“Туркистон тарихи” керак

Тарих кўп аҳамиятли ва фойдали бир нарсадур. Тарихнинг фойдаларидан баъзиси ушбудурки, бир миллатнинг на тариқада, қайси йўл ила тараққий этганини ўқуб, ибрат олмоқ ёки бир миллатнинг на сабаблардан таназзул этиб, охири мунақариз бўлуб кетганин ўқуб мундан ҳам истифода этмак мумкиндир.

Шунинг учун бизнинг ўз шевамизда Туркистонда ўтган боболаримизнинг майиший, сиёсий аҳволиғат доир “Туркистон тарихи” бор бўлгонда, они кўз олдимизда қўюб, бурунғи қахрамон боболаримизнинг на йўл ила тараққий ва маданият давриға кируб ва нима сабабдан охири мунқариз бўлуб кетганликларини ўқуб, билуб, хейли ибрат олар эдук.

Ўшандоқ ҳозирги ҳолимизни боболаримиз давридаги ҳолларға бир даража муқояса этмак ила баробар ўз-ўзимиздан бир инфиоли даруний ҳис эдуб, юзаримиз қизарар эди. Ҳоло, биз туркистонийлар марҳум боболармиз аҳволи ҳам Туркистон воқеоти тариҳиясидан бутун ғофил ва бехабардурмиз. Чунки хануз Туркистон тарихи хақинда янги тадқиқот ила ёзилгон, тартибли ва истифодали мукаммал бир асар вужудға келган йўқ. Тўғриси, мундай тарих ёзувчи киши турк болаларининг нохалаф бўлуб, чин ўғул эмасликлариға далилдур. Бу сўзлардан тарихсизлигимиз англашилмасун. Бизнинг тарихимиз бор.

Бурунғу асрларда Туркистон ва турклар воқеоти ва аҳволи ҳақинда туркий, форсий ва арабий тилларда неча китоблар ёзилгандирку, у китоблардан рус ва бошқа ёвропойилар истифода этган ва этмакдадурлар. Лекин у мухталиф тилларида ёзилган. Тарихий асарлардан биз туркистонийлар истифода этиб, янг муҳокама ва тадқиқот ила ўз шевамизда мунтазам бир асар вужудга келтурганимиз  йўқ.

Балки бизлар андоғ тарихий китоблардан аксарият ила хабарсиз бўлуб, баъзисиндан хабардор бўлсак ҳам, аларнинг табъ ва нашриға аҳамият бермаймиз. Чунки, бизнинг халқлар андоғ китоблардан кўра хурофотлик қисса, ҳикоя ва ошиқона ғазал китоблариға зиёда рағбатлик бўлганидан моддий фойдасини кўзлаб, шундай афсона ва аслсиз китобларни табъ ва нашр этмакдамиз.

Шунинг учун кундан- кун муҳим тарихий китобларимиз кўздан тушуб, эсдан чиқуб кетмакдадурки, мунинг айбу гуноҳи Туркистондаги манфатпараст китобчилар бўйнига тушса керак. Чунки бу сўнг йилларда китобчилар тарафидан турли хурофотлик китоб ва рисолалар нашр бўлунуб турганлиги майдонда ва барчаға маълумдур. Агарда муҳтарам ношир ва китобчиларимиз мундан сўнг аҳлоқ бузгувчи ошиқона ғазаллар ва соф эътиқодларни захарландирувчи хурофотлик афсона китоблар ўринға мўътабар тарихий, ахлоқий ва адабий рисола ва китоблар нашр этмоқға ташаббус этсалар, шояд бу хайирли ишлари аввалги гуноҳларининг юзини ёпар.

“Садоий Туркистон” жаридасиға “Миллий тарихимизни ким ёзар?” мазмунинда бир савол кўрулгон эди. Бизнинг фикримизча, мундай бир тарих ёзмоқлик ниҳоят қийин бир иш булуб, ҳозирда мунинг ифоси бизларнинг қўлимиздан келмайтурғонга ўхшайдур. Шунинг учун бу хизматни Туркистон тарихи ила ошино бўла бошлаган ёш муаррихимиз муҳтарам Аҳмад Заки Валидий афандининг қаламидан умид этмакдамиз.

“Ойна” журнали, 1914 йил, 38-сон

898-900- бетлар