АБУ АБДУЛЛОҲ МУҲАММАД ИБН ИСМОИЛ АЛ-БУХОРИЙ. АЛ-ЖОМИЪ АС-САҲИҲ. (Ишонарли тўплам)  (4-жилд, 1-5-боблар)

 

Бисмиллоҳир роҳманир раҳийм

ФИТНАЛАР ҲАҚИДА КИТОБ

Оллоҳ таолонинг: «Гуноҳ қилиб ўзиға зулм қилганлар туфайли бошқаларга ҳам шикаст етказадирган фитналарнинг нозил қилинмоғидан қўрқингизлар!» — деган қавлига, шунингдек Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фитналардан огоҳлантирганларига таъллуқли ҳадислар.

Асмо бинти Абу Бакр ривоят қиладилар: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен (қиёматда) Ҳавзи (Кавсар) лабида унинг сувидан қонгани келгувчиларни кутиб ўлтирғаймен, аммо уларни менинг олдимдан қайтариб олиб кетишғай, Мен: «Булар менинг умматларимдур!» — дегаймен. Оллоҳ таоло: «Ё Муҳаммад, сен уларнинг кейин диндан қайтиб залолатга юз тутганларидан бехабарсен!» — дегай», — дедилар. Шунда Ибн Абу Мулайка: «Ё парвардигоро, бизни диндан қайтмоқдин ҳамда фитначи бўлмоқдин ўз паноҳингда асрағил!» — деб юборди».

Абдуллоҳ (ибн Масъуд) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Мен Ҳавзи Кавсар бўйига сизлардан бурун бориб турғаймен. Сизлардан бир гуруҳингизнинг қошимга келаётганингизни кўриб мен сув узатганимда йўлингизни тўсиб чиқиб сизларни қайтариб олиб кетишғай. Шунда мен: «Ё Парвардигорим, булар менинг саҳобаларимдур!» — дегаймен. Оллоҳ таоло: «Ўзингдан кейин буларнинг не қилғонларин билмассен!» — дегай.

Саҳл ибн Саъд ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен барчангиздан бурун Ҳавзи Кавсар бўйига бориб турғаймен. Кимки келиб ундан ичса, сира қайта ташна бўлмагай. (Қиёмат куни) унинг сувидан ичмоқ бўлиб қавмлар қошимға йўл олғайлар, мен уларни таниғаймен, улар ҳам мени таниғайлар. Аммо, йўлларини тўсиб чиқиб, уларни қайтариб олиб кетғайлар», — дедилар».

1-боб.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Мен вафот қилганимдам кейин сизлар ўзингизни нафратлантирадирган ишларнинг гувоҳи бўлғайсизлар, Ҳавзи Кавсар бўйида учрашғунимизга қадар сабр-бардошли бўлингизлар!» деганлари ҳақида

Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга қарата: «Мен вафот қилганимдан кейин асара (мол-дунё тўплаб манманлик қилмоқ)нинг ҳамда ўзларингиз нафратланадирган бошқа ишларнинг гувоҳи бўлғайсизлар», — дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулаллоҳ, бизга не деб амр қилғайсиз?» — дейишди. Ул зот: «Амирларингизнинг фармойишлариға итоат этингизлар ва Оллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтирингизлар!» — дедилар».

Ибн Аббос ривоят қиладилар: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: Кимки ўз амирининг бирор ишидан нафратланса, сабр қилсин, чунким ҳокимият итоатидан заррача чиққан киши жоҳилият давридаги (итоатсиз кишилар каби) ўлим топғай!» — дедилар».

Абу Ражо ал-Аторудий Ибн Аббосдан нақл қиладилар: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки ўз амирининг бирор нотўғри иш қилғонини кўрса, сабр қилсин, чунким ўз жамоатидан кечиб бир қарич ташқари чиққан киши жоҳилият давридаги (итоатсиз кишилар каби) ўлим топғайдур!» — дедилар».

Жанода ибн Абу Улшийа ривоят қиладилар: «Убода ибн ас-Сомит бетоб эрди, биз кўргани кириб, унга: «Оллоҳ таоло сенга шифо ато этсин!» — дедик. Шунда ул бизга ўзи Жаноб Расулуллоҳдан эшитган қуйидаги ҳадисни (Илоҳо, ушбу ҳадис ўзингга ҳам манфаат етказсин!) айтиб берди: “Жаноб Расулуллоҳ бизни ҳузурларига чақирдилар, биз байъат қилдик. Ул зот бизни амирни ёқтирамизми, йўқми ёким чор-ночор аҳволда бўламизми, йўқми ёҳуд амир ўзига бойлик орттираётган бўладирми йўқми, бундан қатъий назар, унинг фармойишларига қаршилик қилмасликка байъат қилдирдилар. «Лекин, — дедилар Жаноб Расулуллоҳ, — унинг очиқдан-очиқ куфр йўлига ўтганлигини кўрсангизлар, қўлингизда Оллоҳ таоло нозил қилган Қуръони Карийм мавжуд бўлиб, шунга биноан иш кўрингизлар!»

Усайд ибн Ҳузайр ривоят қиладилар: «Бир киши Жаноб Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб: «Ё Расулаллоҳ, фалончини амалга таъйин этдингиз, нечун мени таъйин этмайдурсиз?» — деди. Жаноб Расулуллоҳ: «Мендан кейин сизлар бойликка ружуъ қилганларнинг шоҳиди бўлғайсиз дедилар», мен бирлан (Ҳавзи Кавсар бўйида) учрашгунча сабр қилингизлар!

2-боб.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Умматимнинг ҳалокати нодон ёшлар қўлидадур!» деганлари ҳақида

Амр ибн Яҳё боболаридан нақл қиладилар: «Жаноб Расулуллоҳнинг Мадинадаги масжидларида Абу Ҳурайра бирлан бирга ўлтирган эрдим, Марвон ибн ал-Ҳакам ҳам биз бирлан бирга эрди. Шунда Абу Ҳурайра: «Ростгўйлар ростгўйи бўлмиш Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматимнинг ҳалокати қурайш ёшлари қўлида бўлғайдур!» — дедилар», — деди. Марвон: «Ундай ёшларга Оллоҳ таолонинг лаънати бўлсин!» — деди. Абу Ҳурайра: «Агар Бану фалон ва Бану фалон деб уларнинг номларини айтмоғимни истасанг, айтайин!» — деди. Мен бобом бирлан бирга Марвон қабиласи ҳузурига, улар Шомни эгаллаган кезида борган эрдим. Шунда бобом уларнинг нуқул ёш-яланглар эрканлигин кўриб: «Жаноб Расулуллоҳ бизга айтган ёшлар шулар бўлмаса эрди!» — дедилар. Биз: «Сиз биздан кўра яхшироқ билғайсиз!» — дедик».

3-боб.

Жаноб Расулуллоҳнинг «Яқинда бўладирган фитналардан арабларнинг шўри қуриб қолғайдур!» деб айтганлари ҳақида

Зайнаб бинти Жаҳш ривоят қиладилар: «Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам юзлари қизариб уйғондиларда, «Ло илоҳа иллаллоҳу, яқинда фитналардан арабларнинг шўри қуриб қолғайдур! Бугун Яжуж-Мажужнинг олдидаги ғов мана шунча очилди», — дедилар (Суфён ибн Уйайна: «Тўқсон ёким юз фоиз, деган бўлсалар керак», — дейдилар). Саҳобалар: «Биз — солиҳ бандалар ҳам ҳалокатга ўчрағаймизми» — дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Ҳа, агар ёмонлик кўпайиб кетса!» — деб жавоб қилдилар».

Усома ибн Зайд ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир баландликка чиқиб Мадинадаги уйларга кўз ташладиларда: «Менга ҳозир нелар аён қилинғонин билурмисиз?» — дедилар. Саҳобалар: «Йўқ», — дейишди. Ул зот: «Мана шул уйларингиз аро ёмғир каби фитналар ёғилмоғини кўриб турибмен!» — дедилар.

4-боб.

Фитналарнинг юзага келмоғи ҳақида

Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб айтдилар: «Умр тез ўтадирган бўлиб қоладир, эзгулик камайиб борадир, хасислик кучаядир, фитналар юзага келадир ва ҳарж кўпаядир», — дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулаллоҳ, ҳарж недур?» — дейишди. Ул зот: «Қотилликдур, қотилликдур!» — дедилар».

Шақиқ ривоят қиладилар: «Абдуллоҳ ва Абу Мусо бирлан бирга ўлтирган эрдим, улар менга: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб айтганлар», — дейишди: «Қиёмат қоим бўлмоғи арафасида жаҳолат кучайиб, қотиллик кўпайғайдур».

Абдуллоҳ (ибн Масъуд) ривоят қиладилар: «Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат арафасида қотиллик авжга чиқиб, илм завол топғай ва жаҳолат кенг ёйилғайдур», — дедилар. Кейин, яна: «Қиёмат қоим бўлгач, тирик қолганлар — энг ёмон одамлардур!» — дедилар (яъни, ҳузурбахш шамол эсиб мўъмин-мусулмонларнинг руҳлари (жонлари)ни олиб кетгач, тирик қолган кофиру мунофиқлар)».

5-боб.

Замонлар тобора ёмонлашиб боравергайдур!

Зубайр ибн Адий ривоят қиладилар: «Анас ибн Моликнинг ҳузурига бориб Ҳажжож дастидан бошимизга тушаётган кулфатлардан шикоят қилдик. Анас: «Мен Жаноб Расулуллоҳнинг: «Ҳавзи Кавсар бўйида учрашгунимизга қадар сабр қилингизлар!» — деганларини эшитганмен», — деди».

Ҳинд бинти ал-Қарас ривоят қиладилар: «Жаноб Расулуллоҳнинг жуфти ҳалолларидан бири бўлмиш Умму Салама бундай деб айтган эрди: «Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чўчиб уйғондиларда: «Субҳоналлоҳ, Оллоҳ таоло бул кеча қандай раҳмат хазиналари- ю, қандай фитналарни нозил қилди эркан?! Ҳужраларда ғафлат босиб ётганларни намозга ким уйғотгай? (аёлларини назарда тутяптилар). Бул дунёда кийинганлар — охиратда яланғоч қолгайлар!» — дедилар».

Кўчирилган манба:  www.ziyouz.com kutubxonasi