ТАСАВВУФ ВА ҲАЁТ

Ассалому алайкум азизлар! Энди ҳукмингизга камина таржима қилган Шайх Маҳмуд Асъад Жўшон ҳазратларининг “Тасаввуф ва ҳаёт” деган суҳбатларини ҳавола қиламан. Суҳбатнинг бутун руҳини, мазмунини сақлаган ҳолда бироз ёзма шаклга айлантирганман. Рости бундан 17 йил олдин қандай таржима қилган бўлсам шу ҳолда эълон қилаяпман. Озроқ силлиқласам бўларди. Аммо вақтим ҳам шу кунларда тиғиз. Кучли чарчоғим ҳам бор. Дуо қилиб қўйинглар, вассалом! 

Сайфиддин Рафиддинов

Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим

Аллоҳу Таолонинг саломи, эҳсони, икроми дунё ва охиратда сизларга насиб этсин! Унинг севгили бандаси — Муҳаммад Мустафоси, ҳабиби адибига сўнгсиз салот ва саломларимизни, таҳиййот ва эҳтиромларимизни арз этаман.

Азиз биродарлар, муҳтарам меҳмонлар, жаноблар ва хонимлар! Мен, шу лаҳзалар шарафли, тўлқинли ва ҳаяжонли бир ҳолатдаман… Бўғозичи университетини жиддий бир илм маскани сифатида қадрлайман… Камина бир илоҳиётчиман. Аммо, адабиётчи илоҳиётчиман. Яъни Истанбулдаги араб тили ва эрон тили адабиёти факультетини тугатганман. Анқара илоҳиёт факультетида турк ислом адабиёти тарихи, диний билимлардан дарс бердим ва шу соҳада илмий иш ҳам ёқладим.

Албатта, бир соҳада ишлаётган ва тажриба орттираётган кишининг ўз соҳаси билан алоқадор мавзуларда бошқаларга фойдаси тегиши мумкин. Мен ҳам тасаввуф ва ҳаёт мавзуида баъзи билган нарсаларимнинг муҳим нуқталарига урғу берган ҳолда, сизларга тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Бугунги суҳбатда: «Нега «Тасаввуф ва ҳаёт» мавзуини танладингиз?» – деб савол беришингиз мумкин. Сабаби, илгаридан мен шу соҳа билан шуғулланиб келаётганлигим, ҳаётим ва илмий фаолиятимнинг унга дахлдорлиги, қолаверса, жонли, қизиқарли, муҳим бўлгани учун ҳам бу мавзуни танладим.

Балки бугунги мавзуга менчалик яқин бўлмаган баъзи кишилар менинг бу мавзудаги гапларимга айрича қизиқиш билан қарашлари ҳам мумкин. Ҳаёт – ҳаммамизнинг жиддий талабчанлик билан асрайдиганимиз бир борлиқ… Ҳаёт, умрни яхшиликка, яхши ишга сарфлашга ҳаракат қиламиз ва ҳар ерда зафар қозонишга ғайрат қиламиз. Ҳаёт – қисқа фурсат яшамоқ, бир умр чизиғи… Инсонларда бу чизиқнинг узунлиги ҳар хил кечиши мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам бир чизиқ… Бир шоирнинг айтгани каби: Бурилар, чўзилар, лекин доира бўлмаc бу хат…Хат – чизиқ дегани. Яъни чизиқ ҳар қанча бурилса, ҳар қанча чўзилса ҳам доира бўлолмагани учун давомли эмас. Охири бор ва фоний бўладиган бир чизиқ, бир яшаш чизиғи…

Одам фарзанди онгли бир махлуқ, жуда кўп қизиқувчан бир мавжудот бўлгани учун денгизлар остига тушади, осмонга чиқади, ернинг ости ва устини тадқиқ этади, ўрганади. Туғилмасидан олдинги аҳволини ўйлайди. Туғилмасидан олдин қаерда эдик, ўлгандан кейин қаерга борамиз? – деб қизиқади.

Бир форс шоирининг ҳаётни қадимий қўлёзма китобга таққослаб айтган, бир мисра шеъри ёдимга тушди… Биласизки, қўлёзма китоблар жуда қадрли. Чунки ҳар бирининг ўзига хос аҳамияти бўлади. Биз кутубхоналарда илмий тадқиқот қилаётганимизда қоғози, ёзуви қадимий бўлган нодир бир асарни учратиб қолсак, ҳайратга тушамиз, танамизга сиғмай кетамиз…

Қўняда Иззат Қўйин ўғли музейини ташкил қилган киши: «Мен қўлёзма китобларга қизиққаним учун Анадўлидан менга сотувчилар қоплаб китоб олиб келишарди. Мен у қопларни очаётганимда келиннинг юзини очаётган куёв каби ҳаяжонланардим. Ажабо, бу қопдаги қўлёзма асарлар ичидан нима чиқаркин?… «Қутадғу билик» каби нодир бир китобми?… «Девону луғотит турк» сингари қадимий бир асарми?… – деб, ҳар хил хаёлларга боришини, ҳаяжонланишини айтарди.

Мазкур форс шоири ҳаётни қўлёзма асарга ўхшатади. Лекин боши, охири йўқ қўлёзма асарга…

Аввалу охири ин кўҳна китоб малҳудаст. (Бу қўҳна китобнинг аввалу охири йўқолган).

Ҳақиқатан, қадимий китоблардан кўпининг энг муҳим қисми – боши ва охири йўқолган, йиртилиб кетган бўлади. Чунки саҳифаларнинг бош ва охирги қисми олимлар учун жуда керак бўлади. Бош саҳифада асарнинг, муаллифнинг номи, тағин мундарижа, муқаддима қисмлари ҳам бўлиши мумкин. Бош қисми йиртилганми, сиз унинг муаллифини аниқлаш учун кўп изланишингизга тўғри келади. Охирги қисмида асарнинг ёзилган ва тугатилган даври қайд этилади. Яъни китобнинг номи, кўчирилган йили, қайси даврда кимнинг буйруғи билан ёки китоб қайси нусхадан қаерда кўчирилганлиги ҳақида маълумотлар бўлади. Ҳа, асарнинг боши ва охири ҳақиқатан жуда муҳимдир. Зеро китобнинг муқоваси қўпорилиб, дастлабки саҳифалари йўқолганда, қўлёзманинг муаллифини аниқлаш мушкуллашади, бундан кўп ачинамиз…

Форс шоири ҳаётни мана шундай китобга ўхшатади. Боши ва охири йўқолган бир кўҳна, қадимий китоб… Баъзи инсонлар унинг бошини билмайдилар, кўплари эса охирини билмайдилар… Аммо биз ўз динимиз, ишонч-эътиқодимизга алоқадор маълумот, хабарлар орқали биламиз… Ҳаётнинг моҳияти ҳақида ҳар хил қарашлар бўлгани каби, уни қандай кечириш кераклиги ҳақида ҳам ҳар хил фикрлар бор, фалсафалар бор, тушунчалар бор. Ҳаёт кечиришнинг йўллари турлича, жуда фарқли…

Ҳар хил одамларни кўраяпсиз. Ҳаётни қандай кечираяпти, деб ўртоқларингизни кузатишингиз, атрофингизга ҳам қарашингиз мумкин. Чунки бу университет бой-бадавлат, ранг-баранг фикрдаги инсонларнинг келадиган жойи…

Шу ўринда бир воқеага диққатингизни қаратмоқчиман. Бир қўшним бор эди. Биз унга ёрдам бердик, данғиллама бир ҳовлини ижарага олди. Негадир уйида электр чироқлари ёнмас экан. Қўшнимнинг мутахассислиги электр соҳасига яқинроқ, аммо электр ишларидан умуман бехабар бир кишилиги маълум бўлди… Нима дейсиз, ўзи қурилиш муҳандиси бўлса ҳам… охири мен бориб ишлатиб бердим.

Мен Анқарадаги уйимга илк бор кўчиб кирганимда ғалати бир ҳодисага дуч келдим. Уйдаги электр монтаж ишлари атайин нотўғри уланган. Токнинг мусбат ва манфий, яъни плюс ва минус қутблари жўрттага бир-бирига улаб қўйилган. Чироқларни ёқмоқчи бўлсангиз, электр ҳисоблагичнинг тиқинларини (пробкаларини) отиб юборади. Уни бураб-бурамай, юзингизга учқунлар сачрайди. Қўрқиб кетасиз. Балконнинг электр симларини девор чироғи ичидан ўтказибди. Ундай қилган, бундай қилган, хуллас ўн, ўн беш жойда атай сохта иш қилган. Нега? Чунки шу уйда яшамоқчи бўлган киши қайта-қайта унга мурожаат қилсин, қайта-қайта унга пул тўлаб турсин.

Тағин кооператив уйлар қурилган маҳаллада электр ишларини тўғрилаб, созлаб берадиган жой очган. Тирикчилигини шу ердан ўтказмоқчи. У қўл урган уйнинг ҳар ўн, ўн беш ерида қусур бор. Албатта, у уйларда яшамоқчи бўлганлар ток ишларини у қаллоб электрикка мурожаат қилиб, созлатиб оладилар. Мен бу қаллобликни пайқаганимдан кейин унга бир нималар дедим ва: «Мен электр ишини тўғрилаш учун атайин сени чақирмайман. Бу ишни ўзим ҳал қиламан», – деб айтдим.

Бино зиналарида чироқ ёқадиган электр системалари бор эди. Юқоридан очиб, пастдан ёпасиз; пастдан очиб, юқоридан ёпасиз. Ўтирдим, бу ишни қандай бажарсам, деб ўйладим. Уланган симларга диққат қилдим ва қандай улаш кераклигига ақлим етди. Ниҳоят, уйдаги электр билан боғлиқ ишни ўзим ҳал этдим.

Қадрли йигитлар, севимли ва муҳтарам тингловчилар! Мен бу ҳаётни озроқ электр ишига ўхшатаман. Ҳар ким ҳар хил яшайди… Тизими (системаси) қурилган, қурилмаси ўрнатилган, аммо ёққични босганингизда чироқлар ёнмаса, уй ёруғ бўлмаса, демак симлари нотўғри уланган ва бу иш бирор қийматга сазовор эмас…

Ҳаёт фалсафалари кўп, яшаш услуби, тарзлари фарқли, ранг-баранг, бироқ тизим (система) ўлароқ қайси бири тўғри эканлигини аниқ- тиниқ ажратиб олиш керак.

Бир йигитни эслайман. Боболар уни қадди «дол» дай, деб айтишарди. Бу жумладаги «дол» – дарахт, шох маъносида эмас, балки араб алифбосидаги «дол» … – деган ҳарфга ишорадир. Яъни, қадди шу ҳарфга ўхшаб эгик. Қадди «дол» дай дегани, қадди икки букилган деганидир. Ёшини сўрасангиз, ўттиз икки… Бўйига боқсангиз «дол» ҳарфи сингари икки буклам бўлиб қолган. Ердан бир нарсани ахтариб юрадигандек юрибди. Нега? Чунки ҳаётида катта хато бир иш қилиб қўйибди… Янглиш ҳаёт кечирибди. Шу хато туфайли ёшлигини барбод қилибди. Ўз вужудини шу қадар маҳв этибдики, ҳатто бошқа хато қилишнинг имкони қолмабди… Унда вужуднинг қайтадан ўнгарилиши, тикланишига умид қолмаган.

Ҳаётнинг моҳиятини англаб етиш, хатосиз яшаш, тизим (системанинг) тўғри уланиши, чироқнинг ёниб, атрофни ёруғ қилиши – асосий нуқта, энг муҳим масаладир, деб биламан.

Ҳаётда бир қалтис хатога йўл қўйилса, уни қайта ўрнига келтириб бўлмайди. Чунки тажриба ҳар бир одамнинг ўз ҳаёти устида ўтказилади…

Албатта, бу ҳаётнинг жуда кўп мураккаб масалалари бор. Чигал, чирмашган, мураккаб муаммолари, сирли тарафлари бор… Ғайри табиий кўринишлари, кишини ҳайратга соладиган томонлари бор. Вақт бўлганда эди, улар ҳақида ҳам суҳбатлашардим.

Бу ҳаётнинг қандай бошлангани, қандай тугаши, аввали нима, охири нима, ўртаси қандай, охири қандай ва ўртасида инсоннинг қандай ҳаракат қилмоғи лозим бўлади? – каби саволларга ҳар хил оқил кишилар, турли файласуфлар, фикрли инсонлар, айрим ижтимоий жамиятлар, муассасалар имкон қадар жавоб бергандирлар…

Дин ҳам бу саволларга жавоб берадиган бир муассаса, бир ташкилот… Лекин дин ҳаёт билан боғлиқ саволларнинг жавобини ўзи тўқиб чиқариб, ўзи ўйлаб топмайди. У ғойибдан, нариги тарафдан, биз кўрмаган бошқа бир томонлардан хабар келтириб, жавоб беради. Шу вақтда бу жавоб қимматли бўлади… Яъни, ғалвирда сув келтириш эмас, шууримизда, ўз онгимиздаги маълумотларни эвириб-чевириб, бир нарсаларни тўқиб чиқариш ҳам эмас, балки, дин ташқаридан, ғойибдан хабар келтирган ҳолда саволларга жавоб беради.

Тасаввуф ҳам диннинг фарқли бир яшаш шаклидир… Диний бир ҳаёт бор, диндорона бир ҳаёт бор. Динга диндорларча боғлиқ бўлмаган ва ё ишонмаган даҳрий, мункир ва ёки ишончсиз, умуман ҳамма нарсани рад қиладиган инсонлар бўлиши мумкин. Диндор кишилар орасида ҳам, бир тасаввуфий феъл-одат, тасаввуфий тарз, бошқача бир ҳаёт бичими, тушунча шакли бор…

Бу биз учун жуда аҳамиятли, зеро, биз диндор ва мутасаввиф бир миллатмиз. Маданиятимиз тасаввуф билан йўғрилган. Ҳар бир нарсамизда: меъморчилигимизда, санъатимизда, сўз-муомаламизда, адабиётимизда, урф-одатимизда тасаввуфнинг таъсири бор.

Биз ғарбликларга ўхшаб, йиртиқ, ямоқ либос кийган бир кимсани кўрганимизда, уни камситмаймиз. Бежиз боболаримиз: «Ҳар ким кўрсанг Хизр бил, Ҳар тун кўрсанг қадр бил», – деб айтмаганлар… Ўшандай кишини балки, «авлиёуллоҳдан биридир», – деб ҳурмат қиламиз. Ғарблик каби зоҳирга эмас, ботинга боқамиз.

Хулоса қилиб айтганда, аждодларимизнинг ва бизнинг бугунга қадар давом этиб келаётган ҳаётимиз тасаввуфий бир тузум, тасаввуфий бир ҳаёт ичидадир. Тасаввуф ҳозир ҳам кишиларни ўзига жалб этиб келмоқда. Тасаввуф музейда, тарихда, китобларда бор, аммо айни замонда ҳаётда ҳам бордир. Мана шу ҳозирги давримизда ҳам кўп кишилар мутасаввифдир, тариқат аҳлидир.

Бизнинг Анқара илоҳиёт факультетидан телевизорга чиқиб ширин суҳбатлар олиб борадиган Иброҳим Огоҳ Чубукчубек деган файласуф бор. Бир фаранг профессори Анқарага келганида, ректоримиз унга: «Сен шу меҳмонни кездир, айлантир, меҳмон қил», – деб буюрибди. У уни айлантириб олиб юрибди. Кейинроқ Иброҳимбек менга шундай воқеани гапириб берди.

Этнография музейини томоша қилиб, айланиб юрганларида фаранг профессори унга узоқдаги бир кишини кўрсатиб: «Ҳув, ана у киши борку… – Ҳа, кўрдим,– дебди Иброҳимбек. – Ўша киши тариқат аҳлидан, мутасаввифдир. Ишонмасанг, ўзинг бориб сўра» – деб айтибди. Иброҳимбек қизиқиб, у одамнинг олдига борибди, танишибди. Ундан ҳол-аҳвол сўраб, кўнглини кўтарибди. Бир-бирларига яқин бўлганларидан кейин Иброҳимбек у кишидан: «Ҳожибек, қайси тариқатга мансубсиз, кимга интисоб қилгансиз?» – деб сўрабди. У одам тариқати ва пири ҳақида гапириб берибди. Франсузнинг айтгани тўғри чиқибди. Иброҳимбек менга: «Кўрдингми, биродарим, четдан келган бир франсуз бизнинг халқимизнинг қандай эканлигини биздан кўра яхшироқ билади. Узоқдаги кишини кўриб «ўша одам тариқат аҳлидан» деб тўғри айтди-я!» деди.

Бизнинг профессор Юсуф Зиё Бинотлибек ҳам (Аллоҳ узоқ умр берсин) жуда ҳурматли, дилкаш бир инсон. У нақл қиларди: «Биз ёшлик пайтимизда бир-биримиз билан учрашганимизда, қайси команданинг ишқибозисан?», – демасдик. «Ҳазрат, қайси даргоҳдан файз оляпсан?», – деб сўрар эдик. Айримлари мавлавий, айримлари бошқа бир даргоҳга боғлиқ эканликларини айтишарди». Ана шундай бир авлодсиз, наслсиз…

Ўтган йили (1992) маданият йили – Юнус Эмро йили бўлди. Бу йил (1993) Аҳмад Яссавий йили бўлди. Ишқилиб, ҳар йили бир мутасаввифнинг хотирасини нишонлаймиз. Ўтган ҳафта биз Чамбирлитошда икки кун кетма-кет Хожа Аҳмад Яссавий анжуманини ўтказдик. Бу мавзуда ҳурматли профессорлар яхши маърузалар қилишди.

Ҳайратланадиган яна бир далил бор. Европаликлар, америкаликлар, немислар, инглизлар, франсузлар ва бошқаларнинг мусулмон бўлганини кўрасиз. Германияда мавлавия тариқатига мансуб бир танишим бор. Ўзи озроқ даража ҳам топган, зикр ҳам қилдиради. Инглизлар янада рағбатлироқ. Англияда Абдулқодир ас-Сўфий деган кишининг тасаввуфий мактаблари бор. Америкада ғарблик сўфийлар бор, Францияда ҳам улар мавжуд… Албатта, тасаввуфга ҳамма бир хил муносабатда бўлмайди. Масалан, файласуф Руже Гаруди Истанбулга келибди. Юртдошимиз, профессор Абдулқодир Қорахонбек билан суҳбат қилибди. Қорахонбек унга: «Устод, мусулмон бўлганингизга кўп хурсанд бўлдик. Сизга жуда ҳурматимиз ва ташаккуримиз бор. Аммо эҳтиёт бўлинг, тасаввуфга кўп майл қилманг» – деб айтибди.

Ғарбликлар «Мистицизм нима, ислом тасаввуфи нима?» – деган саволларга жавоб ахтаришга қизиқадилар ва бу хусусда анчагина тадқиқотлари ҳам бор. Биз ҳам улар орасидаги фарқни яхши билишимиз керак.

Албатта, тасаввуф дегани фақат биз усмонли туркларники эмас. Табиийки, бизнинг давлатимиз ва халқимиз бошқалардан фарқ қилади. Маданиятлар ўзгариши, алмашиши мумкин. Масалан, диний ва дунёвий қарашларда биз саудиялик фуқародан фарқ қиламиз. Саудия Арабистонининг давлат қурилиши, диний қарашлари, мафкураси бизникига ўхшамайди. У ерда «ваҳҳобийлик», «салафийлик» қарашларини жорий қилганлар. Шунингдек, Эрондаги диндорлар бошқачароқ… Улар шиа муллаларига, оятуллоҳларга эътиқод қиладилар, уларга маҳкам боғланганлар…

Тасаввуф диний ўзига хос бошқа бир кайфиятларни юзага келтириб чиқаради. Минтақалари бир-биридан фарқ қиладиган, турли манзарага эга бўлган, тасаввуф тарқалган ўлкалар бор. Масалан, Ҳиндистондаги ва шимолий Африкадаги тасаввуф, Тунисдаги ва Жазоирдаги тасаввуф бир-бирига ўхшамайди. Яманда ҳам ўзига хос… Бизнинг турк аждодларимиз юрти – Ўрта Осиёдаги тасаввуфона ҳаёт, турмуш тарзи, шакл ва манзаралари турличадир.

Албатта, тасаввуфдаги «фарқлилик» бу аввало илдизи узоқ асрларга бориб тақаладиган тасаввуфий ташкилотлар, жамиятларнинг кенг ҳудудларга ёйилганлиги билан изоҳланади. Бу «ёйилганлик»да тарихий, замон ва макон жиҳатдан кўламдорлик бор. Табиийки, турли ўлкаларга тарқалган ва турли халқ маданиятларига кириб борганлиги учун тасаввуфда бу маданиятларнинг қисман таъсири сезилади…

Оқ ранг ҳамма жойда оқдир. Аммо қизилни оққа бўясангиз, ним пушти, яшилни оққа бўясангиз оч яшилга, мовийни оққа бўясангиз осмони рангга айланади. Яъни оқ ранг асосий рангдан иқтибос олади…

Булардан ташқари, ислом тасаввуфининг бошқа фалсафа ва тасаввуфлардан кескин, аниқ-тиниқ фарқи бор. Зеро бизнинг тасаввуфимиз ғарбнинг, яҳудийнинг, ҳинднинг, мистицизмнинг қарашларига асло ўхшамайди. Юнонларнинг пантеизмига ҳам ўхшамайди. Таносух ва ҳулул ақидаларига, яъни руҳнинг бир борлиқдан бошқа бир борлиққа, у борлиқдан яна бошқа бир борлиққа ўтиши, охиратга бориб, қайтиб келиши билан сира алоқаси йўқ…

Чунки келиб чиқиши, барчасининг манбалари бир-биридан кўп фарқ қилади. Фарқли манбалар асосида фарқли ташкилотлар, жамиятлар вужудга келади. Ўртадаги тафовутларни тўғри ажратишимиз ва ўрганишимиз керак. Фарқли томонларининг моҳиятига эътибор бермоқ лозим. Баъзан биз арзимас деб ўйлаган нарсамизда ҳам катта маънолар бўлиши мумкин…

Масалан, бир мусулмоннинг саломлашиш одати «Ассалому алайкум» дейиш биландир. Бизнинг «Ассалому алайкум» деганимиз билан «гун ойдин» (кунингиз ёруғ бўлсин)нинг «гўд монинг» (Good morning) ва «доброе утро»нинг орасида катта фарқ бор. «Ассалому алайкум»нинг маъноси янада теранроқ. Бу сўз: «Дунёда ҳам, охиратда ҳам саломат бўл! Сен охиратда ҳам «салим» (саломат) бўл. Жаннатга кир. Азобдан, ғамдан, кадардан йироқ бўл» каби маъноларни ифодалайди!

Яна бир ғарбликнинг «бай-бай» (Bye-Bye), руснинг «досвидания»си билан бизнинг «Аллоҳга топширдик», «Аллоҳ паноҳида сақласин» орасида жуда катта фарқ бор. Биз Аллоҳга топширамиз. Бир кишидан ажралган пайтимизда, у кишининг муҳофаза-омонлигини Аллоҳдан сўраймиз. «Сени Аллоҳга топширдим, сени Аллоҳ сақласин!», – деб ундан ажраламиз. Ҳатто ғарбликнинг «гўд» (Coоd) калимаси билан бизнинг Аллоҳ дейишимиз бир хил эмас. Бир франсуз, бир инглиз «гўд» деган пайти бошқа бир нарсани ўйлайди. Балким ҳазрати Ийсони ўйлайди. Биз «гўд» демаймиз. Аллоҳ дейишимиз керак. Аллоҳ деган вақтимизда биз тушунган «трансендантал», ғайб оламидаги борлиқ янада бошқачароқ тасаввур қилинади.

Ғарбликники, ҳиндуники, қадимий мисрликники, японники инчунин бир-биридан фарқлидир. Масалан, японлар қуёшга сиғинишади. Император – қуёшнинг ўғли деб эътиқод қиладилар. Биз масалага бу нуқтаи назардан қарамаймиз. Демакки, муштарак каби қўлланилган калималар турлича маъноларни ифодалайди.

(давоми бор)