Жалолиддин Румий ҳаёти ва ижоди

Жалолиддин Румий Муҳаммад ибн Баҳоуддин Муҳаммад ал-Балхий (1207-1273) шоир, мутафаккир, мавлавийлар (Мавлавия) тариқатининг норасмий шайхи.

Жалолиддин Румий ҳозирги Афғонистоннинг Балх шаҳрида, султон ал уламо лақабини олган улуғ шайх Муҳаммад Баҳоуддин Валад хонадонида дунёга келган. Отаси Баҳоуддин Валад сўфийлар ва фиқҳ донишманди бўлган. Шу боис ҳам султон Муҳаммад Хоразмшоҳ (1199-1220) уни  саройга таклиф этган. Лекин Баҳоудддин Валад унинг таклифини рад этиб, мактабдорлик ва илмий-ижодий иш билан машғул бўлган.

Жалолиддиннинг онаси эса хоразмлик саййида- ларидан, яъни шажарада, у Муҳаммад Пайғамбарга боғланар, яна кимсан – хоразмшоҳнинг қизи эди. Хоразмшоҳ билан кели шолмаган Валад, оиласи, муридларини олиб, Балхдан чиқиб кетади ва Макка сафаридан сўнг Ироқу Ажам шаҳарларини кезиб, Туркиянинг Куня (Коня) шаҳрида қўним топади. Салжуқ султонлари тарафидан иззат-икром билан қабул қилинган Баҳоуддин Валад шу ерда муқим туриб қолади. Румий отасининг вафотидан сўнг, унинг ўрнига Куня  мадрасасининг бош мударриси бўлади.

Жалолиддин Румийнинг тасаввуф оламига кириб келиши Шайх Фаридиддин Атторнинг башорати билан бўлганини унинг илк тафсирчиларидан Ҳусомиддин Чалабийдан тортиб, Давлатшоҳ Самарқандийгача бир овоздан тасдиқлайдилар: Каъба зиёратига йўл олган Баҳоуддин Валад ва унинг ўғли Нишопурга етганидан хабар топиб, Шайх Аттор зиёратчиларнинг қаршисига чиқади. Ўспириннинг суҳбатидан мамнун бўлиб, унга ўзининг “Асрорнома” китобини тақдим этади ва отасига қарата: “Ўғлингиз тез орада оламдаги барча куйганлар қалбига оташ солади”, – деб башорат қилади.

Румий тариқат йўлини тутиб, шоир Саид Бурҳониддинга шогирд тушади, сўнг қаландар сўфий  Шамсиддин Муҳаммад Табризий билан дўстлашиб, уни ўз пири деб эълон қилади. Табризий уч йил Румийга дарс беради: фалсафа, хусусан, сўфийлик таълимотини ўргатади. Румийнинг ўзи ҳам бир байтида: “Агар Аттор менга руҳ бахш этган бўлса, Шамси Табризий тилсим калитини тутқазди,-деган. Табризий таъсирида Румий ақлий изланишларидан воз кечади. Бу Румий муридлари, уламолар норозилигига сабаб бўлади ва улар фатвоси билан Табризий ўлдирилади. У бу фожиадан қаттиқ таъсирланиб, пирининг исми шарифини тахаллус қилиб, ғазаллар ёза бошлайди. Унинг “Шамси Табризий девон” номи билан шуҳрат қозонишининг боиси, у “Шамси Табризий”, “Шамси” тахаллусларини қўллашидадир. [42 минг байтли “Девони Кабир” (“Улуғ девон”)нинг иккинчи номи “Девони Шамси Табризий”].

Жалолиддин Румийнинг илмий ва адабий мероси ғоят катта. Ғазал, маснавий ва рубоийларни ўз ичига оладиган “Девони кабир” (“Улуғ девон”)да уч мингдан ортиқ шеър бор. Фалсафий-сўфиёна мушоҳадалар, руҳият диалектикасини кашф этиб, инсон ақлини лол қолдирадиган теранлик билан ёзилган “Маснавий-маънавий” ҳам бир неча минг байтдан иборат. Бундан ташқари “Мактубот”, “Фиҳи мо фихий” (“Ичиндаги ичиндадир”) номли асарлари ҳам мавжуд.

“Ичиндаги ичиндадир” насрий асар бўлиб, унда Жалолиддин Румийнинг илоҳиёт, тасаввуф, ҳаёт ва борлиқ ҳақидаги қайдлари, дўстлари ва суҳбатдошлари даврасида айтган фикрлари, баҳс-мунозараларда пайдо бўлган мулоҳаза-муқоясалари тўп ламидан ташкил топган. Бу китобни “Муиниддин Парвона” китоби ҳам дейишади. Сабаби: унда Амир Парвона номи кўп марта тилга олиб ўтилганидир. Чунки Муиниддин Парвона Мавлоно Жалолиддин Румийнинг мухлисларидан бўлиб, Мавлоно билан қилган суҳбатларини ёзиб жамлаган. Бундан ташқари, китобга Румийнинг дўстлари ва шогирдлари Ҳисомиддин Чалабий, Соҳиб Фахриддин, Амир Бадриддин Гуҳартош, Отабек султон Алоидин, Тожиддин Мўътаз Хуросоний, ўғли Султон Валад билан бўлган суҳбатларда айтган гаплари ҳам киритилган.

“Ичиндаги-ичиндадир” – содда форс тилида ёзилган асар, улуғ муаллиф “Маснавий маънавий”даги ҳадис ва оятлар, ҳикоят ва тамсилларга ўралган, ўта мураккаб бир фалсафий муҳокамалар асосига қурилган фикрларини бу ерда равшан ва содда қилиб тушунтириб берган. Асарни ўқир экансиз, улуғ ва ноёб бир тафаккур хазинаси устидан чиққандай бўласиз. Саратонда саҳрода толиқиб, ташна қолган одам шарқираган булоқни кўрганда қандай хурсанд бўлса, мусаффо чашма сувидан ичиб қанчалик роҳатланса, маънавиятга ташна одам ҳам Румий асарини ўқиб шундай туганмас ҳузур топади.

Бунда жуда кўп масалалар устида баҳс боради: тажрид ва тавҳид, сурат ва маъно, таваккул ва идтиҳод, ғайб асрори ва ладуний илмлари моҳияти ва яна қанчадан қанча муаммолар ёритилади. Энг муҳими шуки, Румий мураккаб сўфиёна мулоҳазаларни оддий турмуш тафсилотлари билан тушунтириб беради, интиҳосиз қудратга эга инсон ақлининг, руҳиятининг мўъжизаларини ҳайратомуз бир тарзда намойиш этади.

Румий минг йиллар давомида тўпланиб келган Шарқ фалсафаси ва ҳикмати, исломий ҳақиқатларини омухта этолган, тасаввуф ва фалсафани қўшиб, инсон руҳи диалектикасини очган улуғ мутафаккирдир. Унинг қарашларида бирор бир мутаассиблик, кўр-кўрона ақидапарастлик намунасини кўрмаймиз. У тийрак ва ҳушёр кўз билан дунёга назар солади, инсонни қандай бўлса, шундай олиб ўрганади, инсон қалби тўридаги энг нозик, энг инжа, энг яширин сирларни ошкор этади, руҳимиз иқлимларидаги ўзимиз сезмаган қонуниятлар, заруриятларни кўрсатиб беради. Шу боис “Ичин- даги ичиндадир”ни (“Фиҳи мо фиҳий”) ботиний илмлар баённомаси, ўзликни ва илоҳни таниш китоби деб айта оламиз.

“Ичиндаги ичиндадир”да руҳ диалектикаси, инсон майллари, тушунча-тасаввурлари, эҳтиёж ва талаблари, изтироб ва қийноқлари, зиддиятлар ва мувофиқликлар, кураш ва ғалаба, йўқлик ва борлиқ, рўё ва ҳақиқат, жисм ва жон ва ҳоказолар устида билдирилган фикрлар шунчалик чуқур ва шу қадар ёрқинки, бу фикрларни бундан етти юз илгари айтилганига ишонқирамай қоласиз, гўё улар бугун айтилгандай.

Бу асар инсонни фикрлашга, фикрлаш орқали ўзлигини, ўзлиги орқали ҳақни – Яратганни тушунишга ундайди. Шунинг учун ҳам “Ичиндаги ичиндадир”га бир марта ошно бўлган кўзи очиқ инсонки бор умрбод ундан айрилмаса, дейди. Чунки асар, аввало, ўша инсон ҳақида – сиз ҳақингизда, мен ҳақимда, умуман, ҳаммамиз ҳақимизда. Машойихлар “Ўзини билган авлиё бўлади” дея бежиз айтишмаган.

Ҳазратнинг ўзи шундай дейди: “Ривоят қиладиларки, бир подшоҳ ўғлини ҳунармандлар тўпига қўшиб қўйибди. Улар болага турли билимлардан, жумладан, илму нужумдан дарс беришибди. Шоҳ ўғли бутунлай аҳмоқ бўлгани ҳолда ўзига ўргатилган нарсаларни пухта эгаллаб олибди. Кунлардан бир кун подшоҳ уни имтиҳон қилмоқ учун ҳовучига узугини беркитиб, ўғлига “Бунда не бор?” дебди. Бола: “Қўлиндаги думалоқ, сариқ ва ичи бўш нарсадир”, – дегач, ҳукмдор ҳайратда қолиб “Аломатларини тўғри айтдинг, исмини айт” дею буюрибди. Ўғил “Ғалвир бўлса керак” деб жавоб беради. Подшоҳ “Олган таҳсилинг шарофати билан мени ҳайрон этиб аломат белгиларни аниқ айтинг-у, аммо ғалвирнинг ҳовучга сиғмаслигига қандай қилиб фаросатинг етмади?”-деди афсус чекиб.

Худди шундай, – деб давом этади Румий ҳазратлари,-замонамиз олимлари ҳам қилни қирқ ёрадилар, ўзларига боғлиқ бўлмаган нарсаларни жуда яхши биладилар, аммо ўта муҳим, ўзлари учун қолган барча нарсалардан янада яқин бўлганни, яъни ўзларини билмайдилар. Ҳамма нарсадан яқин бўлган борлиқ бу – уларнинг менлиги”. Мавлоно Румий инсонни, аввало, кўзини очишга ва очилган кўзлар билан ўз моҳиятига назар ташлашга ундайдики, бу билан ул валий зот инсоннинг ўзи бир бутун олам кичик олам эканлигини уқтиради.

Жалолиддин Румийнинг машҳур асари “Маснавий маънавий”дир. Асарда Қуръони карим ва Ҳадиси шариф маъноларини ўзига сингдирган, инсон ҳаёти билан боғлиқ барча масалалар бадиий йўсинда баён этилган 6 жилд (дафтар)дан иборат асарнинг дастлабки қисмларини адибнинг шогирди Ҳисомиддин Чалабий устози оғзидан ёзиб олиб, таҳлилдан ўтказган. Чалабий вафотидан сўнг муаллиф асарнинг давомини 10 йилда ёзиб тугатади.

Қуръони карим оятларининг 70 фоизи моҳиятини ўзида мужассамлаштирган, 270 дан зиёд ҳикояларни, юзлаб панду ҳикматларни ўз ичига олган бу китоб ўз вақтида ва кейинчалик ҳам ёзувчи номининг дунёга кенг тарқалишига сабаб бўлган. Чунки Румий маснавийда ўзигача бўлган Шарқу Ғарб донишмандларининг фалсафий қарашларини, исломий фарзларини содда бир услубда, шеърий йўл билан бадиий ифодалаган.

Румий буюк мутафаккир инсон сифатида дунё зиддиятлари, зиддиятларнинг ўзаро вобасталиги (“қарама-қаршиликлар бир- лиги”), дунёда миллиард шаклу шамойилда мавжуд бўлган ашё- ларнинг ўзаро алоқаси, бир-бирига бўлган ўтиш – эврилиш- лари, модда алмашинишининг заррадан коинот қадар амал қилиши, ҳаёт ва ўлим сабаблари (ҳаёт-зиддиятлар “келишуви”, “ярашиш”, ўлим-зиддиятлар “жанги”), жисм ва руҳ, одам ва илоҳ ҳақида ёзади, таҳлил ва тадқиқ этади. “Маснавий”да 690 ҳадисга румиёна шарҳ берилган. Кўз олдимизда ҳам Калом илмининг улуғ билимдони ҳам тасаввуф таълимотини сарбаланд чўққига олиб чиққан ориф инсон ҳам муқтадир даҳо шоир гавдаланади. Оддий латифалар, ҳикоятлардан Румий фавқулодда фалсафий-сўфиёна маънолар чиқаради, теран тафаккури доира- дан доирага, даражадан даражага кўтарилиб боради. “Қуръон- нинг уч қабат ботиний  маъноси бор”, деб қайд этади ва у ана шу маъноларни изчил тушунтиради.

Бутун “Маснавий” бошдан охиригача икки муҳим ғоянинг талқинига бағишланган деса бўлади. Бу ғояларнинг бири – тақлидчилик, зоҳирбинликнинг жаҳолатдан эканлигини исботлаш бўлса, иккинчиси – илоҳий маънолар, ҳақ ҳақиқатига эришган чин сўфийларни улуғлашдир.

Асарнинг бошидан бошлаб, найга мурожаат қилган шоир, найнинг ботиний олами, ноласи, асроридан кўплар бехабар эканлигини таъкидлайди. Ва мана шу бехабарликнинг ўнлаб кўринишларини, салбий оқибатларини тамсил, ҳикоялар шарҳи билан очиб беради. Най – руҳи Илоҳдан ажралган ва ўша аслига қараб шиддат билан интилаётган ошиқ орифдир.

Маснавий

Бишнав аз най чун ҳикоят мекунад,

Аз жудойиҳо шикоят мекунад.

Таржима

Тинглагил, най не ҳикоят айлагай,

Айрилиқлардан шикоят айлагай.

Лисоний таржима

Тингла, най, қандай ҳикоятларни сўзлайди:

У фироқдан, ғурбатдан шикоят қилаётир.

Шарҳ

“Най” истилоҳидан муддао, яъни зоти шариф Мавлоно Жалолиддин Румий кўзлаган мақсад ориф ва аҳиллик мартабасига ноил бўлган инсони комилдир.

Байтнинг қуйи – иккинчи: “Айрилиқлардан шикоят айлагай” мисрасининг мазмуни қуйидагича: ориф ёхуд инсон руҳоний дунёдан (яъни асл ватанидан, унинг мангу ва барқарор руҳи ҳали бу фоний оламга инмаган чоғдаги маконидан) жудо бўлгандан сўнг, азиятлар ва ёзуғлар тўла заминга тушгандан аччиқ шикоят қилади. Бу шикоят – норозилик, маҳзунликнинг бирдан-бир сабаби асл оламидан айрилмишдир. “Най” – комил инсон бу мақомда ўз дарди ёхуд ўткинчи дунё дарди учун фиғону фарёд чекаётгани йўқ. Буюк “Маснавий”нинг илк байти бўлган ушбу сатрларда Мавлоно ҳазратлари арабча “самъ”га тааллуқли бўлган “тингла” амри воситасида най садосига диққатини қаратмоқда. Бунинг боиси инсоннинг эшитиш аъзоси унинг бошқа аъзоларига нисбатан баланд мақомда эканига ишоратдир.

Мазкур байтда орифнинг, комил инсоннинг найга нисбатан ташбиҳ бўлинишида жуда кўп муносабатлар мавжуд. Улардан баъзиларини келтирамиз:

биринчидан, най одатда қамишдан ясалади. Қамиш кесилмасидан бурун доимо наъшу намода ҳаёт кечиради. Кесилгандан сўнг қурийди. Комил инсоннинг руҳи ҳам арвоҳ оламида (руҳлар дунёсида) бениҳоят маънавий лаззатлар ичида яшайди. Ғардор ва қуп-қуруқ бўлган дунёга келгач, айни зилол сувдек руҳлар оламидан жудо бўлади, гўё сувсизликдан қурий бошлайди.

Иккинчидан, найдан ошиқона, лаззатбахш садолар таралади: ориф инсондан ҳам ошиқона ва орифона сўзлар зуҳур этади.

Учинчидан, най ноласи тингловчи ишқини зиёда айлайди. Орифнинг ҳам калимат, ҳикмат ва оёти тингловчи ошиқни ошириб, қалбини алам ва изтиробдан озод этади.

Тўртинчидан, найнинг овози ва садосидан кўп ҳолларда ажиб бир ҳикоя, бир буюк ишқ можароси ҳис қилинади. Ориф сўзидан ҳам аксар чоғларда ҳақиқий ошиқларнинг олий аҳволлари ва олами лоҳутнинг асрори улувияси (руҳоният оламининг илоҳий сирлари) тингланади.

Бешинчидан, найнинг санъати зоҳирий жисмида эмас, балки унинг ичидадир. Орифнинг камолоти ҳам ботиндир.

Олтинчидан, найнинг қомати тўғридир. Орифнинг ҳам ҳолати тўғри ва хулқи каримдир.

Еттинчидан, най қамишликдан кесилгач, ўз оламидан жудо бўлди, яъни ғарибдир. Арвоҳ оламидан айрилган ориф ҳам дунёда ғарибдир.

Саккизинчидан, найнинг ичи ҳар нарсадан ҳоли, бўм-бўш, ёлғиз найчининг ишқига тўлгандир. Ориф ҳам ҳар нечук ғиллу ғашликдан бегона, қалби эса Раббоний ишқ билан безангандир. Тўққизинчидан, най кесилгандан сўнг, ўз-ўзига ошиқона садо чиқара олмайди, уста бир найчининг дамига (нафасига) эҳтиёжи бор. Ориф ҳам улуғвор бир силсилага ворис бўлган сабабидан бир файзбахш зотга дамсоздир.

Худо Ишқида ёниб-куйиб дилдан ҳикоятлар ва шикоятлар қилгани баён этилган шоҳ байтида: Мавлоно Румийнинг пурмеҳр ва пурлутф қалбидаги улкан, оташин Ишқ тараннум этилганлигига амин бўламиз. “Ишқ – бу денгиз, осмон эса ўшал денгизнинг кўпикларидир… Ишқ бўлмаганда дунё абадий музликларга айланиб кетар эди”, деб ҳисоблайди мавлоно Румий “Ишқ билан дарманд одам энг соғлом кишидур. Ишқи йўқ одам Худо наздида ночиз бир ахлатдур… Ишқ ўлимдан қутқарувчидур, яъни Ишқ қазодан (ўлимдан) кучлидур. Ишқ – ҳаётий эликсир (кимё), у инсонга абадият бахтини ато қилади”.

Пок ва оташин Ишқ йўли билан Инсон ўзини танийди, беҳад юксакликка кўтарилади, такомил топади ва илоҳият даргоҳига яқинлашади.

Мавлоно Жалолиддин Румий фикрича, гўзал, ҳаёли ва доно қизни ёки аёлни беҳад севиш, унга уйланиш эркакни руҳлантиради, камолотга эриштиради. Мавлоно Румийнинг ажойиб зебопарвар ва инсонпарвар ақидасига кўра, аёл зеболиги Тангри – таоло нафосатидандир. Демак, қиз ва аёлга бўлган чин инсоний, покиза ишқ масаласида ҳам ўзининг тариқати, таълимоти ва дунёқарашидаги илғор фалсафий – тасаввуфий, инсонпарварлик ақидасидан келиб чиққан, мутасаввуф донишманд нинг ўз иборасини қўллаб айтадиган бўлсак, “Худонинг нури бўлмиш қиз ва аёлларни беҳад эъзозланг ва кўкларга кўтариб тараннум этинг”.

Румий ўз асарларида одамни тадқиқ этади, унинг табиати ва интилишларини кузатади, ботиний жилолар ва сурилишлар, қалб силжишларини қидириб топади. Инсоннинг иймон гавҳари, буюклиги баробарида, нуқсонлар – нафси, ҳирси оқибатида келиб чиқадиган ёвузликларни таҳлил этиб, булардан қутулиш, покланиш йўллари, фазилатини баён этади. Румийнинг ҳар бир фикри – бир машъала, бир чироқ, шундоққина қалбга қўйила- диган зиёдир. Улуғ мутафаккир инсон камолоти учун муқтадир бир курашчи бўлиб майдонга чиқади, инсон боласини унинг ўзига таништиради, ёмонликдан нафратланиш ва яхшиликдан, илоҳийликдан фахрланишга ўргатади.

Жалолиддин Румийнинг буюклиги яна шундаки, у исломнинг улуғ шоири ва мутафаккири бўлгани ҳолда барча мазхаблар ва динлардан юқори кўтарила олди, бани башарни бирлаштирувчи ягона илоҳий ғояларни олға суриб, кишиларни бир-бирига яқинлаштирувчи эътиқод ва иймон, ишқ ва сиғиниш, поклик ва тавбадан сўз очди. “Чўллар мухталиф, аммо мақсад бир, яъни Оллоҳ ҳузури”, дея Улуғ Тангри ҳақиқати Оллоҳ жами махлуҳот баробарлигини исботлади.

Румий ижоди юксак бадияти билангина эмас, балки мантиқ кучи, фалсафий фикрларга бойлиги билан ҳам катта таъсир кучига эга. Унинг табиати ва жамият ҳодисаларининг доимий ўсиши, ўзгаришда экани, эскини йўқотиб, янгининг пайдо бўлиши – “дунёнинг зиддиятлар бирлигидан жанги”дан иборатлиги тўғрисидаги қарашлари, немис файласуфи Ҳегелнинг эътирофича, унинг диалектик методни яртишга ёрдам берган. Фалсафани Ҳегел ва Марксдан, Шопенгауэр ва Кантдан, Нийличе ва Фрейддан ўрганган кишилар Румийни ўқиб, ҳаммаси ўзимизда аллақачон бор экан, ҳаммаси айтилган экану дейишлари табиий.

Одамнинг буюклик даражасини унинг қанчалар асл хонадонида таваллуд топганига қараб аниқлаб бўлмайди. Аммо инсонни охирги манзилга кузатиш даражасига кўра, унинг кимлигини тасаввур этиш мумкин. Радий Фишнинг “Жалолиддин Румий” романидаги аллома вафоти билан боғлиқ лавҳада шундай сўзлар битилган: “Турклар ва хуросонийлар, юнонлар ва арманлар, православлар ва яҳудийлар – ҳамма шоир билан видолашишга келган, ҳар ким ўз русумида алвидо айтарди”.

Орада фақиҳлардан бири “амир ул-умаро”  Муниниддин Парвонага:  “Ўз шайхини дафн этаётган мўминлар ичра насроний ва яҳудийлар не қилур?”, -деб уларни ҳайдашни сўради. Бироқ бу бефойда эди. “Қуёш Ер юзини ёритганидек, Мавлоно ҳақиқат нури ила бутун башариятни мунаввар этмиш. Қуёш – ҳамманинг мулки!”-деди насронийлар руҳонийси. “Мавлоно – нон кабидирлар. Нон ҳаммага зарур. Амирим, очларнинг нондан юз ўгириб кетганини қайда кўргансиз?”-деди яҳудийлар раввини.

Жалолиддин Румий ривоятлари

Румий нуқтаи назарга кўра исломнинг бошланғич даврларида дин намояндалари ҳақиқатни яхши билишар эди. Лекин кейинчалик уларнинг издошлари ўз ҳатти-ҳаракатларини шундай ташкил қилишдики, натижада бир нечта одамни ҳисобга олмаса, барча дил ёруғлигидан бенасиб бўлиб қолишди. Шунинг учун Румий ҳақиқатга етишиш масаласида янги йўл қидирди ва унинг ўзига хос йўлини топди. Унинг маснавийларида ибратли ҳикоя ва ривоятлар жуда сероб. Қуйида шундай ривоятлардан бир қанчасини келтирамиз.

Моҳиятни тушунмасдан сўздаги фарқга қараб ўзаро ихтилоф қилишни Румий мана бу ривоят билан тушунтирган: Тўрт миллатдан тўрт киши – турк, форс, араб ва юнонлик йўлда бирга кетаётганларида уларга биров бир дирҳам пул беради. Тўртовлон бир-бирининг тилини тушунмаслиги сабабли пулга нима сотиб олиш кераклиги устида жанжаллашиб қоладилар: форс “ангур” (узум) оламиз деса, араб “мен ангур емайман инаб (узум) истайман” дейди, турк “узум” оламиз деб туриб олса, юнонлик “йўқ истофил (узум) емоқчиман” деб мушт ўқталади. Натижада улар бир-бирини  тушунмай, талашиб кетадилар. Шу пайт “юз тилни биладиган сирлар соҳиби” бир одам йўлиқиб, уларнинг низосига қулоқ солиб, пулни қўлларидан олиб, бозорда узум сотиб олиб берганида, тўртталаси ҳам бир нарсани хоҳлашганини кўриб ҳайрон қолишади, истаклари амалга ошиб, ярашиб кетадилар.

* * *

Жалолиддин Румийнинг таъбири билан айтганда: “Инсоннинг ичи ҳуррият оламидир”. Шу ўринда “Маънавий маснавий”да келтирилган бир ривоятни келтирамиз. Мусо пайғамбар бир яйловдан ўтаётганида бир чўпонга дуч келади. Чўпон Худога нола қилиб дер эди: “Эй Художон, Сен қаердасан, кел, сочларингни тарайин, чориғларингни тикайин, наки ўз жоним, балки қўйларим, фарзандларим ҳам сенга фидо бўлсин. Қаер- дасан, бориб дастёринг бўлсам, сут-қаймоғим билан қорнингни тўйдирайин, бошинг оғриса, бошингни силайин, юз-қўлингдан ўпайин, оёқларингни уқалайин…”.

Мусо буни эшитиб чўпонни койийди: “Эй ахмоқ, кофир бўлдинг, Худонинг чориғи ҳам, тўни ҳам йўқ, у емайди, ичмай- ди. Уни ўзингга ўхшатма. У гўё қуёш, сен бир чивин… Чўпон Мусонинг бу гапидан қаттиқ хафа бўлади ва жимиб қолади.

Шунда Парвардигори оламдан Мусога ваҳий келади: “Эй, Мусо, нима қилдинг, бандамизни биздан айирдинг, қўй айтсин, сен бандаларинг дилини парвардигорга улаш учун юборилгансан, ажратиб ташлаш учун эмас. Биз ҳар одамга, ҳар бир элга ўз даражасида, ўз тилида муҳаббат изҳор этишга имкон бердик. Ҳиндларни ҳинд тилида, синдларни синд тилида истилоҳида сўзлатдик”.

Бу ривоятда Румий ташқи белгилар, сўзлар шаклига эътибор қилмаслик, балки сўзнинг маъносига, самимийлигига эътибор бериш кераклигини таъкидлади.

* * *

Бир подшоҳ ўғлини ҳунармандлар тўпига қўшиб қўйибди. Улар болага турли билимлардан, жумладан, илми нужумдан ҳам дарс беришибди. Шоҳ ўғли ахмоқ бўлгани ҳолда ўзига ўргатил- ган нарсаларни пухта эгаллаб олибди. Кунларнинг бирида подшоҳ уни имтиҳон қилмоқ учун ҳовучига узугини беркитиб, ўғлидан “Бунда не бор?” деб сўрабди. Бола: “Қўлиндаги думалоқ, сариқ, ичи бўш бир нарса”, – деб жавоб бергач, ҳайратга тушган ҳукмдор  “Аломатларини тўғри айтдинг, энди номини айт” дебди.  Ўғил “Ғалвир бўлса керак” деб жавоб беради. Подшоҳ “Мени ҳайрон этиб, олган таҳсилинг шарофати билан аломатларини  аниқ айтинг-у, аммо ғалвирнинг ҳовучга сиғмас- лигига ақлинг етмадими!?” дебди. Румийнинг ушбу ривоятидан шуни англаш керакки, инсонга берилган иш, сўз ва ҳоказо- ларнинг барчаси аломатдир. Уларнинг жавҳар билан алоқаси йўқ. Улар йўқ бўлгандан кейин қолган нарса жавҳардир. Биз назарда тутган олимлар аломати шундай. Улар белгиларни тўғри топиб сўйлайди-ю, аммо ғалвирни ҳовучга сиғади, деб туриб олади. Чунки, асосий нарсадан уларнинг хабари йўқ.

* * *

Мавлоно Румийдан сўрабдилар “Намоздан афзалроқ нима бор?”  Румий “Намознинг жони, руҳи ўқилган намоздан яхшироқдир. Иймон намоздан устундир Чунки, намоз кунда беш маҳал, иймон эса ҳамма вақт фарздир. Намоз узрли сабаб билан қолдирилиб, фурсат бўлиши билан қазоси адо этилиши мумкин. Иймон учун ҳеч қандай узрли сабаб билан бузилиб, кейинроқ бажариш рухсати йўқ. Намозсиз иймоннинг фойдаси бўлади, бироқ иймонсиз намознинг фойдаси йўқ. Худди мунофиқлар- нинг намози каби. Ибодат ҳар динда турлича, иймон эса ўзгармайди.

 

Манаба: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий  кутубхонаси нашриёти томонидан 2007 йилда Жалолиддин Румий таваллудининг 800 йиллиги муносабати билан тайёрланган “Методик-библиографик қўлланма” дан олинди