ИСЛОМНИНГ ОНА ВА БОЛАГА МУНОСАБАТИ

Динимизда “фарзанд ҳақлари ҳали у туғилмасидан олдин бошланади” деган қоида бор. Фарзанд ҳомилалик ҳолатига ўтмасидан олдин ҳам унинг иккита ҳаққи бўлади. Буларнинг биринчиси – унга муносиб ота-она танланишидир. Ҳар бир инсон туғилажак фарзанди учун муносиб ота ёки муносиб она танлаши керак

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Нутфаларингизга яхши жой танланг. Муносибларга никоҳланинг ва шундайларга никоҳланг» (Ибн Можа ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлажак ота-оналарга мурожаат қилиб, туғилажак фарзандларига муносиб ота, муносиб она танлашни буюрмоқдалар. Бундан келиб чиқадики, мусулмон инсон оила қураётганда фақат ўз фойдасини ўйламай, бўлажак фарзанди ҳақида ҳам бош қотириши зарур. Ҳар бир инсон оила қуриш чоғида ўзидан ва жуфти ҳалолидан вужудга келадиган фарзанднинг ғамини ейиши лозим. Чунки ота-онанинг сифатлари ва хусусиятлари болага ирсият йўли билан ўтади.

Шунинг учун болага ҳам маънавий, ҳам жисмоний тарафдан етук ота ва она танлаш керак бўлади. Токи фарзанд эсини таниганда отаси ва онаси билан, уларнинг ҳар тарафлама етук сифатлари билан фахрланиб юрадиган бўлсин. Эр-хотиннинг Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд тилаб, дуода бўлишлари ҳам ҳомила вужудга келгунча бўлган ҳақларнинг иккинчисидир.

Бу иш Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан суннат бўлиб қолган. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: «Шунда Закариё Парвардигорига дуо қилиб: «Роббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт бергин. Сен дуони эшитувчисан», деди» (Оли Имрон сураси, 38-оят). Энди фарзанд ҳомила ҳолига келганида унинг қандай ҳақлари борлигини кўриб чиқайлик:

Биринчидан, Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд тилаб, дуода бўлишни давом эттириш тавсия қилинади. Аллоҳ таоло лутфи карам кўрсатиб, бола ҳомила шаклида пайдо бўлгандан кейин ҳам ота-онаси унинг солиҳ фарзанд бўлиши ҳақидаги дуоларини давом эттириши зарур. Зотан, бу иш Одам алайҳиссалом ва момо Ҳавводан мерос бўлиб қолган.

Вақт ўтган сари ҳомила катталашиб боради, онанинг ҳолати оғирлашади, туғиш вақти яқинлашади. Ана шундай пайтда отада ҳам, онада ҳам фитрий-табиий ҳис-туйғулар ошади, уларда орзу-умид пайдо бўлиб, фарзандининг соғ-саломат, тўла-тўкис ва аҳли солиҳлардан бўлишини орзу қилади.

Шунингдек, эр-хотинда онанинг эсон-омон қутулиб олишидан ҳадик ва қўрқувлар ҳам бор. Ҳар қандай яхши-ёмон ҳолатда ҳам инсон Аллоҳга дуо билан илтижо қилади. Фарзанд кутаётган ота-онада ҳам орзу- умид, ҳам ҳадик бор. Шунинг учун ҳам уларнинг «Агар бизга солиҳ фарзанд берсанг, албатта шукр қилувчилардан бўламиз», деб дуо қилишлари талаб этилади.

Ҳомила муддати ва ундан олдинги даврдаги ота-онанинг Аллоҳ таолога қиладиган бундай илтижо ва дуоларининг фойдаси ниҳоятда кўп ва зарур эканини замонавий илм томонидан ҳам тасдиқланди. Ирсиятни (генетикани) ўрганувчи олимлар нима учун одамлар борган сари оқибатсиз, бераҳм бўлиб кетаётгани, оила аъзолари орасида ўзаро ҳурмат ва эъзоз йўқолиб бораётганинг сабабини ўрганиш асносида бунинг асл сабабини топганларини эълон қилишди.

Уларнинг айтишларича, мазкур нохушликларнинг асосий сабаби ота-оналари томонидан исталмаган ҳолатда туғилган фарзандлар экан. Бу дегани, асосан зинодан ва болали бўлишни истамаган ҳолда фарзанд кўриш натижасида беоқибат инсонлар дунёга келади, деганидир. Ота-онанинг фарзанд кўришни истамай тургандаги руҳий ҳолати улардан пайдо бўлган ҳомилага ўтиши исботланган. Ота-онаси истамаган фарзанд она қорнида туриб, уларнинг салбий руҳиятидан салбий таъсир олиши ҳам муқаррар. Шунинг учун ҳам динимиз таълимотларида келин-куёвлар доимо Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд сўраб, давомли равишда дуо қилиб туришлари таъкидланади.

Иккинчидан, ҳомиланинг жисмоний ва руҳий зўриқишларсиз, яхши ривожланиб боришини таъминлаш зарур. Ҳомила ҳар тарафлама яхши ўсиб бориши учун унинг онасини жисмоний ва руҳий жиҳатдан толиқтириб қўймасликка шариатда катта эътибор берилган. Бу эътибор шу даражага етганки, ҳатто Аллоҳ фарз қилган ва Исломнинг рукнларидан бири бўлган рўзани ҳомиладор аёллар тутмасдан, кейин қазосини тутиб бериши жоизлиги шариатга киритилган. Чунки ҳомиладор аёл рўза тутса, унинг толиқиши орқали ҳомиласининг ҳам толиқиши бор. Шунинг учун ҳомилани толиқтирмаслик мақсадида унинг онасига рўза тутмасликка рухсат берилган.

Анас ибн Молик Каъбийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Аллоҳ мусофирдан рўзани ва намознинг ярмини, ҳомиладор ва эмизикли аёлдан рўзани кечди» (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

Бу ҳадисда мусофирга ва ҳомиладор аёлларга, агар улар ҳомилалари соғлиғига зарар етишидан қўрқишса, рўза тутмасдан, оғизларини очиб юришлари мумкинлиги ҳақида сўз кетмоқда. Ҳанафий мазҳаби бўйича, мазкур тоифадаги аёллар рўзанинг қазосини тутадилар. Ҳомиладор аёллар вақтинчалик беморга ўхшайдилар. Ҳомилани туғиб, болани кўкракдан ажратгандан сўнг яна рўзани тутиш имконига эга бўладилар.

Ислом шариатида ҳомилага қарши қилинган жиноятга бевосита инсонга қарши қилинган жиноят каби қаралади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Лаҳёнлик бир аёлнинг тушиб қолган ҳомиласи учун бир қул ёки чўрининг баҳоси берилишига ҳукм қилдилар. Сўнгра ўшаларнинг баҳоси берилишига ҳукм қилинган аёл вафот этди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг мероси болаларига ва эрига бўлиши, дия эса унинг эркак қариндошлари зиммасига бўлиши ҳақида ҳукм чиқардилар» (Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган). Ислом динида инсоният ҳаётининг бошқа соҳалари қатори она ва бола муҳофазаси ҳам, боланинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳам атрофлича белгилаб қўйилган.

Исломга кўра, болаларнинг жамият ва ота-онадаги ҳақлари қуйидагилардан иборат:

– болалар ҳуқуқи улар ҳали ҳомила ҳолига келмасидан олдин кучга киради.

– қизлар ва ўғил болалар ота-она томонидан эътибор, ғамхўрлик ва таъминотда баб-баравар ҳуқуққа эгадирлар. Улар тегишли озиқ-овқат, кийим-кечак, соғлиқни сақлаш ва таълим олишга ҳақлидирлар.

– қиз-ўғилларнинг илм олишдаги ҳуқуқи теппа-тенгдир. Қуръоннинг илк ояти “Ўқи!” амри билан бошланган, Пайғамбар алайҳиссалом илм олишни ҳар бир мусулмон ва муслимага фарз, деганлар.

– агар она бошқа эрга тегса ва унинг янги эри яқин қариндош бўлмаса, болалар отанинг қариндошлари тарбиясига берилади.

– рашкдан четланиш учун бирорта бола бошқаларига қараганда ота-онасининг кўпроқ имтиёз ва эътиборига сазовор бўлмаслиги керак.

– ота ҳам, она ҳам болани яхши тарбиялашда, чиройли хулқ билан унга намуна бўлишда баравар масъулдирлар

– болаларни иқтисодий жиҳатдан қийнаш (эксплуатация қилиш), корхона, дала-фермаларда ишлатиш, хонадонларда хизматкор қилиб ёллаш Ислом қоралаган жиноят саналади.

Боланинг соғлиги ва хавфсизлигига раҳна соладиган ҳар қандай иш динимизда тақиқланади.

– болалар дам олиш, ўйнаш ҳаққига эга, уларни руҳий ва жисмоний тарбиялаш учун отда юриш, сувда сузиш, мерганлик, жисмоний чиниқиш каби бадантарбия ва спорт турлари билан шуғуллантириш тавсия этилади.

– Қуръон ҳукмига кўра оталар фарзандларини мерос олиш ҳуқуқидан мақрум эта олишмайди.

– ёш болалар ҳам худди катталар каби жинояти ўз тасдиғини топмагунича айбсизлик ҳуқуқидан фойдаланади. Улар одил судлов текширувига ва ўз ҳақларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгадирлар. Уларга жисмоний, руҳий қийнаш ва хўрлашнинг ҳар қандай усулларини қўллаш тақиқланади.

– агар ота ёки она Исломга зид келадиган нарсани талаб қиладиган бўлса, болалар уларга бўйсунмаслиги мумкин.

– Исломда инсон ҳуқуқлари болалар ҳуқуқидан бошланади, булар маънавий тавсиялар бўлиб қолмай, шариатда қонунан белгилаб қўйилган.

– бола ҳуқуқи ҳар бир фуқаро учун ҳам, жамоа ва жамият учун ҳам мажбурий дастур ҳисобланади. Бола учун оила, фуқаролик жамияти ва ҳукумат масъулдир.

“Исломда инсон ҳуқуқлари Халқаро анжумани”нинг ҳужжатларидан:

“Ҳар бир бола дунёга келган кунидан бошлаб ота-оналари, жамият, давлат томонидан кўрсатиладиган зарурий парвариш, таъминот, шунингдек, моддий, гигиеник, маънавий кўмак олиш ҳуқуқига эга. Болага ҳам, онасига ҳам махсус парвариш ва ёрдам кўрсатиш қонунда белгилаб қўйилади” (7-модда).

Ислом боланинг асосий манфаатларини ҳимоя қилади, болага муҳаббат, эътибор кўрсатувчи ва хавфсизлигини асрашни таъминловчи табиий муҳит сифатида оилани ҳар томонлама муҳофаза этади” (8-модда).

 

 

Исмоил Муҳаммад Содиқнинг

“Соғлом она ва соғлом бола” китобидан

Манба:  1437 йил жумадул-аввал, жумадус-соний. 2016 йил февраль/мартдаги «ҲИЛОЛ»  интернет журналиининг  3 (43)-сонидан олинди.