Инсоннинг қадр-қиймати ва моддий фаровонлиги ўртасида боғлиқлик борми?

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида қуйидагилар белгиланган:

“Барча одамлар эркин ва тенг ҳуқуқ ва ҳурматда туғилади”

 

“Манқурт ўзининг кимлигини, қайси қабиладан эканлигини, исмини билмай, болалигини, отаси ва онасини эслай олмаган – бир сўз билан айтганда, манқурт инсон сифатида ўзини англамаган шахс. Ўз-ўзини англашдан маҳрум бўлган манқурт, хўжалик нуқтаи назаридан бир қатор афзалликларга эга эди. У шарафсиз маҳлуқга ўхшаш ва шунинг учун ҳам мутлоқ итоаткор ва хавфсиз эди. У хеч қачон қочиб кетишни ўйламаган. Ҳар қандай қулдор учун энг ёмон нарса қулининг исёнидир. Ҳар бир қул, эҳтимолий исёнкордир.

Манкурт ўз туридаги ягона истиснодир – унга исён кўтариш, итоатсизлик  қилиш каби асос бегона эди. У бундай эҳтиросларни билмас эди. Ва шунинг учун уни қўриқлаш керак эмас эди, соқчилар билан  пойлаш ва  ҳатто  яширин ниятларда ундан шубҳа қилишга хожат йўқ эди. Манкурт, ит каби, фақат хўжайинларини танир эди. У бошқалар билан мулоқотда бўлмас эди. Унинг барча фикрлари нафсини қондиришга мужассамлашган эди. У бошқа ташвишларни билмас эди. Лекин топширилган вазифани кўр-кўрона, жон-жаҳди билан, қайишмасдан амалга оширар эди. Манқурт учун хожасининг буйруғи ҳамма нарсадан устун эди.

 (c) Чингиз Айтматов

Шаън ва қадр-қиймат- инсоннинг энг юксак ахлоқий қадриятидир. Шаън ва қадр-қиймат – бир-бирини аниқлаб  беради ва бир-бирини тўлдириб турадиган тоифадир. Улар бир вақтда мавжуд ва ягона, ҳамда бир-биридан фарқ қилади.

Аҳлоқий ҳодиса сифатида шаън, биринчи навбатда инсоннинг ҳатти-ҳаракатлари, унинг хизматлари, хурмат-иззати, обрў-эътибори, шарафининг жамоатчилик тарафидан тан олиниши ҳисобланади. Шунинг учун, шахсиятга хос бўлган шаън туйғуси атрофидагилардан юксак баҳоланишга, мақтовга, машҳурликга эга бўлишлик орзуси билан боғлиқ.

Қадр-қиймат – бу, биринчи навбатда ўзининг қадриятларига бўлган ички ишончидир, ҳамда ўзини ҳурмат қилиш туйғуси бўлиб, ўзининг индивидуаллиги ва муайян мустақиллигига нисбатан тажовуз қилишнинг ҳар қандай уринишларига қаршилик кўрсатишда намоён бўлади. Шундан сўнгина инсоннинг қадр-қиммати жамоатчиликнинг эътиборига эҳтиёжи бўлади.

Шахснинг ривожланиши, инсон шаъни ва қадр-қийматини сақлаб қолиш зарурлигини белгиловчи энг юксак ижтимоий қадрият деб тан олинмасдан мумкин эмас. Демократиянинг энг муҳим белгилари ва тамойилларидан бири инсон ҳуқуқларини, шаъни ва қадр-қийматини ҳурмат қилишдир. Шу билан бирга, ўз ҳаётини юқори ахлоқий қадриятлар – эзгулик, адолат, ҳурмат, виждон ва қадр-қийматга асосланган ҳолда қурадиган инсоннинг ривожланиши фақатгина шахсга нисбатан ҳақиқий ҳурмат шароитида, яъни, унинг ҳуқуқларини, шаъни ва қадр-қийматини ҳурмат қилинганда мумкин бўлади.

Инсоннинг шаъни ва қадр-қийматини ҳурмат қилиш – бу қонун ва ахлоқ меъёрларига, давлат, жамият ва шахс ўртасида, турли шахслар ва ижтимоий гуруҳлар ўртасида эркинлик ва ўзаро масъулият тамойилларига асосланган муносабатдир.

СССР парчалангандан кейин пост-совет жамиятлари чуқур инқирозни бошдан кечира бошлади.  Одамлар учун ўз шахсий эҳтиёжларини қондириш ва жамиятдаги имкониятлардан фойдаланиш йўллари ўзгарди. Эркин демократик жамият ва бозор иқтисодиётини қуришни эълон қилиш билан бирга, амалдорлар, айниқса, ўзларига яқин ишбилармонлар билан биргаликда жамиятнинг мулкини бошқариш, ўша мулк даромадларидан ўз хоҳишича фойдаланиш ва бу бойликни хусусийлаштириб олиш имкониятидан фойдаландилар. Ўз пайтида, машҳур олигарх Б.А. Березовский аниқ қилиб шундай деган эди: “Биз фойдани хусусийлаштирамиз ва зарарларни миллийлаштирамиз”.

Пост-совет иттифоқи мамлакатларида профессионал илмий ва илмий-ишлаб чиқариш фаолиятининг обрўси кескин пасайиб кетди, ўрта ва олий ўқув юртларида таълим сифати ва умумий таълимдаги битирувчиларнинг билим даражаси кескин тушиб кетди. Мамлакатнинг инсоний (меҳнат ва интеллектуал) ресурсларига етган катта зарар, унинг натижаси ҳисобланади. Мамлакатда меҳнатга лаёқатли аҳоли миқдори сезиларли даражада камайди ва унинг тузилмаси, энг муҳими, сифат жиҳатидан ёмонлашди, давлат илмий муассасалари тизимининг таназзулга учрашига сабаб бўлди.

Қурилган замонавий тизим учун эҳтиёж, ўз қадр-қийматини билмайдиганлар муҳим бўлиб, заковат эса қўшимча “хромосомалар “сифатида кўриб чиқилади.

Коррупциялашган мансабдор шахслар, қўли эгри бизнесменлар билан уйғунлашган ҳолда, ҳали ҳам биргаликда миллий ресурсларнинг жуда муҳим қисмини бошқармоқда. Эркин жамиятлар билан авторитар жамиятлардаги бойлик бир-биридан фарқ қилади. Авторитар жамиятларда хизмат ва товарлар учун белгиланган нархларга хақ тўламасдан туриб амал эвазига эга чиқишликни “бойлик” деб ҳисобланади. Эркин жамиятларда  барча эҳтиёжларини ўзининг шахсий пулига тўлаб олиш имконияти мавжудлиги -бой деб саналади.

Тизим шундай тарзда ўрнатилганки, унда маъмурий ресурслардан янада нозик, жиноят содир этмасдан фойдаланиш имкониятини берадиган шакл яратилган. Бироқ, бу ҳодисанинг моҳиятини ўзгартирмайди, даромад топиш ишлаб чиқариш фаолияти асосида эмас, балки бир ёки бир нечта амалдорлар корпоратив жамиятига тегишли бўлиш сабабли олинади.

Норасмий мажбурий чора-тадбирларда тизимнинг алоҳида ўрни.

Норасмий иқтисодиёт муқаррар равишда ўзининг фаолият кўрсатиши учун, “норасмий”  ҳокимият тизимини талаб қилади. Нафақат иқтисодиёт, балки жамият, давлат ҳам баъзи ёзилмаган қоидаларига мувофиқ яшашни бошлайди, шунингдек фуқаролар (айниқса, уларнинг ижтимоий фаол қисми) ва ҳатто расмий идоралар қонунга номувофиқ тарзда харакат қиладилар ёки бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилмай, шахсий муносабатларга, прецедентга асосланган бўлиб, мажбурлаш имкониятига ва шунга ўхшаш нарсаларга эга.

Йирик майиший-хўжалик билан боғлиқ манфаатлар хақида гап кетганда, унда субъектнинг ўз қарорини ошкора равишда “бузиш” ёки бир-бирига зид келадиган манфаатлар билан тўқнашувдаги ҳаракатлар, кўпинча ягона бўлган муҳим омил ҳисобланади (ташқи кўринишидан қонунийлигини кузатиш мумкин бўлар, балким кузатиб бўлмас). Бундай пайтда тазъйиқ воситаси сифатида маъмурий ресурслар ўртага чиқиб, бозор устидан назорат ёки унинг субъектлари устидан ёки тўғридан-тўғри зўравонлик (жиноят) қилиш мумкин, лекин ҳар қайси ҳолатда у норасмий “хуқуқ”га – “кимда куч бўлса хуқуқи”га асосланади.

Инсоннинг қадр-қиймати билан моддий фаровонликни ўртасидаги танловда кишилар ўзларини қандай тутадилар?

Инсон асосий эҳтиёжларни қондиришда қийинчиликка дуч келганида, нима қилиши керак? – озиқ-овқат, бошпана, кийим-кечак, болаларни таъминоти, коммунал хизматлар учун тўловлар, маданий эҳтиёжлар хакида гапирмаса ҳам бўлади.

Кўпинча одамлар моддий имтиёзлар учун нолойиқ қарорларни қабул қилишади, кейинчалик эса, гарчи олдига қўйилган мақсадига эришган бўлса ҳам, бу орқали ички бўшлиқни ва камситишликни ҳис қилишади. Оғир ҳаётий вазиятлар инсонни синдиради ва уни оқим бўйлаб сузишга мажбур қилади. Бундай вазият ички новдани синдиради ва инсон ижодий фикр юритишдан воз кечади, замонасозга айланади. Оғир машаққат билан бўлсада хаёт кийинчиликларини ҳал этиш мумкин, шу туфайли характер ва маънавий куч мустаҳкамроқ бўлади.

Ўзаги синган инсон замонавий жамиятни, иқтисодни қурувчиси бўлишга қодирми? Моддий фаровонлик учун ўз қадр-қийматига хиёнат қилган киши тўла-тўкис ижодкор инсон бўлиши мумкинми?

Камситилган одам замонавий иқтисодиётни ярата олмайди. Ижодкорликни ошкор қилиши учун, инсон ўз қадр-қийматига ишончи бўлиши керак. Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар инсоннинг қадр-қийматини, яъни шахсий қадр-қийматини англатади. Инсон хуқуқлари декларациясида белгиланганидек, жамият ва давлат томонидан инсоннинг шахсий хуқуқ ва эркинликлари таъминланмасдан туриб, инсондан муносиб ижодий меҳнатни кутиш мумкин эмас. ХХI асрда эса айнан ижодий меҳнат, бутун жамият ва давлат ривожланишининг гарови ҳисобланади.

Инсоннинг муносиб яшаш ҳуқуқига эга бўлиш ғояси – инсон шахсиятини шакллантиришнинг муҳим ҳуқуқий тамойили бўлиб, унинг ҳуқуқий маданияти, шаънини англаши, қадр-қийматини ҳуқуқий йўллар билан ҳимоя қила олиш билими, амалдаги қонунчиликга мувофиқ сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳуқуқлардан фойдалана олиш билими, бурча ва маъсулиятларини хис этиш тарбияси, фуқароларнинг қонунга итоаткорлик хатти-ҳаракатлар билан барқарор ёндашишини ривожлантиради.

Замонавий ижтимоий шароитда ҳуқуқий нигилизм (тахр.бутунлай инкор этиш) учун самарали замин мавжуд: ҳокимият ва жамият ўртасида юқори даражадаги ажралиш, кўплаб фуқаролик институтларининг соҳталиги ва уларнинг бюрократик идораларга айланиб қолганлиги, аҳолининг катта қисмини люмпенизацияси шулар жумласидандир. Эртами-кечми, бу жамиятда бўлинишларга ва портлаш содир бўлишига олиб келади. Фикримча, ҳокимият идоралари хавфсизликни таъминлаш ва ушбу давлатнинг келажаги учун вазиятни ўзгартиришга таъсирини кўрсатиши керак.

Манба: https://www.facebook.com/notes/ozbekiston-%D0%B4%D1%83%D0%BD%D1%91-%D1%81%D0%B8%D1%91%D1%81%D0%B0%D1%82%D0%B8-%D0%B0%D0%BD%D1%82%D0%B8%D0%BF%D1%80%D0%BE%D0%BF%D0%B0%D0%B3%D0%B0%D0%BD%D0%B4%D0%B0/%D0%B5%D1%81%D1%82%D1%8C-%D0%BB%D0%B8-%D0%B7%D0%B0%D0%B2%D0%B8%D1%81%D0%B8%D0%BC%D0%BE%D1%81%D1%82%D1%8C-%D0%BC%D0%B5%D0%B6%D0%B4%D1%83-%D0%B4%D0%BE%D1%81%D1%82%D0%BE%D0%B8%D0%BD%D1%81%D1%82%D0%B2%D0%BE%D0%BC-%D1%87%D0%B5%D0%BB%D0%BE%D0%B2%D0%B5%D0%BA%D0%B0-%D0%B8-%D0%BC%D0%B0%D1%82%D0%B5%D1%80%D0%B8%D0%B0%D0%BB%D1%8C%D0%BD%D1%8B%D0%BC-%D0%B1%D0%BB%D0%B0%D0%B3%D0%BE%D0%BF%D0%BE%D0%BB%D1%83%D1%87%D0%B8%D0%B5%D0%BC-/1723010737764962/

Ufq.uz томонидан таржима қилинди.