Аёл зийнати. Ёки косметология муаммолари

Фақат аёллар аудиториясига мўлжалланган мавзу бўлишига қарамай, бу масала эркакларни ҳам қизиқтириши табиий. Мунтазам эълон қилиб бориладиган интевьюларимиздан бироз фарқли равишда, нисбатан енгилроқ бўлган мавзу танланди. Сабаб, аёлларнинг саломатлигига бефарқ бўлмаган эркакларда пайдо бўладиган саволларга аниқлик киритиш кўзда тутилган.

Саволларимизга  жавоб олиш учун, Тошкент шаҳирда фаолият кўрсатиб келаётган Healthful Diagnostics клиникаси дерматокосметологи Вагнер Дилноза Мухамаджановнага мурожаат қилдик.

Ufq.uz:  Ассалому алайкум Дилнозахон.

Аввало биз билан суҳбат уюштиришга розилик берганингиз учун миннатдорчилигимизни қабул қилгайсиз.

Нафақат малакали косметолог, аввало тиббиёт соҳаси мутахассиси сифатида сизга мурожаат қилмоқдамиз.

Хаётга реал назар билан қарайдиган бўлсак, эркаклар тасаввурида ҳозирги аёлларимиз  ўзларининг ташқи қиёфаларига бераётган эътибори ўтган пайтларга нисбатан кескин илгарилаб бораётгандай.  Аёлларни кийими ва умуман ташқи кўриниши масаласи эса алоҳида катта бир мавзу бўлади.

Бизни ушбу интервьюни тайёрлашимизга эса, аёлларнинг саломатлиги сабаб бўлиб, уларнинг юз қисмларига чиройли кўрк бериш учун амалга ошираётган инеъкцион муолажаларининг оқибатлари билан боғлиқ саволларга жавоб топиш мажбур қилди.

Ҳар ҳолда аёл кишининг саломатлиги келажакда дунёга келадиган фарзандларнинг  ҳам саломатлиги билан бевосита боғлиқ бўлган хавотир, ҳар қандай соғлом руҳиятли кишида мавжуд бўлиши табиий инстинкт.

Хавотир ва шубҳаларни бартараф этиш мақсадида, юз терисида амалга ошириладиган турли инеъкцион муолажаларнинг аёллар саломатлигига таъсири юзасидан бир неча саволларга, тиббий жиҳатдан фикр-мулоҳазаларингизни билмоқчи эдик.

Дастлабки саволимиз сизнинг айни пайтда фаолиятингизга оид бўлади. Айтингичи, бугунги кунда қайси ёшдаги хотин-қизлар ва умуман қандай шикоятлар билан косметологларга мурожаат этишмоқда?

Д. Вагнер: Дунёдаги аёл зоти борки, табиатига кўра, ёшидан қатъий назар, доим гўзал ва латофатли бўлишни истайдилар. Эркакларни ўзига ром этадиган аёл жисмидаги бирламчи нуқта бу- юз тузилиши ёки аёл ҳусни бўлса ажаб эмас. Косметолог турли муаммолар, хусусан юз терисини парваришлаш билан бирга ундаги нуқсонларни йўқотиш ёки бу нуқсонларни коррекция қилиш билан шуғулланади. Шунинг учун бизга кўпрок юзида хуснбузар, папилломалар, сугал, ажин, тери таранглигини камайиши, турли доғлар тушиши ва терининг ёш улғайишига оид ўзгаришларни тузатиш билан боғлиқ шикоят ва мурожаатлар бўлади.

Хавотир олаётганингиздай, хақиқатан аёлларимиз орасида юз ва лаб шаклини ўзгартириб янада гўзаллашиш, айни кунларда энг кўп амалга оширилаётган муолажалардан бири бўлиб қолмоқда.

Ufq.uz:  Юз териси билан боғлиқ муолажаларнинг умумий танадаги бошқа аъзоларга ва аёл саломатлигига қанчалик салбий таъсирлари мавжуд?

Д.Вагнер: Ҳозирги кунда терида ўтказиладиган муолажа ва усуллар такомиллашиб, кўпрок тиббий муолажа тусини олди. Масалан, илгари юзни парваришлаш учун асосан “чистка”, “маска” ва “массаж” каби хизматлар кўрсатилиниб келинган бўлса, бугунги кунда кўпроқ юз қисмидаги тери ичига дори воситалари (ботокс, гиалурон гели, турли фармацевтик препаратлар) ни юбориш кенг қўлланилмоқда.

Табиийки, бу каби муолажаларни махсус малакага эга бўлган шифокорлар амалга ошириши шарт.

Агарда бу муолажаларнинг хавфсизлигига тўхталадиган бўлсак, – бу муолажалар аксарият ҳолларда фақатгина маҳаллий (айни ўша соҳа учун) таъсирга эга бўлиб, соғлом инсоннинг бошқа аъзолари фаолиятига салбий таъсирини кўрсатмайди.

Ҳар кандай тиббий препаратни шахснинг жисмонан саломатлиги кўтара олмаслиги мумкинлигидан келиб чиқиб, аввалдан салбий холат юз бермаслигини олдини олиш мақсадида, малакали шифокор-врач муолажа қилиш учун мурожаат қилган аёлдан саломатлиги билан боғлиқ маълумотларни сўраб-суриштириб олади. Барча маълумотларни тўплагач, пациент-мижозга тўғри келадиган препаратни танлайди.

Юз териси билан боғлиқ муолажаларнинг ножўя асоратлари, аксарият холатларда мавжуд воситаларни тўғри қўлламаслик, аёллардаги мавжуд қарши кўрсатмаларни ҳисобга олмаслик, асептика ва антисептика холатларига риоя қилмаслик оқибати туфайли келиб чиқади.

Юқори сифатли сертификатланган препаратларни, малакали шифокор томонидан тиббий муассасада тўғри кўрсатмалар билан ишлатилиши орқали ҳар қандай салбий таъсирларнинг олди олиниши кафолатланади.

Ufq.uz:  Шахсий иш тажрибангиз давомида кузатилган, бундай услубдаги косметолог хизматига мурожаат қилишга ҳали улгурмаган аёллар ибрат оладиган холатлар бўлганми ёки мисолларни келтира оласиз?

Д.Вагнер: Шундай холатлар бўлдики, юз терисида дерматологик касаллик бўлган аёлга дори воситаси “укол” қилиб юборилган. Бу эса, аёлни аҳволини оғирлашишига олиб келган.

Ёки яна бир мисол, юзга шакл берувчи гельнинг турини ҳисобга олмасдан туриб, тери остига киритилгач, у атроф тўқималарини эзиб қўйган ва уни емиришни бошлаган.

Яқинда биз шифокорлар бир холат устида консилиум ўтказдик. Ёши 35 да бўлган бир аёл гўзаллик салонига ташриф буюрган. У ердаги ходимлар аёлни кўзлари остига ва пешонасидаги чандиқ остига гель киритиш муолажасини амалга оширишган. Сертификациялашдан ўтмаган препарат, шифокорликдан умуман узоқ бўлган шахс томонидан игна ва шприц орқали тери остига юборилган. Бир неча кунлар оралиғида гель киритилган соҳалардаги терида салбий ўзгаришлар бошланган.

Жабр кўрган бу аёл уч ойдан буён назорат остида, унга барча даво чоралари ўтказилмокда, лекин аҳволи ҳозирга қадар яхшилангани йўқ. Ягона чора сифатида энди гельни жарроҳлик усулида олиб ташлаш учун тайёргарлик кўрилмоқда. Бу дегани – аёлнинг юзида энди умрбод чандиқлар қолади.

Бу каби муолажаларни гўзаллик салонларида, умуман тиббиёт ходими бўлмаган шахслар томонидан амалга оширилиши соғлиқ учун хавфли эканлигини аҳоли, жумладан аёлларимиз тушуниб етишлари керак! Чунки, авваломбор гўзаллик салонларида бундай хизмат кўрсатиши учун зарур бўлган ва талаб этилган шароитлар мавжуд эмас. Қолаверса, мутахассис бўлмаган шахсни юзингизда игна ва шприц билан муолажаларни амалга оширишини тўғри деб қарашлик мантиққа сиғмаса керак.

Нима учун одамлар тишини,асабини, юрагини даволатиш учун айнан шифокорга мурожаат килишади-ю, тери билан боғлиқ нуқсонларини даволаш учун гўзаллик салонига ташриф буюришади? Аслида тери ҳам инсоннинг бир аъзоси эмасми?

Ufq.uz:  Албатта аёл киши зийнатланишига қаршилик йўқ бўлсада, тарихан амал қилиб келинаётган маълум қадриятларга риоя этилса, балким бундай салбий оқибатларни олди олинар. Айтингчи, умуман юз терисига ва танага инекциясиз бажариладиган қандай муолажаларни аёлларга тавсия этган бўлар эдингиз?

Д.Вагнер: Авваламбор аёл кишининг гўзаллиги унинг фақатгина ҳуснида эмаслигини алоҳида эътироф этиш керак. Гўзаллик – бу жисмоний баркамолликнинг бир ифодаси холос. Шунинг учун гўзал булиш учун аёл биринчи ўринда жисмонан соғлом, рухан тетик, ички дунёси хотиржам бўлиши керак. Шунда зийнатланиш аёл кишига янада кўпроқ ва мукаммал гўзаллик ато этади.

Тажрибалардан маълум бўлган бу билан боғлиқ, айрим мулоҳазаларни санаб ўтишга харакат қиламан.

Кўпинча асаби таранг бўлган аёлларнинг юзига доғ тушади. Эндокрин аъзоларини нотўғри ишлаши натижасида тери қуриб кетади.

Оқатланишида камчилиги бўлган аёлларнинг териси ва сочида жило бўлмайди.

Камхаракат аёлларнинг терисининг таранглиги камайиб, танасини ёғ босади.

Юқоридаги каби холатларда косметолог қанча муолажа ўтказмасин, уни фойдаси кам.

Шунинг учун мен аёлларга биринчи навбатда соғлом турмуш тарзида хаёт кечиришини, ўзининг ички дунёси устида ишлашини маслаҳат берган бўлар эдим.

Оддий мисол – уйингизни нураб ётган деворларини сиртини энг қиммат ва сифатли бўёқ билан бўясангиз ҳам у вайроналигича қолади. Сиз бундай вайронага зийнат бериш нотўғрилигини тушунасизку.

Ufq.uz:  Шу ўринда косметологларга боришни истаганлар учун нималарни маслаҳат берасиз?

Д.Вагнер:  Аёл кишини косметологга боришига умуман мен ижобий қарайман. Юзимиз териси ҳам,  худди биз аёллар сочимиз, тирноқларимиз ва баданимизни парваришлаганимиз сингари эътиборга муҳтож. Лекин ҳамма нарсани вақти ва ўрнига қараб ишлатиш жоиз. Гўзаллик салонларида таклиф этиладиган юзни игнасиз парваришлаш усуллари (“чистка”, намлантирувчи, ёшартирувчи маскалар, микротоклар, дарсенваль, миолифтинг, массаж) ҳар кандай ёшдаги аёллар учун тўғри келади.

Лекин игна, шприц ва тери бутунлигини бузиш билан кечадиган муолажалар (ботокс, гель, мезотерапия, ип урнатиш, тери хосилаларини куйдириб олиб ташлаш) учун албатта клиникаларда фаолият кўрсатувчи шифокорлар – дерматокосметологларга мурожаат килиш шарт. Шунда аёллар турли зийнатланишнинг ножуя асоратларидан ўзларини анча ҳимоялаган бўлади.

Ufq.uz:  Қисқа ва мазмунли жавобларингиз учун сизга яна бир карра ташаккуримизни билдирамиз. Умид қиламизки, келгусида сиз билан нафақат аёллар, балки умуман аҳоли саломатлиги билан боғлиқ кенгроқ мавзуларда суҳбат уюштирамиз.

Ufq.uz