ТАСАВВУФ ВА ҲАЁТ (4-қисм)

Муаллифдан: “Ассалому алайкум азизлар! Энди ҳукмингизга камина таржима қилган Шайх Маҳмуд Асъад Жўшон ҳазратларининг “Тасаввуф ва ҳаёт” деган суҳбатларини ҳавола қиламан. Суҳбатнинг бутун руҳини, мазмунини сақлаган ҳолда бироз ёзма шаклга айлантирганман. Рости бундан 17 йил олдин қандай таржима қилган бўлсам шу ҳолда эълон қилаяпман. Озроқ силлиқласам бўларди. Аммо вақтим ҳам шу кунларда тиғиз. Кучли чарчоғим ҳам бор. Дуо қилиб қўйинглар, вассалом! 

Сайфиддин Рафиддинов

Ҳазрати пайғамбаримизга бир саҳоба келиб айтдики: «Ё расулуллоҳ, минг бир азоб билан ўз туяларимни суғориш учун бир қудуқ қаздим. Қудуқдан сув тортиб олиб, ҳовузчага бўшатаман. Иплар қўлимни яра қилиб ташлайди. Туяларим билан бирга бошқа қўтир, қичима, эгалари емиш бермаган, ҳайдаб юборган қари туялар ҳам келиб, сув ичади. Бироқ қудуқдан сув тортиб олиш менга анча азоб беради». Ҳазрати пайғамбаримиз: «Қўй, бегона туялар ҳам ичсин!… Уларнинг ҳам жигари бор, жигари куяди, уларни суғориш ҳам савобдир»,– дейдилар.

Дарвиш яхшилик қилар экан, ажрини Аллоҳдан тилайди. Унга бечора туялардан бирор фойда йўқ. Фойдаси бўлса, эгаси ҳайдаб юбормасди. Биласизми? Нега эшак ороли дейдилар? Чунки у ерга яроқсиз эшакларни ҳайдаб юборишган. Бечора эшак у ердаги денгизнинг шўр сувини ичиб яшаса, яшайди, бўлмаса ўлиб кетади.

Дарвиш яхшиликни Аллоҳ учун қилади. Вақф иморатларни, ташкилотларни Аллоҳ учун қуради. Одамларга яхшилик қилиш учун, ҳатто идиш-товоқ ювадиган хизматкор товоқларни синдириб қўйса, хўжайиндан дакки емаслиги ва қарздор бўлмаслиги учун ҳам вақфлар қурилган… Табиат ва жамиятни асраш, қўл-оёғи синган қушларга қараш, муолажа қилиш учун ҳам вақфлар қурилган… Дарвиш уй қурса, уйининг тепасида қушларга атаб ҳам бир ошён қурган… Чунки майналар келса, қушлар у ерда ин қурса, бошпана топса, савоб бўлади. Қушларнинг сайраши, чуғур-чуғури унга зикр бўлиб, Аллоҳга илтижо бўлиб туюлади…
Дарвиш гулга боқса, унинг ҳолатига тушади, у билан тиллашади…

Сўрдум сариқ чечакдин
Нега юзинг сўлғиндир?

«Нега сарғайибсан, сўлибсан?»– деб сўрайди. Ҳа, ўлим бор, ўлимдан қўрқар экан. Шунинг учун юзи сарғайибди. «Эй чечак, у ҳолда нега қаддинг хам?» – деб тағин сўрайди. Сариқ чечакнинг қадди ҳам, эгик… «Ҳа, қаддим хам, аммо ўзим Ҳақ йўлида тўғриман» дейди… «Қардошинг борми?» каби саволлар беради… Кўряпсизки, Юнус Эмро сариқ чечак билан, ғачир-ғучур қилиб айланадиган чархпалак билан суҳбатлашади. Қушларни, дарахтларни, чечакларни севади…

Бизнинг маданиятимиз, тарихимизда гул-чечакни севиш муқаддас бир нарса саналган. Барон Де Бусбек Голландиядан элчиликка пойтахт – Истанбулга келибди. Едикўйдан карвон Истанбулга яқинлашар экан, йўлда сунбул, гул-чечаклар, боғларни, гулзорларни кўриб ҳайрон қолади, ҳайратга тушади. Китобда шундай қайд этади: «Бу Усмонийларнинг гулни севишига ақл етмайди, гул ошиқларидир. Бир гулга дунёнинг баҳосини берадилар».

Лола уруғини биздан олиб, Голландияга олиб борган шу одам бўлади.
Гулларни, қушларни севиш, махлуқотга ачиниш туйғуси, инсонларга хизмат қилиш орзуси, бировнинг дуосини олмоқ, ҳеч кимни хор кўрмаслик, тупроқ каби камтар бўлиш, топганини инъом-эҳсон қилиш… Дарвишларда шундай тарбия бор ва шу йўллар билан етишганлар…

Ибн Баттута – машҳур араб сайёҳи. Оту карвонлари билан Анадўлини кезиб юрар экан, Денизли шаҳрига келиши билан отининг жиловидан шоп мўйловли бир одам тутади. «Кетдик, юр», – дейди. Албатта, сайёҳ туркча билмайди, у одам арабчани. Шоп мўйловли, белбоғ боғлаган, шалворли, ёнида ҳайбатли, узун қилич осиб олган, ёноқлари қипқизил паҳлавон бир йигит… Араб сайёҳининг ўти ёрилиб кетади.

Чунки унинг оту туялари бор. Орқасидаги хачирларда унга совға қилинган гиламлар, турли туман нарсалар бор. Сайёҳнинг молу мулки кўп, севимли, подшоҳлар меҳмон қиладиган азиз бир киши. У: «Эй воҳ, менинг молларим қўлдан кетди», – деб қўрқади. Шу қўрқинч ичида экан, бошқа бир баҳайбат, шоп мўйловли киши келиб, у ҳам жиловнинг бошқа бир томонидан тутади. Буниси бу томонга, униси у томонга олиб кетмоқ истайдилар. Ўрталарида ғалати бир тортишув бўлади. Сайёҳ эса нима бўлаётганига ақли етмай туради.

Тортишувнинг сабаби шу: жиловдан биринчи ушлаган киши айтадики: «Меҳмон – атойи Худо. Биринчи бор, мен уни кўрдим. Шунинг учун уни хонақоҳимизга олиб бориб, едириб – ичириб, меҳмон қилишимиз керак».

Иккинчи тарафдан тутган киши айтадики: «Тўғри, лекин биродар уят эмасми, бу ерлар бизнинг еримиз. Бизни жойимизга келган меҳмонни сен бошқа жойга олиб кетсанг, инсофданми? Тақдир бизга насиб қилибди, уни биз меҳмон қиламиз, едирамиз-ичирамиз, ётоғини кўрсатамиз, дуосини, савобини биз оламиз». Тортишувнинг мазмуни шундан иборат…

Усмонийларнинг, дарвишнинг, Аҳмад Яссавийнинг, Юнус Эмронинг, Мавлоно Румийнинг, Ашраф ўғли Румийнинг, Иброҳим Ҳаққийнинг ва бошқа тасаввуф арбобларининг асосий ғоялари ва бош мақсадлари ана шундай эзгулик бўлган…

Ахлоқий гўзалликлар, ҳаётий тажрибалар туфайли Мавлоно Румий каби улуғ инсонларнинг дунёга келиши, Шарқ ва Ғарбни ўзига жалб этадиган, нозик фикрли, халқчил, инсон манфаатини кўзлаб дурдона асарлар ижод қилган кишиларнинг зариф, зийрак ва адабли эканликлари ҳаммани лол қолдиради…

Мавлоно Румий ҳазратларидан бир камбағал ёрдам сўраб келибди. Мавлоно бунга ёрдам бериш учун бир мактуб ёзиб уни вазирга юборади. Вазир мавлонога: «Сизнинг талабингиз девон қонунларига мувофиқ эмас», – деб жавоб ёзади. Мавлоно шу мактуб остига қайтадан: «Вазир ҳазратлари девоннинг соҳибидир. Девон вазирни бошқарувчи эмас», – деб жавоб ёзади. Девоннинг форсчадан икки хил маъноси бор:
1. Давлат маҳкамаси, идораси.
2. Девон «дев» сўзининг кўплик шакли, яъни девон — девлар дегани.

Дев туркчадаги баҳайбат одам маъносида эмас, форсчадаги шайтон маъносида қўлланган. Шоир девон деганда шайтонларни, сўз ўйини қилиб ҳар иккала маънони назарда тутган. Яъни вазирга айтганки: «Вазир ҳазратлари девоннинг бошқарувчиси, эгасидир. Истаган нарсасини қилиши мумкин. Лекин шайтонлар вазирни бошқармасинлар, унга тескари нарсани, терс йўлни кўрсатмасинлар», – деб танбиҳ берган. Камбағалнинг, мискиннинг ҳожатини чиқармаганларни шайтонга ўхшатган… Албатта бундай нуктадонлик вазирга маъқул тушибди ва камбағалнинг ҳожатини чиқарибди.

Зариф, оқил, дилкаш, золимдан, ўлимдан қўрқмайдиган инсонлар…
Мавлоно Жалолиддин Румий ўзининг ўлимини «шаби арус», яъни никоҳ оқшоми, келинни кўрадиган, лаззат оладиган, ҳаяжонланадиган, висолга эришадиган оқшом деб атайди… «Мен ўлганимда, менинг орқамдан йиғламанг», «алвидо» деманг. Мен ажралишга эмас, учрашувга кетаман…» дейди. Эътиқодли, ошиқ бир инсон…

ТАСАВВУФ шунинг учун яшаяпти. Тасаввуф арбоблари шунинг учун ҳам севимлидирлар…

Бу таълимот бугун ҳам давом этаётгани учун европалик, америкалик ҳам мутасаввиф бўлаяпти.

Ахлоқ инсонлар орасидаги муносабатларни тартибга соладиган, кишиларнинг жамиятга хос бўлган хатти-ҳаракат, хулқ нормаларининг мажмуидан иборатдир. ТАСАВВУФ шу жамият муносабатларини энг тўғри, энг яхши, энг фидокор, энг кифоягар, манфаат туйғусидан йироқ бўлган ҳолда тартибга солгани, таълим бергани учун ҳам севилади. Бугун ҳам ҳаёт билан мустаҳкам боғлиқ бу таълимотни амалда қўллашга мажбурмиз.

Биласизки, илм ўргатадиган бир қанча даргоҳларимиз, муассасаларимиз бор: ўрта мактаб, лицей, техникум, институт, университет, можистр (магистр), мастерлик, докторлик, профессорлик ва ҳоказо. Ўрганиш, ўргатиш, илм олиш бор, аммо бу ахлоқ таълимини қаердан ўрганамиз? Яъни севгини, марҳаматни, ўз манфаатимиздан кечиб, бошқа бир инсонни хурсанд қилишни, холис, мухлис бўлишни қаердан ўрганишимиз керак? Бир-биримизни севишни, бир-биримизга ҳурмат кўрсатишни қандай ўрганамиз? Бунинг ҳам тарбияси лозим!…

Мавлоно Румий: «Модомики, юнонларнинг фалсафасини ўрганибсан, иймонлиларнинг ҳам фалсафасини ўрган, у ҳам керак!», – деб таъкидлайди.
Мана, Бўғозичи университети, Билкант университети, қандайдир ингилизча соҳаларни ўргатадиган муассасалар, жамиятшунослик, руҳиятшунослик, иқтисодиёт ва бошқа даргоҳлар бор. Булар яхши, хўш, қани қаерда инсонга ахлоқ ўргатилади, ахлоқ илми билан таъминлантирилади… Ўргатиш, илм беришни айтмайман. Ўргатмоқ қайсидир соҳага оид маълумот бермоқ дегани. Илмли, маълумотли бўлади, аммо одам бўлмайди… Шунинг учун тарбия бермоқ ҳам лозим. Адабни, тарбияни олгандан кейин ҳақиқий комил инсон бўлади. Шу университетни битирганлар, Америкада таълим олганлар замонавий бир инсон, комил бир киши бўладими?…

Американинг олийжаноблари бизнинг мутасаввиф олийжанобларимиз каби эмас… Уларнинг олийжаноблиги Юнус Эмронинг олийжаноблиги каби эмас…

Мавлоно Румий ҳазратлари йўлда бир поп билан юзма-юз келган. Поп кўрганки, қаршисидан нурли, муборак бир зот келаяпти. Унинг рўбарўсида бош эгиб таъзим қилган. Мавлоно ҳазратлари ҳам бош эгиб таъзим қилган. Поп бошини кўтариб қараса, мусулмонларнинг улуғ ва эътиборли одами унга таъзим қилиб турибди. Поп камбағал, шаҳарнинг чекка бир ерида яшар экан. Бу сафар қайтадан таъзим қилибди. Мавлоно ҳам такрор таъзим қилибди. Поп бошини кўтариб қараса, Мавлоно яна таъзим қилиб турибди. Поп қанча таъзим қилса, Мавлоно ҳам ундан ортда қолмабди. Таъзим қилса, қилаверибди… Ниҳоят поп мусулмон бўлибди… Кейинчалик Мавлоно ҳазратлари бу воқеани биттасига айтиб шундай изоҳлаганлар: «Бир поп тавозеъ хусусида биз билан мусобақага киришди ва бизнинг қўлимиздан тавозеъ вазифасини олмоқчи бўлди… Тавозеъни биз унга топшириб қўямизми? Йўқ, ҳеч қачон бермаймиз?» Шубҳасиз, бу воқеа ҳайратли ва таъсирли…

Юқорида айтиб ўтганимиздек, ахлоқ тарбиясини Америка таълим системасидан, Европа таълим системасидан, Яли университетидан, Кембридж университетидан, Европа таълим системасидан ҳам ўрганиш мумкин эмас… Бу ахлоқий тарбияни фақат ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИДАН ўрганиш мумкин…

Аллоҳ бизни зоҳирий ва ботиний илмлар билан мукаммал қилсин. Қалб ва кўнгил кўзи очиқ, маънавий-руҳоний оламнинг турли туман гўзал ҳис-туйғуларига соҳиб бўлган инсонлардан айласин! Ички олами нурга тўлган, иймон зиёси билан мунаввар бўлган эътиқодли, шафқатли, марҳаматли, гўзал ахлоқли қулларидан айласин! Омин. Валҳамду лиллоҳи раббил оламин!

манба: Сайфиддин Рафиддиновфнинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди.