Тасаввуф ва тариқатлар (2-қисм)

фото- сурат Бухоро Давлат архитектура-бадиий қўриқхона-музей сайтидан олинди

Сулук йўлини ихтиёр қилган киши Шайтон билан, нафси билан жиҳод қилади. Дунёга ҳирс қўйишдан ўзини сақлайди. Жаҳолатдан қутулиш йўлларини ахтаради. Йўқса, унинг сулукидан бирор наф чиқмайди. Тариқат йўлида умрини беҳуда зоеъ қилгани қолади холос. Айниқса инсон то нафсини ислоҳ қимагунча, уни жиловламагунча бирор даражага асло эришолмайди. Чунки нафсни жиловлаш энг оғир ишдир.

Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, тариқатга киришнинг учта асосий шарти бор: 1. Шариат илмини яхши билиш. Чунки Аҳмад Яссавий ҳазратлари айтганидек:

Тариқатга шариатсиз кирганларни,

Шайтон лаин иймонини олар эрмиш.

2. Ҳақиқий бир пири комил – шайх топиб, унга қўл бериш. Токи у ўз илми, файзи, тақвоси ва адаби билан Ҳаққа яқинлаштирсин. Зеро тасаввуфга айрим ботил тариқатларнинг ҳам кириб келганлигини, сохта шайхлар пайдо бўлганлигини афсус билан таъкидлаб ўтмоқчимиз. Ўзини шайх деб эълон қилган, ҳою ҳавасларга учган айрим саводсиз ва жоҳил кишиларни ўз вақтидаёқ Аҳмад Яссавий каби улуғ авлиё танқид ва мазаммат қилиб ўтган:

Ўзини шайх олур кулбори холи,

Йигирма бешга етмай они соли.

Насиҳатлар қилур пиру жавонни,

Ўзи фаҳм этмайин яхши ямонни.

Аларни сўзлари золлу музилдур,

Шариат аҳли бу элдин хижилдур.

Инонсун деб муни бир неча беақл,

Қилурлар авлиёлардин муни нақл.

Қўюб домин гузаргоҳларга бе пир,

Тили макру ҳиял, қилғони тазвир.

Ани макри эрур Шайтондин аъло,

Қўпар юзи қаро, маҳшарда танҳо,

Аларни кўрмангиз юзини ҳаргиз,

Анингдек лаънатидин айлангиз парҳез.

  1. Шайхнинг кўрсатмаларини, вазифаларини ихлос билан тўла-тўкис адо этиш. Чунки, ҳазрат Нақшбанд каби комил шайх фақат илм, маърифат ва комиллик сари йўллайди…

Тарихимизга назар ташласак, ўтмишдаги хон ва султонлар азиз- авлиёларга, уламои киромларга юксак эътибор назари билан қарагани, ҳар бирининг маслаҳат ва дуо оладиган авлиё пирлари бўлганини кўрамиз. Ўша пирларнинг дуоси баракотидан халққа тинчлик-осудалик ва фаровонлик ато этилган. Кези келганда улар улуғ зотларнинг дуоси ва таважжуҳи билан душманлари устидан ғолиб бўлган…

Бунга соҳибқирон бобомиз Амир Темур ва Бобур Мирзо каби йирик сиймоларнинг ҳаёти ва зафарли юришлари ёрқин мисол бўла олади. Бу зотлар “Темур тузуклари” ва “Бобурнома” каби асарларида авлиёларнинг дуолари баракотидлан кўп хайрли ишларга эришганларини эътироф этишган. “Темурнома”да ёзилишича, Амир Темур Баҳоуддин Нақшбанднинг руҳидан мадад истаб, унга шундай мурожаат қилади:

Қўлум олинг, ё пирим, манда қувват қолмади,

Йўлга солинг, ё пирим, манда ғайрат қолмади.

Демак, Амир Темур Баҳоуддин Нақшбанд билан руҳий мулоқотда бўлиб турган.

Академик Б.Аҳмедов томонидан чоп этилган “Амир Темур ўгитлари” китобида буюк Соҳибқироннинг қуйидаги сўзи келтирилган: “Пири комил шайх Баҳоуддин Нақшбанднинг “Кам е, кам ухла, кам гапир” деган панду насиҳатларига амал қилдим. Аркону давлатга, барча мулозимларга ҳам айтар сўзим шу бўлди: “Кам енглар, очарчилик кўрмасдан бой-бадавлат яшайсизлар, кам ухланглар, мукаммалликка эришасизлар, кам гапиринглар, доно бўласизлар”.

Шунингдек Амир Темур ҳазратлари Пири Туркистон – Хожа Аҳмад Яссавий ва бошқа авлиёларнинг қабрларини обод қилган, мақбаралар қурдирган. Шайбоний султонларидан – Шайбонийхон, Убайдуллоҳхон, Жонибек Султон, темурийлардан Заҳириддин Муҳаммад Бобур улуғ шайх Саййид Аҳмад – Махдуми Аъзам (1461 – 1542) ҳазратларини пир тутиб, маслаҳатларига қулоқ тутганлар. Саййид Амир Кулол ҳазратларининг невараси Мавлоно Шаҳобиддин томонидан ёзилган “Маноқиби Саййид Амир Кулол”да Саййид Амир Кулолнинг ўғли Амир Умарнинг ва халифаси Шамсиддин Кулолларнинг Амир Темурга пирлик қилгани ривоятлар орқали баён қилинади.

Тасаввуфни тушунмаган ёки унга хайрихоҳ бўлмаган баъзилар, ҳазрат Пайғамбаримиз замонида тасаввуф деган сўз йўқ эди-ку, деб эътироз билдирадилар.

Тўғри, Расулуллоҳ (с.а.в.) замонида “тасаввуф” деган сўз ёки илм соҳаси йўқ эди. Ахир, бу даврда тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид каби илмлар ҳам тасниф қилинмаган эди-ку? Расулуллоҳ (с.а.в.) замонларида бу илмларнинг барчаси бир бутун шаклда мавжуд эди. Эҳтиёжманд киши Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ёки айрим улуғ саҳобалардан илмнинг барча соҳасида жавоб олиши мумкин эди. Шунингдек, тасаввуф ҳам у замонларда «ҳол» сифатида мавжуд эди.

Кейинчалик эҳтиёж туфайли бу илмларни уламолар тасниф қилиб ривожлантирдилар.

Тариқатларнинг кўплиги эътирозга сабаб бўлмайди. Юқорида айтганимиз каби аҳли тасаввуф орасида «Аллоҳга олиб борадиган йўллар махлуқотнинг нафаси саноғича» деган сўз машҳур. Ҳар бир тариқат соҳибининг зикр ва одоб дарслари бошқа-бошқа бўлса-да, мақсади битта: Аллоҳ розилигини топиш, Аллоҳнинг севган ва рози бўлган бандаси ўлароқ, жаннати ва жамолига мушарраф бўлиш… Қолаверса, бошқа фан соҳаларида ҳам қанчадан-қанча кашфиётлар, топилмалар, услуб ва методлар мавжуд-ку?! Баъзилар тариқатлар орасидаги жузъий тафовут ва мунозаралардан кир ахтарадилар. Биз биламизки, «ваҳдати вужуд» ва «вахдати шуҳуд»чилар орасида «тавҳид», «Аллоҳ ва олам» «Аллоҳнинг исму сифатлари» орасида мунозаралар бўлиб ўтган. Содда қилиб айтганда, улар мунозарасини, фиқҳий масалаларда ҳанафий ва шофиъийларнинг баҳсига ўхшатиш мумкин… Олимлар илмдаги бундай мунозараларни таназзул эмас, тараққиёт аломатларидан деб биладилар. Аммо «ваҳдати вужуд» ғояларини тўғри англаш учун кимда шаръий билим бўлмаса оёғи тойиб кетиши мумкинлиги, нақшбандийликда асосан “ваҳдати шуҳуд” қарашлари мавжуд ва ҳукмрон эканлиги илмий манбаларда қайд этилган.

Аҳли суннат вал жамоат тоифаси кароматни, валийликни ҳақ деб билади. Оят ва ҳадисларда улар ҳақида айтиб ўтилган.

Мусулмон оламида кароматлари саҳиҳ зоҳир бўлган, халқ томонидан авлиё деб тан олинган кишиларнинг аксари аҳли тариқат бўлганлиги ҳеч кимга сир эмас. Каромат эса ҳар кимга берилмайди. Муҳаққақ, у Аллоҳнинг инояти бўлиб, илму амали, тақвоси, хайру эҳсони, марҳамат-шафқати, ихлос-самимияти, эътиқоди кучли бўлган кишиларгагина берилган. Энди мантиқан ўйлаб кўринг: Агар тариқат, унинг одоб-арконлари, зикру тасбиҳотлари заррача бўлса ҳам шариатга зид бўлганда эди, аҳли тариқат бўлмиш валийларга каромат берилмас эди. Авлиёлар дунёда ҳам охиратда ҳам Аллоҳнинг хос марҳаматига эришган кишилардир. Қуръони каримда уларлар ҳақида шундай дейилган: “Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига бирон хавф йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар. Улар иймон келтирган ва тақволи бўлганлардир. Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бордир».

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ таоло айтади: “Кимда-ким Менинг дўстим билан адоватлашса, Мен унга уруш эълон қиламан. Бандам Мен унинг зиммасига фарз этган амаллардан кўра суюклироқ нарса билан Менга қурбат-яқинлик ҳосил қилмаган. Бандам Менга нафл ибодатлар билан тобора яқинлашаверганидан, ҳатто уни яхши кўриб қоламан. Агар уни яхши кўрсам, Мен унинг эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, ушлайдиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Агар Мендан сўраса, албатта унга бераман. Агар Мендан паноҳ тиласа, албатта уни паноҳимга оламан». (Бухорий ривояти).

Халқимиз азалдан авлиёларнинг ўзига хос фазилатлари ва даражотлари борлигини инобатга олиб, уларга билиб-билмасдан тил теккизишдан эҳтиёт бўлишган. Валийлар ҳақидаги тазкира ва маноқибларни ўқиганимизда улар ҳам бизга ўхшаган инсон экани, хатодан холи бўлмагани, баъзиларининг феъл-атвори оғир ё нозикмижоз бўлганига, айримларининг ўзаро келишмай қолганига ҳам гувоҳ бўламиз. Лекин булар истисно ҳолатлардир. Аксинча, ҳар бир авлиё дуоси ижобат бўладиган, Аллоҳга яқин тақводор, ориф ва ошиқ киши бўлган. Бир сўз билан айтганда, авлиё дегани бу — комил инсондир. Бироқ улар ўзларини гуноҳкор, нуқсонли санашган. Авлиёлар, аввало, ўзларининг эътиқодлари ва муҳаббатлари билан бошқалардан ажралиб турган, ёшликданоқ илм ўқишга, Аллоҳни танишга, динни тўғри тушунишга жидду жаҳд қилган. Ўқиган ва билган ҳар бир нарсасига қаттиқ амал қилган. Энг муҳими, илм билан бақамти одоб-ахлоққа эътибор берган, ўгитларида ота-она ва устозларнинг дуосини олишни бот-бот таъкидлаганлар. Валийлар кўплар эътибор бермайдиган кичик суннат одобларига ҳам бепарволик қилмаган. Масалан, улар ҳар бир нарсани ўнгдан бошлашган, қўл ювгандан кейин таомни туз билан бошлаган ва ўнг қўл билан таом еган. Ейишдан олдин «Бисмиллоҳир роҳманир роҳим»ни айтишган, таом охирида «Алҳамду лиллоҳ», деб шукрона келтиришган. Таомдан кейин ҳам суннатга мувофиқ қўлларини ювганлар. Кийимни ҳам ўнг томондан кийган ва хонадонга ўнг оёқ билан кирган. Таниш-нотанишга, катта-кичикка доимо салом беришган. Ўзлари муҳтож бўлган пайтда ҳам эҳтиёжмандлардан борини аямаган. Қўрс-қўпол эмас, ҳалим-ювош бўлишган. Ҳеч кимга кек-адоват сақламай, такаббурликни улуғ гуноҳ ҳисоблаб, мутавозеъ ва хокисорликда яшашган. Бақир-чақир қилиб суҳбат қуришмаган, мулойимлик билан муомала қилишган ва кўпроқ ҳикматли сўзлар айтишган. Номаҳрам аёллардан назарларини тийган, аҳли аёлларини номаҳрам кимсалардан муҳофаза қилган. Доимо халқнинг оғирини енгил қилиш пайида бўлган. Тариқат йўлига кирган муридларига марҳаматлар кўргизиб, ҳамиша уларга ҳақ ва ҳақиқат йўлини кўрсатган. Ҳар бир муридининг илм олиши ва одоб-ахлоқ эгаллаши учун қўлдан келганча шароит яратишган. Улар дунёга ҳирс қўймаган, бола-чақаларини ҳалол ризқдан едириб-ичирганлар. Ҳатто бой-бадавлат бўлган тақдирда ҳам дунёга муҳаббат қўймасдан уни ҳалол йўлга, хайру эҳсонга сарфлашган. Бу улуғ зотларнинг ибодат ва риёзатлари риёдан холи бўлган. Кароматгўйликни хуш кўришмаган. Ҳар бир ҳаракатни Аллоҳнинг розилиги учун қилган. «Қўллари ишда, кўнгиллари Аллоҳда» бўлган. Аксарияти бирор касб билан шуғулланиб кун кечиришни афзал билган. Улар дўсту биродар ва яқинларига эътиборли ва ўта шафқатли бўлишган. Доимо юрт ҳақида, мўмин-мусулмонлар ҳақида дуои хайр қилишган..

(Давоми бор)

Сайфиддин Рафиддинов