“Иккинчи хотин”нинг айби ва айбсизлиги оралиғида туғилган айрим мулоҳазалар

ёки “иккинчи хотин”нинг айби ва айбсизлиги оралиғида туғилган айрим мулоҳазалар

 

1.”ДАМ ЕБ ЁТГАН” ҚЎЛЁЗМА

Ушбу мақола қўлёзмасини эски қоғозларни тартибга солиш жараёнида топиб олдим.  Мақола, чамаси, саккиз йилча аввал ёзилган, бироқ ўринли-ўринсиз сабабларга кўра матбуот юзини кўрмаганди. Асосий эътироз шу бўлгандики,  “...муаллиф жабрланувчи қолиб, судланувчи ҳимоясига ўтиб кетган, бу эса журналист ахлоқ-қоидаларига тўғри келмас”миш… О-ла, нима, таҳририят ким йиғлаб келса, қўшилиб ҳўнграйдиган “диёдиёхона”мидики, илинган шикоятчининг ҳасратига  жўр бўлаверилса?! Ахир, холислик касбимизнинг бош мезони эмасми?!

Майли, нима бўлган бўлса – ўтди-кетди, ҳозир ижикилаб ўтмишни эслашдан маъно йўқ. Мақсад бошқа: орадан шунча йил ўтса ҳам  мақолада кўтарилган мавзунинг аҳамияти йўқолмагандек. Андек таҳрир ва қаҳрамонларнинг исм-шарифи, манзили ўзгартирилса – кифоя. Ажабмас, бундай “жузъий тузатишлардан” сўнг кўпдан буён “дам еб” ётган қораламанинг  “йўли очилиб” кетса?!

 

2.ҒАЛАТИ ЖУМБОҚ

…Шикоят, унга илова қилинган ҳужжатлар Асал Оқилованинг  бузғунчи, ахлоқсиз, айниқса, қип-қизил жиноятчи эканини тамоман тасдиқлаб турарди. Бузғунчилиги – рост: анчадан буён обрўйли, осойишта бир хонадон тинчини бузиб (шикоятда “шантаж қилиб”) келаётир. Бу ҳақда маҳалла фуқаролари йиғини мутасаддилари тузган далолатнома мавжуд. Ахлоқсизлиги тайин, йўқса, гўёки кўз сузиб, қош учириб, турфа ғамзалар билан шаҳар солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосарига…  “иккинчи хотин” бўлволармиди?! Жиноятчи эканини-ку инкор этиб бўлмайди: бир одамга оғир тан жароҳати етказгани учун судланган…

Бир қарашда “нордонгина” мақола ёзишга ҳеч қандай монелик йўқдай. Ҳужжатлар нақд. Эҳтимол, бузғунчи-ю ахлоқсизлик борасидаги “факт”ларни қаламга олиш шарт бўлмас. Негаки, масаланинг бу жиҳатлари инсоннинг шахсий ҳаётига дохил бўлиб, билиб-билмай аралашишга қонун ҳам кўп-да йўл бервермайди.  Бироқ аёлнинг зўравонлиги кулчадек “суд очеркаси” битишга етиб ортади. Мана, суд ҳукми. Унда судланувчи  айбига тўла иқрорлик билдирган, жабрланувчи, кап-катта эркак,  қонуний жазо тайинлашни сўраш асносида негадир муолажа учун сарф-ҳаражатларини ундириш даъвосидан воз кечганди… Аммо унинг бу “ҳиммати” аёлнинг  Жиноят кодекси 105-моддаси 1-қисми  (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) билан жавобгарликка тортилишига айтарли таъсир кўрсатмаган, фақат амнистия акти жонига оро кириб,   жазодан қутилиб қолган…

Шундайку-я, аммо воқеликлар замирида недир  сир яшириндай.  Хусусан, Асал Оқилованинг жиноий жавобгарликка  тортилганлик масаласида. Яъни, эндигина йигирма учга кирган  аёлнинг тўрт мучаси соғ, кап-катта эркакни калтаклаши-ю жабрланувчининг “вой-дод”, дея ИИБга  арз қилиши…  рости, бироз энсани қотиради. Тўғри, бировдан жабр кўрган тегишли идорага мурожаат қилиши мумкин. Бу – унинг ҳуқуқи.  Бироқ  барибир эр кишига бундай хатти-ҳаракат ярашмайди-да!.. Бу сирли ҳолатга судланувчигина  ойдинлик киритиш мумкин.

Бироқ у суҳбатлашишга рози бўлармикан?

 

  1. РАНГ КЎР – ҲОЛ СЎР…

 …Э-ҳа,  ким айтади бу аёлни унча-мунча эркакнинг пайтавасини чуваб қўядиган даражада “полвон” деб?! Асал Оқилова деганлари  ўрта бўй, озғиндан келган, қорамағиз, алланечук маъюс-у маъсума жувон экан-ку?!  Аёлни топиб то суҳбатлашишга кўндиргунча  қанча овора, сарсон бўлинганини ёзиб ўтирмайман. Бу шундоқ ҳам семириб кетаётган ёзмишимизга ортиқчалик қилади. Ҳаётнинг турфа сўқмоқлари-ю  тақдирнинг “дод!” дедирувчи тўқмоқлари зарбидан эгилиб-букилган  Асалхоннинг кечмишлари бир туяга оғирлик қилар?! Мана, эшитинг: тўрт ёшида онадан, еттига кирмай отадан ажралган қаҳрамонимиз “икки ёш умрнинг ёлғиз ёдгори” (Э. Воҳидов ибораси)  сифатида тоғанинг қўлида вояга етибди. Болаликнинг масъум онларини мусибат билан ўтказган Асалхон балоғат остонасида яна бир кўнгилсизликка дучор бўлади: тоғасининг тўнғич ўғли номусига тегади!.. Бу қабоҳат  “хонадон қироличаси” бўлмиш  Янганинг қуввати билан  овозаси чиқарилмайди. Ва кўп ўтмай “ит теккан”  қизни қўшни тумандаги бир гиёҳванд йигитга узатиб юборадилар… Бундай турмушнинг натижаси маълум: орадан йил ўтмай Асалнинг эри наркотик билан қўлга тушиб, узоқ йилга “ кесилиб” кетадики, энди бахтиқаро  жувон қайга борсин?! Тоғасиникига қайтмаслиги аниқ: орзуси-ю номуси топталган хонадонда унга кимнинг кўзи учиб турибди?! Амаки-аммаларидан ҳам умид йўқ. Уларда оқибат бўлганида эди, аввал бошданоқ қарамоғига олмасмиди? Узоқ иккиланишлардан сўнг бева кенжа холасининг уйидан паноҳ топган аёл қариндоши кўмагида бозорчига айланади. Бозор –  бежизга “шайтоннинг уйи”  дейилмас экан.  Ўғри-ю тўғри  ғужғон ўйнаган бозорда  қўҳликкина Асалхон эътиборсиз қолиши мумкин эмасди. Шундай бўлди ҳам: кўплаб даъвогарлар орасида шаҳар солиқ инспекциси бошлиғи ўринбосарининг “қўли баланд” келади…

Кимсан Фалончи Солиқчига “иккинчи хотин” бўлган аёлнинг ҳаёти изга тушгандек эди. Ахир, шаҳар четидаги “дом”дан  икки  хонали уй,  ҳар куни қайнайдиган қозон, бутроқ уст-бош ва уч кунда бир кўриниш берадиган эр қаҳрамонимиз учун тугал бахт билан биробар эмасми?!.

 

  1. КУТИЛГАН МЕҲМОННИНГ КУТИЛМАГАН “ТАКЛИФИ”

 “Иккинчи хотинлик”нинг олтинчи  ойи эди, чамаси… Кутилмаганда эрининг ишлари чаппасига кетишни бошлади. Фалончи Солиқчининг душманлари етарли экан: икки-учтаси бир бўлиб, юқорига ёзишди, тиркалаётган бир дунё айбловлар қаторига “кўп хотинлик экани”ни алоҳида таъкидладилар. Текширув  бошланди. Бу жараёнда Асалхон ҳам  икки бор “суҳбатга”  чақирилди, “тушунтириш хати” ёзди…

Фалончи Солиқчининг уддабуронлигига қойил қолмай илож йўқ.  Шикоятдаги важларнинг салмоқли қисми тасдиқланиб, “ана кетди-мана кетди”га тушиб қолганда бирданига вазиятни ўзгартиришга муваффақ бўлди!.. Ва бунинг шарафига Текширувчини холироқ гўшада меҳмон қилишга аҳд этди. “Холироқ гўша”  сифатида шаҳар четидаги  Асалхон яшаётган икки хонали “дом” танланганди. Бўккунича еб-ичдилар. Қуюқ меҳмондорчилик мобайнида ароққа қўшиб бир неча бор қасам ичилдики, натижада гўёки  Текширувчи “ака” бўлди, Фалончи Солиқчи “ука”…

Меҳмон кузатилгач,  Фалончи Солиқчи мамнун  уйига жўнади.

Текширувчининг “инсофга келиши”нинг боиси   Фалончи Солиқчи таклиф этган жарақ-жарақ пулларга эмас, Асалхоннинг чиройли қадди-қоматига тақалиши шу куниёқ ойдинлашди.

Гап шундаки, қуюқ меҳмондорчилик ҳали ҳазм  бўлмай алламаҳалда Текширувчи “холироқ гўша” эшигини қоқади. Уёқ-буёқни йиғиштириб, энди ўрнига чўзилган Асалхон ҳайрон: ярим тунда келган ким бўлди экан?.. Безовта қилаётган Текширувчи эканини билгач, бир ҳайратига ўн ҳайрат қўшилади: нима керак сизга?..

– Сиз кераксиз, оппоқ қиз, – дейди Текширувчи ҳар қандай андишани  йиғиштириб. –  Эрчангизга шу-у-унча ёрдам қилдик, эвазига  бир оғиз “раҳмат” демадингиз-а…

–  Нега мен раҳмат айтишим керак?..

–  Ҳаммасини… Сиз учун қилдим-ку?!

–     ….

– Сизни суҳбатга чақириб, “тушунтириш хати” ёздираётган пайтда англадимки, сиздай лобар аёлга Фалончи Солиқчи хайф!.. Келиб-келиб шу аферистнинг чангалига тушдингизми?.. Қамоқнинг остонасида турибди-ку у?! Хоҳласам эртагаёқ ишини прокуратурага оширворишим мумкин…

–  Мақсадингиз нима?

–  Эшикни очинг, хотиржа-а-а-м… гаплашамиз.

Бундай сурбетликдан эсанкираган аёл эрига қўнғироқ қилади: шунақа-шунақа гап… нима қилай?..

Аёлнинг қўнғироғидан Фалончи Солиқчи бир неча лаҳза ўйга толади. Сўнг тайинлайдики,  эшикни очиб уйга кирит, гапга сол-чи, мен ҳақимда яна нималар деб валдирар экан, ўзим ҳам тез орада етиб бораман…

…Фалончи Солиқчи етиб келганда Текширувчи  Асалхонга очиқдан ошиқ шилқимлик қилишни бошлаб юборганди!..

Фалончи Солиқчи ўкирганча Текширувчига ташланади…

 

  1. ҚАЛОВИНИ ТОПСА, ҚОР ЁНАДИ…

“Олишув”да олган қаттиқроқ жароҳати сабаб Текширувчи касалхона тушди. Дўхтирлар ишни зудликда шаҳар ички ишлар бўлимига хабар беришдан бошладилар: “Бемор қаттиқ калтакланган, бу ҳолатда жиноят иси бордай…”.

Дарҳол суриштирув ишлари бошлади.

Аввалига “безорилар”га “кўрсатиб қўйиш”га аҳд қилган Текширувчи, икки-уч кундан кейин  дами чиққан коптокдай бирдан ҳовуридан тушди.  Сабаби аён:  иш шу тарзда кетса,  “безорилар”-ку жавобгарликка тортилиши аён, шу баробарида ўзи ҳам жазодан  “бенасиб” қолмайди-да. Ахир, унинг хатти-ҳаракатида  номусга тегишга тажовуз қилиш жинояти уфуриб турибди, бунинг жазоси “безорилик”дан  оғирроқки,  тезда ишни “босди-босди” қилиш чораси кўрилмаса ҳолига маймунлар йиғлаши аниқ…

Фалончи Солиқчи тушган вазият ҳам ҳавас қилгудек эмас: масала газак олиб кетса, у икки ҳисса ютқазади. Биринчидан, ўзгага тан жароҳати етказгани учун жазоланса, иккинчи томондан,  аранг тинчитган ”иши”ни Текширувчи қайта қўзғаб ташлаши  мумкин. Шу боис икки “рақиб”  келишган ҳолда очилаёзган қозонни ёпиш ҳаракатига тушишди. Бироқ қандай қилиб?.. Ахир, масала анчайин чувалаб бўлган-ку?!

Шошманг, акаси, қаловини топса, қор ёнади, дейдилар. Бир гала адвокат-у ҳуқуқшунослар ўша қаловни топиб бердилар. Фақат топилган қаловда  қорга қўшилиб Асалхон ҳам ёниши керак. Бошқа чора йўқ. Яъники, бор айбни… аёл гарданига олади!.. Бунинг учун содир этилган воқеликка қуйидагича “ўзгартириш” киритилади: Текширувчи Фалончи Солиқчи устидан ёзилган шикоятдаги “кўп хотинлик экани”га аниқ киритиш учун Асалхоннинг уйига боради. Қарасаки, эшик очиқ экан. Аввал “ким бор?” дея чақиради. Ичкаридан садо бўлмагач, иккиланганча остона ҳатлайди. У хонага мўралайди – ҳеч ким йўқ, бу хонада ҳам… Шу пайт ошхона тарафдан сувнинг шилдираётганини эшитади, жўмрак очиқ қолибди-да, деган хаёлда ўша томонга ўтган эдики, у ерда куймаланибгина юрган Асалхон ҳе йўқ-бе йўқ уйида пайдо бўлган бегона эркакнинг “нияти ёмон” деб ўйлаб, бечорани  қўлига илинган ошхона жиҳозлари (капгир, чўмич, чойнак, қозонча… ҳоказо-ҳоказо!.) билан қасддан ураверади-ураверади… Ўзига келиб қараса, бир “бандаи мўмин”нинг моматалоғи чиқиб ётибди!.. Яхшиям  шу пайт тасодифан  йўлакда Тошмат ва Эшмат деган иккита қалби пок инсонлар ўтиб қолгани,  бақир-чақирни эшитишиб, киришса, аҳвол бунақа… Дарҳол жабрдийдани касалхонага олиб боришибди,  йўқса,  шўрлик азоб чекиб ётаверар экан…

Лаббай, ёпишмаяпти?.. Ёпишадими-ёпишмайдими, сизга нима – айбланувчи айбини тан олиб турибди, жабрланувчи  воқеа айнан шундай кечганини айтяпти, боз икки нафар “қалби пок” гувоҳлар ҳам шуни тасдиқлаяпти…  Камига суд-тиббий экспертизаси  жароҳатлар қаттиқ ва тўмтоқ жисмда етказилгани  ҳақида шаҳодат бердики, нима, чўмич-капгир деганлари қаттиқ ва тўмтоқ жисм бўлмай “юмшоққина” дубинкамиди?!

 

  1. СУҲБАТ

Мухбир: шундай қилиб, жиноий жавобгарликка тортилдингиз?..

А. Оқилова: ҳа…

Мухбир: наҳот, сизга қўйилган айблов судда шубҳа уйғотмаган бўлса?..

А.Оқилова: билмадим… Суд  ярим соат давом этди, холос.

Мухбир: йўғ-э, қанақасига?..

А. Оқилова: Суд мажлиси бошланиши ҳамоно адвокатим   судьяга мижозимга нисбатан амнистия актига асосан айблилик даражасини  муҳокама қилмаган ҳолда жиноят ишини тугатишни сўраб мурожаат этди. Судья мендан бунга розилигимни сўрганди, “ҳа” дедим, эрим шуни тайинлаганди-да. Кейин адвокат қандайдир қоғозга имзо чектирди. Шу билан суд тугади…

Мухбир: Кейин нима бўлди?

А. Оқилова: Эримнинг иши “тинчиган” деб ўйловдик. Орадан кўп ўтмай барибир Текширувчи номардлик қилди: эримни ими-жимида  ишдан кетказди… Кейин…

Мухбир: хўш-хўш…

А. Оқилова: Ишдан кетгандан сўнг эрим ўзини қўярга жой топа олмай қолди. Яна жойига тикланиш учун роса ҳаракат қилди… Бироқ натижа бўлмади. Аксинча, топган-тутганидан мосуво бўлди. Аламидан ичкиликка берилди. Маст бўлгач, мени калтаклашга тушарди: сен шумқадамсан, сенга уйлангач, ишим чаппасига кетди, деб… Бироз вақт ўтгач,  пул керак, деб мен яшаб турган уйни сотувга қўйди. Уй сотилган куннинг эртасига… жавобимни бериб юборди.

Мухбир: сабаб?

А. Оқилова: (асабий кулиб) “шумқадамлигим” учун…

Мухбир: шунинг аламига Фалончи солиқчининг уйига бориб тўпалон қилдингизми?

А. Оқилова: (ўйланиб)  жанжал бўлгани рост… Лекин мен бировнинг уйини бузиш  ниятида эмас, бор-йўғи  ёрдам сўраб боргандим, холос. Нега десангиз,  эрим жавобимни берган пайтда ой-куним яқин қолганди… Қизим жарроҳлик йўли билан дунёга келди. Тергов-суд, ундан кейинги воқеалар менга ҳам, ҳомиламга ҳам қаттиқ таъсир қилган экан. Туғруқдан кейин ўзимга келишим қийин бўлди. Чақалоғим ҳам ўта инжиқ, чинқириб йиғлагани-йиғлаган. Энг ёмони, йиғлаганда боши бир томонга қийшайиб кетаверар эди. Асабдан экан, дўхтирлар даволанмасак бўлмаслигини айтишди… Бироқ бунга пул қайда? Ўзим кенжа холамникида сиғиндига ўхшаб яшасам… Иложсизликдан ёрдам сўраб уйига боргандим, нима бўлгандаям ўзининг боласи…

Мухбир: ёрдам бердими?..

А. Оқилова: ёрдам берганида норасидамни болалар уйига топширармидим?!

 

  1. “СИЗНИНГ АЙВОН – БИЗНИНГ АЙВОН ЭМАС”ДА!..

Биринчи турмушидан хорлик, иккинчисидан  хўрлиг-у зўрлик кўрган  аёл дамини чиқармай юравериши мумкинми?! Албатта, йўқ. Аёлнинг меҳри қанчалик кучли бўлса, аламининг қуввати ундан қолишмайди.  Асалхон Фалончи Солиқчидан озми-кўпми эътибор кўргани бор гап. Шу эътибор туфайли эрига борини берди, “кесилиб” кетмаслиги учун ўзини қалқон қилди. Эвазига “шумқадам”  нисбатига “лойиқ” кўрилиб, паттаси қўлига тутқазилдики, шундан кейин ҳам “миқ” этмасинми?! Ахир, бақани боссанг  “ваақ”, дейди-ку?!  Шу маънода Асалхоннинг  Фалончи Солиқчининг уйига бориб жанжал қилганини, “дод”, дея маҳалла фуқаролари йиғини, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, ҳокимият остонасига бош урганини тўғри тушунмоқ керакдай. Бироқ ҳеч қайси идорада мушкули осон бўлмади. Аксинча, номи “шантажчи”га чиқди, “судланган”лиги писанда, “иккинчи хотинлик”ка рози бўлгани таъна қилинди… Камига Фалончи Солиқчининг Ҳуқуқшунос Синглиси таҳририятга мурожаат этдики,“зўравон-у шаллақи аёлнинг башарасини жамоатчиликка кўрсатиб қўйинглар, токи,  кўпчиликка сабоқ бўлсин!”, деб…

…Мана, Асалхон Оқилованинг “башараси”ни кўрсатдик. Ортиқча “пардоз” берилмади,  бори ҳам чимматга ўралмади. Фақат масалага қаҳрамонимиз томонидан туриб ёндошилдики, бунинг учун муҳтарам ўқувчилар, биринчи навбатда, қаҳрамонимиз устидан арз қилган Ҳуқушунос Синглимиз муаллифни айбситмас.

Ҳуқуқшунос Синглимиз бир ўринда ҳақ: “ у (А. Оқилова – Т.А.) қаерга, кимга мурожаат этмасин, барибир қўлидан ҳеч нарса келмайди!”.

Худди шундай. Чунки, А.Оқилова…  ҳуқуқсиз!. Аниқроғи, унда ўз ҳақ-ҳуқуларини оила қонунчилиги доирасида ҳимоя қилиш имконияти чегараланган. Яъники, алимент ундириш учун тўғридан-тўғри судга мурожаат этолмайди.  Негаки, икки ўртада “ЗАГС” йўқ. Бунинг учун аввал оталик фактини белгилатиши керак. Оталик фактини эса суд белгилайди. Ушбу жараён  бошдан-оёқ даҳмазанинг ўзики, “қаёқдаги қишлоқи” (Ҳуқуқшунос Синглимиз ибораси – Т. А.) А. Оқилованинг бунга шаҳд этиши тасаввурга сиғмайди. Мабодо, мўъжиза рўй бериб,  бу жараён амалга ошган тақдирда ҳам фақат алимент масаласини ҳал этиш имконияти туғилади. Алиментки,  миқдори  роса борса, Фалончи Солиқчи маошининг ўттиз фоизи миқдорини  ташкил этиши  мумкин.  Минг чираниб, бунга муваффақ бўлгандан кўра, А. Оқилова ҳолатидаги одам суд, экспертиза, адвокат хизмати… ва ҳоказо чиқимларни норасидага сарфлашни маъқул кўрмайдими?..

Тўғри, қонунларимизда оналик ҳуқуқи зиёда муҳофаза қилган, қачонки қонуний турмуш қурганларга! “Иккинчи хотинлик”  эса, минг шаърий бўлмасин, ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга эмас. “Иккинчилар” –  рисоладагидек бека, вафодор хотин, суюкли ёр бўлиши мумкин,  шунга қарамай унда  “биринчи”дек ҳуқуқ ва имтиёз йўқ.

“Биринчи” – никоҳ даврида топилган мол-мулкнинг ярмига даъво қилиши мумкин, “иккинчи” эса йўқ;

“биринчи” –  мабодо, эри уч йилдан ортиқроқ муддатга “кесилиб” кетса, вояга етмаган фарзандлари борлигидан қатъи назар, ўртадаги никоҳни судсиз (ФҲДЁ идорасининг ўзида!) бекор қилишига ҳақли, шунда ҳам  алимент-у бошқа таъминотларга нисбатан даъвоси сақланиб қолади, бундай  ҳуқуқ  “иккинчи”нинг  тушига ҳам кириши мумкинмас;

“биринчи” – ҳатто ҳомиладорлик даври учун собиқ эридан таъминот ундириш ҳуқуқига эга, “иккинчи” ўзи у ёқда турсин,  туққан боласи учун алимент  олишида минг бир ғурбатга дуч келади…

…қисқаси,  ҳуқуқ ва имтиёзи мўллиги боис эр “биринчи”дан ўлиб  қутулолмаслиги мумкин, “иккинчи”дан эса истаган пайтда воз кечиш  имкониятига эга…

Мана, “биринчи” ва “иккинчи”нинг мухтасар ҳуқуқий ҳолати. Масаланинг маънавий-ахлоқий жиҳатларидан кўра, кўпроқ ҳуқуқий томонига эътибор берилиши боиси – дўппи тор келганда барибир қонундан ечим топилади. Қонун эса, дод-фарёд, ялиниш-у ўртанишларни кўтармайди. Унинг талаби темирдан қаттиқ – бўйсуниш керак,  вассалом!..

 

  1. КЎПХОТИНЛИК – ЖИНОЯТ, АММО…

Гап масаланинг ҳуқуқий жиҳатлари ҳақида кетар экан, табиийки, бу борада эркакнинг “мақоми”  хусусида тўхталмай ўтишнинг иложи йўқ. Хўш, кўпхотинлик эркак учун  нима? Шарафми, мартабами ёки…

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 126-моддасини ўқиймиз: “Кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш – энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача  миқдорида жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

Шу ўрида савол туғилади: модомики, қонунда (оила қонунчилигида) “иккинчи” қарийиб ҳуқуқсиз, қўпхотинлик жиноят экан, нега бу ҳол амалиётда камайиш ўрнига тобора кўпайиб бормоқда?! Ҳар тўртта бойваччанинг бештасида ёки ҳар уч амалдорнинг камида иккитасида хотин битта эмаслиги бугун кўпчиликка сир эмас. Шунга қарамай айни шу модда билан жавобгарликка тортилиш ҳолатлари  йўқ даражада!. Сабаб?..

Савол жавобини юқоридаги модданинг ўзидан топиш мумкин. Эътибор беринг, 126-модданинг баён қисмида икки ёки ундан ортиқ хотин билан “умумий рўзғор остида яшаш”ликка алоҳида урғу берилмоқда. “Умумий рўзғор” деганда битта ҳовли, битта том остида истиқомат қилиш тушунилади. Акс ҳолда, жавобгарлик хусусида гап бўлиши мумкинмас. Фалончи Солиқчининг “кўпхотинлик” айблови бўйича жавобгарликдан қутулиб қолганлигининг боиси ҳам шунда. Йўқса, аллақачон ковуши тўғриланган бўлмасмиди?! Демак, А. Оқилованинг  собиқ эри устида ёзилган шикоятлар жавобига ҳуқуқий жиҳатдан эътироз билдириш қийин: “…у (Фалончи Солиқчи) хотин-бола-чақаси билан бошқа манзилда, Сиз билан эса умуман бошқа манзилда яшаган, бу ҳол “умумий рўзғор остида яшади” дегани эмас, баски, Фалончи Солиқчининг хатти-ҳаракатларида  “кўпхотинли бўлиш” жинояти таркиби йўқ…”.

Мана, гап қаерда!. Бугунги кунда икки кундошнинг битта ҳовлида истиқомат қилиши тасаввурга сиғмайди.  Бунга рози бўладиган аёл ҳам, шунга ҳаракат қиладиган аҳмоқ эркак ҳам йўқ ҳисоби. Яхшиси, хотинни қўш қилган эркак биттасини шаҳарнинг у четига, бошқасини бу четига  жойлайди, қарабсизки, ортиқча муаммога ўрин қолмайди: қўйлар – омон, бўрининг ҳам қорни тўқ!.. ( Такрор айтамиз, бу ўринда юқоридаги модда билан жавобгарликка тортилишнинг олди олиниши назарда тутилмоқда. Аслида, “Бўри”нинг қорни тўқ бўлиши мумкин, илло кўнгли хотиржам бўлмайди. Кўп хотинлик бир қарашда “мазза”дай туюлса-да, аслида ғурбатнинг ўзи!.. Камдан-кам эркак хотини қўша эканидан мамнунлик туюши мумкин. Муаммо фақат таъминотда эмас. Илгариги замонда фақат бойлар хотин устига хотин олгани каби ҳозирги кунда ҳам ўзига тўқларгина устма-уст уйланиши мумкин. Гап кундошлар ўртасидаги “рақобатда”!. Эр бермоқ – жон бермоқ, ахир?! Кундошларнинг зардаси-ю ғалваси, муҳаббати-ю нафратидан қанча эркак юрак хуружига йўлиққани, қанчаси чопонни елкасига ташлаб чиқиб кетгани-ю яна қанчаси хону монидан мосуво бўлганига ҳаётда мисоллар кўп, латифалар ҳам кўп…  Эрни эр қиладиган ҳам, ер қиладиган ҳам хотинлар, уларнинг макри олдида ЖК 126-моддасида кўрсатилган жазо чораси бамисоли мукофотдай кўриниши мумкин.  Бу энди алоҳида мавзу).

 

  1. “ИККИНЧИ ХОТИН” КИМ?

Кўринадики, кўпхотинлик масаласида эркакнинг сувдан қуруқ чиқиш эҳтимоли кенг, “биринчи”нинг ҳуқуқий даражаси катта. Демак, муаммо фақат “иккинчиликка” рози бўлган аёлдами?  Бу саволга жавобан  “икки дунёда ҳам “иккинчи” бўлиш керакмас!” дейишдан осони йўқ. Агар масалага баландроқ мезонлардан туриб ёндошилса, бундай қараш бироз баҳсли экани  ойдинлашади.

Аслида-ку, ҳар кимнинг қўшгани билан қўша қариганига нима етсин?! Бироқ тақдир ҳаммани бирдай сийлайвермайди. Шу маънода “иккинчилик” қисмати раво кўрилганларни айблайвериш ҳаёт ҳақиқатига тўғри келмайди. Ҳаёт ҳақиқати, деганда нималар назарда тутилмоқда?.. Гап шундаки, ҳаётда эркаклар ва аёллар ўртасида сон жиҳатидан (ҳуқуқий жиҳатдан эмас!) тенгсизлик мавжуд. Тенгсизликка сабаб бўладиган омиллар кўп: туғилиш,  умр кўришдан ташқари касбга боғлиқ  кутилмаган мусибатлар, маҳбуслик,  “кўча жанги”дан то катта урушларда асосан эркаклар қурбон бўлади. Юзага келган бўшлиқни “импорт” билан тўлдириб бўлмаслиги аён. Хўш, “тенгсизлик ичра тенги топилмаган” аёллар нима қилсин?! Хоҳлайдими ёки йўқ, кимдир “иккинчиликка” рози бўлса, бошқаси жазманликни ихтиёр этади, фоҳишаликнинг туб сабабларидан бири шунда бўлса, эҳтимол…  Балки шу боис ҳам кўп хотинлик жиноят ҳисобланса-да, “айбдор”га ялонғоч қўлга тутқич бермаслик имконияти ҳавола этилгандир? Қонунда қўшмачиликни енгил бўлмаган жиноят, фоҳишаликни эса маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида қайд этилишининг сабаби ҳам шунга келиб тақалмасмикан?!

Мана энди масаланинг маънавий-ахлоқий жиҳатлари хусусида икки оғиз гап айтиш фурсати етди.

Алоҳида таъкидлаш жоиз, “иккинчи” бу – жазман, дегани эмас. Жазманнинг йўриғи бошқа: у(лар) учун ўйнаш  – соғин сигирдай гап. Муносабатлар муваққат эканини  билади. Бунга тайёр ҳам. Моддий таъминотдан муаммо бўлмаса – бас, акс ҳолда бошқаси билан “топишиб” кетавериши ҳеч гапмас. Энг ёмони, жазман билан фоҳиша орасидаги масофа бор-йўғи бир қадамни ташкил этади (фоҳиша ҳар куни камида биттасининг кўнглини “овлайди”, жазман эса “эски”дан қутулиб, янгисини топганда!).

“Иккинчи”ни – “енгилтак аёллар” тоифасига ҳам қўшиб бўлмайди. Бундай аёлларнинг кўпчилигида уй-жойи, еб-ичиши жойида, ҳатто эри ҳам бор. Фақат эрнинг эътибори етишмайди, холос. Ва бунга “исён” сифатида ими-жимида “чап”га юрмаслигига кафолат йўқ…

“Иккинчи”, Асалхон Оқилова мисолида айтиладиган бўлсак, жазман ва “енгилтак”дан фарқли равишда,  ҳар қандай муносабатда ҳалоликка интиладики, шу сифати билан  ҳурматга лойиқ.

Шу сифати билан ҳаром-хариждан сақланмаяптими?

Шу сифат сабаб битта бўлса ҳам  “валади зино” туғилиши олди олинмаяптими?

Қай гўрдан орттирган боласини “деддом”га ташлаб, кайф-сафо қилиб юрганлардан беҳроқ эмасми бундай  “иккинчи”лар?..

У шу сифати боис  қисмат қийинчиликларини  бир синовдай қабул қилади, пешонасига “биринчилик” битилмаганидан ҳам ҳикмат ахтариши мумкин. Илло, бошига тушган қийнчилик сабабини  бировдан қидирмайди. Фақат, ўрни келса, “қўшхотинлик” валломатни инсофга чақириши, бурчи-ю вазифасини эслатиб қўйиш мумкин. Ўшандай паллада  ҳиссиётлар туғёнга келиши табиий, унинг ожизалиги  шунда. Билиб-билмай йўл қўйиладиган хатоларга келсак… адашмайдиган банда бор эканми?!  Илло, билиб-билмай йўл қўйилган хатолик  бир умр манглайга тамға сифатида босилишга асос бўлавермайди…

Турсунали АКБАРОВ,

журналист

Манба: http://www.tashabbus.uz/