, у ушбу вақтни Расулуллоҳ билан ўтказган ҳисобланади. Кимки, кун мобайнида биргина мўъминни хафа қилган бўлса ҳам, Мавло унинг шу кунги ибодатларини қабул қилмайди».

Шайхнинг яна бир ҳикмати эътиборга лойиқ:
“Агар, Яратганнинг бир томчи раҳмати устингга тушса, бу дунёда ҳеч кимга муҳтожлигинг қолмайди”.

Ҳарақонийнинг қуйидаги фикри ҳам ўз даврида машҳур бўлган. Лекин, ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган:
“Вафот этиб кетган жуда кўп инсонлар бор, лекин уларни ҳалқ тез-тез эслаб, кўз олдига келтириб туради. Гўё тирикдеклар. Ва аксинча, айримлар худди гўрга кириб кетгандеклар, чунки уларни ҳеч ким умуман эсламайди, тилига олмайди, лекин улар тириклар, ер юзида юрибдилар”.

Шайх кўпчиликни қизиқтирувчи бир ҳолат ҳақида ҳам ўз фикрини билдириб кетган: “Уйингизга қўл узатиб келган гадойга албатта бирор нарса беринг, хаттоки ўзгадан қарз олиб бўлса ҳам”.

Абулҳасан Ҳарақоний дўст танлашга эътибор беришни талаб қилади: “Дунёпараст кимсалар билан дўст бўлманг. Улардан воз кечинг. Сиз учун энг яхши дўст – Яратган Зотдир”.

Абулҳасан Ҳарақоний фалсафий рубоийлар ҳам ёзган. Қуйида уларнинг бирини келтираман.

Азалнинг сирини на сен билурсан ва на мен,
Бу асар ҳарфини на сен билурсан ва на мен.
Парданинг орқаси суҳбат жойимиз, гар билсанг –
Парда тушиб кетса, на сен қолурсан ва на мен.

Манба:  Фейсбук тармоғидаги “ЎЗБEКИСТОН ТАРИХИ. ИСТОРИЯ УЗБEКИСТАНА. HISTORY OF UZBEKISTAN” гуруҳи саҳифасидан олинди.

 

 

Хулоса.

Бу тарих. Тарихдан сабоқ, ибрат олинади. Шунингдек, бу тўқима эртак ёки ҳикоя эмас. Ичидаги маълумотлар жуда оз ва тўлиқ эмас, балки хатолари ҳам бўлиши мумкин. Ушбу материал юзасидан оҳирги аниқ хулосани аҳли илмлар, мутахассислар бергани тўғри бўлади.

Дарҳақиқат, мазкур мақолани эълон қилишдан мақсад, бугун аҳли илмларни таржимаи холи, илмий даражаси ва х.к. талаб этиладиган бошқа маълумотлар борми?- деган масалани кўтариш. Аниқроғи, агар бўлса, бугунги аҳборот технологиялари тараққий этиб, инсонлар ҳаётида муҳим ўрин тутиб турган бир замонда, нима учун шуни электрон шаклини омма эътиборига ҳавола этиш мумкин эмас?!

Балким, шунда айрим кишиларимиз ўзлари ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб келаётган, лекин фақат виртуал оламда таниган устозлари хақида аниқ маълумотга эга бўлиб, оддий мантиқий саволларга жавоб беришлари учун имконият туғилар?

Бу мулоҳазаларни ёзишга сабаб, яқинда телекўрсатувда ишитрок этиш учун таклиф этилган муҳтарам Домлаларимиздан бирлари хақида, титрларда уларга хос бўлмаган мақомда, оммага танилган номларидан бошқача тарзда маълумот берилган. Ўз навбатида, муҳтарам Домлани устоз деб тан олган шогирдларидан бири ижтимоий тармоқларда телевидения ходимларига нисбатан ўзига хос равишда эътирозларини билдирган. “Қарс икки қўлдан чиқади”-деган мантиқга ёндашиб, масала кўриб чиқиладиган бўлинса, бу ерда телевидения маъсул ходимларининг ҳам айби йўқ эмас. Бироқ, телевидения ходимларига бари айбни юклаб қўйиш ҳам адолатдан бўлмаса керак, чунки, эътироз билдириб турган ўша шогирдларида ҳам аҳли илмлар хақида аниқ маълумот мавжуд бўлмаган. Акс ҳолда, мантиқсиз бахс-мунозаларларга чек қўйилар эди.

Хуллас, бугун диёримиз ва ундан ташқарида бўлган ислом уламолари ва умуман аҳли илмлар хақида маълумотлар базасини шакллантириш пайти келган кўринади. Шунда қисман бўлсада, юқоридаги каби келгусида содир бўлиши мумкин бўлган хатоликларнинг олди олинар ва эътирозлар асосли бўлар эди. Бундан ташқари, диёримиз мусулмон аҳли ва ҳатто исломга эътиқод қилмайдиганлар ҳам, асл ислом олимлари хақида маълумот олиш учун қулай имкониятга эга бўлар эди.