Ал-Хаким ат-Термизий ҳикматлари

Хаким Термизий асарлари саҳифаларида сингдирилган донишмандона ҳикматлар ва улар ташиган ғоялар, илгари сурган муддаоларнинг ўзи алоҳида мавзу. Чунки, бу донолик намуналари инсонларни ҳамиша эзгулик сари даъват этади.

Алломанинг мўъжизакор қалами самараси бўлмиш ҳикматларнинг маъно ва мазмуни беқиёс. Уларда дунё изтироблари, бандаларининг ножоиз қилиқлари нишонга олинади. Аллоҳнинг бандаси дунёга келибдики ўз ташвиши, ўз юмуши, ўз шодлиги ва шунга монанд воқеалар гирдобига кириб қолганини гоҳо англаб ҳам етмайди.

Чиндан ҳам инсон ҳаёти ғалати қутбларни намоён этади. У кўпинча ўзини ожиз ва нотавон ҳис қилади, ўзини хўрланган деб билади. Гоҳо у масрур ва ғурурлидир. Аллома ана шундай кимсаларга қарата ўзининг «Наводир ал-усул» асарида айтади: «Инсоннинг умидсизликка тушиши, бу унинг Аллоҳни билмаганидир».

Башарти юқоридаги ҳикматни астойдил таҳлил назаридан ўтказсак, ундаги ғоя сири осонгина ечимини топади. Аллоҳ инсонни яратган, бу кўпчиликка аён, лекин унинг умидсизлик ботқоғига чўкиши оз-моз тушунарсиз. Аллома айтмоқчики, Аллоҳни таниган банда зинҳор тушкун кайфиятда бўлмайди, у Аллоҳ мадади билан ўзини мағрур ва тетик тутади. Тақдирдан нолиш Аллоҳ бандаси учун бегонадир. Банда қисматдан эмас, ўзининг ёмон нафсидан ўпкалаши лозим.

Аллоҳни бандаси бутун умр синовлар майдонида ҳаракат қилади. Аллоҳ уни қадам-бақадам имтиҳондан ўтказиб боради. Аллоҳ бандасини турли усул ва йўллар билан синайди, уни текшириб туради. «Наводир ал-усул»даги қуйидаги жумлага эътиборни тортсак: «Аллоҳ таоло бандаларига бу дунёда бойлик, фақирлик, иззат, хорлик, улуғлик ва тубанлик каби ҳислатларни ато этиб, уларни имтиҳон килади»(50).

Кўринадики, инсон ўзи яшаётган заминда Аллоҳ имтиҳонларидан қочиб қутила олмас экан. Чунончи, Аллоҳ ўз бандасига фақирлик инъом этгани каби фақирлик изидан уни бойлик билан ҳам сийлаши мумкин ёки аксинча. Демак бойлик ва фақирлик эгизак қутблар бўлганидек, иззат ва хорлик, улуғлик ва тубанлик, иссиқ ва совуқлик ҳам бутун умр ёнма-ён яшар экан. Бу ҳил яхши- ёмон тушунчалар узлуксиз давом этади ва бир-бирини талаб қилади. Улар бири, иккинчисиз яшай олмайди. Улар хаёт майдонида бир ҳил мавқега эга ва улар бир пайтда пайдо бўлган.

Юқоридаги мушоҳадалардан шу нарса аён бўладики, Аллоҳ кудратига тенг кела оладиган куч дунёда йўқ экан. Аллома Хаким Термизийнинг «Манозил ул-ибод мин ал-ибода» (Т.:2003) асарида ушбу жумлани ўқиймиз: «Улуғ ва буюк Аллоҳнинг қудратига тенг келадиган куч ва қувват йўқ»(7). Инсонга берилган барча имтиёзлар Аллоҳ туфайли экан, инсонга қилинган «хидоят (раҳнамолик), тавфиқ (мадад), қўрқув ва қувват-барчаси улуғ Аллохдандир»(19).

Англашиладики, Аллоҳ ўз бандасининг бахти учун барча нарсага тайёр, Аллоҳ ўз бандасига тўғри йўлни ҳидоят қилади. Ана шу зайлда Аллоҳ ўз бандасига тавфиқ кўрсатади, уни куч-қувват билан таъминлайди ва уни қўрқув(Худони доимо ёд)да тутади. Аммо қўрқув ихтиёрий, банда кўпинча қўрқув(Худо)ни унутиб қўяди, бу эса уни адаштиради. Адашув нимада намоён бўлади, Аллоҳнинг бандаси аксар ҳолатда бойликка ҳирс қўяди, бойликка маҳлиёлик эса бандани тубанликка етаклайди.

Буларнинг бари нафсга бориб тақалади. Бунга жавобни тағин «Манозил ул-ибод мин ал-ибода» асаридан топамиз: «Нафс эса Аллоҳга зид… Чунки нафс Аллоҳнинг душманидир» (13-14).

Хаким Термизийнинг ана шу хил юқоридагиларга монанд ҳикматлари Абдурахмон Суламий (946-1022)нинг «Табакот ус-суфия», Фаридиддин Аттор (1145-1221)нинг «Тазкират ул-авлиё», Абдурахмон Жомий (1414-1492)нинг «Нафахот ул-унс мин хазарот ил-қудс», Алишер Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул- футувват» асарларида ҳам келтирилади.

Жумладан, «Тазкират ул- авлиё»да турли мавзуларга оид ҳикматлар жамланган, шулардан айримларига диққат қилсак. Хаким Термизийдан тақво (пархезкорлик) ва жавонмард (саховатпеша)лик хақида сўрашганда айтган жавоблари ўта салмоқли.

Жавобни тингланг: «Тақво шуки, қиёматда ҳеч ким сенинг этагингни тутмаса ва жавонмардлик шуки, сен бирор кимсанинг этагидан тутмасанг». Аллоҳ йўлида қилинган тақво шу даражада мукаммал ва бенуқсон бўлиши лозимки, оҳират куни сени безовта қилмасин. Жавонмардликнинг бош мезони тамаъни унутиш, қилинган яхши амал бадалига тамаъгирлик изҳор этмаслик талаби етакчи режада туради. Ижросини топган дуою фотиха, салоту савмлар оҳиратда жаннат илинжида қилинган бўлса, уларнинг савобу -самараси беҳуда саробга айланиши муқаррар.

Узоқ бормай аллома ҳикматларидан баъзиларини мисол тариқасида келтиришни мақбул топдик.

Ҳ И К М А Т Л А Р

-Тақво шуки, қиёматда ҳеч ким сенинг этагингни тутмаса ва
жавонмардлик шуки, сен бирор кимсанинг этагидан тутмасанг.

-Азиз одам шуки, гунох уни хор қилмаган бўлсин.

-Озод одам шуки, тамаъ уни қул қилмаган бўлсин.

-Хожа улки, шайтон уни асир этмаган бўлсин.

-Оқил улки, Худо йўлида зарарли қилиқлардан ўзини тийса ва ўз нафсининг ҳисобини қилса.

-Кимки тариқатга кирса, унинг гунохкорларга инкори қолмас.

-Кимки бирор нарсадан қўрқса, ундан кочади, кимки Худодан
қўрқса Худога қочади.

-Асл мусулмонлик икки нарсада намоён бўлади, бири эзгулик истаги ва иккинчиси Худо олдида қўрқишдан жудолик.

-Йўқтилган нарсага эмас, ниятнинг йўқолишига қайғуриш керак, зеро ҳеч бир эзгу иш ниятсиз бўлмас.

-Сен истайсанки, нафс билан Хақни танишни, ваҳоланки нафсинг ўзини танимаса ва танишни истамаса, қандай қилиб Хақни танигай?

-Шайтон бир соатда қилган ишни юзта оч шер қўй қўрасида қилолмаганидек, бир соатда одам нафси қилган ишни юз шайтон уддалай олмас.

-Одам айби шуки, у ўзига зиён келтирувчи нарсаларга маҳлиё ва хушнуддир.

-Жавонмардлик шуки, унинг наздида мусофир ва муқим кишилар тенгдир.

-Хак таоло бандаларининг ризқини кафолатлаб қўйган, лекин бандалар ҳамиша таваккал қилади.
(Аттор Ф. Тазкират ул-авлиё.Чопи панжум.-Техрон: Бехзод,1375.-942 с. таржималар узимизники).

-Саҳоватпешалар инъом этмоқликни олмоқликдан яхши кўрадилар.

-Инсоннинг умидсизликка тушиши, бу унинг Аллоҳни билмаганидандир.

-Аллоҳ сенга илм, ақл, ҳидоят берди, сен унинг тақдирига рози бўл, тақдирингдан нолима, ўзингнинг ёмон нафсингдан ўпкалан.

-Мискиннинг кулига садака тутказишнинг барча хислатлардан устун томонлари бор.

-Али ибн Хусайн (р.а.) тиланчига нарса берса, аввал уша нарсасини ўпиб, кейин уни тиланчининг қўлига тутқазар эди.

-Агар банда ҳар ойда уч кундан рўза тутиб борса, у бутун умр рўза тутгандек бўлади.

-Аллоҳ таоло бандаларига бу дунёда бойлик, фақирлик, иззат, хорлик, улуғлик ва тубанлик каби хислатларни ато этиб, уларни имтиҳон қилади.

-Мурувват-муборак ва маҳбуб хулқдир.

(Ал-Хаким ат-Термизий. Наводир ал-усул. Таржимон Иброхимжон Усмонов.-Тошкент: Мовароуннахр, 2006.-60 б.)

-Улуғ ва буюк Аллоҳнинг қудратига тенг келадиган куч ва қувват йўқ.

-Тавба қилувчилар ўзларини барча гуноҳлардан пок қилиб, Аллоҳ муҳаббатига сазовор бўладилар.

-Ким дунё (бойлик)ни севса, дунё(бойлик) уни кўр ва кар қилиб қўяди.

-Нафс эса Аллохга зид…Чунки нафс Аллоҳнинг душманидир.

-Қуръони Каримнинг кўп оятларида нафс барча ёвузликларнинг манбаи, -деб талқин қилинади.

-Хою хавас (нафс шиддати)га қарши жиҳод қилиш ўзликни поклаш демакдир.

-Мўъминлар Аллоҳнинг маҳбусларидир, фосидлар шаҳват маҳбуслари ва кофирлар эса шайтон маҳбусларидир.

-Савоб шундай амалки, уни бажарганингда қалбингда ҳузур-халоват, ором ва таскинлик пайдо бўлади.

(Ал-Хаким ат-Термизий. Манозил ул-ибод мин ал-ибода. Абдулкаххор Шоший таржимаси.-Тошкент: Мовароуннахр, 2003.-108 б.)

манба: Фейсбук ижтимоий тармоғидаги  “ЎЗБEКИСТОН ТАРИХИ. ИСТОРИЯ УЗБEКИСТАНА. HISTORY OF UZBEKISTAN гуруҳидан олинди.