Озод Европа/Озодлик Радиоси ўзбек хизматидагиларга эслатма

Мақоламиз асло Озодлик радиоси ва унинг ўзбек хизматини ёмонлаш ёки қоралашни ўз олдига мақсад қилиб қўймаган. Мақсадимиз холис – вазифаларини нафсларининг хоҳиш-истакларидан ажратган ҳолда бажаришлари лозимлигини эслатиш холос…

 

“Озодлик”нинг тарихи

«Озодлик Радиоси» (тўлиқ номи – Озод Европа/Озодлик Радиоси) кеча пайдо бўлган эмас. II Жаҳон уруши ортидан бошланган «Совуқ уруш»нинг ғоявий тарғибот қуроли ўлароқ АҚШ генераллари томонидан 1947 йилда тузилиши таклиф этилган бу оммавий ахборот воситаси «СССР халқлари тилларида эфирга чиқиши… ғоявий тарғиботни олиб бориши… ва ўз навбатида, Америка Қўшма Штатлари обрўсига зиён етказмаслиги» керак эди.

Радио ўзининг эфирларини 1950 йил 4-июлидан дастлаб Мюнхендан (Ғарбий Германия) Европадаги социалистик лагерга аъзо давлатлар учун бошлайди. Совуқ уруш тугагач, радионинг қароргоҳи 1995 йили Прагага кўчади.

Ҳозирда бош қароргоҳдан ташқари 17 та минтақавий бюроси мавжуд. Озодлик радиосининг расмий сайтига кўра,  у ерда тахминан 400 нафар журналист ва 750 га яқин эркин фаолият олиб борувчи ходимлар мавжуд. 2017 йил август ҳолатига кўра, Шарқий Европа, Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларининг 23 мамлакатига 26 тилда ўз дастурларини эфирга узатиб келади. Радио ва унинг интернет саҳифаси халқаро нодавлат оммавий ахборот воситасидир, лекин асосан АҚШ Конгресси томонидан молиялаштирилиб келинади.

 

Эътироф

Радионинг собиқ СССРнинг ёлғон ва зўравонликка асосланган коммунистик мафкурасига ғоявий ғов бўлиб хизмат қилганлиги, халқаро иқтисодий, дипломатик ва ҳарбий чоралар сирасида мазкур мафкурани мағлуб бўлишига ҳисса қўшганлиги ҳеч кимга сир эмас. Радиостанция ўз принципларидан келиб чиқиб қувғиндаги, нонконформистик кайфиятдаги сиёсий арбобларга, чегарадан қочиб ўтган “раддиячиларга”, дессидентларга, Совет Иттифоқи ва Шарқий Европадаги машҳур ижодий ходимларга минбар бериб келган, айнан “овози бўғилганларга” микрофон тутган.

Яқин ўтмишимизда ҳам жамиятимиздаги иллатларни зўравонлик билан яшириш, ҳур фикрлиларни диктатура ёрдамида “овозини ўчириш”, “норозилар”, “ёқмаганлар”, “мулкини бўлишмаганлар”ни озодлигига таҳдид қилиш сиёсати ҳукм сурганда “Озодлик” радиоси четдан туриб эркинлик ва тенглик қадриятлари учун муросасиз кураш олиб борганлигини эътироф этмаслик ҳақиқатга хиёнат бўлган бўлур эди.

“Озодлик”, табиийки, тоталитар тузумлар даврида яширилган ёлғонларни, асосан расмийлар тасдиқламаган салбий хабарларни ёритар эди. Хусусан, Ўзбекистонда ҳам ўтган даврда содир бўлган воқеа ва ҳодисаларни ёритишда кўпинча рост, лекин негатив, ваҳимали, омманинг эътиборини тезда ўзига жалб қиладиган материаллари билан кўпроқ танилган. Ва табиийки, собиқ тоталитар ҳукуматлар томонидан “Озодлик” радиосининг фаолияти тақиқланиб, чекловлар қўйилган бўлиб, радио турли виртуал тўсиқлардан ўтиб, ижтимоий тармоқлар орқали ўз материалларини омма эътиборига етказишга ҳар доим муваффақ бўлиб келишган ва келишмоқда. Ўз навбатида, интернетдаги  саҳифалари орқали виртуал тўсиқлардан ўтиш имкониятини берувчи прокси серверларни мамлакатлар ичкарисидаги интернет фойдаланувчилари учун беғараз таклиф этиб келадилар.

“Озодлик” тамойиллари

Агар ушбу тамойиллар бўлмаганида, ва уларга риоя қилиб келинмаганида, “Озодлик” бугунги нуфузига етолмаган, ўз олдига қўйган мақсадларига эришолмаган бўларди:

  1. “Озод Европа/Озодлик радиоси матбуот эркинлиги ҳокимият томонидан тақиқланган, ёки чегараланган, ёхуд жамият ҳаёти меъёрига айланишга улгурмаган мамлакатлар аудиториясига мурожаат қилиб, ўз олдига демократия ва фуқаролик жамияти қадриятларини ёйиш вазифасини қўяди.”
  2. Озод Европа/Озодлик радиоси журналистлари миш-миш ёки муҳим бўлмаган маълумотга асосланган материални эфирга бермайдилар ёки нашр қилмайдилар.”
  3. “…. Турли воқеалар ва масалаларга ойдинлик киритишга ёрдам берувчи маълумотлар фактлар асосида, маъносига путур етказилмаган ва тарафкашликка йўл қўйилмаган ҳолда эфирга берилади.”
  4. “Эшиттириш ва мақолаларда бирор якка шахс ёки гуруҳ обрўсига путур етказувчи диний, миллий (этник), ижтимоий-иқтисодий ёки маданий ғализликлар бўлмаслиги ва омма томонидан қабул қилинган ҳурмат доирасидан ташқарига чиқилмаслиги лозим. Эшиттириш ва мақолаларда низо ёки зўравонликни юзага келтирувчи материаллар бўлмаслиги керак…. Оммавий тартибсизлик ёки бошқа кескин вазиятлар ҳақидаги дастурлар мувозанатли ва фактларга асосланган бўлиши керак.”

 

Аммо… лекин… бироқ…

Кўзи очиқларимиз охирги бир – бир ярим йил давомида Ўзбекистонимизда бўлаётган ўзгаришларни кўрмоқдамиз, қувонмоқдамиз. Секинлик билан бўлсада, аҳволимиз ўнгланмоқда. Мисолларни талайгина келтиришимиз мумкин, лекин мақсадимиз бировни мақташ ҳам эмас. Хусусан оммавий ахборот воситалари ва интернет журналистикасига ҳам қисман эркинлик берилиб, кичикроқ, маиший даражадаги турли хил танқидий материаллар билан бирга долзарб муаммолар ҳам мамлакат ичидаги расман фаолият кўрсатаётган нодавлат интернет нашрлари, ижтимоий тармоқлардаги мустақил ва эркин ижод билан шуғулланувчи блогерлар томонидан омма эътиборига ҳавола этиб келинмоқда. Ҳатто бироз муддат “Озодлик” радиоси каби айрим интернет ресрусларига қўйилган блоклар ҳам олиб ташланганлиги кузатилди. Журналист Дилмурод Сайиднинг озод этилиши, ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон “иши”даги енгиллик, журналист Бобомурод Абдулла “иши”даги умидбахш янгиликлар….

Ҳақиқатни, аччиқ бўлса ҳам айтишга ўрганган четдаги дўстларимиз, “совуқ уруш” тугаганини эсдан чиқардиларми, Ўзбекистондаги ўзгаришларни пайқамадиларми, негадир, ростгўйлик, мўътадиллик, холислик тамойилларини четлаб ўтиб, энди айнан салбий хабарларни, баъзан бўрттириб, баъзан эса “ясаб” тарқатишда давом этишга тушдилар.

Яқинда “Озодлик” радиосида чиққан бир “фейк” хабар эътиборимизни тортган эди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг феврал ойидаги Бухоро вилоятига ташрифига оид маълумотларни тарқатиш давомида бир қатор миш-мишлар нашр қилинган эди. Хусусан, Бухоро вилоят хокимини ишдан кетганлиги хақидаги хабарни тарқатганликларини ва кейинчалик саҳифаларидан олиб ташлаганликларини инкор этмасалар керак.

Бу каби мисоллар талайгина топилади. Бироқ аксарияти маиший мавзуда бўлгани учун уларга тўхталиб ўтиш унчалик шарт эмас. Зеро, “Озодлик” радиоси ўзбек хизматидагилар агар нашрга беришга маълумот тополмасалар ҳеч иккиланмай, бирор бир маиший масалада одамлардан келиб тушган шикоятларни бўрттириб, ваҳима қилиб олиб чиқишлари мумкин.

Афсуски, “Озодлик”да тақдим этилаётган кўплаб материалларда айнан холислик масаласида оқсаш кузатилмоқда. Аниқроқ айтганда, масалани ёритишда бир-томонламалик, муҳокамадаги мавзу бўйича соҳа мутахассиси бўлмаганлардан хулосалар олиниши ва асосан фақат салбий фикрларни билдирувчиларни топиб, уларга минбар таклиф этилганлигини гувоҳи бўлмоқдамиз….

Рейтингми?

Бу ҳолатнинг сабабларини ўрганиб чиқишга ҳаракат қилдик. Биринчи эътиборимизни тортган нарса статистик маълумотлар бўлди.

2018 йилнинг февраль ойи ҳолатига кўра, “Озодлик” радиоси ўзбек хизматининг интернетдаги саҳифаси пешқадам бешлик орасидан ўрин олмаганлигини кўриш мумкин (alexa.com дан олинган маълумот):

  1. google.com7,7%
  2. youtube.com6,5%
  3. google.ru6,3%
  4. bbc.com4,8%
  5. kun.uz4,3%

Шунингдек, Ўзбекистонда турли мазмундаги, шу жумладан танқидий материалларни холис ва тезкор равишда оммага етказиб бериш бўйича етакчилик қилиб келаётган kun.uz интернет канали билан таққослаганда ўртадаги фарқ янада кескин даражада ажралиб қолади. Жорий йилнинг феврал ойида (pr-cy.ru сайтидан олинган маълумотларга кўра):

  1. kun.uz  интернет сайтига:
  • 1 кунда ўртача – 13 889 та ташриф ва 55 555 марта кузатилганлиги;
  • 1 ойдаги ташрифлар – 416 660 та бўлиб, 1 666 650 марта кузатилинганлиги;
  • 1 йилдаги тахминий маълумотлар – 5 069 369 та ташриф ва 20 277 575 марта кузатилинганлиги тўғрисида кўрсаткичлар қайд этилган.

  1. “Озодлик” радиоси ўзбек хизматининг интернетдаги сайтига:
  • 1 кунда ўртача – 2 872 та ташриф ва 11 488 марта кузатилганлиги;
  • 1 ойдаги ташрифлар – 86 160 та бўлиб, 344 640 марта кузатилинганлиги;
  • 1 йилдаги тахминий маълумотлар- 1 048 282 та ташриф ва 4 193 120 марта кузатилинганлиги тўғрисида кўрсаткичлар қайд этилган.

Статистик маълумотларни бевосита таққослашдан яққол кўриниб турибдики, “Озодлик” радиоси ўзбек хизматидан фойдаланувчилар сони Ўзбекистондаги оддий нодавлат интернет нашридан кескин ортда қолмоқда. “Озодлик”, барча бошқа интернет сайтлари ва нашрлари каби, бу каби “умумий статистик маълумотларни кузатиб боради… Ушбу маълумотлар асосида тайёрланган ҳисоботлардан радио ходимлари сайт ишини такомиллаштириш ҳамда сайтимиз фойдаланувчиларига янада сифатли янгиликлар тақдим этиш мақсадида фойдаланиладилар.” – (“Озодлик” радиосининг ўзбек хизмати интернет саҳифасидан олинган иқтибос тугади). Аммо, кўриниб турибдики, ўз ишини “такомиллаштириш” ва “янада сифатли янгиликлар тақдим қилиш” деганда “Озодлик”нинг ўзбек хизмати ходимлари рейтинг учун “сенсация орқасидан қувиш”, яъни “ёлғон бўлса ҳам шов-шувли хабар тарқатиб оммани ажаблантириш”ни тушунмоқдалар.

 

Ёки исламофобия?

Исломни, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни масхаралаб карикатуралар нашр қилиш билан “вақтичоғлик” қилган “Шарли Эбдо”нинг Париждаги редакциясига террорчилик ҳужуми уюштирилганда, албатта, бу худкушлик амалиёти омма томонидан ёқланмади. Лекин “Шарли”чиларга ҳеч ким аза очгани ҳам йўқ…. “Озодлик” ўзбек хизматининг бир машҳур ходимидан бошқа…

Юртимизда диний эркинликларга секин-аста эътибор берила бошлаши ортидан, таассуфки, “Озодлик” радиоси исламофобияни тарғиб қилувчи “хабарларга” “жону-дили” билан ўрин ажратишни бошлади.

Сўнгги пайтлар омма эътиборига ҳавола этилган “Юнусобод имоми: Турк актёрларига ошиқ ўзбек оналаридан гейлар туғилади!” (маърузада никоҳдагиларнинг ўзаро маънавий садоқати лозимлиги, акс ҳолларда тасаввурда “маъшуқий учлик” юзага келиши ва бу бўлажак фарзандга салбий таъсир этиши мумкинлиги ёритилганди) ва кейинчалик “Бодомзордаги “психогенетик” имом жума ваъзида “Озодлик” ва эркин матбуотга таҳдид қилди” (“энди улар билан ишим йўқ” маъносида “жанозаларини ўқидим”, деганди имом) сарлавҳалари остида тақдим этилган материаллари очиқдан-очиқ “Озодлик” тамойилларига хилоф ва уларга риоя этмаган ҳолда омма эътиборига ҳавола этилган.

Ундан олдинроқ ушбу имомнинг “эркак кишилар доялик касбини танлаши мусулмонликка тўғри келмайдиган ҳол, жамиятимизга исноддир” деган мазмундаги фикрлари, илгарироқ бошқа имомнинг қўл соати “қимматбаҳо” эканлиги, аввалроқ бошқа имомларнинг мақоласи танқид остига олинганди…

Энг аввало, Озодлик радиоси ходимларига нима сабабдан бир масжид имомининг ўз қавми ва мухлисларига қаратилган мавизасини, турли қарашдаги, эътиқоддаги, кенг омма эътиборига ҳавола этиш зарур бўлиб қолди? Ваҳоланки, маърузада (1) қонунга мувофиқ равишда, (2) ўз ҳудудида ва (3) шариат талаб этган қоидаларга риоя қилган ҳолда, (4) қавмини тўғри йўлга бошлаш мақсадида, мавзуга ёндашилганку?

Шунингдек, имом хатибнинг биринчи мавизасида кўтарилган масалада умуминсоний оилавий қадриятлар, диний ва миллий урф-одатлар билан боғлиқ тушунчалар ҳақидаги даъвати ёки чақириғи нафақат ислом дини, балки бошқа диний конфессияларнинг амалиётида ҳам доимий кузатиладиган ҳолат бўлса, шуни омма ўртасида кўтариш нима учун керак бўлиб қолди? Аввалги эркакларнинг доялик масаласи ҳам худди шу шаклда ва умуман тегишли бўлмаган аудиторияга олиб чиқилган ҳамда ижтимоий тармоқларда шов-шувлар кўтарилишига, ўзаро ихтилофлар келиб чиқишига сабаб бўлган эди.

Балким, жорий кун холатига кўра, ижтимоий тармоқларда телеграммдаги аъзолар сони бўйича @mehrob.uz мутлоқ пешқадам бўлиб келаётгани, энг кўп аудиторияга эга бўлган фаол тармоқлардан ҳисоблангани сабабдир? Агарда ушбу имом хатиб каби фаоллар билан боғлиқ яна бирор баҳсли масала пайдо бўлиб қолса, Озодлик радиоси кабилар эътиборидан четда қолмаслиги бугун ошкор бўлиб қолди.

Фурсатдан фойдаланиб, худди шу мавзуда интернет саҳифаларида билдирилган икки холис фикрни келтирамиз, уларни “Озодлик”нинг контекстдан узилган “атеистпарастлик” позицияси билан солиштириб кўринг:

  1. “Озодлик” радиоси томонидан интервьюларга эксперт сифатида кўплаб таклиф этиб туриладиган таниқли журналист Жаҳонгир Муҳаммаднинг ушбу масалада юзасидан билдирган фикрлари:

“Ғарбда хулқий генетика ўрганилади ва яқин-яқиндан бу тор доирада докторлар тарафидан психогенетика ҳам дейила бошланди. Бу иборани кўпроқ руслар ишлатадилар. Чунки инглизчада “psychogenetics” ёзилади ва “сайкоженитикс” деб талаффуз қилинади. “Сайко” салбий аттенка ташигани учун асосан ўша эски ном-Хулқий генетика ишлатилади. 

Ҳали фан даражасига кўтарилмаган Хулқий генетика (психогенетика) асосан шахсият, хулқий-фитратий ҳолатларнинг генетикага таъсирини ўрганади. Ҳозирга келиб инсон хулқидаги ёмонликка бошлайдиган генлар деярли аниқланган ва энди уларни алмаштириш тажрибаси бормоқда. Бошқача айтганда келажакда болангизни хулқ-атворини “заказ” қилиб олишингиз мумкин бўлади, ақлли, жиноят қилмайдиган ва ҳоказо.

Шундай экан бугун инсон хаёлининг генетикага таъсирини гапириш бу юмшоқ қилиб айтганда бир неча аср орқада қолиб кетилганини кўрсатади.

Фитна назарияси ҳақиқат бўлмаганидек, тахминлар фан эмас. Лекин кимдир униси, кимдир бунисига ҳам ишонади. Бу унинг иши. Аммо ана шу ишончни сизга сингдира бошласа, табиийки сизда ҳам савол туғилади.

Психогенетикани биламан деган имом масаласига келганда, унинг гапларини тарихдан меърос қолган оммавий қўрқитиш тарбияси деб қарадим. Бу менинг шахсий қарашим. Зотан оммавий қўрқитиш кўп ҳолларда натижа берган. Болалигимизда сувга сийсанг кўзинг кўр бўлади, дейишарди. Аммо бугунги замонда болангизга шундай десангиз сизга ахмоққа қарагандек қарайди.”

 

  1. Шунингдек, бошқа бир мунозарачи ушбу масалага қуйидагича фикрини билдирган:

“Дунёқарашдаги фарқ туфайли имом домла ва унинг тарафдорлари ва унинг танқидчилари орасидаги бу каби баҳслар ҳали бери тугамайди, янаям авж олиши мумкин. Чунки, юмшоқ қилиб, дунёвийча дейлик, дунёқарашга эга одамлар учун домланинг ҳар гапи “халқ учун афъюндир”, бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Аксинча, иймонли кишилар нари борса бу гапларни динда далили бор\йўқлигини текшириб кўрадилар холос, яъни бу ишлар ақл доирасидадур, эртак эмас. Орада эса “шу домла яхшию, лекин баъзида саал оширворадида” деган миллионлар бор.

  1. Масалага иймонли киши нуқтаи назаридан қарасак, жуфтлар қўшилиши олдидан, ўзларини шайтондан ва шайтонни насиб қиладиган фарзанд неъматидан узоқ қилишини Аллоҳдан сўраб қилинадиган дуо маълум ва машҳурдир. Энди дейлик, диндан узоқроқ жуфтлик, бу иш аввалида ҳам, охирида ҳам очиқ душмандан паноҳ тиламади, устига иккиси, ё бириси ҳаёлида киноюлдузи билан “бўлди”, яъни маънан хиёнат қилинди. Иймонли киши бундай қўшилишда эркак ва аёл жинларнинг ҳам иштирок этишига ишонади. Зинонику гапирмаса ҳам бўлади. Яъни бундай қўшилишдан пайдо бўлиши мумкин бўлган фарзанднинг, жинларнинг ёмонлиги туфайли, у ёки бу ноқислиги бўлиши мумкинлиги эҳтимоли юқори. Айнан мавзуга тааллуқли бўлса бу ноқислик ўғил болада, агар ёмонлик аёл жин томонидан бўлса, эркакларга қизиқиш, қиз болада эса, эркак жин ёмонлиги туфайли аёлларга қизиқиш кўринишида бўлиши мумкин дейишади. “Ичига аёл жин кириб олибди” ёки “эркак жин кириб олибди” деган гапларни эшитганмиз, ютюбда жин чиқариш муолажалари жараёнини кузатганмиз. Жинлар ҳақидаги билим чегаралангани ва ошкор қилинмаслиги боис, боз устига асосий мавзу маънавият бўлганлиги боис, домла маърузада юзаки “шунақа бўлади” деб қўяқолдилар шекилли. Менимча, психогенетика билан танишаётган имом домла юқоридагиларнинг “замонавий” тасдиғини ҳам топганлар, яъни дунёвий олимларнинг ўтказган тажрибаларида ва фикрларида “дунёвий” тушунтиришларни ҳам кўрганлар. 
  2. “Дунёвий” дунёқарашдаги киши гомосексуализмни ноқислик деб билса ҳам имом домланинг фикрига қўшилмаслиги мумкин, ёки, табиий деб билса, умуман жиннига чиқариши ҳам табиий. Масалага гомосексуал лобби гуруҳлари аралашса – бу ҳаёт мамот кураши деган гап. Бизда қонунан гомосексуализм таъқиқланган, ғарб маданияти ва маънавиятида эса бу инсонларни жинсий ориентациясига кўра камситиш ҳисобланади. Яъни ғарб оммавий ахборот воситаларининг ўзбек аудиторияси олдида бу масалалар “муаммо” сифатида кўтарилмай қолмайди….”

Ёҳуд бунда бошқа гаплар борми?

Охирги йил ичида “демократия ва фуқаролик жамияти қадриятларини ёйиш”га хизмат қилувчи бирор бир холисона таҳлилий материални омма эътиборига тақдим этганлигини “Озодлик” радиосидагиларни ўзлари ҳам сайтларидан излаб тополмасалар керак. Чунки, ундай материаллар йўқ. Агар топилган тақдирда ҳам, ундай материал негатив маълумотларнинг соясида кўринмай кетган бўлади.

Наҳотки “демократия ва фуқаролик жамияти қадриятларини ёйиш” вазифалари фақат оммани жунбушга келтирадиган, томонлар ўртасида ихтилоф чиқишига сабаб бўладиган ёки давлат ва жамият ўртасида ўзаро ишончсизлик, одамлар орасида низо келтириб чиқаришга омил бўладиган ясама фикрларни тинимсиз равишда тарқатиш орқали амалга оширилса?!

Наҳотки омма эътиборини тортиш учун бошқа бировларни беобрў қилиш, “устидан мағзава ағдариш”лари учун шароит яратиб бериш “Озодлик”нинг принципларида алоҳида кўрсатилган “демократия ва инсон ҳақларини қўллаб-қувватлаш”га хизмат қилса?

АхирОзодлик” радиоси ходимлари ва мухбирларининг деярли барчаси ўзбек миллатига мансуб ёки шарқий менталитетларни жуда яхши тушунадиганлар эмасми?! Албатта улар ҳам инсон, уларда ҳам нафс борлиги табиий. Лекин, нафс гирдобига тушиб қолган тақдирда ҳам, ўзлари ишлаб турган ташкилотнинг асосий тамойилларини тан олишлари, унга риоя этишлари ва умуман ҳурмат қилишлари керак эмасми?!

Бир тарафдан ўзини фойдасини кўзлаб, бундай қинғирликларга қўл урушларини тушуниш мумкиндир. Чунки, рейтинги тушиб, ёки “заказ”ни бажармай ишдан ҳайдалиб кетса, яна оворагарчилик. Юртга қайтайин деса, ўзини халққа “яхшигина танитиб” қўйган. Ҳатто қайтишни истамасликлари эҳтимоли кўпроқ. Чунки, у ерда биров “мушугини пишт” демаса, устига-устак қонунларда ёзилмаган ўзбекчилик, мусулмончилик қоидалари у ерларда амал қилмаса. Бу дегани ўша қадриятларга зид равишда, истаган ишини қилиб юриши мумкин бўлса, юртга қайтишни нима кераги бор. Балки улар айни пайтда яшаб турган тарафлардаги қадриятларга мослашиб кетган ва улар учун энди ўз юртидаги кўп нарсалар ёввойи бўлиб туюлар….

Нафси бузуқлик эътиқодга ҳам жиддий салбий таъсирини кўрсатмай қўймайди. “Озодлик” радиоси ходимлари ва мухбирларига “шеф”лари тарафидан “гейпропаганда” мавзусида кўпроқ материаллар тайёрлаш вазифаси юклатилган шекилли, оҳирги йиллар давомида бундай мазмундаги материаллари кўплаб учрамоқда. Эътиборли тарафи асосан “шундай”ларни топиб, уларга минбар беришлари бўлса керак. Бу борада, “Озодлик” радиоси ўзбек хизматида жавлон уриб хизмат қилаётган ўзбекзабон ҳамкасбларимизга, ўзлари ўсиб улғайган, вояга етган миллий аънаналаридан воз кечиб кетмасликларини ва бора-бора ўзлари ҳам ноаънавий жинслар турмушига қизиқиб кетиб, ўшалар каби бўлиб қолмасликларига тилакдош эканлигимизни алоҳида таъкидлаймиз!

 

Муолажа

“Озодлик” радиоси ходимлари ва барча мухбирларига жамоатчилик вакили мақомини суистеъмол қилмасликлари ёки ўз нафслари, шахсий манфаатларини кўзлаб, “Озодлик” радиоси обрўсидан фойдаланмасликлари кераклигини эслатиб, “Озодлик”нинг халқимиз, миллатимиз қадриятлари билан мос келувчи тамойилларига – инсоф, холислик, ҳақгўйлик, ўзаро ҳурмат, бировга зиён етказишдан сақланиш каби қоидаларга виждонан амал қилишларига умид қилиб қоламиз.

 

ufq.uz