ФАН ОЛИМПИАДАЛАРИДАГИ ҒИРРОМЛИКЛАР, ПОРАХЎРЛИК ВА БОШҚА ХОЛАТЛАР ҲАҚИДА

Фан олимпиадаси ва билимлар беллашуви мусобақалари, таълим тизимида ҳақиқий билимли ва иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш учун хизмат қилади, деганлар хато қилади.

Гарчанд низомга кўра “ўқувчи ёшларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён қилиш”, “ўқувчиларда ўзлари танлаган фанлар ва ихтисосликларни чуқур ўрганишга қизиқишларини ошириш”, “ўқув-тарбия жараёнини, ўқитувчиларнинг педагогик маҳоратини такомиллаштириш, улар томонидан қобилиятли ўқувчилар билан аниқ мақсадга йўналтирилган якка тартибдаги ишларни ўтказиш” деган ноаниқ ва мужмал иборалар ушбу мусабақаларнинг мақсади, дея эътироф этилса-да, амалда ким ўзарлик, ном чиқариш ва шуҳрат учун интилиш каби салбий иллатлар мусобақалар мазмунини бутунлай ўзгартириб юборади.

Аксарият холларда фан олимпиадаси ва билимлар беллашуви мусобақалари бошланиши олдидан ташкилий қўмита аъзолари тинмай “шаффофлик”, “ҳақиқат”, “адолат”, “инсоф” каби сўзларини ишлатиб оташин нутқ сўзлаётганда чекка-чекка жойларда “ҳақиқий педогогик”, хуфя гурунглар бошланади: “9-cинф кимёда курсдошим ҳакам экан, гаплашайми?”, “менинг ўқувчимнинг отаси бой, биринчи ўринни гаплашиб беринглар, илтимос!”, “физикадан учинчи ўринни неча пулга гаплашса бўлади?”, “менинг жияним ўзи зўр, аммо пул сўрашса униям берамиз..”

Ташқилий қўмита аъзолари ҳамон, шаффофлик ҳақида лоф урар экан “фаришта” ҳакамлар ҳайъати аъзолари танишлар билан кўз уриштириш, ваъда берганнинг кимлигини суриштиришни бошлайди: “аниқми?”, “хитланмаганми?”, “кейин расво қилмайдими?”, “у ўқувчингни отаси закунчи экан”. Клиентларнинг гапи ҳам қизиқ: “ўлай агар!”, “гарантия!”, “унинг отаси битиб кетган бой, сенга бергани унга чақадай гап!”..

Аслида бу гапларнинг ҳаммаси таълим тизимига ўрлаб кетган коррупциянинг кўриниши, шайтоннинг изнига тушган ҳакамларнинг жирканч башарасини кўрсатади. Аммо унинг илдизлари бошқа томонда. Бу ерда маълум бир хизмат эвазига берилаётган поранинг ўрнини қопловчи манфаатлар ҳам борки, ундан кўз юмиб бўлмайди.

 

ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИНИНГ РЕЙТИНГИ

Маълумки таълим муассасаларининг рейтинги бевосита фан олимпиадаси ва билимлар беллашуви мусобақалари натижалари билан боғлиқ бўлади. Шу сабабли муассасалар раҳбарлари ҳар битта балл учун курашиб, натижалар учун фан ўқитувчиларига имтиёзлар, рағбатлар ваъда қилишади. Рағбатлантиришнинг оптимал кўриниши бир иш ҳақи миқдорига тенг бўлади. Демак олимпиадада ҳеч бўлмаса учинчи ўринни, ёки 76 баллдан юқори кўрчаткични қайд этган ўқитувчига бир ойлик миқдорида қўшимча ҳақ тўланади. Қолаверса шу натижалар инобатга олиниб, кейинчалик уларга устама ҳам белгиланади. Касб маҳорати, тарбиявий ва синфдан ташқари ишлар учун ўқитувчида яна 40 % гача устама олиш имконияти пайдо бўлади. Бу йил давоми анчагина катта суммани ташкил этади.

Олимпиаданинг туман босқичи жараёнида шундай воқеа бўлди. Ташкилий қўмитанинг бир инсофсиз аъзоси мактаб ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарларидан бирини чақириб “тез бориб юз минг топиб келинг, сизга фалон фандан 3 ўринни бераман, рейтингингиз кўтарилади” дебди. У киши “оиламизда касалчилик бўлди, ҳозир аҳволим яхшимас тушунинг мен пул беролмайман”, деса, “унда фан ўқитувчингиздан олинг, рағбат берасиз қопланиб кетади” дебди. Шу гапларни ўқиган киши гап нимадалигини тушуниб етгандир. Рейтинг ортидан қувиб энг оғир гуноҳи кабирага қўл уриш халқ таълими тизимида оддий хол.

 

ШУҲРАТПАРАСТЛИК

Кўпчилик раҳбарлар, ўқитувчилар ва ходимларда шуҳратга интилиш кучли бўлади. Кўпчилик раҳбарларда натижалар билан мақтаниш, мажлисларда эришган натижалари ўқилса ҳаволаниш, ўзини кўз-кўз қилиш ҳисси устун бўлади. Худди шундай бу ҳис ўқитувчиларда ҳам, ўқувчиларда ҳам бор. Ўқувчиси биринчи ўринни олибди, анави ўқувчи республикада ғолиб бўлган экан, деган сўзларни эшитиш ҳаммага ҳам ёқади. Кимки бунга ўзи эришса ҳамма ҳавас қилади. Ғирром билан эришганлар эса…

Мақсадга интилиш ва бу борадаги имкониятларнинг тенг келмаслиги ўз ўзидан мақсадга ғирром билан эришишга сабаб бўлади. Ғирромчи барибир ҳамманинг наздида жирканч одам сифатида баҳоланади ва уларга нафрат билан қаралади.
Шундай бир холатнинг гувоҳи бўлдим. Битта иғвогар ўқитувчи, ўқитувчилар кунига бағишланган кечага керилиб, “халқ маорифи аълочиси” нишонини тақиб келди. Беихтиёр ҳамманинг афти бужмайиб кетди. Қандай олибди?, ким берибди? деган саволлар кўпайиб кетди. Кейин англашилдики раҳбариятни “ёзвораман” деб қўрқитиб “аълочи” бўлган экан. Энди мусобақалардаги ғирромликларнинг турларига эътибор берсак.

ТАЗЙИҚ

Олимпиадада тазйиқ борми?
Албатта бор. Тазйиқ- раҳбарлар, ваколатли шахслар ёки бошқа обрўли кишилар томонидан бирон бир жараённи ўзгартириш учун ўтказиладиган босим ҳисобланади.

Бундан ўн йиллар олдин туман прокурори халқ таълими бўлими мудирини чақириб иккита қизига ўрин беришини сўраган. Прокурор ваъда берибдики агар қизлари туман ва вилоятдан Республика босқичига ўтса у ёқда ҳаммаси гаплашилган экан. Халқ таълими бўлимига ҳам бу маъқул келган. Натижада иккала қиз биринчи ўринни эгаллади. Кейин маълум бўлишича икки қиз ҳам бир фандан қатнашган экан. Бу орада ҳужжатлар бузилиб иккинчи қизга бошқа фандан биринчи ўрин берилди. Вилоят босқичидан ҳам шундай йўл билан ўринлар олинди.

Айтишларича ўшанда халқ таълими бўлимининг ўринбосари бутунлай ишдан озод қилиниб, шу икки қизга бириктириб қўйилган. Қизлар Республикада иштирок этиб ўрин эгаллашди.

Мен дастлаб тушунмадим. Прокурорга бунча ташвиш нега керак? деган саволга жавоб топмадим. Ўша ўринбосар тушунтирди: Прокурорга “қизларингиз ўқишга қандай кирди?” дейилса, “қизларим ўз билими билан Республика олимпиадасида ғолиб бўлиб имтиҳонсиз кирди”, деб мақтаниш учун шунча иш бўлган экан.
Бундан ташқари хокимликлар ва бошқа нуфузли идоралардан ҳам илтимослар бўлиб туради. Мансабини сақлаб қолиш учун бутун ходимларини ноқонуний меҳнатга мажбурлашдан тоймаган раҳбарлар уларнинг талабини бажариши табиий хол. Битта иккита ўрин уларга ёқиш учун ҳам тақдим қилинади.

ҲАРОМХЎРЛИК

Олимпиада жараёнида ҳакамлар, назоратчилар ва аудитория раҳбарларида ўқувчиларга ёрдам бериш учун кенг имкониятлар бўлади. Баъзан улар ўзаро келишиб олишади. Баъзан яширинча, якка холда танишларига ёрдам беришади. Бу қандай бўлишидан қатъий назар ғирромлар қўйидагича турларда бўлади:
1. Иштирокчига тайёр матнни киритиб бериш.
2. Иштирокчига тест жавобларини бериш.
3. Иштирокчига телефон ёки бошқа воситалар орқали кўмак бериш.
4. Иштирокчи ўрнига бошқа кишини киритиш.
5. Иштирокчи нотўғри жавоб ёзганда, қайтадан ёзиши учун шароит яратиш.
6. Иштирокчига оғзаки ёки шпаргалкалар орқали кўмак бериш.
7. Иштирокчининг ишларини текширишда хатоларини қайд қилмаслик, яъни хатоларга кўз юмиш.
8. Иштирокчининг ишларини текширишда қасддан рақобатчиларнинг балларини пасайтириш.
9. Рақбатчи иштирокчиларни чалғитиш, айбини топиб мусобақадан четлаштириш ёки бошқа зиён етказиш ва ҳакозо

Бу ғирромликлар тизимда доим бўлган ва ҳозир ҳам бор. Бунга кўз юмиб бўлмайди. Мисол:
Туман олимпиадаларидан бирида рус тили фанидан хакамлар қишлоқ мактабларидан жуда савияли ёзилган ёзма ишларга шубҳа билдиришди. Ҳақиқатан, ёзма иш мухбирлар ёзадиган даражада савия билан ёзилган экан. Олимпиада натижалари эълон қилингач, айнан шу ўқувчилар текшириб кўрилганда, улар хатто рус тилида сўзлаша олмаслиги маълум бўлди. Демак уларга тайёр матнлар берилган. Харомхўрлар нимадир олиб, қилтомоғига ютган.

ҲАЛОЛЛИККА ЭРИШСА БЎЛАДИМИ?

Вилоят олимпиадасида бир экспримент ўтказиб кўрдим. Аудитория раҳбари сифати олимпиадада иштирок этганим учун, бир фандан ҳакамлар ҳайъати билан ҳамкорликда ишлашга тўғри келди. Улар билан суҳбатлашар эканман “ёлғон гувоҳлик бериш” мавзусидан гап очдим. Ҳозир агар ўқувчи маълум бир баллни эгалласа, уни ошириш ёки камайтириш ҳам “нотўғри гувоҳлик бериш” эканлигини айтиб, бу иш Аллоҳ кечирмайдиган гуноҳи кабиралардан эканини ҳадис билан тушунтирган бўлдим. Улар бу суҳбатдан маъюс тортиб қолишди, ҳатто биттаси менга ярим пичинг оҳангида “сиз ёмон одам экансиз”, деди кулимсираб. Мен “биламан” дедим.

Эртасига шундай вазият юзага келдики, ўқувчиларда бирон киши ўрин олиш учун керакли балларни йиға олмади. Бир нечтасиники 3 ёки 4 бал етмаётганди. Ташкилий қўмитага бу ҳақда ҳакамлар ҳайъати раиси билан биргаликда бориб маълум қилганимизда, билдирмасдан ҳаммасига тенг балл қўшиб баҳоларни кўтаришни тавсия қилишди. Ўзим бу ишни қилмайман, аммо ҳайъат аъзолари кўпчилик бўлгани учун уларга раҳбариятнинг таклифини рўй-рост етказдик. Баҳс бошланди. Биров қўшайлик, деди. Биров қўшмаймиз, деди. Мен эса анқовдай ўтиравердим. Охири натижа қандай бўлса, шундай қолдиришга келишиб олишди. Ишни ёпдик. Натижани эълон қилдик. Раҳбарият норози оҳангда тўнғиллади, аммо ўзгартиришга кеч бўлган эди. Ҳужжатларни топшириб чиққач, ҳакамлар ҳайъати аъзоларини мактаб ошхонасида учратдим. Ҳаммасининг юзи ёришган, самимий суҳбат қураётган экан. Мен уларга қўшилдим:
– Сизларни табриклайман!-дедим дасбдурустдан.
– Нима билан?
– Бугунги ғалаба билан. Бугун ҳеч ким ўрин олмаса-да, сизга яхши бўлди. Битта фандан натижа чиқмаса, чиқмас. Барибир қозонда бори чўмичга чиқади. Энг асосийси, сизлар виждонингиз пок сақлаб қолдингиз.
Ҳамма тушунди. Ҳамманинг кайфияти кўтарилиб даврага самимийлик кирди.
Демак, ҳакамларга иймон ҳақида тушунча берилса, виждон уйғонар экан.

 

ХУЛОСА ЎРНИДА

Баъзан ўйланиб қоламан: – ўқитувчилар нега бунчалар хўрланган?. Нега улар жамиятнинг энг билимли қатлами саналсада, бечораларнинг мавқеи бунчалар паст?. Норасида болаларнинг илмини ерга уриб, ёки баланд кўтариб пул ишлаётган ўқитувчи, норасида боланинг билимини синдириб, унинг номидан эшак бозорнинг даллолидай савдо қилаётган ўқитувчи, ўлаксахўрдай искаланиб таниш ҳакам ахтараётган ўқитувчи бунга сабабчи эмасмикан?

Баъзан кичик олимпиада аталмиш бошланғич синфлар олимпиадасида ҳам ўринларни сотишади. Кўзлари жавдираб турган, ҳали нега бу мусобақага келганини англаб етмаган норасида боланинг номидан коррупция ясашади.
ЎҚИТУВЧИ.. Кимсан ўзи? Синф раҳбар, муаллим, устоз, домла, мураббий..Шу гўзал таърифлар сенга камми? Порахўр, харомхўр, виждонсиз, иймонсиз деган таърифлар нега керак? Сен педагог бўлиб бола етаклайсанми? Болани синдирасанми?.

Мактабдан чиқариб пахта теримига қувилган, қайсидир мансабдорнинг келиши учун фаррошдай кўча супиришга, раҳбари йиғилишда гап эшимаслиги учун қора металл тўплашга мажбурланган ўқитувчилар учун бу жазолар камлик қилар..

Қилмиш-қидирмиш дейдилар!
Билимдон болалар беғубор бўлади. У орқасидан отасини эргаштириб келмайди. Унда ўқувчи бўлса ҳам ор бўлади. Шунинг учун у ёлғиз интилади. Ҳақиқат бор, деб ишониб келади. Унинг ишончини эса харомхўрлар синдиради. Шу сабаб олимпиада ўтаётган муассаса атрофини норозилик ва йиғи тутиб кетади.

Олимпиада жараёнларида йиғлаб чиқиб кетаётган билимдонларнинг оҳини нега ҳеч ким эшитмайди? Нима бўлса ҳам олимпиада тез ва тинч ўтишини хоҳловчи ташкилий қўмита, бефарқ раҳбарлар, муаммоларни елкасидан ошириб отишга тайёр ходимлар.. Уларнинг чарчадим, деб нолишлари, ғирромга йўл қўйиб беришлари, битта билимдон ўқувчининг бир томчи кўз ёшига арзийдими?

Баъзан мени ҳаромхўрларнинг олган пулларни қандай сарфлаши қизиқтиради. Наҳотки улар шу пулларни уйига киритса, фарзандларига таом сотиб олса, едирса. У хонадонда бола эмас, бало ўсмайдими? Эртага шу харомдан улғайган бола отасини кўчага қувиб чиқармайдими? Онасининг юзига оёқ қўймайдими?

Илмли боланинг кўзларида нур бўлади. Бу нур илоҳдан. Билимлар беллашуви ёки олимпиададаги ноҳақликлар боланинг ўрнини олиши мумкин, аммо кўзидаги нурни олиб қўймайди. Акчинча, ғирромлар уларни янада пишитади. Шундай жирканч муҳитда ўрин топиш учун иммунитет яратади. У албатта келажакда етук инсон бўлади. Ҳақнинг йўлидан юради.

Ғирромчи ўқитувчилар эса олимпиаданинг эртасига кўча супуришга кетади. Раҳбарларини хокимлар онасидан сўкади. Қилмиш-қидирмиш дейдилар!

Биз юқорида тилга олган прокурор ҳозир нафақададир. Аммо кўп азоб кўрди. Прокурор бўлиб қамалиб чиқди. Ғирром йўл билан аълочилик нишонини таққан ҳам қамалиб чиқди. Қолганларини ҳам бир куни жазо кутади. Бу дунёда жазо қутилса, қиёматда албатта жазосини олади.

Аммо илмли болани саодат кунлар кутади. Унга қандайдир фахрий ёки мақтов қоғози керак ҳам эмас. Унга илм керак. У келажакда олим бўлади, Ватан учун хизмат қилади. Афсуски бу тизим тузатилмаса четга кетиб қолади. Кунимиз эса яна ўша чалабилимлиларга қолади..

Фикрим чалғиб кетди. Тугата олмадим.. Бу иллатларни ёзиб тугатиб бўлмайди. Тизимни янгилаб тугатиш керак..
Тамом

Анвар Буранов