ТАСАВВУФ ВА ҲАЁТ (3-қисм)

Муаллифдан: “Ассалому алайкум азизлар! Энди ҳукмингизга камина таржима қилган Шайх Маҳмуд Асъад Жўшон ҳазратларининг “Тасаввуф ва ҳаёт” деган суҳбатларини ҳавола қиламан. Суҳбатнинг бутун руҳини, мазмунини сақлаган ҳолда бироз ёзма шаклга айлантирганман. Рости бундан 17 йил олдин қандай таржима қилган бўлсам шу ҳолда эълон қилаяпман. Озроқ силлиқласам бўларди. Аммо вақтим ҳам шу кунларда тиғиз. Кучли чарчоғим ҳам бор. Дуо қилиб қўйинглар, вассалом! 

Сайфиддин Рафиддинов

Бу ерда мақсадни янада аниқроқ ифодалаш учун бошқа бир ҳадиси шарифни шарҳлаб ўтаман.

Аллоҳу таоло ҳазратлари қадр кечаси гуноҳкор қулларининг гуноҳини авф этади, кечиради. Лекин бир-биридан хафа бўлган, узилган, бир-бирига адоват қилган инсонларнинг гуноҳини кечмас экан. Фаришталар: «Ё Раббим, буларни ҳам афв эт, гуноҳларини кечир!», – деб таклиф қилганларида. Аллоҳ: «Булар олдин бир-бирларини кечирсин, ўзаро муносабатларини яхшиласин, кейин афв этаман», – деб айтар экан.

Демакки, мусулмон мусулмон билан яхши алоқа қилмоғи керак. Сўнгра бошқа бир ҳадиси шариф ҳам бор. Унда айтилишича, мусулмоннинг мусулмонга уч кундан ортиқ адоват қилиши мумкин эмас. Адоват ҳаромдир. Шунингдек, одам ўлдириш, ота-онага оқ бўлиш, зино, ичкилик, ўғрилик, ибодатларни тарк этиш ва ҳоказо ҳам ҳаром ва оғир гуноҳлардирки, буларнинг ҳаммасидан ғоятда ҳазар қилиш керак.

Ҳа, демакки, мусулмон мусулмонни севмоғи лозим. Шундай йўллар билан Аллоҳнинг севгисини қозонади…

Шунинг учун ҳам тасаввуф ва тариқат ичида мустаҳкам бир тариқат қардошлиги, биродарлиги, ҳам муҳаббат, ҳам охират қардошлиги бордир.

Қишлоқда яшаган ё қишлоқ ҳаётидан хабардор бўлган кишилар биладиларки, баъзилар баъзиларини «Қиёматлик дўстим» деб атайдилар. Ҳатто баъзиси баъзисига самимий муносабат билдираётиб: «Қандайсан, қиёматлик дўстим?”, – деб гапиради. Яъни, «охират учун танлаган дўстим, аҳволинг қандай?», – дегани бўлади.

Шунинг учун ҳам меҳр-муҳаббат, дўстлик ва қардошлик Аллоҳнинг севгисини, ризолигини қозонмоқ учун фавқулодда муҳим бир хусусият касб этади.

Бу мавзуда бошқа бир ҳадиси шариф ҳам бор:

من لا يرحم لا يرحم (خ.م.طب. عن جابر)

«Ман ло ярҳам ло юрҳам!» – Бошқаларга раҳму шафқат этмаган, марҳамат қилмаган, ўзи ҳам раҳму шафқат, марҳамат кўрмайди.

Яна бир ҳадиси шарифда айтиладики, бир хотин мушук тирнагани учунми ёки бирор аъзосини ифлос қилгани учунми, уни қамаб қўйиб, унга зулм қилган. Овқат ҳам бермаган, ташқарига ҳам чиқармаган. Натижада мушук қамаб қўйилган жойида ўлиб қолади. Ҳазрати пайғамбаримиз айтганларки: «Ана шу мушукни ўлдиргани учун хотин киши дўзахий бўлди». Яъни, оддий бир махлуққа зулм қилгани учун шу жазога лойиқ бўлди…

Яна бошқа бир ҳадиси шарифда бошқа бир хотиндан баҳс юритилади. Хотин чўлда чуқур бир қудуққа машаққат билан тушиб сув ичибди. Юқорига чиқиб қараса, чанқоқликдан сулайиб, тили осилиб қолган бир ит турган экан. Унга раҳми келибди, ичи ачибди. «Менингку, чанқоғим босилди, шу бечора итга ҳам сув берай, чанқоғи босилсин» деган хаёл билан қайтадан қудуққа тушибди. Аммо у ёғ-буёғига қараса, сув олиб чиқадиган бирор бир идиш йўқ, асбоб-ускуна йўқ. Аёл аёқ кийимини сувга тўлдириб, секин юқорига чиқибди ва итга сув берибди. Бу савобли иши учун Аллоҳ аёлнинг олдинги гуноҳларини кечириб, жаннатий қилибди. Демакки, махлуқотга ҳам раҳму шафқат бор, меҳру шафқат бор…

Юқорида айтилганлардан шундай хулоса чиқариш мумкин: қул Аллоҳнинг розилигини топиш учун турли тадбирлар ўйлайди, ҳар хил йўллар ахтаради, қандайдир ишлар бажаради. Хўш, улар нималардан иборат экан: тоат ибодатларни бажармоқ, расулуллоҳга эргашмоқ, бошқа мусулмонларни севмоқ, бутун махлуқотга раҳму шафқатли бўлмоқ…

Булардан ташқари «хизмат қилиш» деган тушунча бор. Нега хизмат қилади, кимга хизмат қилади? Нима, у хизматкорми, мажбурми, супуриб-сидирувчимики – хизмат қилиши керак?

Ҳа, у Аллоҳ ризоси учун хизмат қилади. Савоб ишларни амалга оширади, халқнинг оғирини енгил қилади: сув билан таъминлайди, ҳовузлар, кўприклар қуради, жамоат ишларида қатнашади, хуллас, кучи етганча халқнинг оғирини енгил қилади. Хизматнинг жуда кўп турлари бўлиши мумкин… Хизмат қилиш керак. Хизмат қилган унади-ўсади, ривожланади, Аллоҳнинг севгисини қозонади ва юксалади…

Аллоҳга ўзни севдирмоқ – мана шу мутасаввифнинг асосий мақсади, нияти, маслаги… Аллоҳни севган ҳолга келтириш учун юқорида айтилган нарсаларни, севдирадиган ибодатларни амалга ошириш лозим бўлади. «Амалга ошириш» эса ўзига хос бир услуб, «йўл»дир. Мана шу услубларга ТАРИҚАТ деб айтилади.

Бутун тариқат китобларининг бош саҳифасида шундай бир жумла бор:

الطروق الی الله بعد انفاس الخلائق

«Аттуруқи илаллоҳи биадади анфосил халойиқи!» – Аллоҳга олиб борадиган йўллар кўпдир. Шу қадар кўпки, маҳлуқотнинг ҳисоби қадар эмас, махлуқотнинг нафаси ҳисоби қадар кўпдир. Тасаввур қилинг, бир киши қанчалик кўп нафас олади. Энди бутун махлуқотнинг оладиган нафасини бир ҳисоблаб кўринг… Аллоҳга олиб борадиган йўллар ҳам шу қадар кўп, турли – туман… Инсон турли йўллар билан Аллоҳнинг севгисини қозониши, унга етиши мумкин… Аммо инсонларни етиштирадиган яна бир қанча услубларни ўйлаб топиш керак…

ТАСАВВУФ инсонларни етиштиришни, камолга етказишни ўз уҳдасига оладиган бир таълимотдир.

Исломий илмларга назар ташласак, ҳар бирининг ўз мавзуси борлигини кўрамиз:

ТАФСИР ИЛМИ – Қуръони Каримни тушуниш ва тушунтиришга асосланади.

АҚОИД ИЛМИ – тўғри бир эътиқодни таъриф қилади ва ўргатади.

ФИҚҲ ИЛМИ – инсонлар ўртасидаги муомала ва ҳуқуқни низомга келтиради.

ҲАДИС ИЛМИ – Ҳазрати пайғамбаримиздан келадиган сўз ва ривоятларнинг саҳиҳ ва саҳиҳ бўлмаганини ажратиб беради, изоҳлайди.

ТАСАВВУФ ИЛМИ ҳам инсоннинг ахлоқан камолотга етишувини таъминлайдиган бир илмдир.

Мақсадни амалга ошириш учун бир қанча услублар, методларни ўйлаб топганлар, дедик. Ана шу фарқли услублардан фарқли йўллар — тариқатлар майдонга келган. Ҳақ тариқатдир, тўғри тариқатдир, аммо услубан фарқ қилади… Буни нимага ўхшатишимиз мумкин?

Ҳар хил автомобиллар бордир: БМВ, Мерседес, Жигули, Волга ва ҳоказо. Ҳаммаси автомобил. Бироқ услублари, кўринишлари, эҳтиёт қисмлари фарқ қилади…

Инсоннинг камолотга етишуви учун тасаввуфнинг икки асосий йўли бор:

  1. Инсон ўз иродасини, нафс деган борлиғини йўлга солиш учун унга мустаҳкам таълим-тарбия, ҳарбийларга хос интизом лозим… Бу интизомга «риёзат» деб айтилади. Руҳий бир риёзат, руҳий бир машқ. Гимнастиканинг қадимги номи «риёзатул бадан», яъни бадан тарбияси. Бундан ташқари руҳнинг «риёзати» бор. Мана шу тасаввуфдир. Яъни, ахлоқан мукаммал бўлишни таъминлайди.
  2. Тағин ишқ, севги ва муҳаббат йўли бор… Бири «ҳарбий интизом» билан, машаққатли тарбиялар воситасида етиштирса, иккинчи йўл инсонда севги, ишқ уйғотиб, уни муҳиб, ошиқ инсонга айлантиради. Яхши ишлар қилиш учун кучли бир ҳолатга келтиради…

Бу икки асосий йўл бизнинг маданиятимизга таъсир этиб келди. Усмонли маданияти, Ўрта Осиё маданияти, бизнинг ўтмишимиз, тарихимиз билан алоқадор бўлган таълим-тарбия  йўли, севги, ишқ, жўшқинлик йўлидир.

Унинг учун Аҳмад Яссавийни олинг, шеърларини, ҳикматларини ўқинг.

Юнус Эмрони қўлга олинг, девонини ўқинг, Мавлонони қўлга олинг, шеърларини ўқинг, бошдан охиригача қўлланган мавзу доирасини ҳисоб-китоб қилинг. Кенг кўламда муҳаббат мавзусининг, илоҳий ишқ мавзусининг талқин қилинганини кўрасиз. Жўшқинликни кўрасиз.

Масалан, Мавлоно Жалолиддин Румий ижодида муаззам бир руҳий жўшқинлик, севги-муҳаббат мавзуи узоқ асрлардан бери кишиларни тўлқинлантириб келади.

Юнус Эмро шеърларида инсон севгиси юксак даражада куйланганини кўрамиз, ҳис қиламиз… Ошиқона фикру туйғулар завқ беради.

Ашраф ўғли Румий назмида ҳам ошиқнинг маъшуқни излаши, унга талпиниши, беқарор кўнгул изтироблари очиқ-ойдин кўзга ташланади.

«Сенинг севгинг менинг диним-имоним» дея севги ўтида ёниб, ўртанади шоир. Балиқ сув ичида тирикдир. Сувдан чиқса ўлади. «Менинг ҳам ишқинг дарёсидан ташқарига чиқарма, ё Раббим! У дарёнинг ичида бўлайин», – деб илтижолар қилади.

Шоир Урхон Вали тасвири бироз фарқли. У: «Бир бора шароб шишасида балиқ бўлсам» деган экан бир мисрасида.

Маданиятлар фарқли, дунёлар фарқли, шеърлар фарқли, лекин мақсадда муштараклик бор…

Бизнинг асосий йўлимиз ишқ йўлидир… Шу жиҳатдан тарихимизда, маданиятимизда буюк мутасаввиф сифатида чуқур из қолдирган шахсларнинг ижодида фарқли бир нуқта: ишқ-муҳаббат мавзуси, ишқий ҳолатларнинг ҳар томонлама теран очиб берилганлигидир. Шеърларини ўқиганда тезда бунга амин бўламиз…

Фузулий ҳам ана шу мактабдандир. Фузулий, Мавлоно Ҳожи Бектоши Вали, Юнус Эмро, Аҳмад Яссавий – булар Хуросоннинг ишқ ва севги мактабининг вакиллари, тамсилчиларидир. Фузулийнинг санъаткорлигини биласиз. Мана, унинг байтларидан бири:

Ишқ дардила хушам, эл чек иложимдан табиб,

Қилма дармон ким, ҳалоким заҳри дармонимдадир.

Яъни, мен бу ишқ дарди билан жуда бахтиёрман, сархушман. Бу ҳолимдан мамнунман. Эй табиб, сен мени даволашдан қўл торт, воз кеч! Мени даво қилма, ташла шу дорингни. Бу дори-дармонда ажалим заҳри бор… Мен даволансам, нобуд бўламан. Қўй, шу ошиқлигимча қолай, шу хасталигимча ўлай!…

«Ҳусни ишқ»ни ёзган Шайх Ғолиб ҳам, Мавлоно Румий ва унинг издошлари ҳам ҳақиқатан ошиқ кишилар… Ҳаётлари покиза бир севги ичида ўтган…

Ошиқнинг маъшуқи учун фидойилиги, беғуборлигининг чеки-чегараси йўқ… Юнус Эмронинг қуйидаги сўзларини ҳаммамиз биламиз:

Яратилганни сев, Холиқнинг хотири учун,

Юнус, сен бу дунёга не учун келдинг?

Кеча-кундуз Ҳақни зикр этсин дилинг.

Авлиёга туташмаса сенинг йўлинг,

Кўчди карвон, қолдик тоғлар бошида.

Бизнинг маданиятимизда, тасаввуф таълимотимизда «Мутасаввиф қандай инсон?» деган саволга турлича жавоб берганлар. Жумладан, мутасаввиф дину диёнатли, гўзал ахлоқли, сабрли, камтар, қаноатли, ҳалим, ширин сўз, фидокор, мулоҳазали, фақат яхшилик соғинадиган, барчага яхшилик қиладиган, майда-чуйдаларга парво қилмайдиган, аммо фаол бир инсон… Ёмон хулқлардан йироқ, покиза бир шахс…

Баъзиларнинг сўзларига қараганда, дарвишлик гўё мискинлик эмиш. Замондан орқада қолишимизнинг сабаби дарвишлар эмиш… Шундай деб айтаяптилар ҳам. Бир киши пастки маҳаллада бир ёлғон гап айтса, юқори маҳаллага келгунга қадар ўзи ҳам шунга ишониб қўяди, деган гап бор. Бу тўғри бўлиши мумкин. Лекин дарвишлар ҳақида айтилган ҳақоратомуз сўзлар тўғри эмас.

Биз биламизки, Хуросон эранлари, Аҳмад Яссавий эранлари бир жойда муқим ўтирмаганлар. Анадўлига қадар келганлар. Бу жойларни исломлаштирганлар. Бу жойларда ҳам тўхтамай, Болқонларга қадар кетганлар. Профессор Умар Лутфи Барқининг Турк дарвишлари ва Аҳмад Яссавий дарвишлари болқонликларни қандай мусулмон қилганликлари ҳақида бир мақоласи бор, уни топиб ўқишингиз мумкин.

Маълумки, дарвишлар узоқ ўлкаларга даъват учун, маърифат учун кетганлар. Ҳа, дарвиш кетади, бегона бир диёрларга кетади. Касалликдан, очликдан, камбағалликдан, қийинчиликлардан қўрқмайди. Мутавозеъ, хушахлоқ, тадбиркор, биров билан иши йўқ, ўз маслагида собитқадам…

У карвонлар ўтадиган тоғ ёнбағирларида, дараларда, сўқмоқларда жойлашиб, ўрнашиб олади. Ҳаммага яхшилик қилади. Ўтадиган-қайтадиганни сийлайди. Кечқурун уйида меҳмон қилади. Меҳмонлар кўпайганда, бинони кенгайтириб, бир хонақоҳга айлантиради. Ниҳоят, у ерлар бир яшайдиган манзил-масканга айланади. Секин-секин у жойлар шаҳарга айланиб кетади… Сўнгра дарвишлар у ерлардан бошқа томонларга йўл оладилар, тарқалиб кетадилар…

Дарвишларни насроний аҳолилар ҳам яхши кўрганлар. Нега? Чунки улардан ҳеч кимга озор етмаган, ҳалол еб, ҳалол турганлар. Тоза кўнгил, ширин сўз, табассумли, шоир руҳли, яхшиликни соғинадиган, ишчан инсонлар бўлганликлари учун ҳам севганлар, яхши кўрганлар, баъзилари уларга эргашган ҳам…

Албатта, дарвишларнинг хизмати шахсий манфаат ёки бирор моддий ғараз учун қилинган эмас. Шу нуқтага аҳамият бериш керак. Бир киши десаки: «Мен Югославияга бориб, у ерни эгаллайман, мустамлака қиламан. Ўша жойларни кенгайтираман. Югославия меники бўлади», – деса, табиийки, бу материалист бир қараш, босқинчилик кайфиятидаги бир сўздир. Дарвишлар бундай қилмаганлар, бундай демаганлар. Бутун куч-ғайратларини холис Аллоҳ ризолиги учун сарфлаганлар…

Дарвишлар фақат инсонларга эмас, балки ҳайвонларга ҳам хизмат қилганлар. Қўтир бир итни кўриб, ичи ачийди, уни олиб даволайди. Нега? Чунки махлуқни Холиқ ризоси учун яхши кўради, ундан муҳаббатини дариғ тутмайди. Итга қилинган яхшиликдан ўзига фойда тегиши, савоб етишини билади…

(давоми бор)