ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ РИСОЛАТЛАРИ

“У саводсизларга уларнинг ичидан Унинг оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган Расулни юборган Зотдир. Ҳолбуки, улар илгари очиқойдин залолатда эдилар” (Жумъа сураси, 2-оят).

Биз «саводсиз» деб таржима қилган маъно араб тилида «уммий» дейилиб, бу сўз ўқиш-ёзишни билмайдиган шахсга нисбатан ишлатилади. «Умм» она дегани. Демак, «уммий» сўзидан «онадан туғилгандек, ўқиш-ёзишни ўрганмай юрган» деган маънони тушуниш керак. Ўша давр араблари «уммий қавм» деб аталган, чунки уларнинг ичларида ўқиш-ёзишни биладиганлари жуда оз бўлган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўқиш-ёзишни мутлақо ўрганмаганлар. Албатта, Аллоҳ таолонинг улкан ҳикмати туфайли шундай бўлган.

Нима учун ҳикмат, деяпмиз? Чунки саводсиз жамиятда уммий бўлиб ўсган, умрида ҳеч нарса ўқимаган-ёзмаган, ўзга динлар, шариат ва маданиятлардан бехабар ҳолда вояга етган, пайғамбар бўлганларидан кейин ҳам ўқиш-ёзишни ўрганмаган бир одам қирқ ёшга тўлганларида Аллоҳнинг иродаси билан халқларни дунёда энг мукаммал дин бўлмиш Исломга даъват қила бошладилар.

У кишига Қуръони Карим оятлари тушиб, ўтган ишлар, келажак воқеалар, ахлоқ ва одоб қоидалари, ибодатлар, иқтисод ва умуман, инсон ҳаётининг барча тарафларини ўз ичига қамраб олган, унга икки дунё саодатининг кафолатини берадиган ҳукмларнинг баёни келди.

Орада замонлар ўтиши ва илм-фан ривожланиши билан Қуръони Карим мўъжизалари тасдиқланиб бормоқда. Саҳрода ўсган, ўқиш-ёзишни ўрганмаган одамдан барча замонларнинг энг ҳақ таълимоти ўз-ўзидан чиқмаслигини, бу ишга фақат оламлар Парвардигоригина Ўз қудрати, илми ва ҳикмати билан қодир эканини тушуниш қийин эмас. Бунга дўст ҳам, душман ҳам тан бермасдан, иложи йўқ.

Энди бевосита ояти кариманинг шарҳига ўтайлик: «У саводсизларга уларнинг ичидан Унинг оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган Расулни юборган Зотдир».

Аллоҳ таоло арабларга ўзларининг ичидан чиққан ва ўзларига ўхшаш уммий кишини элчи қилиб юборганини таъкидламоқда. Бу элчи Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Бу элчининг вазифалари жумласига қуйидагилар киради: ўша уммий Пайғамбар арабларга Аллоҳ таолонинг оятларини, яъни Қуръони каримни ўқиб берадилар, қавмга илоҳий ваҳийларни етказадилар. Сўнгра Пайғамбар жаҳолатда юрган қавмни куфр ва гуноҳлар ботқоғидан поклайдилар.

Уларнинг қалбларини, руҳларини, виждонларини, муомалаларини ва бошқа томонларини поклайдилар. Ҳамда уларга Китобни ва Ҳикматни ўргатадилар. «Китоб»дан мурод Қуръони Каримдир, яъни ўша Пайғамбар уларга Қуръон таълимотларини, ундаги амрларни, қайтариқларни ва аҳкомларни ўргатади. «Ҳикмат»дан мурод эса Пайғамбаримизнинг суннатларидир.

«Суннат» Набий алайҳиссаломнинг сўзлари, қилган ишлари ва ўзгалар томонидан айтилган сўз ёки қилинган ишни маъқуллаганликларидан иборатдир. Суннат мусулмонлар учун Қуръондан кейинги иккинчи манба ҳисобланади. Динимизнинг кўпгина аҳкомлари, ҳаётимиздаги зарур таълимотлар Набий алайҳиссаломнинг суннатлари, ҳадисларидан олингандир.

«Ҳолбуки, улар илгари очиқойдин залолатда эдилар», дегани Исломдан олдин дунё халқлари қаттиқ адашувда бўлганлигига, улар жаҳолат ботқоғида қулоқларигача ботиб ётганлигига ишорадир. Жумладан, бошқалар қатори, арабларда ҳам инсонга ор-номус бўладиган, унинг шаънига доғ туширадиган турли урф-одатлар бор эди.

Бу ҳолатни яхшироқ тушуниш учун саҳобий Жаъфар ибн Абу Толибнинг Ҳабашистон подшоси Нажоший ҳузурида мазкур ҳолатни ва Исломнинг фазилатини баён қилиб сўзлаган сўзини эслаб ўтсак яхши бўлади: «Эй подшоҳ, биз буту санамларга ибодат қилувчи жоҳил бир қавм эдик. Ўлимтикларни ер эдик. Кучлиларимиз заифларимизни ер эди, фаҳш ишларнинг барчасини қилардик, қариндошлик алоқаларини узардик, қўшниларимизга ёмон муомала қилардик. Бизга Аллоҳ таоло ўзимиздан чиққан Пайғамбар юборгунча, шу ҳолатда давом этдик. Унинг насабини, ростгўйлигини, омонатга хиёнат қилмаслигини, поклигини яхши билардик. Пайғамбар бизни ягона Аллоҳга эътиқод ва ибодат қилишга чақирди, ўзимиз ва ота-боболаримиз ибодат қилиб юрган тошлар ва бутларни тарк этишга даъват этди. У бизларни ростгўй бўлишга, омонатга хиёнат қилмасликка, қариндошлик ва қўшничилик алоқаларини яхшилашга, ҳаром ишлардан ва қон тўкишдан қайтишга буюрди. Шу билан бирга, фаҳш ишлардан, ёлғон гапиришдан, етимларнинг молини ейишдан, пок кишиларни зинода айблашдан қайтарди. У бизларни Аллоҳга ширк келтирмасликка, намоз ўқишга, закот беришга, рўза тутишга ва ҳоказо Ислом таълимотларини бажаришга буюрди. Биз унинг сўзларини тасдиқлаб, унга иймон келтирдик, у олиб келган таълимотга эргашдик, ягона Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилдик, Унга ширк келтирмадик, нимани ҳаром деб айтса, ҳаром деб билдик, ҳалол деб айтса, ҳалол деб билдик. Ўз қавмимиз бизга душманлик қилдилар, бизни азобладилар, динимиздан қайтариб, яна бутларга ибодат қилдирмоқчи бўлдилар, ифлос, жирканч нарсаларни яна ҳалол дейишга мажбур қилдилар, бизга зулм ўтказдилар, қаҳр кўрсатдилар. Динимиздан қайтармоқчи бўлган эдилар, сенинг юртингга ҳижрат қилиб келдик…»

Саҳобий Жаъфар сўнгра Марям сурасининг аввалидан тиловат қилди. Нажоший таъсирланиб, кўзига ёш олди. Мусулмонларни қурайш қабиласига беришдан бош тортди. Кейинчалик ўзи ҳам мусулмон бўлди. Унинг юртига ҳижрат қилган мусулмон аёллардан бирига Набий алайҳиссалом уйланмоқчи бўлганларида, у зотнинг номларидан совчи бўлди ва келинга катта совғалар берди.

Нажоший вафот этганда, Аллоҳ унинг ўлими хабарини ғойибдан Набий алайҳиссаломга билдирди. У киши масжиддан чиқиб туриб, саҳобаларга: «Бугун Аллоҳнинг солиҳ бандаларидан бири вафот этди», дедилар ва ғойиб жаноза ўқидилар.

Юқоридаги оятда Пайғамбар арабларга юборилгани зикр қилинганидан, Ислом араблар учун хос дин экан, деган фикрга бормаслик керак. Ислом бутун инсониятга юборилган охирги диндир ва шунинг учун ер юзида араб бўмаган жуда кўп халқ ва миллатлар Ислом дини билан шарафланишди.

 

“Тафсири Ҳилол”дан.

 

Манба: «ҲИЛОЛ» интернет журналининг 2016 йил февраль/мартдаги 3 – сонидан олинди