Тўйларга етказсин! Кейинчи?

фото wedding.uz сайтидан олинди

Халқимиз самимийлик билан эзгу ниятларда “тўйларга етказсин”, дея дуолар қилиши урф бўлиб қолган. Урфлар ўзаро чамбарчас уланиб, мустаҳкам тугун ҳосил қилар экан ва биз учун қадриятга айланиб бораверар экан.

Халққа тўй беришдан кўзланадиган мақсад энг аввало суннатга амал қилиниб, савоб умид қилинади. Ушбу суннатнинг даражаси ва унга амал қилмаганлик ҳукми алоҳида мавзу бўлиб, мақолада бунга тўхталмоқчи эмасмиз.

Мақсад, Махмудхўжа Беҳбудий хазратлари эътироф этганидек бизни кемириб ётган иллатлардан бирини бироз таҳлил қилиб чиқиш. Зора, ораларимизда  тўйларимиздаги мавжуд ва борган сайин иллатга айланиб бораётган “урфлар”га қарши чиқишга ўзида куч топадиган мардларимиз кўпайса.

«Никоҳ тўйи» дейилганда икки ёшни ўзаро турмуш қуриш маросимини тасаввуримизга келтирамиз. Бугунги кунимизда мамлакатимизнинг турли минтақаларида ўзига хос урф-одат, аънанларига эга бўлган маросимлар борки, шулардан энг каттаси никоҳ тўйи тантанаси, дейилса муболаға бўлмайди.

Эътиборингизга мамлакатимизнинг пойтахти бўлган, аҳоли сони жиҳатидан энг зич минтақаларимиздан ҳисобланган, асосий маданият ўчоғи саналадиган Тошкент шаҳрида мазкур тўй маросимининг ўрта қатламга мансуб аҳоли томонидан қандай тартибда амалга оширили (тайёргарлик кўрилиши, ташкил этилиши ва ўтказилиши) билан боғлиқ маросимларни бироз чуқурроқ кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.

Агарда бирор бир жиҳатлари инобатга олинмаган бўлса ёки ўтказиб юборилган ёхуд нотўғри тасвирлаган бўлса, демак таҳлилимиз ҳам таҳрирга муҳтож деб ҳисоблашингиз мумкин.

Дастлаб, Тошкент шаҳрида «Никоҳ тўйи»га тайёргарлик кўриш, ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ маросимлар дастурини қандай режалаштирилишини қуйидагича белгилаб оламиз. Бу якунда таҳлил қилиш ва хулоса чиқаришимиз учун қулайлик беради.

  1. Никоҳ тўйидан аввал бўладиган ўзаро музокаралар, фуқаролик “битимлари” билан боғлиқ маросимлар(совчилик, совға бериш, фотиҳа, оқ ўраш ва х.к.);
  2. Никоҳ тўйини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ масалалар;
  3. Никоҳ тўйидан кейин бўладиган маросимлар.

Никоҳ тўйидан аввал бўладиган ўзаро музокаралар, фуқаролик “битимлари” билан боғлик маросимлар

Совчлик

Никоҳ тўйини ўтказиш учун албатта аввало куёв билан келинликка номзодлар бўлиши шарт қилинади. Одатимизга кўра, бўлажак куёв тарафидан бўлажак келин тарафига совчи юборилади. (Шу жойда саволлар туғилиши табиий, яъни: куёв келинни кўрганми ёки аввалдан танийдими? Илгари учрашиб юрганми? Қизни куёвнинг ота-онаси ёки унинг яқинлари кўриб тавсия этганми? Ёки куёв ҳам келин ҳам умуман бир-бирин кўрмаганми ва ҳ.к. Булар муҳим бўлмаганлиги учун унга тўхталмаймиз.) Кўпроқ учрайдиган холатни, яъни келин-куёв бир-бирини танимайдиган вариантини кўриб чиқамиз.

Куёвнинг ёки келиннинг яқинлари ёки оилаларининг яқин дўстлари, қўшнилари ва ҳ.к танишлари томонидан тавсия этилганлиги учун, куёв томонидан келин томонга совчи ташриф буюради. Совчилар таркибида куёвнинг энг яқин опаси, аммаси, холаси, келинойиси ёки онаси ҳам бўлиши мумкинлиги ва умуман аёл кишилар совчиликка бориши бугун аънанага айланиб бўлган. Эркак кишиларнинг совчиликка боришини тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада онг ўзгариб кетган.

Хуллас, бир неча аёл кишидан иборат «элчилар» бўлажак келиннинг уйига ташриф буюришдан аввалроқ хуфёна тарзда қиз хақида энг зарур маълумотларни тўплаб олишади (гарчи қиз хақида ва унинг оила аъзолари, иш ва ўқиш жойлари ҳақида маълумот беришган бўлишса-да, ўша маълумотларни тасдиқлаб олиш ҳолатлари кўп кузатилинади).

Асосий мақсадлари қизнинг қўлини сўраш бўлгани учун, йигит ҳақида ҳам керакли маълумотларни беришади ва бўлажак куёв яхшилаб мақталади. Кўпинча совчиларни сўровига жавоб қайтаришга шошилинмайди ва бироз ўйлаб, маслаҳатлашиб кўриш учун қиз томони фурсат сўрайди. Бу орада қиз тараф ҳам куёв тарафни ўз “каналлари” орқали оператив равишда суриштиришни бошлайди. Агар параметрлари маъқул келса, ўртада турган одам ёки совчиларнинг ишончли вакилига ана шу дастлабки хушхабар етказилинади.

Учрашув ёки совға бериш

Кейин икки ёшни ўзаро учрашувини ташкил этиш босиқчига ўтилади.

Бу босқич масалани муҳим босқичларидан бири бўлиб, тўй бўлиш ёки бўлмслик масаласини ҳал этади. Қиз билан йигит учрашуви ташкил этилади ва бир-бирига ёқиш ёки ёқтирмаслигига аниқлик киритилади. Учрашувда томонларнинг кўнгли “жиз” этиши аҳамиятли ҳисобланиб, шунга эътибор берилади.

Ҳозирги пайтда айрим холатларда қизнинг отаси ёки тоғаси ёки амакиси (отасининг ака-укаси) куёвликка номзод билан бир учрашиб, кўришишни талаб қилиш шартлари ҳам кўп кузатилиб келинмоқда. Шундан кейин, бир кунни ва жойни белгилаб, йигит билан қизнинг ўзаро учрашуви ташкиллаштирилади.

Учрашув жойи сифатида, кўпинча Тошкентнинг марказидаги муҳташам истироҳат боғи, анҳор бўйидаги «Заргарлик» магазинининг атрофи, хуллас унчалик одам кўп бўлмаган, иккала тараф учун “нейтрал” ҳудуд, ўзаро келишилган ҳолда танланади.

Йигит томондан битта аёл киши вакил ва қиз тарафдан битта аёл киши вакил уларга ҳамроҳлик қиладилар ҳамда белгиланган вақт ва жойда учрашадилар. Белгиланган вақтда учрашув жойига ҳар иккала тараф ташриф буюргандан сўнг, ҳамроҳлик килувчилар четроққа кетишади ёки уларга «бир ўзларингиз айланиб келинганлар», дея уларни бир-бири билан бемалол суҳбатлашиш учун ёлғиз қолдиришиб, четдан кузатиб турадилар.

Келин ёки куёв тараф ёқтирмаган вариантига тўхталиб ўтирмаймизда, илк учрашувни ўзида йигит билан қиз бир-бирига маъқул келиб қолган вариантни кўриб чиқамиз.

Навбатдаги учрашувни энди келин ва куёв номзодлари ўзаро келишиб, куни ва вақтини белигалб олишади. Ўша учрашувда совға бериш «операцияси» амалга оширилади. Куёв тараф келин тарафга совға сифатида олдиндан тайёрлаб қўйилган (атир-упадан, ширинлик ёки бирон бир матодан иборат) ҳадясини топширади.

Оқ ўраш

Совға бериш “операцияси” муваффақиятли ташкил этилгандан сўнг, навбат «Оқ ўраш маросими» га ўтилади. Бу маросимдан асосий мақсад қизни банд қилиб қўйиш, яъни қизни бошқасига бериб юбормаслик хақида “кафолат битимини расмийлаштириш”дир. Одатга кўра “Оқ ўраш маросими” ҳам қиз тарафда бўлиб ўтади. Совчиларнинг бу галги ташрифига, нисбатан каттароқ тайёргарлик кўрилади.

Келин тараф чиройли дастурхон тузаб, куёв тарафдан ташриф буюрадиган меҳмонларни яхшилаб кутиб олади. Йигит тарафдан келган тоғоралар турли ҳил дастурхонларга ўралган бўлади. Тоғарада эса турли ширинлик, қандолат маҳсулотлари, сомсалар, пишириқлар ва ҳ.к. таомлар бўлади. Ўз ўрнида, бу тоғораларни қиз тараф ичини ўз махсулотлари билан тўлдириб, кайтариб бериш урфи амал қилиб келади. Бу маросимда ҳам асосий раҳбарлик, бошқарув ва умуман ташкилий масалалар аёллар измида бўлади.

Маросимнинг дастурхон атрофида бўлиб ўтадиган суҳбатда қалин пули (“сут пули” деб кўпинча юритилади), тўйни ўтказиш дастури, куёв ва келин учун ота-оналари томонида олдиндан йиғиб, териб тўпланган сарпо-суруқлар, уй-жой жиҳозларини ўзаро тақсимоти, олди-берди масалалари кўриб чиқилади ва айримлари ҳал этилади.

Тошкент шаҳрида қиз учун алоҳида уй жиҳозлари, яъни “қизни мебели”ни тайёрлаб қўйиш урфига қатъий амал қилиб келинади. Агарда куёв томондан бундай жиҳозларга эҳтиёж бўлмаса, бундан воз кечиши мумкин. Бунга жавобан, келин тараф ҳам айрим нарсаларни куёв тарафдан талаб қилмаслиги ёки унга муқобил бўлган бошқа ашёларни тақдим этиши шарт бўлади.

Аксарият ҳолатларда келин тараф мебель ва уй-жиҳозлари (кўрпа-ёстиқ, сандиқ, пардалар, гилам, карниз, чойшаб ва бошка кичик ашёлар) билан куёвникига келади. Куёв тараф шунга қараб ўз тайёргарлигини қилади ва хулосасини чиқариши лозим бўлади. Булардан ташқари, ҳар иккала тараф сарпо тайёрлаши керак бўлади, яъни келин- куёв учун бош-оёқ сарпо (костюм-шим, оёқ ва ички киймлари, атир-упа ва ҳ.к.).

Бугун ўзаро келишиб ҳамма ўз- ўзига сарпони тайёрлашадиган одат тус олмоқда, яъни келин ўзи учун, куёв ўзи учун керакли анжомларини ҳарид қилишади.

Хуллас, “Оқ ўраш маросими” учун ўртача ҳисобда куёв тарафдан ҳам ва келин тарафдан маълум (…АҚШ доллари) миқдордаги маблағ сарф этилиш билан бирга, камида уч кун вақт маросимни ташкил этиш ва ўтказиш ишларига сарфланади.

Фотиҳа ёки “Нон сидириш”

Навбатдаги босқич, «Фотиҳа» ёки «Нон синдириш» маросими деб ҳам аталади. Буни  кичик тўй деб ҳисобласа ҳам бўлади. Бу маросимда эркаклар ҳам фаол иштирок этади. Бўлажак куёв тарафдан бир неча эркаклар бошчилигидаги бир гуруҳ меҳмонлар яна келин тарафга ташриф буюришади. Келин тараф меҳмонларни муносиб равишда кутиб олиш тараддудини кўришади ва яна қимматли дастурхон тузалади. Куёв томон эса «40 тоғора» билан ташриф буюради. Яқин кунларга қадар бу шундай номланар эди. Ҳозирда ҳукумат аралашуви билан, тоғораларнинг сони бироз ихчамлаштирилган. Тоғораларда эса турли хил таомлар (қази-қарта, норин, «табака», кабоб, турли ширинликлар, кандолатчилик махсулотлари) жойлаштирилиб, келин тарафга тақдим этилади. Ўз ўрнида, бу тоғораларни келин тараф ундан-да зиёдароқ қилиб, куёв тараф вакилларига қайтради.

Дастурхон атрофида куёв тарафдан ташриф буюрган камида уч нафардан иборат вакиллар ҳамда келин тарафнинг яқинлари ўртасида тўй маросими билан боғлиқ катта харажатлар, тўйни ташкиллаштириш ва ўтказиш бўйича ўзаро вазифалар тақсимотлари, тўй куни ва жойи, «тўй жўнатиш», таклиф этиладиганлар сони билан боғлиқ масалалар ҳал этилади.

Мазкур маросимни ташкиллаштириш ва ўтказиш учун келин-куёв тарафдан яна маълум (…АҚШ доллари) миқдордаги моддий сарф харажатлар, камида уч кун вақт сарфланади. Шунингдек, ҳар иккала тарафдан камида тўрт киши маросимни ташкил этиш ва ўтказиш учун, энг камида уч кун вақтларини сарфлашга мажбур бўлишади.

“Тўй жўнатиш”

Юқоридаги «Фотиҳа» ёки «Нон синдириш» маросимидан кейинги босқичдаги маросим, бу тўйдан бир кун олдин бўлиб ўтадиган «Тўй жўнатиш» маросими бўлиб, унда куёв тараф келин тарафга энг камида 200 кишилик Ош-палов харажатлари (гуруч, сабзи, ун, ёғ, қўй ёки гўшт, туз, қуруқ чой, нон ва ҳ.к. бўлиши мумкин ), яна тоғораларда пишириқлардан иборат қандолатчилик маҳсулотларини жўнатади.

Бу маҳсулот ва буюмлар келин тарафга камида 3-4 кишидан иборат куёв тарафнинг эркаклар гуруҳи орқали етказилинади. Келин тарафи улар учун урф-одатга кўра чиройли дастурхон тузайди. Қуюқ- суюқ қилиб сийлайди ва кузатиш давомида куёв тарафнинг бош вакилларига тўн кийдирилади ва бирга ҳамрохлик қилганларига кўйлакми ёки бирор матоми билан ҳадя улашиб юборишади.

Мазкур маросим учун куёв тарафидан ҳам, келин тарафидан ҳам маълум (…АҚШ доллари)  миқдорда харажатлар қилинади ва камида 3-4 киши банд бўлади ва вақтсарфлайди.

“Мол ёяр”

Тўй бошланишидан узоғи ўн кун, камида бир ҳафта олдин келин тараф куёвнинг уйига, келин-куёв учун ажратилган хонани безаш учун вакилларини жўнатади. Бу кичик маросимча бўлиб, уни «Мол ёяр» деб аташади. Келин тарафдан ташриф буюрган икки-уч нафар аёлдан ортиқ бўлмаган вакилларни энди куёв тараф кутиб олади.

Кун давомида келин тараф вакиллари келин-куёвга ажратилган хонани безаш билан шуғулланадилар. Ташрифларидан олдинроқ олиб келиб қўйилган мебель ва уй-жой жиҳозларини дидли қилиб безатадилар. Ишни якунлагач, куёв тараф томонидан улар учун чиройли қилиб, қуюк-суюқ таомлар билан сийланиб, кузатиб юборилади.

Мазкур маросимни ташкил этиш учун куёв тарафдан ҳам, келин тарафдан ҳам маълум (… АҚШ доллари) миқдордаги маблағ харажат қилинади, вақт сарфланади ва камида келин тарафдан тўрт киши, куёв тарафдан тўрт киши бу маросимни ўтказиш билан банд бўлади.

Никоҳ тўйини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ масалалар

Шу билан тўйгача бўлган барча асосий ишлар ўз ниҳоясига етади. Энди навбатдаги, яъни тўйни ташкиллаштириш ва ўтказиш босиқчига ўтилади. Тўйни ўтказиш учун асосий жонбозликни одатга кўра кўпрок куёв тараф қилади. Шунинг учун ҳозирги кунда ҳар томонлама қулай ва шинам бўлган «тўйхона»ни топиб, унга буюритма бериш мажбурияти айни куёв тараф зиммасида бўлади.

Бугунги кунда бундай тўйхоналарга бўлган талаб жуда юқори эканлиги боис, уларнинг сони кун сайин ортиб, сифати рақобатбардош даражага кўтарилиб кетган. Хуллас, тўйхонанинг шартлари ҳар хил. Агар буюритмачи истаса фақатгина тўйхонанинг ўзини (бунинг ичига стол, стул, дастурхон, ошхона ва ошхона идиш ташувчи ҳамда ювувчиларидан фойдаланиш, дастурхон кириш мумкин) ёки қисман асосий таомлар (суюқ ва қуюқни, нон, чой, мевалар, яхна ичимликлар, «закускалар»(газаклар), бир-икки хил салатлар ва ҳ.к.лар) билан киши бошига қилиб келишиладиган бўлган. Хозирда тахминан бир киши учун камида 10 АҚШ долларини ташкил этади. Жойлар эса ўртача ҳисобда камида 300 кишига буюртма берилмоқда, агар 10 АҚШ долларидан бўлса, 3000 АҚШ долларга тенг бўлади.

Бу харажатлардан ташқари қўшимча сифатида спиртли ичимликлар, келин-куёв олдига улкан торт, гуллар, шарлар, турли шоулар билан бирга ҳашамдор безашга буюртма бериш мумкин. Бу алоҳида ҳисоб-китоб қилиниб ўртача 1000-1500 АҚШ долларини ташкил этиши мумкин.

Куёв тараф тўй кунига “отарчиларни” ёки санъаткорларни, фото ва видеотасвирга тушириш хизматчиларини, қимматбахо хорижий автоуловларни ёллаши керак булади. Буларга кетадиган харажатлар қуйидагича:

  1. Санаъткорлар учун (агар таниқли бўлса) – ўртача 300-400 $
  2. Видеотасмага тушириш хизмати учун – ўртача 150$
  3. Карнай-сурнай (туртта карнайчиси билан) – ўртача 150$
  4. Лимузин автоулови – камида 100$
  5. Куёв навкарлар юрадиган автоуловлар- камида 50$ (куёв жўралар ҳисобидан)

Булардан ташқари келиннинг уйидан, келинни узатиб келувчилар учун алоҳида автобус ташкиллаштириш урфи яқин кунларгача амал қилиб келмоқда. Ҳозирги кундаги автобусларга буюртма бериш камида 20 $ ташкил этади (жойига қараб). Айрим холатларда куёв келиннинг тўй киймининг ижарасини ҳам кўтаришига тўғри келади. Бу эса тўй қилувчилар учун энг камида 100$ га айланади.

Энди эса бевосита тўйга ўтамиз. Тўй куни саҳардан ҳар иккала тараф ўз тараддудларини кўра бошлайдилар. Куёв йигит эрталабдан ташкилий ишларнинг кандай боришини кузатиш билан бирга, зийнатланиш мақсадида сартарошхонага боради, кун давомида «куёв жўраси»нинг йўл йўриқлари, кўрсатмаларини ёдлаб олишга ҳаракат қилади. Ҳаяжондан эсидан чиқариб қўймаслик учун, куёв жўра тўй давомида доимо куёв билан бирга бўлиши урфи шундан қолган бўлса ажаб эмас.

Иккинчи тарафда келин бола ҳам ўз тараддудини, куёвникидан кўра анча ортиқроқ қилиб амалга оширади. Ўзига зеб бериш учун умри давомида қилмаган пардозларни қила бошлайди. Албатта, келин болага бу борада  ва тўй давомидаги урф-одатларни дугоналари, опа-сингиллари, янга-ю, холалари керакли ёрдамчи бўлишиб, керакли кўрсатма, тавсияларни бериб боришади.

Иккала тараф учун бу тайёргарлик ишларига, яъни пардоз- андоз, соч-соқолни текислаш ва ҳ.к. хизматлари, келин бола учун энг камида 30$ га, куёв бола учун ўртача 10$ га тушиши мумкин.

Ҳозирги кунда келинникига куёв навкарнинг ташрифи тахминан Аср намозидан кейин амалга оширилади. Яқин йилларга қадар «Куёв навкарлари»дан аввал келин тарафга, «чоллар» бориб келиш урфи амал қилиб келарди. Ҳозирда бу ишлар саҳарда ёки пешинда амалга оширилиб келинмоқда.

«Чоллар» деганда бу – ёши улуғ эркак кишилардан иборат бир гуруҳ куёвнинг маҳалладошлари, яқин танишлар бўлиб, уларга куёвнинг отаси, амакилари ва энг яқин қариндошларидан иборат ўртача 150 киши ҳамроҳлик қилишади. Улар ташриф буюрганда, келин тараф элга “Ош” бераётган бўлади. Қуда тараф учун алоҳида жой ҳозирланади ва ош билан сийлангандан сўнг, келин тараф томонидан олдиндан тайёрлаб қўйилган рўйхатга кўра чопон-тўнлар, куёвнинг отаси ва энг яқинларига ҳадя сифатида тақдим этилади. Икки ёшнинг хаққига дуолар қилинганч, «чоллар» қайтиб кетади.

Илгарилари “чоллар” қайтиб келишига қараб, куёв тараф ўз “навкарлари” билан келинникига отланишар эди. Ҳозирда эса куёв чиқадиган хонадоннинг дарвозаси ёки подъезди олдида, стол ясатиб, карнай-сурнай билан, «навкарларни» чорлаб туриладиган одат қолган.

Келинникига борадиган вақт бўлганда, куёв бола жўраси ҳамроҳлигида, уйига кириб қария онахонлар ва онасидан дуо олиб чиқади. Дуо олиб чиқиб кетишда бир кичик сезилмас урф бор. Куёвнинг онаси ўғлини отини айтиб чақиради ва унга кўра ўғил ортига қайтиб, онасидан меҳр бўсасини олиши керак. Кейин пинҳона тарзда онасининг қўлига маълум бир кичикроқ миқдорда пул қистириб қўйиши шарт.

Шу билан куёв ўз жўраси билан бирга алоҳида ижарага олинган «махсус» безатилган уловга миниб, келнникига равона бўлишади. Келиннинг уйига бир неча чақиримча қолганда, куёв бола ўз навкарлари билан тўпланиб олиб, карнай-сурнай наволари остида, келиннинг уйига ўйин-кулгу қилиб кириб кела бошлайди.

Куёвнинг бақувватроқ, эпчиллроқ бўлган дўстлари куёв учун ажратилган хонанинг эшигини тўсиб туриш ҳазили урф сифатида амал қилиб келинмоқда. Қўлтиғини орасидан куёв билан унинг жўрасини қўйиб юборгач, орқадан бақир-чақир қилиб киришга ошиқаётган бошқа куёв навкарларини, то куёв хонанинг бир бурчагида осиб қўйилган чимилдиқ-пардасини иккига бўлиб, йиртиб ташлагунча ушлаб туради ва сўнг, қолганлар безатилган хонага кириб ўтиришади. Апил-тапил ҳамма навкарлар меҳмохонага кириб келишиб, чиройли қилиб безаб, тузалган дастурхон атрофидан жой эгаллашади.

Биринчи бўлиб суюқ таом, кейин эса, ош берилади. Ош-палов тарақатиш давомида, куёвнинг гапга чечан дўсталаридан бири, куёв жўра билан бирга «Зарчопон-тўнни сотиб олиш»га хонадан чиқиб кетишади. “Товон” хонани кўрсатишларини мезбонлардан сўрашади. У ерда бир тўда аёллар куёв вакилларини кутиб олишади ва «Зарчопон-тўн сотиб олиш» урфи шу ерда бўлиб ўтади. Унда куёвнинг дўстлари, бир икки минг сўм қистириб, тўнни сақлаб ўтирган аёллардан “сотиб олишади”.

Бир амаллаб тўн сотиб олингач, уни куёв бола ва навкарлари ўтирган хонага олиб киришади. Куёв бола ва навкарлар тамадди қилиб бўлгач, алоҳида ажратиб сузилган махсус ошни куёв боланинг ҳали уйланмаган дўстларига, куёв боланинг қўли билан “ошалатиш” маросимини амалга оширишади. Ёнида ўтирган куёвжўра ҳар бир ошалаган боланинг қўлига ошини чайнашга улгурмай, ширинлик (конфет) қистириб туради.

“Ошалатиш” маросим тугагач, сотиб олинган зар чопон куёвни қиблага қаратиб, ўнг қўлдан кийдирилади. Чопон кийилгач ҳамма куёвни баралла овозда олқишлайди ва келин тарафдан ёши каттароқ мезбондан дуо қилиш сўралади.

Илгарилари тўй куни эрталаб ЗАГСга боришдан олдин ёки ЗАГСдан кейин масжид домласи томонидан никох ўқитилар эди. Ҳозирги кунларда, келинникига ташриф буюрилганда, ўша жойнинг ўзида алоҳида хонага куёв ва келин гувохлари билан таклиф этилиб, никоҳ ўқиб қўйилмоқда. Гоҳида, уйнинг йўлакчасида тезда никоҳни ўқиб ташлаш кузтилинади.

Хуллас, никоҳ ўқилиб, палов ошатилиб, зар чопон кийилиб бўлингач, куёв бола ўз навкарлари билан келиннинг уйини тарк этади. Хонадондан чиқишда, қисқа фурсат ичида келиннинг онаси ва холалари, аммалари билан сўрашиб, онахонлар куёвга дуолар қилишади.

Келинга махсус автоуловни, битта сурнайчи ва доирачини ташлаб, дўстларининнг автомашинасида, тўйхонага қараб йўл олади.

Тўйхонага кириб борганда, ҳали меҳмонлар келмаган пайт бўлади. Фақатгина хизмат қилиб юрган қавм-қариндошлар, ёру-дўстлар, яқин қўшнилар уни кутиб олиб, бир стулга ўтқазиб, тиззасига кичкина болаларни беришади. Бу ерда ҳам умумий бир дуо қилиниб, куёв бола бирор бир хонага кириб келиннинг келишини кутиб ўтиради.

Кечроқ келин ҳам ўз дугоналари ҳамда уни узатиб келган аёллар жамоасидан иборат қариндошлари билан тўйхонага ташриф буюради. Келин тараф тўйхонага кириб келиб, улар учун ажратилган жойга бориб ўтирадилар. Бу пайтда келин махсус автоуловдан чиқмай куёвни кутиб ўтиради.

Келинни узатиб келганлар кириб жойлашиб бўлишгач, куёв бола келин ўтирган автомашина эшиги олдига ўз жўралари билан келади. Бу жойда эшикни очиш учун келиннинг янгаси билан куёвнинг жўралари ўртасида савдо бўлиб ўтади. Савдо пишгач, автомашина эшиги очилади ва янгасидан кейин келин эшикдан чиқиб келади. Келин бола эшикдан оёғини чиқариб ерга қўйиши билан, куёв бола унинг оёғини босиш урф-одати шу ерда амалга оширилади. Кейин келинни ўнг тарафига олиб, оҳиста қўлтиқлашиб, карнай-сурнай садолари остида, келин ва кувёнинг дўстлари ҳамроҳлигида тўйхонага кириб келинади.

Тўйхона остонасига етганда келин тўхтаб, меҳмонларга эҳтиром кўрсатиб, уч марта эгилиб салом беради. Келин-куёв учун безатилган жойга бориб ўтиришдан олдин, ҳозирги кунда ЗАГСдан ўтказиш маросимини ўтказиш ҳам кузатилинмоқда. Расман никоҳ ЗАГС томонидан қайд этилгач, узуклар тақилиб, куёв ва келиннинг яқинлари уларни табриклашади. Ана шундан кейин белгиланган жойга бориб, келин-куёв жойлашади. Шу ўтирганча келин-куёв камида 3 соат ҳеч қаёққа жилмайди. Фақатгина, яқинлари табрик сўзини олгандагина бир-бир ўринларидан туриб ҳурмат кўрсатишади, холос.

Ўртани карнай-сурнай садолари очиб беради ва навбат отарчи-санаъткорларга берилади. Улар ўзлари билан «ўртакаш»ини олиб юрганлиги учун, тўйни асосан ўша шахс олиб боради. Кўпинча бу ишларни бугунги кунда машҳур телебошловчилар, сухандон ёки кино ва театр актёрлари бажариб келмоқдалар.

Тўйнинг якунига етмасидан аввал, санаъткор ёки отарчилар томонидан «Она» операцияси амалга оширилади. Бу дегани икки тарафнинг оналари ўртага таклиф этилиб, фарзандлари номига эзгу тилаклар билдириш керак бўлади. Тилаклар билдирилгач, келин ва куёв жойларидан туриб, айрим ҳолатларда ўтирган жойларидан чиқиб, уларга гулдаста тақдим этадилар. Кейин яна ўз жойларига ўтиргач, оналардан рақс хиром айлаш сўралади ва ҳамма ўз онасини ҳурмат қилганлар, уларга пул қистирадилар. Пулларнинг барисини қўл панжасига сиғдиришнинг иложи бўлмаганлиги учун, «саънаткор»лар томонидан тайинланган киши уларни оҳистагина оналарнинг қўлидан «тозалаб олиш хизмати»ни бажариб туради. (Саъанаткор-отарчилар тарафидан тўй давомида бошқа “операция”лар ҳам амалга оширилади. Бироқ биз энг катталарига тўхталиб ўтдик)

Тўйнинг ниҳоясида мезбон тарафдан ёши каттароқ «оқсоқол» тўйга «фотиҳа» беради ва шу билан келин-куёвга тўйхонани тарк этиш учун рухсат берилади. Куёвнинг жўралари катта рўмолни бош узра чодир қилиб, келин-куёвни тўйхонадан кузатиб қўйишади. Кўпинча, келин-куёв кетгандан кейин ҳам бироз, ўйин-кулги давом этади. Грузинларнинг ва туркларнинг «Лезгинка»сига рақсга тушилади.

Бу орада келин билан куёв уйга, аниқроғи куёвнинг уйига бориши керак бўлади. Бирок, ҳозирги кунда улар уйга боришдан олдин тунги Тошкентни, шаҳардаги кўркам боғларни айланишни урфга айлантиришмоқда.

Бунда келин билан куёв биргаликда бироз оёқларини чигалини ёзишган бўлади. Сайр тугагач куёвнинг уйига келинади. Улар учун ажратилган ва дид билан безатилган хонага кузатиб қўйилади. Куёв жўра ва келин янга уларнинг хонасида бироз бирга бўлишгач, келин-куёвни ёлғиз колдиришади.

Бироз қувватга кириш ва ўзини ўнглаб олиш учун иссиқ чой ичиб олиш, ювиниб олиш ҳамда кийимларини алмаштириб олиш учун имконият берилади. Орада келин ўз кийимини алмашитириб олиши учун, куёв боладан бирон дақиқага хонани тарк этиб туриш сўралади. Келин янга бу орада олдиндан ўргатилган одатларни, ҳаракатларни яна бир бора эслатиб ўтади.

Шу орада куёв жўра ҳам куёвга керакли маслаҳатларни бериб ва одатларни эслатиб туради. Бу тун урф-одатга кўра куёв келинга жиддий яқинлик қилмайди. Бу масала тўйдан кейинги кўриладиган ишлар сарасига киритилса ҳам бўлади.

Никоҳ тўйидан кейин бўладиган маросимлар

Куёв ош

 Тонгда куёв бола уйидан чиқиб кетиб, бошқа бир хонага кириб ётади. Кундузи эса, жўралари ўртасида «куёв оши» маросими бўлиб ўтади. Кўпинча бу маросимни “супра қоқди” ҳам дейишади. Чунки, дастурхон асосан кечаги тўйдан ортган неъматлардан иборат маҳсулотлар билан тузалади.

Куёв учун бу маросимда махсус тухум пиширилади, таомилга кўра уни еб бўлгач, Шомдан кейин куёв жўра ёки бирор бир дўсти ҳамроҳлигида куёвга дам солдириш учун домлага борилади. Дам солиниб, домланинг ҳаққи берилгач, куёв жўра куёвни чимилдиққача кузатиб қўяди, яъни куёвнинг уйига олиб бориб, қандай ҳаракатларни амалга оширишни яна бир бор тушунтириб, келин янгага топшириб ўз “миссиясини” бажариб бўлади.

Келин салом

Худди шу куни эрта тонгда куёвнинг уйида «Келин салом» маросими бўлиб ўтади. Келиннинг янгаси ва яқинларидан иборат бир неча аёл киши, куёв томондаги қавм-қариндош, қўни-қўшнилар учун салом беради. Айрим ҳолатларда бу маросимга отарчилар ҳам таклиф этилади.

Маросимнинг бўлиб ўтиш тартиби қуйидагича, яъни келин бола чиройли миллий либосларда, бошига рўмолини ташлаб олиб, ўртага чиқиб, раислик қилувчи томондан номи зикр қилинган кишиларга эгилиб салом бериб туради. Салом олган ҳар киши келинга ўз «ҳадя»сини олиб келиб беради. «Ҳадялар»ни келиннинг янгалари қабул қилиб олиб, ҳадяга яраша бирор бир дастрўмолча биланми, қўйлак биланми жавоб кайтаради. Шу тариқа кайнота тарафдан «маҳр»ликка бериладиган нарсалар овоза ҳам килиниши кузатилиши мумкин. Ўзаро ҳадялар билан улашиш-алмашиш маросими тугагач хамма тарқалади.

Орадан кўп вақт ўтмай келин тараф куёвни ўз уйига биринчи бор таклиф этади. Бу маросим эса «Куёв чақириқ» деб номланади. (Илгарилари Тошкентда «чаллари» ёхуд «чорлари» деган маросим кенг нишонланар эди. Унга кўра, келиннинг отаси ўз қизини уйига чорлаши тушинилар эди. Ҳозирги кунда бу урф-одат деярли амалга оширилмай куйилди.)

 Куёв чақириқ

«Куёв чақириқ» маросимига асосий тайёргарликни яна келин тараф кўра бошлайди. Куёв ва унга ҳамрохлик қилувчи 6-7 нафар киши учун чиройли дастурхон тузалади. Қуюқ-суюқ, сомса, кабоб билан бирга, «оқидан», «қизилидан» ҳам сийланиши ҳолатлари учраб туради. Меҳмондўстликдан кейин эса, куёв болага бирор бир кийим кийдирилиб кузатиб қўйилади.

Мазкур маросимда келин тараф ҳаражатларга тушади ва бу келиннинг оиласига тахминан энг камида 100 АҚШ долларига тушиши мумкин.

Тошкент шаҳрида уйланиш ва турмушга чиқиш билан боғлиқ тўй маросимларни ташкил этиш ва ўтказиш мана шундай шаклда амалга ошририлади. Бирор бир жойда назарда тутилмаган ёки ёритилмаган жиҳатлари бўлиши мумкин. Шу билан бирга бу таҳлил анча эскирган ва унга янги урфлар қўшилган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Хулоса

Бу фақатгина биттагина Тошкент шаҳридаги турмуш қуриш билан боғлиқ урф-одатларимизнинг бир намунаси эди. Албатта, бу ерда азалдан урф бўлган миллий қадриятларимиз билан янгича урф одатлар аралишб кетган.

Бу таҳлилни қилишдан кўзланган мақсадимиз, айнан миллий урф-одатларимиздан янгича урф одатларни ажратиб олиш бўлса, ундан ташқари қуйидаги вазифаларни бажаришга ҳаракат қилиб кўришдир:

– ҳаддан зиёд бемаъни бўлган, бошқаларга малол келадиган даражадаги ортиқча харажатлардан воз кечишга ҳаракат қилиш;

– тўйга дея қилаётган саъй-ҳаракатларимизни, фарзанд-зурриётларимиз учун, келажагимиз учун кўпроқ фойдали, афзал бўлган масалаларга сарф қилиш ва маблағ, куч, вақт сарфлашга ўзимизда секин-асталик билан кўникма ҳосил қилиш;

– орзу- ҳавас, бир-биримиз билан ўзаро молу-дунёни устидаги рақобот қилиш каби иллатларга чек қўйиши (кўз-кўз қилиш, “санўзар- манўзар”ликни бас қилиш);

– тўй қилишда бой кишиларга ҳавас қилиш, уларга тақлид қилиш “мажбурияти”дан воз кечиш; Ваҳоланки, бой кишилардай тўй ўтказмаслик уят эмас ёки миллий урф-одатларни йўққа чиқармайди, аксинча янгича урфлар билан кўмилиб кетган миллий урф одатларимизни тиклайди;

– катта тўй ўтказиб оммага кўз-кўз қилиш билан инсонга ижобий баҳо берилмаслиги, саховатпешалик бундай тарзда ўлчанмаслиги, обрў-эътиборга эришиб бўлмаслиги хақида тушунчаларни онгимизга сингдиришга яна бир карра уриниб кўриш;

– “Шундай тўй қилмасам одамлар гапиради”, деган онгимизга кириб қолган тушунча БЎЛМАҒУР эканлигига амин бўлиш ва онгимиздан чиқариб ташлашга харакат қилиш;

– бирор-бир тўй маросимида ёзиладиган “валийма дастурхонлари”ни ёзишдан мурод, эртага улардан қайтади деган тушунчадан воз кечиш. Балки, Худони йўлига қилинган эҳсон, деган эътиқодга қайтиш.

– Тўёна беришдан мақсад, “эртага ўзимга қайтади” деган тушунчадан воз кечиш керак.

Тўйларга муносабат хақида бир аср олдин яшаб ўтган авлодларимиз тарафидан кўплаб танқидий маълумотлар бизгача етиб келган. Гарчи шундай экан, биз ўз тарихимиздан муносиб ибрат олиб, сабоқ чиқариб олишимиз керак эмасмикан?!

Аҳир қайсидир жиҳати билан, бизни халқ айнан тўй-ю маракаларга бутун онгу- хаёли, хаётини бағишида этиб, оқибатида бошқаларга қарам бўлиб қолганлигини билиб туриб турсакда, наҳотки бизни тўй-маърака масалага жиддийроқ қарашга ундамаса?!

Фарзандларимизни “уй-лаб”, “тўй-лаб” қўйишга нақадар маъсулият билан ёндошиб, бор куч-ғайратимизни, жонимизни, меҳнатимизни ва кези-келганда ҳатто виждонимизни сотиш даражасига борсакда, наҳотки шу фарзандларимизнинг маърифатли, илмли кишилар бўлиб етишишларига молимизни, кучимизни қизғансак?!

Қўлга ва кўзга илинадиган даражада бўлмаганлиги боис маърифатли, илмли қилишга харажат қилишга қисинсак, қизғансак, ва умуман нафсимиз бунга изн бермаётганган бўлса, балки шу тўйларга қилаётган айрим мантиқсиз, кераксиз сарфларимизни ихчамлаштириб, фарзандларимизга уй-жой қилиб беришга йўналтириб кўрармиз?! Ҳар ҳолда бемаъни “орзу-хавас”дан кўра афзалроқку!

Ниҳоят маълумот сифатида битта никоҳ тўйи учун харажатларни умумлаштирилган рақамини айтиб ўтамиз.

Ўрта ҳол оила бугун энг камида 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни 1 кунда ўтадиган ҳамда на хаёти-дунёси ва нада оҳирати учун фойда бермайдиган тўйга сарфлаётганлигини бир-биримизга қайта-қайта эслатишдан чарчамайлик.

Шунда, балким бирор натижага эришармиз. Балким, мантиқ билан хаётга қарашни, инсонинг дунёда яшашидан асосий мақсади нималардан иборат эканлиги хақида чуқурроқ ўйлаб кўриб, тафаккур қилиб кўрармиз.

Манаба: ufq.uz томонидан тайёрланди.