Тарихимиз қачондан бошланади?

…Бу соҳаям яқин ўтмишдан тўла оёғини узиб олгани йўқ. Бизнинг олдимизда турган энг мушкул вазифа она сутидай тоза, холис ва ҳаққоний миллий тарихни яратишдир.

Бунда нималарга риоя этилиши лозим? Биринчидан, тарихни даврларга бўлиш, чегаралаш, тарихий шахсларни ҳукмрон мафкура элагидан ўтказиш ўтмишимизга нисбатан ҳақсизлик бўлади. Бундай дейишимизга асос шуки, большевойлар бизга тарихинг 1917 йилдан бошланган, биз сени одам қилдик, дея уқтирган. Мустақил бўлгач эса бизда миллий давлатчилик тарихи Амур Темурдан бошланган, деган тушунча шаклланди. Яъни, бизнинг тарихимиз 600-700 йилдан иборат, гўё.

Бунга сабаб… Иккинчидан, тарихий шахсларга холис ёндашув зарур. Тарих шундай ҳодисаки, унинг устида экспремент ўтказиб бўлмайди. Бир кун келиб у барибир аслича намоён бўлади. Шу маънода, тарихий шахсга нисбатан шахсий меҳр ё адоват унда роль ўйнамаслиги керак. Мисол сифатида тарихда йирик давлат арбоби ва шоир сифатида машҳур бўлган Шайбонийхонга бўлган муносабатимизни келтиришимиз мумкин. Ҳолбуки, у Темурдан сўнг қудратли марказлашган салтанат тузган. Унинг назмий девони ҳам ниҳоятда бебаҳо. Афсуски, бу улуғ аждодимиз шахсига ҳалигача ётсираб қараймиз.

Ўтган аср бошида содир этилган Октябрь тўнтариши, мамлакатимизни чулғаб олган миллий озодлик ҳаракати ҳам ҳали холис ва ҳаққоний баҳосини олган эмас. Нима эмиш, босмачилик ҳаракати эмиш. Жадидлар ҳаракати-чи? Бизга шундай бир тушунча берилдики, Беҳбудий, Мунаввар Қори, Фитрат, Чўлпон, Қодирий, Алихонтўра Соғуний каби миллий озодлик йўлида фидо бўлган маърифатпарварлар ортиқча тарғиб қилинса, миллий эҳтирослар жунбушга келиб, оломон бош кўтаради, гўё. Ҳатто жадид дейишни ҳам чеклаб қўйишди.

Учинчидан, миллатимизнинг келиб чиқиш тарихини ёшларга очиб берсак, ғоят ўринли бўлади. Нимагадир бизда “туркий” деган атама бузғунчи диний оқимлар номидан ҳам нохуш кайфият қўзғайди. Ўз вақтида “халқ душманлари”га шундай ҳадиксираб қарашган. Менимча бундай ҳол Ғарбдаги ижтимоий институт ва марказлар ишлаб чиққан “пантуркизм” деган айблов тамғаси билан боғлиқ. Ҳолбуки, бугун славянлар славянчасига, форслар форсчасига, сионистлар эса сионистчасига ўз манфаатини ҳимоя қилаётир. Ҳеч ким уларни “сен славянпараст”, “сен форспараст” ёки “сен сионистсан”дея айблаётгани йўқ. Демократия умуминсоний қадриятми?! Ҳа худди шундай…

Тарих билан боғлиқ бундай қараш, мавҳум ва хавотирли тушунча, ҳайиқиб тамсаллаш қаёқдан келиб чиққан, деб ўйларсиз.

Ёдимда, тўқсонинчи йиллар охирида бошида Биринчи Президентимиз ҳузурида тарихга ёндашув масаласи муҳокама этилган. Мазкур йиғилишга телевидениеда намойиш этилган қадим туркийлар, очиқроқ айтадиган бўлсак, Кўктурк Отиллонинг шавкатли юришлари ҳақидаги кўрсатув сабаб бўлганди. (Ўша йиғилиш тафсилотлари ҳақидаги кўрсатув МТРК архивида сақланади) Хуллас, у бўлди-бу бўлди, ўша йиғилишдан сўнг, тарихий қарашлар ўзгарди-кетди. Пастдаги масъуллар Отиллонинг бизга ҳеч қандай алоқаси йўқ, деб қора чизиқ тортишди. Тарихимизни Амир Темур давридан белгилаш ҳам ўшанда бошланган.

Хуллас, ўшанда тарихга ёндашувимиз ҳийла ўзга томонга оғиб кетди… Шундай таъсирлар ўлароқ биз ҳамон тарихимизга эскича — совет даврида бўлгани каби ёндашиб келаяпмиз. Ҳамон ўзбек атамасининг пайдо бўлишини баҳс этамиз. Гоҳида туркийлигимиздан “ор” ҳам қиламиз. Ҳолбуки, ўша даврда (90-йилларда) тарих билан боғлиқ муаммоларга ойдинлик киритиш учун махсус илмий тадқиқот институти ташкил этиш ғоясини илгари сурилганди… Қани шу, тарих?..

Кишилик жамиятига оид қадим Хитой манбаларини, умуман, шарқнинг доно муаррихлари ёзиб қолдирган барча китобларни чуқур тадқиқ этиш, таржима қилиш ва нашрдан чиқариш вақти келди. Уни ҳатто “кишилик жамияти тарихи” деган туркум ҳам қилиш мумкин. Шунингдек, Қошғарийнинг “Девонул луғатит турк”, Рабғузийнинг “Қиссасул анбиё”, Абулғози Баҳодирхоннинг “Шажараи турк”, шунингдек, Аҳмад Дониш асарларини мукаммал ҳолида нашрга тайёрлаш — бугуннинг талаби. Биз билган ва билмаган қўлёзмалар қанча.

Ёш тарихчиларимиз белни боғлаб ишлаши, уларни тадқиқ этиш ва аслни ноаслдан ажратиб ватандошларимизга тақдим этиши сув билан ҳаводек зарур.

Ўрол Содиқ