Лизинг ва автокредитлар

Саволларга Қозоғистонлик  иқтисодчи- эксперт, иқтисод фанлари номзоди, Астанадаги Қозоқ технология ва бизнес университети доценти Сапарбай Жубаев жавоб беради.

 

Қисқача Сапарбай Жубаев хақида: асли Ўзбекистонлик, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Қапал овулида туғилган. Тошкент авиация заводида технологик бюро бошлиғи, Тошкент нон заводи директори, Ўзбекистон Молия вазирлигида бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаб келган. 2006 йилдан Қозоғистон фуқаролигини олиб, айни пайтда ўз фаолиятларини Қозоғистон Республикасида давом эттирмоқда.

 

Ufq.uz: Ассалому алайкум Сапарбай оға. Биз билан суҳбат уюштиришга розилик билдирганингиз учун аввало ташаккурмизни қабул қилгайсиз. Бугун сиздан лизинг ва автокредитлар хусусида халқаро тажрибалар, жумладан Қозоғистон тажрибаси хақида сўрамоқчи эдик. Айтингчи, умуман дунё миқёсида лизинг ва авто кредитларни бизнинг минтақамиз учун қўлласа бўладиган қандай турлари мавжуд?

Сапарбай Жубаев:  Раҳмат!

Лизинг тушунчаси бизнинг ибора билан айтганда ижара тушунчаси билан бир хил. Катта молиясиз янгидан тадбиркорликни бошлаш учун, қандайдир обьектларни: машинани, комбайинни, самолётни, ускуналарни ва ҳ.к.ларни ижарага олиб, ўз ишингизни юритишни айтишимиз мумкин. Лизинг – бу ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун молиялаштиришнинг янгича муқобил тури, десак ҳам бўлади. Лекин, лизинг баҳоси, кредит ва оддий ижара баҳосига нисбатан кўпинча юқорироқ бўлади. Чунки лизинг тўлови, одатда, шу объектни ишлатиш вақтида сотиб олиш тўловларини ҳам ўз ичига олади.

Халқаро тажрибада лизинг кенг ишлатилади. Мисол тариқасида, Иккинчи жаҳон уриши вақтидаги АҚШнинг собиқ СССРга ленд – лизинг асосида ҳарбий самолётлар, танклар ва бошқарув яроғ берганини келтириш мумкин.

Ўзбекистонда ҳам лизинг кенг қўлланилади. Масалан, Ўзбекистон Ҳаво йўллари миллий авиакомпанияси кўп самолётларини лизинг йўли орқали олган. Чунки, ҳар бир самолётни сотиб олиш учун 150-200 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағни бирданига тўлаш учун, аксарият, кўплаб ҳаво транспорти компанияларининг имконияти етавермайди ва ижара тўлови орқали самолётлардан фойдаланиш нисбатан самарадорли бўлиши мумкин. Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни алоҳида қайд этиб ўтиш лозим бўлса керак, яъни, “нима учун бизда ҳаво йўли орқали қатнайдиган транспорт авиачипталарининг нархи бироз қимматроқ”, деган мазмунда юзага келадиган саволга, қисман жавоб бериб ўтиш ҳам мумкин. Яъни, авиачипта нархига йўл харажатлари билан биргаликда ижара харажати ҳам қўшилади.

Бизда пахта якка ҳокимлигини тугатиш мақсадида катта майдонларга ғалла экилди. Шу ғаллани исрофсиз ўз вақтида йиғиб олиш мақсадида АҚШдан “Кейс” русумли комбайнларни ҳам лизинг шартномаси асосида олинган эди. 1995-98 йилларда Хоразм вилоятида Германиянинг “Мерседес” русумли юк автомобилларини йиғиш заводини ҳам лизинг асосида ташкил қилинган эди. Ўзбекистон банклар ассоциацияси таркибида автобилларни ижарага берадиган Лизинг компанияси фаолият кўрсатиб турибди. Бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Лизингнинг икки катта тури бор. Биринчиси тоза ижара, яъни ижарага олинган обьект маьлум вақт фойдаланилганидан сўнг, ўз эгасига қайтариб берилади. Бу усул кўпроқ самолётларда кенг қўлланилади. Иккинчиси, молиявий лизинг дейилади, яьни, ижара объектини сотиб олиш йўли билан лизингга олинади. Маьлумки, молиявий лизинг тўлови қимматроқ бўлади.

Автокредитлар масаласига келсак, бу ҳам кенг тарқалган молиялаштириш йўлидир. Аҳолиниг тўлов қобилияти автотранспорт воситаларини бирданига сотиб олишга имконияти чекланган пайтда, давлат маълум бир автомобиль ишлаб чиқарувчи компанияга ўз тижорат банки билан ҳамкорликда автокредитлар тизимини таклиф қилади. Бу молиялаштириш усулида банк кредит фоизи автомобиль баҳоси устига кўшилади ва нақд автомобиль баҳосидан маьлум даражада банк фоизи миқдорига (ҳозир бизда 15-20 фоизга) қиммат бўлади.

Ufq.uz:  Яқин қўшнимиз бўлган бугунги Қозоғистонда лизинг ва автокредитлар тизими қандай йўлга қўйилган?

Сапарбай Жубаев:  Албатта, Қозоғистонда банк тизими яхши ривожланган ва улар молиялаштиришнинг янги прогрессив усулларини кўп таклиф қилади. Ҳар бир катта банк ёнида махсус лизинг компаниялари фаолият кўрсатади. Бизда самолёт, автобус, комбайнлар билан бир қаторда саноат ишлаб чиқариш линиялари ҳам лизингга таклиф қиладиган компаниялар кўп.

Ufq.uz:   Сиз қисман бўлсада Ўзбекистонда меҳнат фаолиятингизни амалга ошириб келган мутахассис сифатида, бизнинг шароитимизга ҳар томонлар учун қулай бўлган қандай таклифларни берган бўлар эдингиз?

Сапарбай Жубаев: Юқорида айтиб ўтганимдек, лизинг ва автокредит тизими банк фаолиятининг янги муқобил молиялаштириш усулидир. Шунинг учун Ўзбекистонда тижорат банклар фаолиятини тўла эркинлаштиришга эришилса, лизинг ва автокредит тизими ҳам ривожланади ва самародорлиги юқори бўлади. Аҳолига ҳам ўз тадбиркорлик фаолиятини яратиш ва мавжудларини ривожлантириш учун янги имконятлар яратилади. Лекин, ҳозир ҳамма нарса давлат томонидан тартибга солинаётганлиги боис, кўп холларда мавжуд лизинг ва автокредитлардан фойдаланиш оддий аҳоли учун оғир бўлиши мумкин.

Ufq.uz: Реал турмушимиз шароитидан келиб чиқадиган яна бир савол бор. Ўзингизга маълумки бизнинг минтақамиздаги аҳолининг аксарият кўпчилик қисмини асосан ислом динига эътиқод қилувчи аҳоли ташкил этади. Айни пайтда мамлакатда диний эътиқодга нисбатан кўпроқ эркинлик берилаётганлигидан келиб чиқиб, яқин келажакда “ҳалол стандарт” каби тизимлардан фойдаланувчилар сони ошиб кетиши мумкин. Ҳеч бир эҳтимолсиз, албатта мусулмонлар учун жоиз бўлган лизинг ва кредитларга бўлган талаб ҳам ошиб кетади. Бу борада минтақамизнинг ушбу аҳоли қисмига таклиф этадиган илғор жаҳон тажрибалари мавжудми?

Сапарбай Жубаев: Ҳа! Лизинг ва автокредит тизими дастурли Ислом давлатларида ҳам яхши йўлга қўйилган. Уларнинг умумий номланиши Ислом молиялаштирилиш тизими дейилади. Бу тизим Саудия Арабистони, Эрон, Қатар, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликларида яхши ривожланган. Малайзия ҳам аралаш йўлини таклиф қилмоқда. Қозғистонда ҳам Ислом банкингни ривожлантириш дастури 2010 йиллардан буён мавжуд. Остонада Ал – Ҳилал Банки фалолият юритмоқда. Бу банк Бирлашган Араб Амирлигининг Ал- Ҳилал гуруҳи банкидир.

Ислом банкингнинг дастурли банк фаолиятидан энг асосий фарқи, унда фоиз тушунчаси йўқ. Унинг ўрнига бирлашиб молиялаштириш тизими таклиф қилинади ва фойда ҳам ўз молиялаштириш улуши қисмида бўлинади. Кўпинча, дастурли банк хизматидаги Режали молиялаштириш (Проектное финансирование) услубига яқин бўлади.

Ufq.uz: Бизнинг саволларимизга жавоб берганингиз учун яна бир карра ташаккур билдирган ҳолда, келгусида ҳали сиз билан бошқа иқтисодий масалар хусусида суҳбат уюштиришга умид қилиб қоламиз.